ТАРЖИМАИ ҲОЛ
Яҳова менга доим ёрдам бериб келган
Турмуш ўртоғим Эвелин билан Онтарионинг (Канада) шимолида жойлашган Хорнепейн қишлоғидаги вокзалга эрта тонгда етиб келдик. Ўшанда жуда совуқ эди. Маҳаллий биродаримиз бизни кутиб олди ва унинг хотини, ўғли ҳамда ўзи билан тўйимли нонушта қилгач, қордан юриб, уйма-уй хизматга кетдик. Кечки пайт эса, мен ўзимнинг туман нозири сифатидаги илк нутқимни сўзладим. Ўшанда, беш киши бўлганмиз холос.
АСЛИДА, 1957 йилда сўзлаган ўша нутқ пайтида тингловчилар кам бўлгани учун унча ҳаяжонланмагандим. Лекин биласизми, мен доим жуда ҳам уятчан эдим. Ҳатто кичиклигимда, уйга меҳмон келса, уларни танисам ҳам беркиниб олардим.
Яҳованинг ташкилотида менга топширилган вазифаларни олишимга кўпинча бошқалар — дўстларим ва бегона кишилар туртки бўлишганини билиб, ҳайрон қолсангиз керак. Ҳалигача уятчанлик ва ўзимга ишончсизлик билан курашиб келяпман. Бу вазифаларни бажаришда ўз ҳаракатларим туфайли муваффақиятга эришганман деб айтолмайман. Аксинча, Яҳованинг қуйидаги ваъдаси ҳақ эканида амин бўлдим: «Сенга куч бераман, Ўзим ёрдамга келаман, ғолиб ўнг қўлим билан сени қўллайман» (Ишаё 41:10). Яҳова менга кўп ёрдам берган ва асосан бу имондошларимизнинг қўллаб-қувватлаши эди. Келинг, болалигимдан бошлаб, уларнинг баъзилари ҳақида айтиб берай.
У МУҚАДДАС КИТОБ ВА ЁН ДАФТАРЧАДАН ФОЙДАЛАНГАН
1940 йилларнинг серқуёш якшанбаларидан бирида, Элси Хантингфорд Онтарионинг жануби-ғарбидаги фермамизга келди. Ойим уни кутиб олишга чиққанида, дадам иккаламиз ичкарида ўтириб, тинглаётган эдик. Дадам ҳам менга ўхшаган уятчан киши эди. Ўша опамизни сотувчи аёл деб ўйлаб, ойим кераксиз нарсани сотиб олмаслиги учун дадам эшик ёнига борди ва булар бизни қизиқтирмаслигини айтди. Опамиз эса: «Сизларни Муқаддас Китоб тадқиқи қизиқтирмайдими?» — деб сўради. Шунда дадам: «Албатта бу бизни қизиқтиради»,— деб жавоб берди.
Элси опамиз бизникига айни керак пайтда келганди. Ота-онам Канада Бирлашган черковининг фаол аъзолари эди, аммо бундан сал аввал уни тарк этишга қарор қилишганди. Нима учун? Сабаби, руҳоний эҳсон қилганларнинг берганига яраша рўйхат тузарди ва уни черков кираверишида осиб қўярди. Ота-онам эса пуллари кўп бўлмагани боис, одатда ўша рўйхатнинг охирига тушиб қолишарди ва кўпроқ беришлари учун черков оқсоқоллари уларга босим ўтказишарди. Улардан бири ишини йўқотиб қўймаслик учун бошқа руҳоний аслида ишонган нарсалари ҳақида таълим бермаяпти деб таъкидлаган. Шундай қилиб, биз черковни тарк этдик, лекин маънавий эҳтиёжларимизни қондиришнинг бошқа йўлини излаётган эдик.
Канадада Яҳова Шоҳидларининг фаолияти тақиқ остида бўлгани учун, Элси опамиз фақатгина Муқаддас Китобдан ва баъзи қайдлари ёзилган кичик қора ён дафтарчасидан фойдаланиб тадқиқ ўтказарди. Бироз вақт ўтиб, уни давлат ходимларига топширмаслигимизда амин бўлгач, у бизга адабиётлар ҳам бера бошлади. Ҳар тадқиқдан сўнг уларни яхшилаб яшириб қўярдик *.
Қаршиликлар ва бошқа қийинчиликларга қарамай, Элси опамиз хушхабарни ваъз қилишда ўта ғайратли эди. Бу фазилати менга жуда таъсир қилди ва ҳақиқатда маҳкам туришга ундади. Ота-онам Яҳованинг Шоҳидлари сифатида сувга чўмганидан бир йил ўтгач, мен ҳам ўзимни Худога бағишладим. Мен 1949 йили 27 февралда, фермерлар ҳайвонларига сув берадиган темир идишда сувга чўмган эдим. Ўшанда 17 ёшда эдим. Бундан сўнг, тўла вақтли хизматни бошлашни мақсад қилгандим.
ЯҲОВА ЖАСОРАТЛИ БЎЛИШИМГА ЁРДАМ БЕРДИ
Кашшофликни дарҳол бошлашдан иккиланаётган эдим. Аввалига, банк ва офисда ишчи бўлиб ишладим. Чунки кашшоф бўлиш учун оз-моз пул ишлаб олишим кераклигида ўзимни ишонтирдим. Тажрибасиз ёш бўлганим учун пуллар қўлимга тушган заҳотиёқ уларни сарфлаб юборардим. Ўшанда Тед Саржент биродаримиз мени жасоратли бўлишга ва Яҳовага таянишга ундаганди (1 Сол. 28:10). Шундай ундовлар билан 1951 йилнинг ноябрь ойида кашшофликни бошладим. Менда бор-йўғи 40 доллар, янги сумка ва велосипед бор эди. Аммо Яҳова ҳар доим энг керакли нарсалар билан таъминлаб турарди. Тед биродаримиз мени кашшоф бўлишга чорлагани учун ундан ниҳоятда миннатдорман! Бу кўпдан-кўп баракалар келтирди.
1952 йили августнинг охирларида кечқурун Торонтодан қўнғироқ қилиб қолишди. Яҳова Шоҳидларининг Канада филиали мени сентябрь ойидан бошлаб Байтилда хизмат қилишга таклиф қилди. Жуда уятчан ва аввал филиалга ҳеч бормаган бўлсам-да, роса ҳаяжонда эдим. Чунки бошқа кашшофлар Байтил ҳақида ажойиб нарсаларни айтиб беришарди. Тез орада у ер худди ўз уйимдай бўлиб қолганди.
«ИМОНДОШЛАРИМИЗГА УЛАРГА ҒАМХЎРЛИК ҚИЛАЁТГАНИНГИЗНИ КЎРСАТИНГ»
Байтилга борганимдан икки йил ўтгач, мен Билл Якос биродаримизнинг ўрнига Торонтодаги жамоатларнинг бирига жамоат хизматкори (ҳозир оқсоқоллар кенгашининг раиси деб аталади) этиб тайинландим. Ўшанда ёшим бор-йўғи 23 да бўлиб, содда қишлоқ боласи эдим. Бироқ Билл биродаримиз камтаринлик ва меҳр ила менга нима қилиш кераклигини кўрсатиб берган. Чиндан ҳам Тангри Яҳова менга ёрдам бериб келган.
Бўйи паст, доим кулиб юрадиган Якос акамиз инсонларга қизиқиш кўрсатарди. У имондошларимизни, улар бўлса уни яхши кўришган. Фақатгина муаммоларга дуч келгандагина уларникига бормай, балки доим уйларига ташриф буюрган. Мени ҳам худди шундай қилишга ва биродару опа-сингилларимиз билан бирга ваъзгўйлик қилишга ундаган. У менга шундай деган: «Кеннет, имондошларимизга уларга ғамхўрлик қилаётганингизни кўрсатинг. Шунда бу, анчагина камчиликларни қоплайди».
РАФИҚАМ МЕҲР-САДОҚАТ НАМОЁН ЭТГАН
Яҳова, 1957 йилнинг январь ойидан бошлаб ўзгача тарзда менга кўмаклашган. Ўша ойда мен, Гилад мактабининг 14- синфини битирган Эвелин исмли қизга уйландим. Турмуш қуришимиздан олдин, у француз забон Квебек вилоятида хизмат қиларди. Ўша пайтда Квебек Рим католик черковининг кучли таъсири остида эди. Шу боис, Эвелиннинг вазифаси унча осон бўлмаган, лекин уни садоқат ила бажариб, Яҳовага хизмат қилган.
Эвелин шунингдек, менга ҳам содиқ эди (Эфес. 5:31). Шуни айтиш керакки, унинг садоқати турмуш қурганимиздаёқ синалди. Ўшанда, Флоридага (АҚШ) айланиб келишни режалаштираётгандик. Аммо тўйимиздан бир кун ўтиб, филиалдаги биродарларимиз мени Канададаги Байтилда бўладиган бир ҳафталик учрашувга боришимни сўрашди. Албатта, бу режаларимизга халақит бераётганди, бироқ Эвелин билан бирга Яҳова биз учун тайинлаган ишни бажармоқчи бўлдик. Шундай қилиб, асал ойини четга суриб қўйдик. Ўша ҳафта давомида Эвелин филиалга яқин ҳудудда ваъз қилиб хизмат қиларди. Гарчи ўша ҳудуд Квебек ҳудудидан фарқ қилса-да, у топшириғини яхши бажарганди.
Ўша ҳафтанинг охирида, Онтарионинг шимолига туман нозир сифатида тайинланиш мен учун кутилмаган ҳодиса эди. Мен 25 яшар, эндигина уйланган ва жудаям тажрибасиз киши эдим, аммо Яҳовага ишончим қатъий бўлган. Канада қишининг энг совуқ кунларида, ўз вазифаларига қайтаётган бошқа тажрибали кўчма нозирлар билан бирга кечки поездга ўтирдик. Улар бизга жуда ҳам катта далда беришди! Битта акамиз ҳатто ўзи учун олган ётиб кетадиган вагондаги ўриндиғини бизга бўшатиб берди. Шундай қилиб, биз туни билан ётиб кетдик. Эрталаб эса, турмуш қурганимиздан эндигина 15 кундан кейин, Хорнепейндаги олдинги кичик гуруҳимга етиб келдик.
Эвелин икковимиз анчагина ўзгаришларни бошдан кечирдик. 1960 йилнинг охирида вилоят нозирлик иши билан банд бўлганимизда, мен Гилад мактабининг 36- синфига таклиф этилдим. Ушбу ўн ойлик курс 1961 йил февраль ойининг бошида бошланди. Бу мен учун ҳаяжонли воқеа эди, лекин Эвелин таклиф этилмаганини билиш қувончимни тийишга сабаб бўлди. Шундай вазиятда бўлган бошқа хотинлар каби, Эвелиндан ўша ўн ой мобайнида алоҳида яшаб туришга рози эканлиги ҳақида хат ёзишни сўрашди. Эвелин кўз ёшлар тўкди. Бироқ биз, мен мактабга боришим керак деган қарорга келдик ва Гиладда қимматбаҳо таълимни олиб келишимдан у жуда бахтиёр эди.
Шундай қилиб, Эвелин Канададаги филиалда хизмат қилди. У ерда хотиним Маргарит Ловелл исмли мойланган азиз опажонимиз билан битта хонада яшаш шарафига эга бўлди. Албатта, Эвелин иккаламиз ҳам бир-биримизни ниҳоятда соғинганмиз. Лекин Яҳованинг кўмаги туфайли, вақтинча топширилган вазифаларимиз билан банд эдик. Эвелин, бирга ўтказишимиз мумкин бўлган вақтимизни тайёрлик ила қурбон қилгани туфайли, Тангри Яҳова ва Унинг ташкилоти учун кўпроқ фойдамиз теккани менга қаттиқ таъсир қилган.
Гиладда деярли уч ой ўтказганимдан сўнг, ўшанда умумжаҳон фаолиятимизни бошқарган биродаримиз Нейтан Норр менга ўзгача бир таклиф ҳақида айтди. У мендан, Гилад мактабини тарк этиб ва Канадага қайтиб, Масъулиятли биродарлар учун махсус таълим мактабида вақтинча дарс беришга розилигимни сўради. Биродаримиз ушбу таклифни қабул қилишим кераклигини айтмади. Хоҳласам Гилад мактабини битириб, эҳтимол кейин тўла вақтли махсус ваъзгўйлик ишини бажаришим мумкинлигини айтди. Бошқа томондан у, агар Канадага борсам, Гилад мактабига қайтмаслигимни ҳамда бошқа сафар таклиф этилмаслигим мумкинлигини ва эҳтимол Канадада яна ўша даладаги ваъзгўйлик ишига қайтишимни айтди. Бу ҳақда хотиним билан гаплашиш учун менга вақт берди.
Эвелин бундан олдин ҳам, илоҳий топшириқларга нисбатан қандай нуқтаи назарда эканини айтгани боис, Нейтан биродаримизга дарров: «Яҳованинг ташкилоти биз нима қилишимиз керак деб билса, шуни бажаришдан бахтиёрмиз»,— дедим. Ўзимиз учун афзал бўлган нарсаларга нисбатан, доим Яҳованинг ташкилоти тайинлаган ҳар қандай жойга боришимиз керак деб қабул қилганмиз.
Шундай қилиб, 1961 йил апрель ойида мен Канадага қайтиб, Масъулиятли биродарлар учун махсус таълим мактабида дарс бера бошладим. Кейинчалик, Байтил аъзолари сифатида хизмат қиладиган бўлдик. Сўнг, 1965 йилда бошланиши керак бўлган Гилад мактабининг 40- синфига таклиф олиб қойил қолдим. Бу сафар ҳам, Эвелин алоҳида бўлиб хизмат қилишимизга розилик билдириб хат ёзди. Бироқ бир неча ҳафта ўтгач, унга ҳам мен билан бирга ўша мактабда ўқиш учун таклиф келганда, иккаламиз ҳам хурсанд бўлдик.
Гилад мактабига келганимиздан кейин, Норр биродаримиз талабалар француз тилидаги синфларга таклиф этилаётганини ва агар биз ҳам хоҳласак, кейинчалик Африкага юборилишимизни айтди. Аммо битирув дастурида, биз яна Канадага тайинланганимиз маълум бўлди! Хуллас, филиалда янги нозир сифатида (ҳозир Филиал қўмитасининг раиси) тайинландим. Ўшанда эндигина 34 ёшда эдим ва Норр биродаримизга: «Мен жудаям ёшман»,— деб айтдим. Бироқ у мени тинчлантирди. Энг бошидаёқ, муҳим қарорлар чиқаришдан олдин Байтилдаги ёши улуғ, кўпроқ тажрибага эга бўлган биродарлар билан маслаҳатлашишга ҳаракат қилардим.
БАЙТИЛ — ЎРГАНИШ ВА ЎРГАТИШ ЖОЙИДИР
Байтилда хизмат қилиш, менга бошқалардан ўрганишдек ажойиб имконини берди. Филиал қўмитасининг бошқа аъзоларини ҳурмат қиламан ва улар мени ғоят завқлантиришади. Бундан ташқари, бу филиалдаги ва биз хизмат қилган турли жамоатлардаги художўй юзлаб ёшу қари эркак ва аёллар менга яхши таъсир қилишарди.
Шунингдек, Байтилда хизмат қилиш орқали бошқаларни ўргатиб, уларнинг имонини мустаҳкамлашга ҳисса қўшдим. Ҳаворий Павлус Тимўтийга: «Олган таълимингга... риоя қил»,— деб яна қуйидагиларни айтган: «Мендан эшитган нарсаларни, бошқаларга таълим беришга муносиб бўладиган ишончли инсонларга ҳам етказ» (2 Тим. 2:2; 3:14). Баъзида имондошларимиз, Байтилда 57 йил давомида хизмат қилиб, қандай сабоқлар олганимни сўрашади. Бунга оддий жавоб бераман, яъни Яҳованинг ташкилоти қилишингизни хоҳлаган вазифаларни, Унинг ёрдамига таяниб, дарров ва тайёрлик ила бажаришдир.
Ўзимни, ўша-ўша уятчан, тажрибасиз ёш боладек Байтилга кечагина илк қадам босгандай ҳис қиламан. Бу йиллар давомида Худованд Яҳова «ўнг қўлимни кучайтириб турган». Айниқса имондошларимизнинг меҳрибон ва ўз вақтидаги кўмаги орқали, У мени: «Қўрқма, Ўзим ёрдамга келаман»,— деб ишонтириб келяпти (Ишаё 41:13).
^ 10- х.б. 1945 йили 22 майда Канада ҳукумати фаолиятимизни қонуний деб тан олди.