Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Зорафатлик бева аёл имони туфайли мукофотланди

Зорафатлик бева аёл имони туфайли мукофотланди

КАМБАҒАЛ бева аёл яккаю-ягона ўғлини бағрига босиб, маҳкам қучоқламоқда. У ўз кўзларига ишонолмаяпти. Бироз аввал у ўғлининг жонсиз танасини қўлларида ушлаб турган эди. Ҳозир эса у тирилган ўғлини кўриб, унинг жилмайишидан завқланяпти. Аёлнинг уйидаги меҳмон: «Қаранг, ўғлингиз тирик!» — деди.

Ушбу ҳаяжонли тирилиш деярли 3000 йил аввал юз берган. Бу ҳақида биз 3 Шоҳлар 17- бобида ўқишимиз мумкин. Меҳмон Худонинг пайғамбари Илёс эди. Аёл ким эди? У Зорафат шаҳрида яшовчи исми ноаниқ бева аёл эди. Ўғлининг тирилиши, унинг ҳаётидаги имонни мустаҳкамловчи воқеалардан бири бўлган. Бу аёлнинг мисолидан муҳим сабоқлар олишимиз мумкин.

ИЛЁС ИМОНЛИ БЕВА АЁЛНИ ТОПАДИ

Яҳова, Исроилда ёвуз шоҳ Ахаб ҳукмронлик қилган пайтда узоқ муддатли қурғоқчилик бўлишига қарор қилади. Илёс қурғоқчиликни эълон қилганидан сўнг, Яҳова уни Ахабдан яшириб, мўъжизавий тарзда қарғалар орқали уни нон ва гўшт билан таъминлайди. Кейин Яҳова Илёсга шундай дейди: «Тур ўрнингдан! Сидондаги Зорафат шаҳрига бориб, ўша ерда яша. Шу шаҳарда яшайдиган бир бева аёлга амр этдим, у сени боқади» (3 Шоҳ. 17:1–9).

Илёс Зорафатга келгач, ўтин териб юрган бева аёлни кўради. Пайғамбарни боқадиган аёл ўшами? У ўзи камбағал бўлса, буни қандай қилади? Эҳтимол Илёс хавотир олганига қарамай, аёл билан суҳбатлаша бошлаган. У: «Илтимос, менга ичгани идишда озгина сув берсангиз»,— деб айтди. Аёл сувга кетаётганида, Илёс шундай деди: «Илтимос, менга бир бурда нон ҳам ола келинг» (3 Шоҳ. 17:10, 11). Бева аёл учун сув олиб келиш ташвиш туғдирмасди, лекин нон олиб келиш муаммо эди.

 Аёл шундай деди: «Эгангиз Худо шоҳид! Уйимда нон увоғи ҳам йўқ, фақат хумда бир ҳовуч ун ва хурмачада озгина ёғ бор, холос. Икки-учта тараша ўтин териб олсам, бориб, ўзим ва ўғлим учун нимадир тайёрлаган бўлардим. Бу охирги егулимиз бўлади. Балки кейин ўлиб кетармиз» (3 Шоҳ. 17:12). Келинг, бу вазият қандай ўзгарганини кўриб чиқайлик.

Бева аёл, Илёс худотарс исроиллик одам эканлигини тушунган. Бу унинг: «Эгангиз Худо шоҳид!» — деган сўзларидан кўриниб турибди. У Исроилнинг Худоси ҳақида қандайдир билимга эга бўлган бўлса ҳам, бироқ Унга хизмат қилмаган. Шунингдек, у Яҳовани «Эгам» деб айтмаган. У Зорафат шаҳрида яшаган, бу шаҳар эҳтимол Финикия вилоятидаги Сидон шаҳридан узоқ бўлмаган. Зорафат шаҳрида Баал топинувчилари яшаган деб тахмин қилса бўлади. Бироқ Яҳова бева аёлнинг қандайдир яхши томонини кўрган.

Гарчи, зорафатлик бева аёл бутпарастлар орасида яшаган бўлса-да, у имонни намоён этган. Яҳова Илёсни бева аёлнинг олдига юборгани, иккаласига ҳам фойда келтирди. Бундан муҳим сабоқ олишимиз мумкин.

Зорафатда яшайдиган Баал топинувчиларнинг ҳаммаси ҳам, бутунлай бузилиб кетишмаган эди. Яҳова Илёсни бева аёлнинг олдига юборганидан, Унга хизмат қилмайдиган кишиларнинг ҳам яхши ниятларига эътибор беришини кўрсак бўлади. Дарҳақиқат, «Ундан [Худодан] қўрқиб, адолат билан йўл тутган ҳар бир кишини У миллатига қарамай қабул қиларкан» (Ҳавор. 10:35).

Сизнинг ҳудудингизда зорафатлик бева аёлга ўхшайдиган қанча одам яшайди? Улар сохта дин тарафдорлари орасида яшашса ҳам, яхши бир нарсаларни хоҳлашар. Улар Яҳова ҳақида бир оз билимга эга ёки умуман ҳеч нарса билишмас ва улар пок топинишни қабул қилишда ёрдамга муҳтожлар. Сиз ҳам шундай одамларни излаб, уларга ёрдам беряпсизми?

ФАҚАТ ОЛДИН МЕНГА КУЛЧА ҚИЛИБ БЕРИНГ

Илёс бева аёлдан нима қилишни сўраганини диққат билан кўриб чиқайлик. Аёл унга бир марта овқат пишириб, ўғли иккаласи ейишини ва бундан сўнг ўлишларини айтади. Илёс бунга нима дейди? «Қўрқманг, бораверинг, егуликни тайёрлаверинг. Фақат олдин ўша ун ва ёғдан кулча қилиб, менга олиб келиб беринг. Ўзингизга ва ўғлингизга эса кейин қиларсиз. Бинобарин, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: “Мен ер узра ёмғир ёғдирмагунга қадар, хумдаги ун тамом бўлмас, хурмачадаги ёғ ҳам тугамас”» (3 Шоҳ. 17:11–14).

«Охирги овқатимизни бериб юборайликми? Ҳазиллашяпсиз шекилли»,— деб айтар кимдир. Аммо бева аёл бундай муносабат билдирмади. Яҳова ҳақидаги билими кам бўлишидан қатъи назар, у Илёсга ишонди ва айтганларини қилди. Бу имоннинг муҳим синовида аёл нақадар доно қарор чиқарди!

Бева аёл Илёснинг Худоси Яҳовага ишонгани учун ўзининг ва ўғлининг ҳаётини сақлаб қолди

Аллоҳ бева аёлни ташлаб қўймади. Илёс ваъда қилганидай, Яҳова аёлнинг ғамлаб қўйган озгина нарсасини кўпайтирди. Шундай қилиб Илёс, бева аёл ва унинг ўғли қурғоқчилик сўнгига қадар омон қолишди. Чиндан ҳам, «Эгамизнинг Илёс орқали айтганларига биноан, хумдаги ун ҳам тамом бўлмади, хурмачадаги ёғ ҳам тугамади» (3 Шоҳ. 17:16; 18:1). Агар аёл бошқача йўл тутганида, озгина ун ва ёғдан тайёрлаган кулча  унинг охирги овқати бўлиши мумкин эди. Аксинча, у имонни намоён этиб, Яҳовага таянди ва аввал Илёсга овқат берди.

Бу воқеадан ўрганиб олганимиздай, Худо имонни намоён этганларга баракалар беради. Садоқатингиз синовга дуч келганида, имонни намоён этсангиз, Яҳова сизга ёрдам беради. Қийинчиликни бошдан кечиришингизга ёрдам бериш учун У Ғамхўр Ота, Ҳимоячи ва Дўст бўлади (Чиқ. 3:13–15).

1898 йили чиққан «Сион қўриқчи минораси»да бева аёл ҳақидаги воқеадан шундай сабоқ олишимиз мумкинлиги ёзилган: «Агар аёл бўйсуниш учун керакли имонга эга бўлганида, пайғамбар орқали Ҳазратнинг кўмагига сазовор бўларди. Агар у имонни намоён қилмаганида, имонни намоён қиладиган бошқа бева аёл топиларди. Биз учун бу нимани англатади? Ҳаётимиз давомида бизнинг имонимиз ҳам синовларга дуч келишига Ҳазратимиз йўл қўйиб беради. Агар биз имонни намоён этсак баракалар оламиз, агар намоён этмасак улардан маҳрум бўламиз».

Ўзгача синовларга дуч келганимизда, биз ҳам Муқаддас Китобдан ва унга асосланган адабиётларимиздан илоҳий раҳбарликни излашимиз даркор. Уни қабул қилиш қанчалик қийин бўлмасин, Яҳованинг раҳбарлигига мувофиқ йўл тутишимиз керак. Агар қуйидаги доно ҳикматга амал қилсак, баракаларга эга бўлишимиз шубҳасиз: «Ўз ақл-идрокингга суянма, бутун қалбинг билан Эгамизга ишон. Ҳар ишингда Эгамизни эътироф эт, шунда У йўлларингни тўғрилайди» (Ҳик. 3:5, 6).

«ЎҒЛИМНИНГ ЎЛИМИГА САБАБЧИ БЎЛГАНИ КЕЛИБСИЗ-ДА!»

Бева аёлнинг имони яна бир синовга дуч келди. Муқаддас Китобда шундай деб ёзилган: «Орадан бир қанча вақт ўтгач, хонадон соҳибаси — аёлнинг ўғли касал бўлиб қолди. У шунчалик оғир дардга йўлиқдики, охири жон берди». Ушбу фожианинг сабабини билмоқчи бўлиб, ғамга ботган она Илёсга шундай деди: «Мендан нима истайсиз, эй, Худонинг одами? Сиз гуноҳларимни Худога эслатгани ва ўғлимнинг ўлимига сабабчи бўлгани келибсиз-да!» (3 Шоҳ. 17:17, 18). Бу ранжитадиган сўзларнинг маъноси нима эди?

Аёл ўз виждонини қийнаётган гуноҳни эсладими? У ўғлининг ўлимини Худонинг жазоси, Илёсни эса ўлим ҳақида хабар келтирган Аллоҳнинг элчиси деб ўйлаяптими? Муқаддас Китобда бу ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Бироқ шуниси аниқки, бева аёл Худони бирон-бир адолатсизликда айбламаган.

Боланинг ўлими ва аёл пайғамбар унинг қайғусига сабабчи деб ўйлаётгани, Илёсни эсанкиратиб қўйди. Боланинг жонсиз танасини болохонага олиб чиқиб, пайғамбар шундай деб хитоб қилди: «Эй, Эгам Худо! Мен шу бева аёлнинг меҳмониман. Наҳот, унинг ўғлини нобуд қилиб, бошига кулфат ёғдирсанг?!» Илёс, агар Яҳова шундай меҳрибон ва меҳмондўст аёлнинг азоб чекишига йўл қўйса, Унинг исмига доғ тушади деб ўйлаган. Шунинг учун Илёс шундай деб ёлворди: «Эй, Эгам Худо! Илтижо қиламан, бу болага қайтадан жон ато эт!» (3 Шоҳ. 17:20, 21).

«ҚАРАНГ, ЎҒЛИНГИЗ ТИРИК!»

Яҳова Илёснинг илтижосини эшитди. Бева аёл Унинг пайғамбарига ғамхўрлик қилди ва имонини намоён этди. Шубҳасиз, Яҳова болани тирилтиришини билиб, касаллик дастидан ўлишига йўл қўйиб берди. Бу Муқаддас Китобда ёзилган биринчи тирилиш бўлиб, келажак авлодлар учун умид бахш этади. Илёс Яҳовага илтижо қилганида, У болани ҳаётга қайтарди. Илёс: «Қаранг, ўғлингиз тирик!» — деб айтганида, аёл қанчалик қувонганини тасаввур қилинг. Бева аёл Илёсга: «Энди билдим: сиз Худонинг одами экансиз,— деди. Эгамиз чиндан ҳам сиз орқали гапирар экан» (3 Шоҳ. 17:22–24).

3 Шоҳлар 17- бобида бу бева аёл ҳақида бошқа ҳеч нарса айтилмаган. Исонинг у ҳақида ижобий гапирганидан, бева аёл ҳаётининг сўнгига қадар Яҳовага содиқ бўлиб қолганини англаш мумкин (Луқо 4:25, 26). Аёлнинг воқеаси, Худо Унинг хизматчиларига яхшилик қилганларга барака беришига ўргатяпти (Мат. 25:34–40). Бу, Яҳова Ўзининг содиқ хизматчиларига ҳатто қийин вазиятларда ҳам ғамхўрлик қилишини кўрсатяпти (Мат. 6:25–34). Ушбу ҳикоя, ўлганларни тирилтириш учун Яҳованинг ҳам хоҳиши, ҳам кучи борлигини исботлаяпти (Ҳавор. 24:15). Шубҳасизки, булар зорафатлик бева аёлни эслаб туриш учун ажойиб сабабдир.