Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Ризқ-рўзни вақтида» оляпсизми?

«Ризқ-рўзни вақтида» оляпсизми?

БИЗ, инсоният тарихидаги энг мушкул даврда яшаяпмиз (2 Тим. 3:1–5). Тангри Яҳовага бўлган севгимиз ва Унинг адолатли меъёрларига мувофиқ яшаш қароримиз ҳар куни синалмоқда. Исо Масиҳ бу оғир вақтлар ҳақида огоҳлантириб, издошларини охиригача чидаб бериши учун керакли далда олишади, деб ишонтирган (Мат. 24:3, 13; 28:20). У «ризқ-рўзни вақтида» тақдим этиш ниятида ишончли хизматкорни тайинлаб, уларнинг имонини мустаҳкамлади (Мат. 24:45, 46).

Ишончли хизматкор 1919 йилда тайинланганидан буён, барча тиллардан бўлган миллионлаб «уйдагилар» Худонинг ташкилотида бирлашиб, маънан озиқланиб келмоқда (Мат. 24:14; Ваҳ. 22:17). Бироқ Муқаддас Китобга асосланган адабиётлар барча тилларда мавжуд эмас ва ҳамма ҳам адабиётларимизни электрон шаклда олишга имкони йўқ. Масалан, кўплар фақатгина jw.org сайтида жойлашган видеоларни томоша қилолмайди ва мақолаларни ўқий олмайди. Хўш, баъзиларни барча керакли ризқ-рўзни олмаётгани учун маънан соғлом эмас деб айтса бўладими? Тўғри хулосага келиш учун, келинг, тўртта муҳим саволни кўриб чиқайлик.

 1 Яҳова тақдим этаётган озуқанинг асосий масаллиғи қанақа?

Шайтон Исони тошларни нонга айлантирсин деб синаганида, у шундай жавоб берган: «Одам фақат нон билан эмас, балки Яҳованинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз билан яшайди» (Мат. 4:3, 4). Яҳованинг сўзлари Муқаддас Китобда ёзилган (2 Бутр. 1:20, 21). Демак, маънавий таомимизнинг асосий масаллиғи — Муқаддас Китобдир (2 Тим. 3:16, 17).

Яҳованинг ташкилоти «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»ни етказиб бермоқда. У тўлиқ ёки қисман 120 дан зиёд тилларга таржима қилинган ва бу сон йилдан-йилга ўсмоқда. Бу таржимадан ташқари, Муқаддас Китоб бошқа таржималарининг миллиардлаб нусхалари тўлиқ ёки қисман минглаб тилларда мавжуд. Бу ажойиб ютуқлар, Яҳованинг «ҳар турли одамлар ҳақиқат тўғрисида аниқ билимга эга бўлиб, нажот топишларини истайди» деган иродасига мувофиқдир (1 Тим. 2:3, 4). «Ҳеч бир мавжудот Аллоҳдан яширина олмас» экан, У «маънавий нарсаларга чанқоқ бўлганларни» ташкилотига жалб қилиб, уларни маънавий озуқа билан таъминлашидан шубҳаланмасак бўлади (Иброн. 4:13; Мат. 5:3, 6; Юҳан. 6:44; 10:14).

2 Маънавий ризқ-рўз етказилишида адабиётларимиз қандай аҳамиятга эга?

Инсон имонини мустаҳкамлаши учун Муқаддас Китобни ўқиши етарли эмас. У ўқиганларини тушуниб, билганларига риоя қилиши керак (Ёқб. 1:22–25). Биринчи асрда ҳабашистонлик амалдор билан юз берган воқеа бунинг тасдиғидир. У Худонинг Каломини ўқиб кетаётганида, Инжил воизи Филип ундан: «Ўқиётганларингизни тушуняпсизми?» — дея сўраган. У: «Агар биров ўргатмаса, қандай тушуна оламан?» — деб жавоб берган (Ҳавор. 8:26–31). Кейин Филип ўша кишига ўқиганларини тушунишига ёрдамлашган. Натижада, амалдор олган билимлари таъсири остида сувга чўмган (Ҳавор. 8:32–38). Шу сингари, Муқаддас Китобга асосланган адабиётларимиз ҳақиқат борасида аниқ билимга эга бўлишга кўмаклашади. Улар ҳис-туйғуларимизга таъсир қилиб, ўқиганларимизга амал қилишга ундайди (Колос. 1:9, 10).

Адабиётларимиз орқали Яҳованинг хизматчилари рамзий маънода еб-ичиши учун мўл-кўл даражада озуқа олади (Ишаё 65:13). Мисол учун, «Қўриқчи минораси» журнали 210 дан ошиқ тилларда мавжуд бўлиб, Муқаддас Китобдаги башоратларни тушунтиради ва чуқур ҳақиқатларни англашимизга кўмаклашади ҳамда Аллоҳнинг меъёрлари бўйича яшашга чорлайди. «Уйғонинг!» журнали эса, деярли 100 тилда чоп этилиб, Яҳованинг ижодлари борасидаги билимларимизни кенгайтиради ва Муқаддас Китобдаги амалий маслаҳатларга қай йўсин амал қила олишимизни кўрсатади (Ҳик. 3:21–23; Рим. 1:20). Ишончли хизматкор, Муқаддас Ёзувларга асосланган адабиётларни 680 дан кўпроқ тилларда тақдим этади. Сиз ҳам Муқаддас Китобни ҳар куни ўқиш учун вақт ажратяпсизми? Сизнинг тилингизда мавжуд бўлган ҳар бир янги журнал ва барча адабиётларни ўқияпсизми?

Яҳованинг ташкилоти шунингдек, Муқаддас Китобга асосланган нутқ режаларини ҳам тайёрлайди ва улар асосида йиғилишу анжуманларда нутқлар сўзланади. Сиз ҳам, ушбу тадбирларда тақдим этилаётган нутқ, драма, намойиш ва интервьюлардан завқ оляпсизми? Ҳа, Яҳова биз учун маънавий зиёфат уюштиряпти! (Ишаё 25:6).

 3 Барча адабиётлар она тилингизда бўлмаса, бу маънавий жиҳатдан тўлиқ озиқланмаётганингизни англатадими?

Йўқ! Айрим масиҳийлар биздан кўра кўпроқ маънавий озуқага эга бўлса, ажабланмаслигимиз керак. Нима учун? Ҳаворийларнинг мисолини олайлик. Улар, биринчи асрдаги аксарият шогирдларга қараганда, кўпроқ йўл-йўриққа эга бўлишган (Марк 4:10; 9:35–37). Шундай тақдирда ҳам, бошқа шогирдлар керакли маънавий ризқ-рўзни олишган (Эфес. 4:20–24; 1 Бутр. 1:8).

Исо ер юзидаги хизмати давомида айтган сўзлари ва қилган ишларининг кўпи Муқаддас Китобда ёзилмаган. Ҳаворий Юҳанно шуларни қаламга олган: «Очиғини айтганда, Исонинг қилган ишлари жуда кўп. Агар улар ҳақда батафсил ёзилса эди, ўйлайманки, ёзилган ўроғлиқ битиклар дунёга сиғмай кетарди» (Юҳан. 21:25). Бизга қараганда, Исонинг биринчи асрдаги издошлари у ҳақда кўпроқ маълумотга эга эдилар. Лекин бу, бизни ранжитмайди. Яҳова бизни шунга ишонтиряптики, Исонинг изидан юришимиз учун у тўғрисида етарлича билимга эгамиз (1 Бутр. 2:21).

Қолаверса, ҳаворийлар биринчи асрда жамоатларга ёллаган мактублар борасида ўйлаб кўрайлик. Павлус юборган мактубларининг бари Муқаддас Китобга киритилмаган (Колос. 4:16). Ўша мактублар бўлмагани, маънавий озуқамиз етарли эмас деганими? Йўқ. Зеро Яҳова, бизга нима кераклигини билади ва маънан соғлом бўлишимиз учун барча нарсани тақдим этмоқда (Мат. 6:8).

Яҳова эҳтиёжларимизни билиб, маънан тетик бўлишимиз учун етарлича озуқа билан таъминламоқда

Бугунги кунда, Яҳованинг айрим хизматчилари, бошқаларидан кўра кўпроқ маънавий озуқага эга. Сиз-чи, фақатгина бир нечта адабиёт таржима қилинган тилда гапирасизми? Ишонаверинг, Яҳованинг Ўзи сизга ғамхўрлик қилади. Сизда бор адабиётни тадқиқ қилинг ва иложи борича, сиз тушунадиган тилдаги жамоат учрашувларига боринг. Бундан ташқари, Яҳова сизни маънан мустаҳкам бўлишингизга ҳисса қўшаётганига амин бўлинг (Заб. 1:2; Иброн. 10:24, 25).

4 Агар jw.org сайтидаги маълумотга эга бўлиш имконингиз бўлмаса, имонингиз сустлашадими?

Веб-сайтимизда журналлар ва бошқа адабиётларимизни ўқишимиз мумкин. Шунингдек, сайтда эр-хотин, ўсмир ва болажонларга фойдали маълумотлар мавжуд. Оилалар бу маълумотни оилавий топинишларида муҳокама қилиб фойда кўришади. Бунинг устига, сайтда махсус дастурлар, жумладан Гилад мактабининг битируви ҳамда йилги мажлис ҳисоботи ва табиий офатларда кўрсатилган ғамхўрлик, Яҳованинг халқига таъсир қилган юридик ишлар борасидаги янгиликлар бор (1 Бутр. 5:8, 9). Қолаверса, ваъзгўйлик ишимиз учун жудаям фойдали усуллар ҳақида ёзилади ва бу туфайли ҳатто фаолиятимиз чекланган ёки тақиқланган ҳудудларга ҳам хушхабар етиб боради.

Аммо веб-сайтимизга кириш имкони борми ёки йўқми, имонингиз мустаҳкам бўлиши мумкин. Ишончли хизматкор, уйдагиларни тўйимли маънавий озуқа билан таъминлаш учун босма адабиётларни етарлича етказиб бермоқда. Шундай экан, веб-сайтимизга кириш имкони бўлиши учунгина, бирон электрон восита сотиб олишим зарур деб ҳисобламаслигимиз керак. Баъзилар сайтимиздаги муайян маълумотни, Интернетга кириш имкони бўлмаганлар учун чоп этиб бериши мумкин. Бироқ жамоатлардан бундай йўл тутиш талаб этилмайди.

Исо Масиҳ, маънавий эҳтиёжларимизга ғамхўрлик қилиш ваъдасида турганидан ниҳоятда миннатдормиз. Ушбу оғир замонанинг охири яқин экан, Яҳова маънавий «ризқ-рўзни вақтида» тақдим этишига ишонч ҳосил қилсак бўлади.