Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

100 йиллик Шоҳлик бошқаруви. У нималарга эришди?

100 йиллик Шоҳлик бошқаруви. У нималарга эришди?

Тангри Яҳова, ишларинг буюк ва ажойибдир. Эй абадият Шоҳи. ВАҲИЙ 15:3

1, 2. Худонинг Шоҳлиги нимани амалга оширади ва нега биз Шоҳлик келишига аминмиз?

МИЛОДИЙ 33 йили баҳорда, Кафарнаҳум яқинидаги тоғда Исо Масиҳ издошларига: «Шоҳлигинг келсин»,— деб ибодат қилишни ўргатган эди (Мат. 6:10). Бугунги кунда аксарият одамлар Шоҳлик келишидан шубҳаланишади. Биз эса, Худонинг Шоҳлиги келиши ҳақидаги самимий ибодатларимиз ижобат бўлишига аминмиз.

2 Яҳова мана шу Шоҳликдан фойдаланиб, осмондаги ва ердаги оиласини бирлаштиради. Худонинг бу нияти албатта амалга ошади (Ишаё 55:10, 11). Аслида Яҳова ҳозирги пайтгача Шоҳ бўлиб келган! Буни, ўтган 100 йил давомида содир бўлган ҳаяжонли воқеалар тасдиқлайди. Худо миллионлаб содиқ фуқаролари учун буюк ва ажойиб ишларни амалга оширмоқда (Закр. 14:9; Ваҳ. 15:3). Шундай бўлса-да, Яҳованинг Шоҳ бўлгани билан Исо ўргатган ибодатдаги Худо Шоҳлигининг келиши битта нарса эмас. Бу воқеалар бир-биридан қандай фарқ қилади ва бизга қанақа алоқаси бор?

ЯҲОВА ТАЙИНЛАГАН ШОҲ ҲАРАКАТГА КИРИШДИ

3. а) Исо қачон ва қаерда Шоҳ қилиб тайинланди? б) Шоҳлик 1914 йилда бошқара бошлаганини қандай тасдиқлай оласиз? (Изоҳга қ.)

3 1919 йилга келиб, Дониёрнинг 2 500 йил аввал айтган башорати ойдинлаша бошлади. У шундай ёзган эди: «Ўша шоҳларнинг даврида Самовий Худо битмас-туганмас бир шоҳлик  ўрнатади» (Дон. 2:44). Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари, бу Шоҳлик 1914 йилда осмонда бошқара бошлаганини тушунишди. Ўша пайтда бир ёзувчи: «1914 йили дунё умид ҳамда ваъдага бой эди»,— деб ёзган ва кўпчилик унинг бу ижобий фикрига қўшилган. Аммо ўша йили Биринчи жаҳон уруши бошланганда, Муқаддас Китобдаги башорат тўғри бўлиб чиқди. Озиқ-овқат етишмовчилиги, зилзилалар, ўлатлар бўлиши ҳамда Муқаддас Китобда ёзилган бошқа башоратларнинг амалга ошиши, 1914 йилда Исо осмонда Худо Шоҳлигининг Подшоҳи сифатида бошқара бошлаганини узил-кесил тасдиқлади *. Яҳова Ўғлини Масиҳий Шоҳ қилиб тайинлаши билан, Ўзи ҳам Шоҳ бўлди!

4. Янги тайинланган Шоҳ биринчи навбатда нима қилди ва у кейин кимга эътибор қаратди?

4 Худо тайинлаган янги Шоҳ биринчи навбатда Отасининг ашаддий душмани бўлмиш Шайтон билан жанг қилиши керак эди. Исо фаришталари билан Иблисни ҳамда жинларни осмондан улоқтириб юборди. Натижада осмонда катта қувонч, ерда эса ҳеч қачон кўрилмаган фалокатлар бошланди (Ваҳий 12:7–9, 12 ни ўқинг). Шундан кейин Шоҳ ердаги фуқароларини поклаш, ўргатиш ва Худонинг иродасини бажариш учун ташкиллаштиришга эътибор қаратди. Келинг, Шоҳликнинг бу учта тадбирига ижобий муносабат билдирганлар биз учун қанақа намуна қолдиришганини кўриб чиқайлик.

МАСИҲИЙ ШОҲ СОДИҚ ФУҚАРОЛАРИНИ ПОКЛАМОҚДА

5. 1914–1919 йилларда қанақа покланиш юз берди?

5 Тахтга ўтирган Шоҳ осмонни Шайтон ва жинларнинг зарарли таъсиридан тозалаганидан сўнг, Яҳова Исога ердаги издошларининг маънавий аҳволини текшириб, яхшилашни буюрди. Малаки пайғамбар бу воқеани маънавий покланиш деб тасвирлаган (Мал. 3:1–3). Бу воқеанинг 1914–1919 йилларда содир бўлганини тарих тасдиқлайди *. Яҳованинг катта ва ҳамжиҳат оиласига аъзо бўлиш учун биз пок ёки муқаддас бўлишимиз лозим (1 Бутр. 1:15, 16). Ҳа, биз сохта дин ёки бу дунёнинг сиёсати билан ифлосланиб қолмаслигимиз зарур.

6. Маънавий озуқа қай йўсин етказилмоқда ва бу нима учун муҳим?

6 Сўнг Исо шоҳона ҳокимиятидан фойдаланиб, «ишончли ва ақлли хизматкор»ни тайинлади. Бу хизматкор, Исонинг қарамоғидаги «бир сурув»ни ташкил этган барчани, вақтида тўйимли маънавий озуқа билан таъминлаб туриши керак эди (Мат. 24:45–47; Юҳан. 10:16). 1919 йилдан бери «ишончли ва ақлли хизматкор» «уйидагиларга» ризқ-рўзни беришдек масъулиятли вазифани садоқат билан бажариб келди. Ушбу восита орқали мўл-кўл қилиб етказилаётган маънавий ризқ-рўз билан озиқланиб, биз имонда ўсишимиз мумкин. Бу эса, маънан, ахлоқан, фикран ҳамда жисмонан пок қолиш истагимизни кучайтиради. Шунингдек, маънавий озуқа туфайли биз ер юзида олиб борилаётган энг муҳим ишда тўлиқ қатнашишга тайёр бўламиз. Сиз бу маънавий ризқ-рўздан тўлақонли озиқланяпсизми?

ШОҲ ФУҚАРОЛАРИГА ЖАҲОН БЎЙЛАБ ВАЪЗ ҚИЛИШНИ ЎРГАТМОҚДА

7. Исо ер юзида бўлганда қайси муҳим ишни бошлаган ва бу иш қачонгача давом этиши керак?

7 Исо ер юзидаги хизматининг бошида: «Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хабарни мен бошқа шаҳарларда ҳам ваъз қилишим керак. Ахир мен шунинг учун юборилганман»,— деб айтганди (Луқо 4:43). Уч ярим йил мобайнида у мана шу хизматига ҳаётидан энг муҳим ўринни берган. Исо шогирдларига шундай дея амр этган: «Йўлда кетаётиб: “Осмон Шоҳлиги яқинлашиб қолди”,— деб эълон қилаверинглар» (Мат. 10:7).  Тирилганидан кейин у, издошлари бу хабарни «ернинг четларига қадар» етказишини башорат қилган (Ҳавор. 1:8). Исо уларга ушбу ишни то бизнинг кунларимизгача шахсан қўллаб-қувватлашни ваъда қилган (Мат. 28:19, 20).

8. Шоҳ ер юзидаги фуқароларини қай йўсин ҳаракатга ундаган?

8 1919 йилга келиб, «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар» ўзгача маънога эга бўлди (Мат. 24:14). Энди Шоҳ осмонда бошқараётган эди ва у, ер юзида покланган кичик бир гуруҳ фуқароларини тўплади. Улар Худонинг Шоҳлиги ўрнатилгани ҳақидаги хушхабарни бутун ер юзи бўйлаб ваъз қилинглар, деган Исонинг ҳаяжонга солувчи амрини ғайрат билан бажаришга тушишди (Ҳавор. 10:42). Мисол учун, 1922 йили Сидар-Пойтда (АҚШ, Огайо штати) бўлиб ўтган халқаро анжуманда 20 000 га яқин Шоҳлик тарафдорлари йиғилган эди. Ўшанда Рутерфорд биродаримиз «Осмон Шоҳлиги яқин» деб номланган нутқни сўзлаётиб: «Мана, Шоҳ ҳукмронлик қилмоқда! Сизлар унинг вакилларисиз. Шунинг учун Шоҳни ва унинг Шоҳлигини хабарланг, хабарланг, хабарланг»,— деб эълон қилганида улар нақадар ҳаяжонга тўлганини бир тасаввур қилинг! Нутқни тинглаганлардан икки мингтаси мазкур ундовга жавобан қарийб 72 км нарида жойлашган уйларга бориб ваъз қилишган. Нутқдан таъсирланган тингловчилардан бири эса: «Шоҳликни хабарлаш ундовини ва йиғилганларнинг ғайратга тўлганини асло унутмайман»,— дея хитоб қилган. Бу биргина мисол холос.

9, 10. а) Шоҳлик хабарчиларини ўргатиш учун қанақа тадбирлар уюштирилган? б) Бу ўқув дастуридан шахсан сиз қандай фойда олдингиз?

9 1922 йилга келиб, дунёнинг 58 та мамлакатида 17 000 дан зиёд Шоҳлик хабарчилари фаолият кўрсатаётганди. Аммо уларни ўргатиш зарур эди. Биринчи асрда, бўлажак Шоҳ ўзининг шогирдларига нима ҳақда, қаерда ва қандай қилиб ваъз этиш борасида аниқ йўл-йўриқлар берганди (Мат. 10:5–7; Луқо 9:1–6; 10:1–11). Исо бугун ҳам худди шундай йўл тутиб, Шоҳлик ҳақидаги хабарни ёйишда иштирок этаётган барчанинг, ваъзгўйликда самарали бўлиши учун керакли йўл-йўриқ ва ўқув қуролларига эга бўлишига ғамхўрлик қиляпти (2 Тим. 3:17). Масиҳийлар жамоати орқали Исо ўз фуқароларини хизматга тайёрлаяпти. У қўллаётган усуллардан бири — Воизлик мактабидир. Бу ўқув дастури дунё бўйлаб 111 000 дан ошиқ жамоатда ўтказилиб келяпти. Мана шундай ўқув дастуридан тўлиқ фойдаланиб, ҳозирги кунда етти миллиондан ортиқ ваъзгўйлар «ҳар турли инсонларга» ваъз қилишга ва таълим беришга тайёр бўлишяпти (1 Коринфликларга 9:20–23 ни ўқинг).

10 Воизлик мактабидан ташқари яна бошқа Муқаддас Китоб мактаблари ҳам жорий этилган. Бу ўқув дастурлари жамоат оқсоқоллари, кашшофлар, бўйдоқ биродарлар, эру хотинлар, филиал қўмиталарининг аъзолари  ва уларнинг хотинлари, кўчма нозирлар ва уларнинг хотинлари ҳамда тўла вақтли махсус ваъзгўйларни ўқитиш учун мўлжалланган *. Эр-хотинлар учун Муқаддас Китоб мактабида ўқиб чиққан бир жуфтлик, ушбу дастур учун миннатдорлик билдириб, шундай деди: «Бизга берилган махсус таълим Яҳовага бўлган севгимизни оширди ва бошқаларга янада яхшироқ ёрдам беришга тайёрлади».

11. Шоҳлик хабарчилари қаршиликларга қарамай хизматни қандай давом эттиришяпти?

11 Шоҳлик ҳақида ваъз қилиш ва таълим бериш фаолиятининг кенг қулоч ёзгани, ғаним Шайтоннинг назаридан четда қолмади. У Шоҳлик ҳақидаги хабарга ва хабарчиларга тўғридан-тўғри ҳамда яширинча ҳужум қилиб, бу ишни тўхтатишга уриняпти. Аммо ғанимнинг уринишлари чиппакка чиқади. Яҳова Ўзининг Ўғлини «ҳар қандай ҳукумат ва ҳокимиятдан, қудрату ҳукмронликдан» юқорироқ қўйган (Эфес. 1:20–22). Шоҳ тариқасида Исо ўз ҳокимиятидан фойдаланиб, шогирдларини ҳимоялаб, етаклаб боряпти. Шу йўсинда у Отасининг иродаси амалга ошишини назорат қиляпти *. Натижада хушхабар ваъз қилиняпти ҳамда миллионлаб самимий инсонларга Яҳованинг йўллари ўргатиляпти. Мана шундай улуғ ишга ҳисса қўшиш, биз учун нақадар катта шараф!

ШОҲ ФУҚАРОЛАРИНИ ЯНАДА КЕНГ ФАОЛИЯТ УЧУН ТАШКИЛЛАШТИРЯПТИ

12. Шоҳлик ўрнатилганидан бери юз берган айрим ташкилий яхшиланишларни айтиб беринг.

12 1914 йилда Шоҳлик ўрнатилганидан бери Шоҳ, Худонинг хизматчиларини Отасининг иродасини бажариш учун янада яхшироқ ташкиллаштирди (Ишаё 60:17 ни ўқинг). 1919 йили ҳар бир жамоатда ваъзгўйлик ишига бош-қош бўладиган хизмат раиси тайинланди. 1927 йили якшанба кунлари мунтазам уйма-уй хизмат қилиш ташкил этилди. 1931 йили Муқаддас Китоб асосида «Яҳованинг Шоҳидлари» деган ном қабул қилинганда, Шоҳлик тарафдорлари янада кенг фаолият олиб боришга чорланди (Ишаё 43:10–12). 1938 йили жамоатларда масъулиятли эркаклар сайлов йўли билан эмас, Муқаддас Китобдаги талаблар асосида тайинланадиган бўлди. 1972 йили жамоатларга битта оқсоқол эмас, оқсоқоллар кенгаши ғамхўрлик қиладиган бўлди. Талабларга мос келган ҳамма эркаклар «Аллоҳнинг сурувига» чўпонлик қилишга чорланди (1 Бутр. 5:2). 1976 йили Етакчи кенгаш дунё бўйлаб Шоҳлик фаолиятини назорат қилиш учун олтита қўмитани ташкил этди. Мана шундай маромда, Яҳова томонидан тайинланган Шоҳ, фуқароларини Худонинг иродасига мувофиқ тарзда ташкиллаштириб келди.

13. Шоҳлик бошқарувининг 100 йил ичида эришган натижалари шахсан сизга қандай таъсир қилди?

 13 Бошқарувининг илк 100 йили ичида Масиҳий Шоҳ нималарга эришгани ҳақида бир ўйлаб кўринг! У Яҳованинг исми учун бир халқни поклади. 239 та мамлакат ва ҳудудларда Шоҳлик ҳақидаги хабар ваъз қилинишини ва миллионлаб одамларга Яҳованинг йўллари ўргатилишини назорат қилиб турди. У Отасининг иродасини бажаришга хоҳиш билдирган етти миллиондан зиёд содиқ фуқароларини бирлаштирди (Заб. 109:3). Ҳақиқатан ҳам, Масиҳий Шоҳлик орқали Худо буюк ва ажойиб ишларни амалга оширди. Ҳали олдинда янада қизиқарлироқ воқеалар турибди!

МАСИҲИЙ ШОҲЛИК КЕЛТИРАДИГАН БАРАКАЛАР

14. а) «Шоҳлигинг келсин» деб ибодат қилганимизда биз Худодан нимани сўраган бўламиз? б) 2014 йил учун қайси оят танланди ва нега бу ўринли?

14 Гарчи Яҳова, Ўғли Исо Масиҳни 1914 йилда Масиҳий Шоҳ қилиб тайинлаган бўлса-да, «Шоҳлигинг келсин», деган ибодатларимиз ҳали тўлиқ ижобат бўлгани йўқ (Мат. 6:10). Муқаддас Китобда, Исо ўзининг «душманлари ўртасида ҳукмронлик қилиши» башорат қилинган эди (Заб. 109:2). Шайтоннинг назорати остидаги инсоний ҳукуматлар ҳанузгача Шоҳликка қаршилик кўрсатишяпти. Худонинг Шоҳлиги келсин, деб ибодат қилганимизда биз, Масиҳий Шоҳ ҳамда у билан бошқарадиганлар инсоний ҳокимиятни ва Шоҳликнинг ердаги ғанимларини йўқ қилишини Худодан сўраган бўламиз. Мана шу ҳаракат, Дониёр 2:44 даги Худонинг Шоҳлиги ушбу «барча шоҳликларни ер билан яксон қилиши» тўғрисидаги башоратнинг бажарилишига олиб келади. Ҳа, ўшанда Шоҳликнинг сиёсий душманлари бутунлай бартараф қилинади (Ваҳ. 6:1, 2; 13:1–18; 19:11–21). Бу воқеаларнинг амалга ошиш вақти жуда яқин. Шундай экан, Худо Шоҳлигининг осмонда ўрнатилганига 100 йил тўлиши муносабати билан, 2014 йил учун Матто 6:10 даги: «Шоҳлигинг келсин»,— деган сўзлар йиллик оят тариқасида танланди!

2014 йилнинг ояти: «Шоҳлигинг келсин» (Матто 6:10).

15, 16. а) Минг йиллик бошқарув вақтида қанақа қизиқарли воқеалар юз беради? б) Масиҳий Шоҳ сифатида Исо охирида нима қилади ва бу ҳаракат Яҳованинг барча ижодларига нисбатан ниятини қандай амалга оширади?

15 Масиҳий Шоҳ, «Иблиснинг ишларини барбод қилишни» Худонинг душманларини йўқ қилишдан бошлайди (1 Юҳан. 3:8). Кейин, у Шайтон билан жинларни минг йилга тубсизликка ташлайди (Ваҳ. 20:1–3). Ёвузликнинг таъсирини бартараф этгач, Шоҳлик одамларга Исонинг тўлов қурбонлигидан фойда олишга кўмаклашади ва Одамато гуноҳининг оқибатларини илдизи билан йўқ қилади. Шоҳ, ўлим уйқусида ётган миллионлаб инсонларни тирилтиради ва уларга Яҳова тўғрисида ўргатиш учун умумжаҳон таълим дастурини ташкил этади (Ваҳ. 20:12, 13). Ўшанда ер юзида Адан боғидаги каби жаннатмакон шароит тикланади. Барча художўй кишилар эса мукаммалликка эришади.

16 Исонинг Минг йиллик бошқаруви охирида Масиҳий Шоҳлик ўз мақсадига эришган бўлади. Сўнг, Исо Шоҳликни Отасига топширади (1 Коринфликларга 15:24–28 ни ўқинг). Ўшанда Яҳова билан Унинг ердаги фарзандлари ўртасида воситачига ҳожат қолмайди. Худонинг осмондаги барча ўғиллари ҳамда Унинг ердаги фарзандлари бирлашиб, Самовий Отамизнинг катта ва ҳамжиҳат оиласини ташкил этишади.

17. Сиз Шоҳлик учун нима қилмоқчисиз?

17 Шоҳликнинг 100 йиллик бошқаруви давомида содир бўлган қизиқарли воқеалар, Яҳова ҳаммасини назорат қилаётганига ва Унинг ер юзига нисбатан нияти бажо бўлишига бизни ишонтирди. Илойим, биз Унинг содиқ фуқаролари бўлиб қолайлик ва Шоҳни ҳамда Унинг Шоҳлигини хабарлаб юрайлик. Биз шундай қиламиз ҳам, чунки яқинда: «Шоҳлигинг келсин»,— деган самимий ибодатларимизга Яҳова жавоб беришига аминмиз!

^ 3- х.б. «Муқаддас Китоб таълимотлари» номли китобнинг 88–92- саҳ. қ.

^ 5- х.б. «Қўриқчи минораси»нинг 2013 йил, 15 июль сонидаги 22–23- саҳ., 12- х. қ.

^ 10- х.б. «Қўриқчи минораси»нинг 2012 йил, 15 сентябрь сонидаги 13–17- саҳ. «Мактаблар Яҳованинг севгисидан далолатдир» номли мақолага қ.

^ 11- х.б. Турли мамлакатларда эришилган юридик ютуқлар ҳақида «Қўриқчи минораси»нинг 2012 йил, 15 август сонидаги 16–17- саҳ. қ.