Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Бу кунни сизлар тоабад эсда тутишларингиз лозим»

«Бу кунни сизлар тоабад эсда тутишларингиз лозим»

Бу кунни сизлар тоабад эсда тутишларингиз лозим. Ҳар йили бу кунни Мен, Эгангизга, аталган руҳий байрам қилиб нишонланглар. ЧИҚИШ 12:14

1, 2. Қайси юбилей барча масиҳийларни қизиқтириши керак?

ЮБИЛЕЙ сўзини эшитганингизда хаёлингизга нима келади? Турмуш қурганлар: «Тўй кунимиз»,— деб айтар. Кимдир учун бу кун, кенг миқёсда нишонланадиган тарихий байрам, масалан Республиканинг мустақиллик куни бўлиши мумкин. Лекин сиз тахминан 3 500 йил мобайнида нишонланиб келинган бир юбилей ҳақида биласизми?

2 Бу муҳим воқеа «Фисиҳ» деб аталган. Бу кунда қадимги исроил халқи Миср қуллигидан озод бўлганини нишонлаган. Бу сана сиз учун ҳам муҳимдир. Нега дейсизми? Чунки бу байрам ҳаётингизнинг аҳамиятли бир соҳаси билан чамбарчас боғлиқ. Эҳтимол сиз: «Ахир Фисиҳ байрамини яҳудийлар нишонлашади-ку! Менга бунинг қанақа дахли бор?» — деб эътироз билдирарсиз. Жавобини мана бу муҳим сўзлардан топа оласиз: «Фисиҳ қўзиси бўлган Масиҳ биз учун қурбонликка келтирилди» (1 Кор. 5:7). Ушбу муҳим ҳақиқатни тушунишни истасак, яҳудийларнинг Фисиҳ байрами ҳақида билишимиз ҳамда бу байрамнинг барча масиҳийларга берилган амр билан қандай боғлиқ эканини кўриб чиқишимиз зарур.

ФИСИҲ НЕГА НИШОНЛАНАРДИ?

3, 4. Биринчи Фисиҳ байрамининг тарихи қанақа бўлган?

3 Дунёда юз миллионлаб инсонлар яҳудий бўлишмаса-да, биринчи Фисиҳ байрами нишонланишидан олдин, қандай воқеа юз берганини билишади. Эҳтимол улар бу воқеани Тавротнинг Чиқиш китобидан ўқишгандир ёки бировдан эшитишгандир ё бўлмаса бу воқеа ҳақида бирон фильм томоша қилишгандир.

4 Яҳова кўп йиллар давомида Миср қуллигида бўлган халқини озод қилиш учун Мусони ҳамда унинг акаси Ҳорунни Фиръавн ҳузурига юборади. Аммо мағрур шоҳ исроилликларни қўйиб юборишни истамайди. Шунда Яҳова Миср юртига даҳшатли фалокатлар  йўллайди. Охир-оқибат Худо ўнинчи фалокатни юбориб, мисрликларнинг тўнғичларини нобуд қилади. Шунда Фиръавн исроилликларни қўйиб юборишга мажбур бўлади (Чиқ. 1:11; 3:9, 10; 5:1, 2; 11:1, 5).

5. Исроилликлар қулликдан озод бўлиш учун қандай тайёргарликлар кўришган?

5 Аммо исроилликлар қулликдан озод бўлишдан олдин нима қилишган? Бу воқеа мил. авв. 1513- йил баҳорги тенг кунлик пайтида, ибронийларнинг Абиб ойида (кейинчалик Нисон деб номланган) содир бўлган *. Худованд исроилликларга ушбу ойнинг ўнинчи кунида 14- нисон учун муайян тайёргарликлар кўришни айтади. Бу кун қуёш ботганидан сўнг бошланарди. Чунки ибронийларда янги кун қуёш ботиши билан бошланиб, кейинги кун қуёш ботганида тугарди. 14- нисонда ҳар бир хонадон битта қўзи ёки улоқча сўйиб, қонини эшик кесакисининг ёнига ва тепасига суртишлари керак эди (Чиқ. 12:3–7, 22, 23). Исроил оилалари қовурилган қўзининг гўштини хамиртурушсиз нон ва тахир ўтлар билан ейишган. Сўнг эса Худонинг фариштаси Миср юрти бўйлаб ўтиб, мисрликларнинг тўнғич ўғилларини ўлдирган, бироқ итоаткор исроилликлар омон қолишган. Шундай қилиб халқ озод бўлган (Чиқ. 12:11–13, 29–32).

6. Нима учун исроилликлар ҳар йили Фисиҳ байрамини нишонлашлари керак эди?

6 Шу воқеадан сўнг, исроилликлар кўп йиллар давомида бу кунни хотирлаб келишган. Худо уларга шундай деган: «Бу кунни сизлар тоабад эсда тутишларингиз лозим. Ҳар йили бу кунни Мен, Эгангизга, аталган руҳий байрам қилиб нишонланглар. Бу байрам авлодларингиз оша доимий қонун-қоида бўлиб қолсин». 14- нисонда нишонланадиган Фисиҳ байрамидан сўнг, етти кунлик Хамиртурушсиз нон байрами нишонланган. Жами саккиз кун байрам бўлиб, ҳаммаси Фисиҳ деб аталган (Чиқ. 12:14–17; Луқо 22:1; Юҳан. 18:28; 19:14). Шундай қилиб Фисиҳ исроилликлар учун йиллик байрамлардан бири бўлган (2 Сол. 8:13).

7. Исо шогирдлари билан охирги марта Фисиҳни нишонлагач, қандай маросим уюштирди?

7 Исо ва унинг ҳаворийлари яҳудий бўлганлари учун, Таврот қонунига биноан йиллик Фисиҳ байрамини нишонлашган (Мат. 26:17–19). Исо шогирдлари билан охирги марта Фисиҳни нишонлагач, янги бир маросим уюштирди. Бу маросим Қутлуғ Кечлик деб аталиб, шогирдлар уни ҳар йили нишонлашлари керак эди. Аммо у қайси куни нишонланиши даркор?

ҚУТЛУҒ КЕЧЛИК

8. Фисиҳ байрами ҳамда Қутлуғ Кечлик маросими борасида қандай саволлар юзага келмоқда?

8 Фисиҳ байрами ўтиши биланоқ Исо Қутлуғ Кечлик маросимини уюштирган экан, демак бу янги маросим Фисиҳ байрами нишонланган кунга тўғри келган. Эҳтимол сиз баъзи замонавий календарларда яҳудийларнинг Фисиҳ байрами биз нишонлаётган Қутлуғ Кечлик маросимидан бир ёки бир неча кунга фарқ қилаётганини кузатгандирсиз. Нега улар фарқ қиляпти? Бу саволга қисман Худонинг исроилликларга берган амридан жавоб топишимиз мумкин. «Исроил халқи жамоасининг ҳар бир хонадони ўзининг қўзисини сўйиши» лозимлигини айтгач, Мусо буни 14- нисон куни қайси пайтда қилиш кераклигини таъкидлаб ўтган (Чиқиш 12:5, 6 ни ўқинг).

9. Чиқиш 12:6 га биноан, қўзи қайси пайтда сўйилиши даркор эди? (Шунингдек, «Куннинг қайси қисми?» номли рамкага қ.)

9 Чиқиш 12:6 га биноан, қўзи «кечқурун» сўйилиши лозим эди. Бундан хулоса қилиб айтиш мумкинки, қўзи қуёш ботганидан кейин, аммо ҳали ёруғ пайтда, яъни 14- нисоннинг  бошида сўйилиши керак эди («Куннинг қайси қисми?» номли рамкага қ.).

10. Баъзиларнинг фикрича қўзи қайси пайтда сўйилган, бироқ нима учун бу саволлар пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда?

10 Кейинчалик баъзи яҳудийларнинг фикрича, маъбадга келтирилган барча қўзиларни сўйиш учун кўп вақт талаб қилинарди. Шунинг учун Чиқиш 12:6 даги сўзлар, 14- нисоннинг охирига, яъни тушликдан сўнг қуёш ботишни бошлаганидан то кун охирида қуёш ботиб қоронғу тушган пайтга ишора қиляпти деб тушунилган. Агар шундай бўлса, таомни қачон ейиш керак бўлган? Қадимги яҳудий дини бўйича мутахассис профессор Жонатан Клаванс шундай фикр билдирди: «Янги кун қуёш ботиши билан бошланган, демак қурбонлик 14- нисонда келтирилган. Аммо Фисиҳ байрами ҳамда таом ейилиши 15- нисонда бошланган, лекин бундай тартиб Чиқиш китобида кўрсатилмаган» (курсив бизники — Нашр.). У шунингдек, Раввинлар адабиётида мил. 70- йил маъбад бузилишидан олдин Фисиҳ байрами қандай нишонлангани ҳақида ҳеч нарса айтилмаганини эслатиб ўтди.

11. а) Милодий 33- йил Фисиҳ байрамида Исо билан нима содир бўлди? б) Нега милодий 33- йил 15- нисон куни «улуғ» Шаббат деб аталган? (Изоҳга қ.)

11 Хўш, милодий 33- йилги Фисиҳ байрами қачон нишонланган? Фисиҳ байрамидан олдинги кун, яъни 13- нисонда Исо Бутрус ва Юҳаннога шундай деди: «Боринглар, Фисиҳ таомини ейишимиз учун тайёргарлик кўринглар» (Луқо 22:7, 8). 14- нисон чоршанба куни қуёш ботганидан кейин Фисиҳ таомини ейиш «вақти келган» эди. Исо ҳаворийлари билан биргаликда таомни еб бўлгач, Қутлуғ Кечлик маросимини уюштирди (Луқо 22:14, 15). Шу кечанинг ўзидаёқ уни ҳибсга олиб қийнашди. 14- нисон тушликка яқин уни устунга михлашди. Тушлик пайтида эса у жон берди (Юҳан. 19:14). Бу айнан Фисиҳ қўзиси сўйилган вақтга тўғри келди. Шу йўсинда, «Фисиҳ қўзиси бўлган Масиҳ биз учун қурбонликка келтирилди» (1 Кор. 5:7; 11:23; Мат. 26:2). Кейинги кун, яъни 15- нисон бошланмасдан олдин Исони қабрга қўйишди * (Лев. 23:5–7; Луқо 23:54).

БИЗ УЧУН МУҲИМ БЎЛГАН ХОТИРЛАШ КУНИ

12, 13. Фисиҳ байрамининг нишонланиши исроиллик фарзандларга қандай тааллуқли?

12 Келинг яна Мисрда содир бўлган воқеага қайтайлик. Мусо келажакда ҳам Худонинг халқи Фисиҳ байрамини  нишонлашлари ҳақида айтиб ўтган. Зеро бу байрам «тоабад» эсда тутилиши лозим эди. Фарзандлар ушбу йиллик маросимнинг маъноси билан қизиқиб, ота-оналарига саволлар бериб туриши ҳам одатий бўлган (Чиқиш 12:24–27 ни ўқинг; Қонун. 6:20–23). Демак Фисиҳ байрами болаларга ҳам тегишли бўлиб, улар уни «эсда тутишлари» керак эди (Чиқ. 12:14).

13 Янги авлод улғайгани сайин, бу муҳим сабоқлар отадан ўғилга ўтиб келган. Бу сабоқлардан бири, Яҳова Ўз хизматчиларини ҳимоя қилишга қодир эканидадир. Шу йўсин болалар Аллоҳ мавҳум ёки уйдирма шахс эмаслигини билиб олишган. Яҳова мавжуд шахс ва У барҳаёт Худодир. Зеро У Ўз халқига ғамхўрлик кўрсатиб, уларни ҳимоя қилиб келган. Буни «Мисрликларнинг тўнғич ўғилларини ҳалок қилиб», исроилликларнинг тўнғич ўғилларини омон қолдирганидан кўрса бўлади.

14. Масиҳийлар Фисиҳнинг маъносини тушунтираётиб, фарзандларига қандай сабоқ берадилар?

14 Масиҳийлар ҳар йили фарзандларига Фисиҳ байрамининг маъносини тушунтириши керак эмас. Аммо сиз болангизга Аллоҳ халқини ҳимоя қилишга қодирлиги тўғрисида сабоқлар бериб турибсизми? Аминлик ила фарзандингизга Яҳова ҳали-ҳануз халқини ҳимоя қилиб келаётган мавжуд шахс эканини кўрсатиб беряпсизми? (Заб. 26:11; Ишаё 12:2). Буни тушунтираётиб, узундан-узоқ маъруза ўқимасдан, фарзандингиз билан қизғин суҳбат қуринг. Бу каби сабоқлар беришга жон куйдириб, оилангиз янада маънан ўсишига ҳисса қўшган бўласиз.

Фисиҳ байрамини муҳокама қилаётиб, болаларингизга қандай сабоқлар беришингиз мумкин? (14- хатбошига қ.)

15, 16. Чиқиш 12–15 даги воқеалар Яҳова ҳақида нимани очиб беряпти?

15 Фисиҳ байрами бизга нафақат Яҳова халқини ҳимоя қилишга қодирлигини кўрсатиб бермоқда. Аллоҳ шунингдек халқини Мисрдан олиб чиқиб қутқарган. Бу нимани англатишини ўйлаб кўринг. Худованд булут ва аланга устунидан фойдаланиб, уларга йўл кўрсатган. Улар қуруқ ердан ўтиб кетишаётганида, денгиз сувлари ўнг ва чап томонда девордек қад кўтарган. Улар эсон-омон нариги қирғоққа ўтиб олишгач, шу сувлар Миср аскарларини босиб қолганини кўришган. Омон қолган исроилликлар шундай дея ҳайқиришган: «Эгамизни мадҳ этиб куйлайман [...] Отларни, аравакашларни денгизга улоқтирди. Эгамиз менинг қудратли қалъамдир. У мени қутқарди» (Чиқ. 13:14, 21, 22; 15:1, 2; Заб. 135:11–15).

16 Агар фарзандларингиз бўлса, уларга Яҳовани Қутқарувчи сифатида кўришга кўмаклашинг. Суҳбатингиздан ҳамда қарорларингиздан фарзандингиз сизда шундай аминлик борлигини кўряптими? Чиқиш 12–15 даги воқеани шунингдек, оилавий топинишда муҳокама қилиб, Яҳова халқини қандай қутқаришини кўрсатиб беришингиз мумкин. Бошқа сафарларда Ҳаворийлар 7:30–36 ҳамда Дониёр 3:16–18, 26–28 даги фикрларни кўриб чиқиш айни муддао бўларди. Ҳа, ёшу қарилар амин бўлиши мумкинки, Яҳова нафақат ўтмишда Қутқарувчи бўлган. Мусо даврида халқини қутқариб  қолганидек, У келажакда ҳам бизни албатта қутқаради (1 Салоникаликларга 1:9, 10 ни ўқинг).

БИЗЛАР УЧУН ЭСЛАТМА

17, 18. Биринчи Фисиҳ байрамида қондан фойдаланганлиги бизга нимани эслатади?

17 Бугунги кунда масиҳийлар яҳудийларнинг Фисиҳ байрамини нишонламайдилар. Чунки бу йиллик байрам Таврот қонунининг бир қисми бўлган, биз эса бу қонунга тобе эмасмиз (Рим. 10:4; Колос. 2:13–16). Аммо биз бошқа маросимни, яъни Худо Ўғлини биз учун қурбон қилганини хотирлаймиз. Шунга қарамасдан биринчи марта Мисрда нишонланган Фисиҳ байрамининг тафсилотлари биз учун ҳам аҳамиятли.

18 Қўзининг қонини эшик кесакисининг ёнлари ва тепасига суркаш, ҳаётнинг сақлаб қолинишини англатарди. Бугунги кунда биз на Фисиҳ байрамида, на бошқа пайтда Худога қурбонлик келтирамиз. Аммо ҳаётни абадий сақлаб қоладиган аълороқ бошқа бир қурбонлик бор. Ҳаворий Павлус «пуркалган қон», яъни Исонинг қони мойланган масиҳийларга осмонда абадий яшаш имкониятини бериши ҳақида тушунтирган. Улар «осмонда қайд этилган тўнғичларнинг жамоати» деб аталган (Иброн. 12:23, 24). Исонинг қони шунингдек «бошқа қўйлар»га ер юзида абадий яшаш имкониятини бермоқда. Улар доимо қуйидаги сўзларни ёдда тутадилар: «Унинг Ўғли ўз қони орқали тўлов бериб, бизларни озод этди. Айнан Аллоҳнинг чексиз инояти туфайли айбларимиз кечирилишига йўл очилди» (Эфес. 1:7).

19. Исонинг қай йўсин ўлдирилгани башоратларга бўлган ишончимизни қандай мустаҳкамлайди?

19 Исроилликлар Мисрда Фисиҳ қўзисини сўйишганда, унинг бирон бир суягини синдиришмаган (Чиқ. 12:46; Саҳ. 9:11, 12). Биз учун қурбон бўлган «Худонинг Қўзиси» ҳақида нима деса бўлади? (Юҳан. 1:29). У икки ёнидан жиноятчилар билан бирга устунга михланганди. Яҳудийлар Пилатдан бу кишиларнинг суякларини синдиришни сўрашган. Бу уларнинг ўлимини тезлаштирарди. Шу йўсин 15- нисон, «улуғ» Шаббат кунигача уларнинг мурдалари қолиб кетмасди. Аскарлар устунга михланган икки жиноятчининг оёқларини синдиришган, аммо «Исонинг олдига келишганда, у аллақачон ўлганини кўриб, оёқларини синдиришмади» (Юҳан. 19:31–34). Фисиҳ қўзининг суяги сингари Исонинг суяги ҳам синдирилмади. Шу сабабли Фисиҳ қўзиси милодий 33- йил Исо келтирган қурбонликнинг «соясигина» бўлган, холос (Иброн. 10:1). Боз устига бу воқеа Забур 33:21 даги башоратнинг амалга ошганини тасдиқлаб, имонимизни мустаҳкамлайди.

20. Яҳудийларнинг Фисиҳ байрами билан Қутлуғ Кечлик маросимининг нишонланиши ўртасида қандай фарқ бор?

20 Аммо яҳудийларнинг Фисиҳ байрами билан Қутлуғ Кечлик маросимининг нишонланиши ўртасида фарқ бор. Масалан, исроилликлар қўзининг гўштини ейишган, лекин қонини ичишмаган. Бу Исонинг шогирдларига берган йўл-йўриқдан фарқ қиларди. Унинг сўзлари бўйича, «Худонинг Шоҳлигида» ҳукмронлик қилувчилар, унинг танаси ҳамда қонининг рамзи бўлган нон ва шаробдан истеъмол қилишлари шарт эди. Кейинги мақолада бу мавзуни янада батафсилроқ кўриб чиқамиз (Марк 14:22–25).

21. Фисиҳ байрами ҳақида билишнинг қандай фойдали томони бор?

21 Шунга қарамасдан, Фисиҳ байрами Худонинг Исроил халқи билан муносабатларида муҳим ўринни эгаллаган ва бу воқеада ҳар биримиз учун яхши сабоқлар бор. Фисиҳ байрамини масиҳийлар эмас, яҳудийлар «эсда тутишлари» керак эди. Лекин биз масиҳийлар, бу воқеани билишимиз ҳамда ундаги бебаҳо сабоқларни юрагимизда сақлашимиз керак. Зеро буларнинг бари Худо томонидан илҳомлантирилган Муқаддас Ёзувларнинг қисмидир (2 Тим. 3:16).

^ 5- х.б. Ибронийларнинг календари бўйича биринчи ой Абиб деб номланарди, аммо исроилликлар Бобил қуллигидан озод бўлганидан кейин бу ой Нисон деб номланган. Бу мақолада биз Нисон ойи деб қўллаб келганмиз.

^ 11- х.б. Фисиҳ байрамидан кейин, 15- нисон куни Хамиртурушсиз нон байрамининг биринчи куни бўлиб, ҳар доим шаббат ҳисобланган. Милодий 33- йили 15- нисон ҳафталик Шаббат кунига (жума оқшомидан шанба оқшомигача) тўғри келган. Ўша йили иккала шаббат ҳам бир кунга тушиб қолгани учун уни «улуғ» Шаббат деб номлашган (Юҳанно 19:31, 42 ни ўқинг).