Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Левиларнинг ибодатидан сабоқлар

Левиларнинг ибодатидан сабоқлар

Ҳамма Сенинг улуғвор номингни олқишласин. НАХИМ. 9:5

1. Худо халқининг қайси йиғини ҳақида гап боради ва қандай саволлар кўриб чиқилади?

«ЭЙ ЭГАМИЗ ХУДО! Сенга абадулабад ҳамду санолар бўлсин». Мана шундай ҳаяжонли сўзлар билан левилар халқни Яҳовага биргалашиб ибодат қилишга чорлашган. Бу ибодат Муқаддас Китобдаги энг узун ибодатлардан биридир (Нахим. 9:4, 5). Ушбу йиғин, мил. авв. 455- йили яҳудий календари бўйича Тишри (сентябрь–октябрь) ойининг 24- куни Қуддусда бўлиб ўтган. Бу муҳим санадан олдин содир бўлган воқеаларни кўриб чиқар эканмиз, ўзингиздан шундай деб сўранг: «Қайси одат туфайли ўша йиғин муваффақиятли ўтган? Ушбу сермазмун ибодатдан ҳар биримиз қандай сабоқ олишимиз мумкин?» (Заб. 140:2).

ЎЗГАЧА ОЙ

2. Қуддус деворларини қайта тиклагандан сўнг биргаликда йиғилган исроилликлар бизга қандай ўрнак қолдиришди?

2 Бу йиғиндан бир ой олдин яҳудийлар Қуддус деворларини қуриб битказишган эди (Нахим. 6:15). Худонинг халқи қурилиш ишларини 52 кун деганда тугатди. Сўнг эса улар маънавий эҳтиёжларини қондиришга бутун диққатларини қаратишди. Шундай қилиб улар янги, айнан Тишри ойидан бошлаб, Эзра ва бошқа левилар Худонинг қонунларини овоз чиқариб ўқишлари ва тушунтиришларини эшитиш учун катта майдонда йиғилишди . Барча оилалар, жумладан «эсини таниган ҳамма», «саҳардан пешингача» туриб, Худонинг сўзларини тинглашди. Бугунги кунда шинам Йиғилиш Залларида йиғилаётган биз учун бу яхши ўрнак эмасми? Бундай учрашувлар пайтида баъзида хаёлингиз бошқа жойга кетиб қоладими ёки арзимас нарсалар ҳақида ўйлашни бошлайсизми? Агар шундай бўлса, ўша исроилликларнинг мисолига яна бир бор қайтайлик. Улар нафақат Худонинг амрларини тинглаган, балки эшитганларини қалбида тугиб, халқ сифатида гуноҳларидан тавба қилиб йиғлаган (Нахим. 8:1–9).

3. Исроилликлар қайси йўл-йўриққа итоаткорона амал қилди?

3 Бироқ бу учрашув халқ учун гуноҳларига иқрор бўлиш пайти эмасди. Бу, байрамона йиғин бўлгани сабабли, ушбу кун Яҳовага топиниб, хурсандчилик қилиш пайти эди (Саҳ. 29:1). Шу сабабли левилар халққа қуйидагича дедилар: «Энди уйларингизга қайтиб боринглар, ёғли таомлар еб, ширин шароб ичинглар. Ҳеч нарса тайёрламаганларга таомларингиздан беринглар. Бугунги кун Раббимизга бағишланган муқаддас кундир. Бугун қайғурманглар, ахир, Эгамиз туфайли топган севинчингиз нажот қўрғонингиздир». Халқ айтилганларга итоат қилгани мақтовга сазовор эди. Шундай қилиб, улар ўша куни «катта хурсандчилик қилгани уйларига кетишди» (Нахим. 8:10–12).

4. а) Уруғбошилар нима қилишди ва улар нимани аниқлашди? б) Чайла байрами нимаси билан эътиборга лойиқ?

4 Келаси кун уруғбошилар, Худонинг қонунларига халқ қандай амал қилаётганини кўриш учун бирга йиғилишди . Улар Муқаддас Ёзувларни тадқиқ қилиб, еттинчи ойда Чайла байрами нишонланиши кераклигини аниқлашди. Бу байрам Тишри ойининг 15–22 кунида нишонланиши даркор эди. Шундай қилиб улар тайёргарликни бошлаб юборишди . Ёшуа давридан буён Чайла байрами бунчалик муваффақиятли ўтмаган эди. Натижада «катта хурсандчилик» бўлди. Ушбу байрамнинг муҳим қисми шу эдики, «биринчи кунидан охирги кунигача» бутун халқ олдида Худонинг қонунлари ўқилган эди (Нахим. 8:13–18).

ТАВБА-ТАЗАРРУ ҚИЛИШ КУНИ

5. Левилар халқнинг номидан Яҳовага ибодат қилишидан олдин, халқ нима қилган эди?

5 Икки кун ўтгач, Исроил халқи гуноҳларидан тавба қилиб, Худонинг қонунларига амал қилмаганини тан олди. Худонинг халқи учун бу кун байрам куни эмас, балки рўза тутиш ва қайғули ҳолатини ифодалаб қанорга ўраниш куни эди. Эрталабдан уч соатча вақт давомида уларга қайта-қайта Худонинг қонунлари ўқиб берилганди. Пешинга бориб эса улар «тавба қилиб, Эгаси Худога сажда қилдилар» . Сўнг левилар халқнинг номидан ибодат қилишди (Нахим. 9:1–4).

6. Левиларнинг ибодати маъноли бўлишига нима ҳисса қўшди ва биз бундан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

6 Шубҳасизки, тез-тез Худонинг қонунларини ўқиб туриш, левиларга маъноли ибодат қилишга ёрдам берган. Ибодатнинг кириш қисмида асосан Яҳованинг ишлари ва фазилатларига диққат қаратилган. Қолган қисмида эса кўп марталаб Тангрининг «буюк раҳм-шафқати» ҳамда Исроил халқи бундай яхши муносабатга нолойиқ эканлиги айтиб ўтилган (Нахим. 9:19, 27, 28, 31). Биз левилардан қандай ўрнак олишимиз мумкин? Ҳар куни Муқаддас Китобни ўқиб, устидан мулоҳаза юритсак, Яҳова бизга гапиришига йўл қўйиб берган бўламиз. Шунда ибодат қилаётиб, Яҳовага айтадиган гапимиз кўп бўлади. Бу эса ибодатларимиз янада маъноли бўлишига ҳисса қўшади (Заб. 1:1, 2).

7. Левилар ибодатда нимани сўрашди ва биз улардан қандай ўрнак олсак бўлади?

7 Ибодатда биттагина камтарона илтимос бор эди. Бу ҳақда 32- оятнинг охирида айтиб ўтилган. У ерда шундай дейилган: «Эй Худойимиз! Сен буюк, қудратли ва ҳайбатли Худосан! Сен аҳдингда турасан, содиқ севгингни сақлайсан. Чеккан азоб-уқубатларимиздан кўз юмма. Ахир, Оссурия шоҳлари давридан бугунгача шоҳларимиз, йўлбошчиларимиз, руҳонийларимиз, пайғамбарларимиз, ота-боболаримиз, бутун халқимиз бошига оғир азоб-уқубатлар тушди». Ҳа, левилар ибодатда бирон нарса сўрашдан олдин, Яҳовага ҳамду сано ва шукроналар айтиб, бизга яхши ўрнак кўрсатишди.

ХУДОНИНГ БУЮК ИСМИНИ ОЛҚИШЛАНГ

8, 9. а) Левилар камтаринлик ила ибодатларини қандай сўзлар билан бошлашган? б) Левилар қайси иккита самовий қўшинга ишора қилишган?

8 Гарчи левиларнинг ибодати маъноли бўлса-да, улар камтарин бўлиб қолишган. Улар Яҳовани мақташ учун танлаган сўзлари, Унга муносиб ҳамду санони тўлиқ ифода эта олмаслигини тушунишган. Шунинг учун улар Худо халқининг номидан айтган камтарона ибодатини қуйидагича бошлаган: «Сенга муносиб ҳамду сано айтишга тилимиз ожиз бўлса-да, ҳамма Сенинг улуғвор номингни олқишласин» (Нахим. 9:5).

9 Ибодат шундай давом этади: «Ёлғиз Сен Эгамиздирсан! Сен осмонни, беқиёс фалакни, ундаги ҳамма самовий жисмларни, заминни, заминдаги ҳамма нарсани, денгизларни, денгизлардаги ҳамма нарсани яратгансан. Уларнинг ҳаммасига жон ато қилган Сенсан. Самодаги фаришталар Сенга сажда қилади» (Нахим. 9:6). Бу оятдаги «самовий жисмлар» ҳамда «самодаги фаришталар» Муқаддас Китобнинг асл нусхасида «самовий қўшин» деб аталган. Ҳа, Аллоҳ Яҳова улкан коинотни ҳамда сон-саноқсиз юлдузли галактикаларни яратган. Шунингдек У, гўзал сайёрамизни шундай ажойиб яратганки, ундаги ҳар хил жонзотлар ўз турига кўра кўпаяверади. Буларнинг барчасига гувоҳ бўлган Худонинг фаришталари ҳам «самовий қўшин» деб номланган (Ваҳ. 19:14). Боз устига фаришталар камтаринлик ила Худонинг иродасига бўйсуниб, гуноҳкор инсонлар ичидан «нажот топадиганларга хизмат қилишмоқда» (Иброн. 1:14). Бугунги кунда биз ҳам яхши ўргатилган қўшин сингари якдиллик билан Яҳовага хизмат қилмоқдамиз. Келинг, фаришталардан ибрат олиб, Худога камтаринлик ила хизмат қилайлик (1 Кор. 14:33, 40).

10. Худонинг Иброҳим билан муносабатидан қандай сабоқ олсак бўлади?

10 Сўнг Левилар ибодатида, Худонинг Ибром билан муносабатлари ҳақида эслатиб ўтишди. 99 га кирган Ибромнинг фарзанди йўқ эди, чунки унинг хотини Сорай бепушт эди. Лекин Яҳова Ибромнинг исмини Иброҳим деб ўзгартирди. Бу исм «кўплаб халқларнинг отаси» деган маънони англатарди (Ибт. 17:1–6, 15, 16). Шунингдек Худованд, Иброҳимга унинг авлоди Канъон юртига эгалик қилишини ваъда қилди. Одамлар кўпинча берган ваъдаларини унутишади, лекин Яҳова бундан мустасно. Айнан шу ҳақда левилар ибодатларида айтиб ўтишган. Улар қуйидагини айтишган: «Сен Парвардигор Эгамизсан. Сен Ибромни танлаб олдинг, уни Халдейдаги Ур шаҳридан олиб чиқдинг, унга Иброҳим, деб исм бердинг. Унинг содиқлигига амин бўлдинг. Шунинг учун у билан аҳд қилиб, дединг: “Сенинг наслларингга Канъон... халқларининг юртларини бераман.” Сен аҳдингда турдинг, чунки Сен содиқ Худосан» (Нахим. 9:7, 8). Биз ҳам берган ваъдамизда туриб, адолатли Худойимизга тақлид қилишимиз мумкин (Мат. 5:37).

ЯҲОВАНИНГ ҚИЛГАН ИШЛАРИ

11, 12. Яҳова исмининг маъносини тушунтириб беринг ва Иброҳимнинг авлодлари билан қилган муомаласида бу қандай намоён бўлган эди?

11 Яҳованинг исми «У бўлдиради» деган маъно англатиб, фаол қудрати ёрдамида берган ваъдаларини амалга оширишига ишора қилади. Буни Миср қуллигида бўлган Иброҳимнинг авлодлари билан У қандай муомала қилганидан яққол кўрса бўлади. Ўша пайтда, бутун халқ қулликдан озод бўлиб, ваъда қилинган юртга кириши имконсиздек туюлган. Лекин Худованд Ўзининг фаол қудрати ёрдамида ваъдаси устидан чиқди ва шу йўсин У, ягона ва ажойиб «Яҳова» деган исм билан аталишга лойиқ эканлигини исботлади.

12 Нахимиё ёзган ибодатида Яҳова ҳақида шундай деган: «Ота-боболаримизнинг Мисрдаги азоб-уқубатларини Ўзинг кўрдинг, уларнинг Қизил денгизда қилган дод-фарёдларини эшитдинг. Сен фиръавнга, унинг барча аъёнларига, Миср юртининг халқига қарши аломату мўъжизалар кўрсатдинг. Чунки улар ота-боболаримизга нисбатан сурбетларча иш тутганларини билардинг. Ўшанда қозонган довруғинг шу кунгача сақланиб қолган. Сен ота-боболаримизнинг кўз ўнгида денгизни иккига бўлдинг, шу боис улар денгиз орқали қуруқ ердан ўтдилар. Уларни таъқиб қилаётган Мисрликларни эса Сен денгиз қаърига улоқтирдинг. Улар баҳайбат сувларга тошдай ғарқ бўлдилар». Ибодатнинг давомида эса Яҳова Ўз халқи учун қандай ишларни амалга оширгани ҳақида айтиб ўтилган. У ерда шундай дейилган: «Сен уларга Канъон юрти аҳолисини бўйсундириб бердинг... Ота-боболаримиз мустаҳкам шаҳарларни, ҳосилдор ерларни қўлга киритдилар, ажойиб буюмлар билан тўла уйларга, қазилган сардобаларга, узумзорларга, зайтунзорларга, кўплаб мевали дарахтларга эга бўлдилар. Еб тўйдилар, семирдилар, Сенинг улуғ марҳаматингдан кўнгилларини чоғ қилдилар» (Нахим. 9:9–11, 24, 25).

13. Яҳова Исроил халқининг маънавий эҳтиёжини қандай қилиб қондирди, бироқ халқ бунга қанақа муносабат кўрсатди?

13 Тангри Ўз иродасини бажо келтириш учун фаол қудратидан фойдаланиб, яна кўп ишларни амалга оширган. Масалан, исроилликларни Миср қуллигидан озод этгач, Яҳова уларнинг маънавий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилган эди. Левилар ҳам ибодатларида буни эслатиб ўтиб, шундай дейишган: «Сен Синай тоғи узра келиб турдинг, самодан туриб уларга гапирдинг, уларга адолатли қоидалар, тўғри қонунлар, яхши фармонлару амрлар бердинг» (Нахим. 9:13). Яҳова исроилликларни Ўзининг халқи қилиб танлади ва уларга ваъда қилинган юртни бермоқчи эди. У танлаган халқига Унинг муқаддас исмига муносиб яшашлари учун таълим-тарбия берди. Афсуски, улар ўрганиб олганларини назар-писанд қилмадилар (Нахимиё 9:17 ни ўқинг) *.

ТАЪЛИМ-ТАРБИЯГА БЎЛГАН ЭҲТИЁЖ

14, 15. а) Яҳова қандай қилиб гуноҳкор халқига раҳм-шафқат кўрсатди? б) Яҳованинг танланган халқига қилган муомаласидан қандай сабоқ олдик?

14 Левиларнинг ибодатида Исроил халқининг иккита гуноҳи эслатиб ўтилган эди. Бу гуноҳларни исроилликлар Синай тоғида Худонинг қонунларига бўйсунишни ваъда қилишганидан кўп ўтмай содир этишганди. Шу сабабли улар ўлимга лойиқ деб топилган эдилар. Аммо левилар ибодатда Яҳовага шундай сўзлар билан ҳамдлар келтиришган: «Сен ғоят раҳмдил бўлганинг учун ота-боболаримизни саҳрода ташлаб кетмадинг... Сен қирқ йил... уларга ғамхўрлик қилдинг, улар ҳеч нарсага муҳтожлик сезмадилар, кийимлари тўзиб кетмади, оёқлари шишиб кетмади» (Нахим. 9:19, 21). Бугунги кунда ҳам Яҳова Унга садоқат ила хизмат қилишимиз учун бизни керакли нарсалар билан таъминламоқда. Шундай экан, саҳрода ўлиб кетган минглаб исроилликлар каби Яҳовага бўлган имонимиз сусайишига ҳамда Унга итоатсиз бўлиб қолишимизга йўл қўймайлик. Дарҳақиқат, «буларнинг барчаси... замоналарнинг охирида яшаётган бизлар учун огоҳлантириш сифатида ёзилган» (1 Кор. 10:1–11).

15 Афсуски исроилликлар ваъда қилинган юртга эга бўлгандан сўнг, канъонликларнинг жирканч худоларига сиғинишни бошлашди. Шунда Яҳова қўшни халқлар Унинг танланган халқини таъқиб қилишларига йўл қўйди. Аммо улар тавба қилишганида, Яҳова уларга раҳм-шафқат кўрсатиб, гуноҳларини кечирди ва душманларидан халос этди. Бундай ҳолат тез-тез такрорланиб турди (Нахимиё 9:28, 31 ни ўқинг) *. Левилар шундай деб тан олдилар: «Узоқ йиллар Сен уларга сабр-тоқат қилиб келдинг, Руҳинг ила пайғамбарлар орқали халқингни огоҳлантириб келдинг. Лекин улар Сенга қулоқ солмадилар. Шу сабабдан Сен уларни бегона халқлар қўлига таслим қилиб бердинг» (Нахим. 9:30).

16, 17. а) Исроилликлар яна Яҳовага итоатсизлик қила бошлашгани қандай оқибатларга олиб келди? б) Исроилликлар нимани очиқчасига тан олишди ва улар қандай ваъда беришди?

16 Қулликдан озод этилгандан кўп ўтмай, исроилликлар яна итоатсизлик қилишди. Оқибатда нима бўлди? Левилар ибодатини қуйидаги сўзлар билан давом эттиришди: «Мана, бугун биз қулмиз! Сен ота-боболаримизга берган юртда биз қул бўлиб яшаяпмиз. Сен эса бу юртни ота-боболаримизга меваларидан, мўл-кўлчилигидан баҳраманд бўлсин, деб бергансан. Аммо гуноҳларимиз оқибатида Сен бизни шоҳларга тобе қилиб қўйдинг. Юртимизнинг мўл ҳосили ўшаларга кетади... Эвоҳ, оғир кулфатда қолдик!» (Нахим. 9:36, 37).

17 Бу сўзлари билан левилар барча кулфатларда Худони айбламоқчи бўлишганми? Асло! Қайтанга улар самимият ила: «Сен бизни жазолаб тўғри қилдинг. Сен садоқат билан иш тутдинг, биз эса қабиҳлик қилдик»,— деб айтишган (Нахим. 9:33). Ушбу чин дилдан айтилган ибодат, халқнинг онт ичиб, бундан буён Худонинг амрларига итоат қилиш ваъдаси билан тугайди (Нахимиё 9:38 ни ўқинг *; 10:29). Охирида эса 84 та яҳудий йўлбошчилари ёзма равишда тузилган қарорга ўз муҳрларини босишди (Нахим. 10:1–27).

18, 19. а) Худонинг янги дунёсида яшашга муяссар бўлиш учун нима қилишимиз зарур? б) Биз нима ҳақда ибодат қилишдан тўхтамаслигимиз керак ва нима учун?

18 Янги дунёда яшашга муяссар бўлишимиз учун барчамиз Яҳованинг таълим-тарбиясига муҳтожмиз. Ҳаворий Павлус шундай деб савол берган: «Қайси ота ўғилларини тарбияламайди?» (Ибронийларга 12:7). Унга садоқат ила хизмат қилиб ҳамда Унинг руҳи бизни тузатишига йўл қўйиб, биз Худонинг йўл-йўриқларига амал қилаётганимизни кўрсатамиз. Мабодо жиддий гуноҳ қилиб қўйсак ҳам, Яҳова бизни кечиришига амин бўлишимиз мумкин. Бунинг учун эса биз чин юракдан тавба қилиб, камтаринлик ила таълим-тарбияни қабул қилишимиз лозим.

19 Яҳова исроилликларни Мисрдан халос этганда буюк исмини улуғлагани каби, яқинда У Ўз исмини янада кўпроқ улуғлайди (Ҳиз. 38:23). Унинг қадимги халқи ваъда қилинган юртнинг фуқаролари бўлганидек, Яҳовага садоқат ила топинаётган барча масиҳийлар ҳам Худонинг адолатли янги дунёсида яшашга муяссар бўлишади (2 Бутр. 3:13). Бизни мана шундай ажойиб истиқбол кутаётган экан, келинг, Худонинг муқаддас исми улуғланиши ҳақида ибодат қилишдан ҳеч тўхтамайлик. Кейинги мақолада эса, ҳозир ва абадият давомида Худонинг баракаларига эга бўлишимизга ёрдам берадиган бошқа бир ибодатни кўриб чиқамиз.

[Изоҳлар]

^ абз. 13 Нахимиё 9:17: «Улар Сенга итоат этишдан бош тортдилар, уларнинг орасида кўрсатган мўъжизаларингни эсга олмадилар».

^ абз. 15 Нахимиё 9:28, 31: «Лекин ҳаммаси яхши бўлгандан кейин, улар Сенинг олдингда яна қабиҳлик қилишди. Сен уларни яна душманлари қўлига бериб, тарк этдинг. Душманлари улар устидан ҳукмронлик қилишди. Ота-боболаримиз яна Сенга юз буриб, илтижо қилганларида, самодан туриб уларнинг илтижоларини эшитдинг. Раҳмдил бўлганинг учун, кўп марталаб Сен уларга нажот бердинг. Аммо шундай бўлса ҳам, буюк раҳм-шафқатинг туфайли Сен уларни қириб ташламадинг, уларни тарк этмадинг, чунки Сен иноятли, раҳмдил Худосан!»

^ абз. 17 Нахимиё 9:38: «Халқ қуйидагича қарор қилди: “Бўлиб ўтган воқеалар туфайли биз ёзма равишда қатъий қарор қиляпмиз. Йўлбошчиларимиз, левиларимиз ва руҳонийларимиз бу қарорга муҳрларини босдилар».