Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Яҳова Ўзиникиларни билади»

«Яҳова Ўзиникиларни билади»

Кимки Худони севса, Худо уни билади. 1 КОР. 8:3

1. Худонинг айрим хизматчилари ўзларини қандай алдагани ҳақида мисол келтиринг. (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

БИР куни тонгда, олий руҳоний Ҳорун тутатқи куйдирадиган оташкуракни тутганча, Яҳованинг муқаддас чодири кираверишида турган эди. Бошқа томонда эса, Кўрах ва 250 та йўлбошчи ҳам тутатқи тутатиш учун оташкуракларни ушлаб туришганди (Саҳ. 16:16–18). Бир қарашда, уларнинг бари Яҳованинг садоқатли хизматчиларидек эди. Аммо Ҳорундан ташқари, ҳаммаси руҳонийликка даво қилаётган такаббур исёнчилар бўлган (Саҳ. 16:1–11). Улар Аллоҳ топинишини қабул қилади деб ўзларини алдашган. Бундай фикрлаш тарзи, юракларни текширадиган ва уларнинг иккиюзламачилигини кўришга қодир бўлган Яҳовани ҳақоратларди (Ерм. 17:10).

2. Мусо нима деб башорат қилган ва сўзлари қандай амалга ошган?

2 Бундан бир кун аввал Мусо шундай деб башорат қилганди: «Эрталаб Эгамиз Ўзига тегишли бўлган одамини кўрсатади» (Саҳ. 16:5). Чиндан ҳам, «Эгамиз аланга юбориб, тутатқи тутатган [Кўрах ва] 250 та одамни куйдириб юборди». Шу тариқа, Яҳова Ўзининг содиқ топинувчилари ва иккиюзламачилар орасидаги фарқни кўрсатди (Саҳ. 16:35; 26:10). Лекин Яҳова, Ҳоруннинг ҳаётини сақлаб қолиб, ҳақиқий руҳоний ва асл хизматчиси ким эканига ишора қилди (1 Коринфликларга 8:3 ни ўқинг).

3. а) Павлуснинг вақтида жамоатда нималар юз берган? б) Яҳова ўтмишда исёнчиларга нисбатан қандай йўл тутганидан нимани ўргансак бўлади?

 3 Шунга ўхшаш воқеа деярли 1 500 йил ўтгач, Павлуснинг даврида ҳам юз берган. Айрим масиҳийлар сохта таълимотларни ўзлаштирган, лекин жамоат билан бирга йиғилишда ҳам давом этишган. Бир кўринишда, муртадлар жамоатнинг бошқа аъзоларидан фарқ қилишмаган. Аммо улар содиқ масиҳийлар учун хавф туғдиришган. Бу қўй қиёфасидаги бўрилар «айримларнинг имонини барбод қилишган» (2 Тим. 2:16–18). Лекин Яҳова буни шунчаки томоша қилиб турмаган. Павлус ҳам, асрлар олдин Кўрах ва унинг шериклари исён кўтарганда, Худо қандай йўл тутганидан буни билиб олган. Келинг, Муқаддас Китобдаги ушбу қизиқарли воқеаларни ва қандай амалий сабоқлар олишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.

«МЕН ЭГАНГИЗМАН. МЕН ҲЕЧ ҚАЧОН ЎЗГАРМАЙМАН!»

4. Павлус нимада амин бўлган ва буни Тимўтийга қандай тушунтирган?

4 Ҳаворий Павлус, Яҳова сохта топинишдан хабардор эканлигида ва Унга итоаткор бўлганларни аниқ билишида амин эди. У бунга бўлган қатъий ишончини, илоҳий илҳом остида Тимўтийга ёзганда, танлаган сўзларида намоён этган. Муртадлар жамоатдагиларнинг айримларига маънавий зарар етказгани ҳақида айтгач, Павлус қуйидагиларни ёзган: «Ҳар ҳолда, Тангри асос солган пойдевор мустаҳкам турибди ва унда шундай ёзилган: “Яҳова Ўзиникиларни билади” ва “Яҳованинг исмини чақираётган ҳар бир киши адолатсизликдан воз кечсин”» (2 Тим. 2:18, 19).

5, 6. Павлус қўллаган «Тангри асос солган пойдевор» сўзлари нега муҳим ва улар Тимўтийга қандай таъсир қилган бўлиши мумкин?

5 Павлус ушбу оятда қўллаган сўз нима учун муҳим? «Тангри асос солган пойдевор» сўзлари Муқаддас Китобда фақат шу оятда ишлатилган. Баъзан Муқаддас Ёзувларда «пойдевор» сўзи турли нарсаларни ифодалаш учун мажозий маънода келтирилган. Масалан, бу сўз қадимий Исроилнинг пойтахти бўлган том маънодаги Қуддусга нисбатан ишлатилган (Заб. 86:1, 2, Туркия 1998). Шунингдек, Яҳованинг ниятларида муҳим ўринга эга бўлган Исо ҳам пойдевор деб аталган (1 Кор. 3:11; 1 Бутр. 2:6). Павлус «Тангри асос солган пойдевор» деб ёзганда, нимани назарда тутган?

6 Саҳрода 16:5 даги Мусонинг Кўрах ва унинг шериклари ҳақида айтган сўзларини келтиргач, Павлус «Тангри асос солган пойдевор» тўғрисида гапирган. У, Мусонинг даврида бўлган воқеаларни Тимўтийга далда бериш ва исёнкорона қилмишларни Яҳова фош этиб, уларга чек қўйишга қудрати етишини эслатиш учун айтгандир. Асрлар аввал Кўрахнинг даврида бўлганидек, ҳозир ҳам муртадлик Яҳова жамоатга нисбатан Унинг ниятини барбод қилишига йўл қўймайди. Павлус «Тангри асос солган пойдевор» нимани англатиши борасида тафсилотларини тушунтирмаган. Бироқ унинг сўзлари, Тимўтийнинг Яҳовага ишончи мустаҳкам бўлишига ёрдам берган.

7. Нима учун Яҳова солиҳлик ва садоқат ила йўл тутишида амин бўлишимиз мумкин?

7 Яҳованинг юксак меъёрлари ўзгармасдир. Забур 32:11 да шундай дейилган: «Эгамизнинг режалари тоабад собит туради, Унинг ниятлари наслдан-наслга ўтиб боради». Бошқа оятларда эса, Яҳованинг бошқаруви, содиқ севгиси, солиҳлиги ва садоқати абадий деб ёзилган (Чиқ. 15:18; Заб. 105:1; 111:9; 116:2). Малаки 3:6 да: «Мен Эгангизман. Мен ҳеч қачон ўзгармайман!» — дейилган. Шунингдек, Ёқуб 1:17 да ҳам Яҳова «ўзгарувчан кўланка сингари ўзгармайдиган» Тангри эканлиги айтиб ўтилган.

 ЯҲОВАГА ИШОНЧНИ МУСТАҲКАМЛАЙДИГАН ЁЗУВЛАР

8, 9. «Тангри асос солган пойдеворда» ёзилганлардан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

8 Павлус 2 Тимўтийга 2:19 да, худди муҳр босилган нарсадек ёзуви бор пойдевор ҳақида айтиб ўтган. Қадимда, бинони ким қурганини ёки у кимга тегишли эканини кўрсатиш мақсадида унинг пойдеворига ёзувлар ёзиш кенг тарқалган эди. Муқаддас Китоб ёзувчилари ичида Павлус биринчи бўлиб, бундай мисолни қўллаган *. «Тангри асос солган пойдеворда» иккита ёзув бор: «Яҳова Ўзиникиларни билади» ва «Яҳованинг исмини чақираётган ҳар бир киши адолатсизликдан воз кечсин». Бу, Саҳрода 16:5 даги (ўқинг) сўзларни ёдимизга солмоқда.

9 «Тангри асос солган пойдеворда» ёзилганлардан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Худога тегишли бўлганлар учун Яҳованинг қадриятлари ва меъёрларини иккита муҳим ҳақиқат билан ифодаласа бўлади: 1) Яҳова Унга садоқатли бўлганларни севади. 2) У адолатсизликдан нафратланади. Ушбу сабоқлар билан жамоатдаги муртадлик орасида қандай боғлиқлик бор?

10. Павлуснинг вақтида муртадларнинг қилмишлари садоқатли масиҳийларга қандай таъсир қилган?

10 Тимўтий ва бошқа садоқатли масиҳийларни ораларидаги муртадларнинг қилмишлари ташвишлантиргандир. Айрим масиҳийларда, нега бундай одамлар жамоатда қолишларига изн бериляпти деган савол туғилгандир. Садоқатли кишилар ҳатто Яҳова уларнинг вафодорлиги билан муртадларнинг иккиюзлама топиниши ўртасидаги фарқни чиндан ҳам кўряптими, деб ҳайрон бўлишгандир (Ҳавор. 20:29, 30).

Муртадларнинг қилмишлари Тимўтийга таъсир қилмаган (10–12- хатбошиларига қ.)

11, 12. Қандай қилиб Павлуснинг мактуби Тимўтийни мустаҳкамлаган?

11 Шубҳасиз, Павлуснинг мактуби, Тимўтийга садоқатли Ҳорун оқланиб, иккиюзламачи Кўрах ва унинг шериклари фош қилинган, рад этилган ҳамда йўқ қилинганда нималар юз берганини эслатиб, имонини мустаҳкамлаган. Аслини олганда, Павлус ораларида сохта масиҳийлар бўлса-да, Мусонинг давридагидек Яҳова Ўзига чиндан тегишли кишиларни билишини айтмоқчи эди.

12 Яҳова ҳеч қачон ўзгармайди ва У ишончлидир. Аллоҳ адолатсизликдан нафратланади ҳамда тавба қилмаётганларни ўз вақтида ҳукм қилади. «Яҳованинг исмини  чақираётган» кишиларнинг бири сифатида, Тимўтий ҳам сохта масиҳийларнинг ёмон таъсирини рад этиш масъулияти борлигини ёдда тутган *.

ҲАҚ ТОПИНИШИМИЗ ЗОЕ КЕТМАЙДИ

13. Нимада тўла ишонч ҳосил қилишимиз мумкин?

13 Павлуснинг илоҳий илҳом остида ёзилган сўзлари бизни ҳам маънан мустаҳкамлаши мумкин. Авваламбор бу, Яҳова Унга содиқ бўлганларни яхши танишига ишонтиряпти. Яҳова шунчаки қараб туриш билан чекланмаяпти. Аксинча, У Ўзига тегишли бўлганлар билан ниҳоятда қизиқади. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Эгамиз ер юзидаги ҳаммани кузатиб туради, Унга содиқ бўлганларга У куч-қудрат беради» (2 Сол. 16:9). Шундай экан, Яҳова учун «чин юракдан» қилаётганларимиз зое кетмаслигида тўла ишонч ҳосил қилишимиз мумкин (1 Тим. 1:5; 1 Кор. 15:58).

14. Яҳова қандай топинишга кўз юмиб турмайди?

14 Яҳова, иккиюзлама топинишга кўз юмиб турмаслигини билиш ҳам бизни тинчлантиради. Унинг кўзлари «ер юзидаги ҳаммани кузатиб туради» ва юраклари Унга тўла содиқ бўлмаганларни фош этишга қодир. Яширинча гуноҳга қўл уриб, ўзларини итоаткор қилиб кўрсатаётганлар ҳақида Ҳикматлар 3:32 да: «Эгамизга ёвузлар жирканчдир»,— деб айтилган. Маккор кишилар бошқаларни моҳирлик билан алдаётган бўлса-да, Яҳованинг куч-қудрати ва адолати «ўз гуноҳларини яширган ютуққа эришмаслигининг» кафолатидир (Ҳик. 28:13; 1 Тимўтийга 5:24; Ибронийларга 4:13 ни ўқинг).

15. Нимадан қочишимиз керак ва нега?

15 Яҳова халқининг аксарияти садоқатли кишилардир. Жамоатда, кимдир била туриб топинишда иккиюзламачилик қилиши кам учрайдиган ҳолат. Бироқ агар бу, Мусо даврида ва илк масиҳийлар жамоатида юз берган бўлса, демак бугунги кунда ҳам содир бўлиши ҳеч гап эмас (2 Тим. 3:1, 5). Шундай экан, имондошларимиздан шубҳаланиб, уларнинг Яҳовага садоқати чинакамлигини текширишимиз керакми? Албатта йўқ! Биродару опа-сингилларимиздан асоссиз шубҳаланишимиз нотўғри бўларди (Римликларга 14:10–12; 1 Коринфликларга 13:7 ни ўқинг). Устига-устак, жамоатдагиларнинг покдиллигига ишонмаслик мойиллигига берилиш, маънавий соғлигимизга зарар етказади.

16. а) Иккиюзламачиликни қалбимиздан томири билан юлиб ташлаш учун ҳар бирмиз нима қилсак бўлади? б) « Ўзингизни синаб,.. текшириб туринглар» номли рамкадан қандай сабоқлар олишимиз мумкин?

16 Ҳар бир масиҳий «шахсий ишини кўрсатиши» лозим (Галат. 6:4). Ҳаммамиз гуноҳкор бўлганимиз учун, ўзимиз билмаган ҳолда нотўғри ниятлар ила топина бошлашимиз мумкин (Иброн. 3:12, 13). Шу сабабли, вақти-вақти билан Яҳовага қайси ниятда топинаётганимизни текшириб туришимиз керак. Ўзимиздан шундай сўрасак бўлади: «Яҳовага Уни севганим ва Унинг ҳукмронлигини тан олганим учун хизмат қиляпманми? Ё бўлмаса, жаннатда яхши ҳаёт кечиришга кўпроқ умид қилганим учун топиняпманми?» (Ваҳ. 4:11). Албатта, ўзимизни текшириб ва қалбимиздан ҳар қандай иккиюзламачиликни томири билан юлиб ташласак кўп фойда оламиз.

САДОҚАТ БАХТГА ЕТАКЛАЙДИ

17, 18. Нега топинишимизда ростгўй ва самимий бўлишга интилишимиз керак?

17 Агар топинишимизда ростгўй ва самимий бўлишга интилсак, қут-баракалар топамиз.  Сано бастакори шундай деган: «Эгамиз кимнинг айбини ёзмаган бўлса, ўша инсон бахтлидир, руҳида ҳийла бўлмаганлар бахтлидир» (Заб. 31:2). Ҳа, иккиюзламачиликни қалбидан юлиб ташлаганлар ҳозир ва келажакда чинакам бахтга эришади.

18 Яқинда, Яҳова ёвузлик қилаётганларни ёки икки хил ҳаёт кечираётганларни юзага чиқаради. Зеро Унинг Ўзи қуйидагича айтган: «Солиҳу фосиқнинг фарқини яна кўрасиз. Ҳа, Менга хизмат қиладигану Менга хизмат қилмайдиганнинг ҳолини биласиз» (Мал. 3:18). Ҳозир эса, «Яҳованинг кўзлари одил кишиларни кўриб, қулоғи уларнинг илтижосини эшитишини» билиш бизга аминлик бахш этмоқда (1 Бутр. 3:12).

^ 8- х.б. Павлус Тимўтийга мактуб йўллаганидан ўн йиллар ўтгач, Ваҳий 21:14 да «пойдеворида ўн икки тошда» 12 та ҳаворийнинг исми ёзилгани ҳақида айтилган.

^ 12- х.б. Келаси мақолада, Яҳованинг адолатсизликни рад этишига қандай тақлид қилишимиз мумкинлиги муҳокама қилинади.