Ўқувчиларнинг саволлари
Масиҳийлар кремацияга * рози бўлиши мумкинми?
Муқаддас Китобда, кремация қилишни тақиқлайдиган ҳеч қандай асос йўқ.
Муқаддас Китобда баён этилган воқеаларга биноан, ўлган одамларнинг жасади ёки суяклари куйдирилган эди (Ёшуа 7:25; 2 Сол. 34:4, 5). Ўша одамлар дафн этилишга номуносиб бўлгани учун шундай қилинган деб ўйлашимиз мумкин. Лекин кремация доим ҳам бундай маънони англатмайди.
Буни, шоҳ Шоул ва унинг уч ўғли вафот этганда содир бўлган воқеадан кўришимиз мумкин. Уларнинг тўрталаси ҳам филистлар билан жанг майдонида ҳаётдан кўз юмишган. Шоулнинг ўғилларидан бири Йўнатан, Довуднинг яқин дўсти ва садоқатли тарафдори бўлган. Гиладдаги Ёбошда яшайдиган жасоратли исроилликлар нима юз берганидан хабар топишганида, тўртала жасадни қайтариб келиб, уларни куйдиришган ва суякларини дафн этишган. Кейинчалик, Довуд бу исроилликларни қилган ишлари учун мақтаган (1 Шоҳ. 31:2, 8–13; 2 Шоҳ. 2:4–6).
Муқаддас Ёзувларга асосланган тирилишга бўлган умид, бу Аллоҳ инсонни ҳаётга қайтариши демакдир. Марҳум кремация қилинадими ёки йўқми, бу Яҳованинг инсонни янги танада ҳаётга қайтариш қобилиятини чегаралаб қўя олмайди. Масалан, учта содиқ иброний йигит шоҳ Навухадназарнинг буйруғи бўйича оловли чуқурликда ўлдирилганда ҳам, Худо уларни тирилтира олмайди деб қўрқишнинг ҳожати йўқ эди (Дон. 3:16–18). Шунингдек бу, нацистларнинг концлагерларида ўлимни қарши олган ва кремация қилинган Яҳованинг садоқатли хизматчиларига ҳам тааллуқли. Худонинг айрим содиқ хизматчилари портлаш натижасида ё бошқа сабабларга кўра, изсиз йўқ бўлиб кетишган. Шундай бўлса-да, уларнинг тирилтирилиши шубҳасиздир (Ваҳ. 20:13).
Яҳова кимнидир тирилтириши учун унинг жисмоний танаси бўлиши шарт эмас. Буни, Худонинг мойланган масиҳийларни самодаги ҳаётга тирилтиришидан кўриш мумкин. «Руҳ сифатида тирилган» Исо каби, мойланган масиҳийлар ҳам ўша-ўша шахс бўлиб, лекин руҳий танада тирилтирилади. Жисмоний танасининг ҳеч бир қисми улар билан осмонга кетмайди (1 Бутр. 3:18; 1 Кор. 15:42–53; 1 Юҳан. 3:2).
Тирилишга бўлган умидимиз, инсон танаси куйдирилиши ёки куйдирилмаслиги билан эмас, балки Аллоҳ ваъдаларини бажариши учун қудрати ва хоҳиши борлигига ишонч билан боғлиқ (Ҳавор. 24:15). Албатта, Худо ўтмишда мўъжизавий тарзда тирилтиришни қандай амалга оширганини ва буни келажакда қай йўсин бажаришини тўлиқ билмаймиз. Бироқ Яҳовага қатъий таянамиз. У Исони тирилтириб, бунда «амин бўлишимиз» учун замин яратди (Ҳавор. 17:31; Луқо 24:2, 3).
Масиҳийлар, марҳумларни кўмиш борасида жамият меъёрларини, ҳудудидаги кенг тарқалган фикрни ва давлат қонунларини инобатга олишса яхши бўларди (2 Кор. 6:3, 4). Хуллас, марҳумнинг танаси кремация қилиниш-қилинмаслиги, шахсий ёки оила билан муҳокама қилинадиган масала.
[Изоҳ]
^ 2- х.б. Жасадни юқори температурали махсус печда куйдириш. Одатда бу, крематория деб номланган жойда қилинади.