Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Яҳовага таяниш баракалар келтиради

Яҳовага таяниш баракалар келтиради

Ҳаётда баъзан кутилмаган, ноаниқ ва қийин вазиятлар бўлиб туради. Аммо Яҳова, ўз ақл-идрокига суянмай, Унга таянган инсонларга барака беради. Буни мен ва хотиним ўз тажрибамиздан биламиз. Биз узоқ умр кўриб, кўп баракаларга эга бўлдик. Мен сизга қисқача тарихини айтиб бераман.

ОТАМ билан онам 1919- йили Сидар-Пойнтда (АҚШ, Огайо штати) бўлиб ўтган Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларининг халқаро анжуманида учрашишган. Улар ўша йили сал кейинроқ турмуш қуришган. Мен 1922- йилда, укам Пол эса мендан икки йил кейин туғилган. Хотиним Грейс 1930- йилда таваллуд топган. Унинг ота-онаси Рой ва Рут Хауэлл Муқаддас Китоб тадқиқотчилари оиласида катта бўлишган. Грейснинг бобоси ва бувиси ҳам Муқаддас Китоб тадқиқотчилари бўлиб, Чарлз Тейз Расселл биродаримиз билан дўст эдилар.

Мен Грейсни 1947- йили учратдим ва биз у билан 1949- йилнинг 16- июнида турмуш қурдик. Турмуш қуришдан олдин биз келажагимиз ҳақида очиқ гаплашиб олганмиз. Биз тўла вақт хизмат қилишга ва фарзанд кўрмасликка қарор қилдик. 1950- йили 1- октябрда биз доимий кашшоф бўлиб хизмат қила бошладик. 1952- йилда эса бизга кўчма нозирлик хизматини таклиф қилишди.

КЎЧМА НОЗИРЛИК ВА ГИЛАД МАКТАБИ

Ўшанда иккаламиз ҳам ушбу янги хизматни бажара олиш учун ёрдамга муҳтожлигимизни сезганмиз. Ўзим тажрибали биродарлардан ўрганаётиб, Грейс учун ҳам ёрдам излардим. Мен узоқ вақтдан бери оиламиз билан дўстона муносабатда бўлган Марвин Хоулинга мурожаат қилдим. У тажрибали кўчма нозир бўлгани учун мен ундан: «Грейс ҳали ёш ва тажрибасиз. У билан вақтинча ҳамкорлик қилиб, ўргата оладиган бирон кимни тавсия эта оласизми?» — деб сўрадим. «Ҳа»,— деди у. — «Унга Эдна Винкле анча ёрдам бера олади. У чиниққан кашшоф». Кейинчалик Грейс Энда ҳақида шуларни сўзлаб берди: «Унинг ёрдами билан мен одамларнинг эшиги олдида ўзимни эркин ҳис қилишни, эътироз билдиришганда суҳбатни давом эттира олишни ва уй эгасини тинглаб, тўғри жавоб беришни ўргандим. Ҳа, менга айнан шундай ёрдамчи керак эди!»

Чапдан ўнгга: Нейтан Норр, Малком Аллен, Фред Раск, Лил Рюш, Эндрю Вагнер

Биз Грейс билан Айова штатининг иккита туманида хизмат қилдик. Туманимизга Миннесота ва Жанубий Дакота штатлари ҳам кирарди. Кейин бизни Нью-Йордаги 1- туманга ўтказишди. Бу ҳудудга Бруклин ва Куинс туманлари ҳам кирарди. Биз бу хизматда ўзимизни қанчалик тажрибасиз ҳис қилганимизни ҳеч қачон унута олмаймиз. Биз хизмат қилган туманга «Бруклин Хайтс» жамоати кирарди. Бу жамоатнинг учрашувлари Байтил ҳудудидаги Йиғилиш Залида ўтарди ва унда кўпгина тажрибали байтилчилар бор эди. Мен ўша жамоатда биринчи марта хизмат нутқи билан чиққанимда, ёнимга Нейтан Норр биродаримиз келиб, шундай деган эди: «Малком, сиз бизга ниманинг устидан ишлашимиз кераклигини айтиб, ўринли маслаҳат бердингиз. Шуни унутмангки, меҳр ила маслаҳат бера туриб, бизга ёрдамлашмасангиз, ташкилотга фойдангиз тегмайди. Шу зайлда давом этаверинг». Йиғилишдан сўнг мен бор гапни Грейсга айтиб бердим. Кейин, биз Байтилдаги хонамизга чиқдик ва ғам-ташвишдан чарчаб кетганимиз учун йиғлаб юбордик.

«Меҳр ила маслаҳат бера туриб, бизга ёрдамлашмасангиз, ташкилотга фойдангиз тегмайди. Шу зайлда давом этаверинг»

Орадан бир неча ой ўтиб, биз Гилад мактабининг 24- синфида ўқишга таклиф этилдик. Ўқиш 1955- йилнинг февраль ойигача давом этиши керак эди. Ўқиш бошланишидан олдин бизга, бу мактабни битиргач тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлмаслигимизни айтишган эди. Ҳа, бизга кўчма нозирлик ишини янада самарали бажаришни ўргатишди. Гиладда ўқиган дамларимиз ажойиб ўтди. Биз бу ерда камтарин бўлишни ҳам ўргандик.

Ферн ва Жорж Кауч мен ва Грейс билан Гилад мактабида, 1954- йил

Ўқишни битирганимиздан сўнг бизни вилоят нозири хизматига тайинлашди. Бизнинг вилоятимиз Индиана, Мичиган ва Огайо штатларини ўз ичига оларди. Кейин эса, 1955- йилнинг декабрь ойида Норр биродаримиздан хат олдик. Бу биз учун кутилмаган янгилик бўлди. Хатда у қуйидагича ёзган эди: «Менга очиғини айтинглар, агар Байтилга келиб, шу ерда қолишни хоҳлаймиз... ёки вақтинча Байтилда бўлиб, кейин чет элда хизмат қилишга тайёрмиз десангиз, хабар беринглар. Мабодо, вилоят ёки туман нозири хизматини танласангиз, шуни ҳам айтинглар». Биз, қандай топшириқ олсак ҳам бажонидил қиламиз, деб жавоб бердик. Кўп ўтмай, бизни Байтилга жўнатишди!

БАЙТИЛДА ЎТГАН МАРОҚЛИ ЙИЛЛАР

Байтилда ўтган мароқли йиллар давомида, мен Америка Қўшма Штатлари бўйлаб жамоат ва анжуманларда нутқлар айтиш ва таълим бериш вазифасини ўтаб келдим. Мен кўпгина ёш биродарларга таълим бериб кўмаклашдим. Натижада улар Яҳованинг ташкилотида масъулиятли вазифаларни ўз зиммасига олишди. Кейинчалик мен Норр биродаримизнинг котиби сифатида хизмат қилиб, жаҳон бўйлаб ваъзгўйлик фаолиятини ташкил этишда иштирок этдим.

Хизмат бўлимида ишлаётган пайтим, 1956- йил

Айниқса хизмат бўлимида ишлаган йиллар менга ёқарди. Ўшанда мен Т. Ж. (Бад) Салливан билан ҳамкорлик қилганман. У анча йиллар давомида бу бўлимнинг нозири бўлган. Бироқ мен бошқалардан ҳам кўп нарсани ўрганиб олдим. Улардан бири, менга таълим беришга тайинланган Фред Раск эди. Мен ундан: «Фред, нега айрим хатларимга ўзгаришлар киритдингиз?» — деб сўраганим эсимда. Шунда у қаҳ-қаҳ кулиб, сўнг жиддий оҳангда шундай деганди: «Малком, оғзаки айтилган гапни тушунтириш мумкин, аммо хатда ёзилгани, айниқса бу ердан юборилгани, имкон қадар аниқ ва лўнда бўлиши керак». Кейин у меҳр ила: «Дадил бўлинг — сиз яхши эплаяпсиз. Вақти келиб, маҳоратингиз ошади»,— деб қўшиб қўйган.

Йиллар мобайнида, Грейс Байтилда турли хил ишларни бажарди. У тозалик бўлимида хизмат қилиб, байтилчиларнинг хоналарини йиғиштирарди. Унга қилаётган иши ёқарди. То ҳозиргача, ўша йиллари ёшлигида Байтилда хизмат қилган биродарларни учратиб қолсак, улар Грейсга кулимсираб: «Сиз менга тўшагимни йиғиб қўйишни яхши ўргатган эдингиз. Бу онамга жуда ёққан эди»,— дейишади. Грейсга яна журналлар, ёзишмалар ва аудио тасмадан нусха кўчириш бўлимларида ишлаш ёқарди. Ушбу турли бўлимларда ишлаш, унга Яҳованинг ташкилотида қандай ишни бажаришимиздан ёки қаерда хизмат қилишимиздан қатъи назар, бу шараф ва барака эканини қадрлашга ёрдам берди. Ҳозир ҳам у шундай фикрда.

ҲАЁТИМИЗДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

1970- йилларнинг ўрталарида, қариб қолган ота-онамиз ёрдамимизга муҳтожлигини тушуна бошладик. Биз жиддий қарор олдида турган эдик. Байтилдан кетиб, биз учун қадрли ва севимли бўлиб қолган имондошларимизни қолдиришни истамас эдик. Аммо начора, ота-онамизга ғамхўрлик қилиш, бизнинг зиммамиздаги масъулият эканини ҳис қилардик. Шу сабабли Байтилдан кетишга мажбур бўлдик, лекин вазиятимиз ўзгарса яна қайтиб келишга умид боғлагандик.

Ўзимизни таъминлаш мақсадида мен суғурта компаниясида ишлашни бошладим. Бир воқеа ҳалигача эсимдан чиқмайди. Таҳсил олаётган пайтимда бир бошқарувчи менга шундай деган эди: «Бу бизнес гуллаб-яшнаши учун ҳар оқшомда ташрифлар қилиш керак. Шундай пайтдагина одамларни топишнинг имкони бўлади. Ҳар куни оқшомда ташрифлар қилишдан муҳимроқ нарса бўлмаслиги керак». Шунда мен жавобан: «Аминманки, бу борада тажрибангиз борлиги учун бундай деяпсиз ва мен бу фикрингизни ҳурмат қиламан. Бироқ менда маънавий эҳтиёжларни қондириш масъулияти ҳам бор. Бу вазифамга мен доим жиддий ёндашиб келганман ва ҳозир ҳам шундай қилишдан воз кечолмайман. Мен баъзи оқшомлар ташриф қиламан, фақат сешанба ва пайшанба кунлари эмас. Чунки менинг бундан-да муҳим учрашувларим бор». Дунёвий ишда ишлаб туриб, биронта учрашувни қолдирмаганим учун Яҳова мени тақдирлади.

1987- йил июль ойида онам қариялар уйида вафот этди. Бу вақтга қадар биз онамнинг ёнидан кетмадик. Бош ҳамшира Грейснинг олдига келиб шундай деган эди: «Аллен хоним, уйингизга қайтиб, дам олсангиз бўлади. Сиз, қайнонангизга қўлингиздан келганча қарашга ҳаракат қилганингизни барча билади. Кўнглингиз тўқ бўлсин».

1987- йил декабрь ойида яна жонажон Байтилимизда хизмат қилиш учун ариза ёздик. Аммо бир неча кундан кейин, Грейс йўғон ичак саратони касаллигига йўлиққани аниқланди. Жарроҳлик муолажасидан ўтгач, у дардидан фориғ бўлиб, соғайиб кетди. Бу вақт оралиғида, бизга Байтилдан хат келди. Бу хатда бизга маҳаллий жамоатимизда хизматимизни давом эттириш тавсия қилинган эди. Шунда биз ваъзгўйлик ишида кўпроқ қатнашишга қарор қилдик.

Вақт ўтиб, Техасда иш топдим. У ердаги илиқ иқлим биз учун яхши деб адашмаган эканмиз. Техасда 25 йилча яшаб, меҳрибон биродару опа-сингилларимизга боғланиб қолдик.

ОЛГАН САБОҚЛАРИМИЗ

Грейс йўғон ичак, қалқонсимон без ва кўкрак саратони касалликлари билан курашиб келди. Бироқ у ҳеч қачон ҳаётидан нолимаган ва оиладаги бошчиликка қарши чиқмаган. Ундан тез-тез: «Ораларингизда ҳамжиҳатликнинг ва юзларингиздан таралаётган бахтнинг сири нимада?» — деб сўрашганда, Грейс бунинг тўртта сабабини келтирарди. У шундай дерди: «Биз бир-биримиз билан қалин дўстмиз. Ҳар куни суҳбатлашиб турамиз. Биргаликда вақт ўтказишни яхши кўрамиз. Шунингдек, мабодо бир-биримиздан хафа бўлсак, ярашиб олмагунча ухламаймиз». Албаттаки, баъзан орамизда гапимиз қочиб туради, лекин биз бир-биримизни кечириб, хафагарчиликни унутамиз ва бундай ёндашувимиз доим яхши самара беради.

Бошимиздан ўтган барча қийинчиликлардан ўзимиз учун бир нечта яхши сабоқ олдик:

  1. Доим Яҳовага таяниб, У йўл қўйган вазиятларни қабул қилинг. Ҳеч қачон ўз ақл-идрокингизга суянманг (Ҳик. 3:5, 6; Ерм. 17:7).

  2. Қандай вазият бўлишидан қатъи назар Яҳованинг Каломидан йўл-йўриқ излаб, унга амал қилинг. Яҳовага ва Унинг қонунларига бўйсуниш жуда муҳим. Сиз Яҳовага бўйсуниш ёки бўйсунмаслик йўлини танлайсиз, учинчи йўл йўқ (Рим. 6:16; Иброн. 4:12).

  3. Ҳаётдаги энг муҳим нарса — Яҳованинг назарида яхши ном қозонишдир. Унинг манфаатларини биринчи ўринга қўйиб, мол-мулк тўплашга интилманг (Ҳик. 28:20; Воиз 7:1; Мат. 6:33, 34).

  4. Яҳованинг хизматида имкон қадар самарали ва ғайратли бўлиш учун ибодат қилинг. Диққатингизни қўлингиздан келмайдиган ишга эмас, келадиган ишга қаратинг (Мат. 22:37; 2 Тим. 4:2).

  5. Шуни билингки, дунёда Яҳованинг назари тушиб, баракасига эга бўлган бошқа бундай ташкилот йўқ (Юҳан. 6:68).

Турмуш қуришдан олдин, мен ва Грейс Яҳовага 75 йилдан ошиқ, эр-хотин сифатида эса тахминан 65 йил хизмат қилдик. Бу йиллар давомида Яҳовага биргаликда хизмат қилиш бизга қувонч бахш этган. Барча биродару сингилларимиз биз каби Яҳовага таяниб, ҳаётлари баракали бўлишига умид қилиб, улар учун ибодат қиламиз.

«Доим Яҳовага таяниб, У йўл қўйган вазиятларни қабул қилинг»