Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Қаерда бўлсангиз ҳам, Яҳованинг овозига қулоқ солинг

Қаерда бўлсангиз ҳам, Яҳованинг овозига қулоқ солинг

Ўнгга ёки чапга бурилганингизда, шундай овозни эшитасизлар: «Мана йўл». ИШАЁ 30:21

1, 2. Яҳова Ўз хизматчилари билан қай йўсин мулоқот қилади?

ТАНГРИ ЯҲОВА тарих давомида халқига йўл-йўриқлар бериб келган. У фаришталар, ваҳий ва тушлар орқали келажакдаги ниятларини ошкор қилиб, муайян вазифалар топширган (Саҳ. 7:89; Ҳиз. 1:1; Дон. 2:19). Баъзида эса У инсонлардан Ўзига вакил танлаб, йўл-йўриқларини етказган. Яҳованинг халқига Унинг каломи қандай етказилмасин, илоҳий йўл-йўриқларга амал қилган барча барака топган.

2 Бугунги кунда Яҳова халқига Каломи, руҳи ва имонлилар жамоати орқали йўл-йўриқлар бермоқда (Ҳавор. 9:31; 15:28; 2 Тим. 3:16, 17). Улар шунчалик аниқки, худди Аллоҳнинг Ўзи бизга: «Мана йўл, шу йўлдан юринглар»,— дегандай бўлади (Ишаё 30:21). Исо ҳам «ишончли ва ақлли хизматкор» орқали жамоатларга йўл-йўриқ бериб, Яҳованинг овозини бизга етказиб бермоқда (Мат. 24:45). Биз эса бундай йўл-йўриқларга жиддий ёндашишимиз лозим. Чунки абадий яшашимиз итоаткорлигимизга боғлиқ (Иброн. 5:9).

3. Яҳованинг йўл-йўриқларига қулоқ солишга нима халақит бериб туради? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

3 Шайтон, Яҳованинг йўл-йўриқлари ҳаётимизни сақлаб қолишини яхши билиб, уларга қулоқ солмаслигимиз учун бизни чалғитмоқчи бўлади. Боз устига, айёр юрак тўсиқ сингари Яҳованинг йўл-йўриқларига амал қилишга халақит бериб туради (Ерм. 17:9). Шундай экан, келинг, қандай қилиб Худонинг  овозини эшитишга халақит берадиган тўсиқни ошиб ўтиш мумкинлигини кўриб чиқайлик. Шунингдек, вазиятимиз турлича бўлишига қарамай, Аллоҳ билан яқиндан мулоқот қилиш қай йўсин дўстона муносабатларимизни сақлаб қолишини билиб олайлик.

ШАЙТОННИНГ ТУЗОҚЛАРИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ

4. Шайтон қай йўсин одамларнинг онгига таъсир ўтказмоқда?

4 Шайтон сохта маълумот ва ёлғонни тарғиб қилиш билан одамларнинг онгига таъсир ўтказишга интилади (1 Юҳанно 5:19 ни ўқинг). Бутун дунё газета, журнал, радио ва телевидение ҳамда Интернет орқали етказилаётган маълумот билан тўлиб-тошган. Тўғри, бундай манбалардан қизиқарли нарсаларни билиб олармиз, аммо аксарият ҳолларда улар Яҳованинг меъёрларига зид хулқ-атвор ва меъёрларни оқлашади (Ерм. 2:13). Масалан, янгиликлар ва ўйин-кулгилар орқали бир жинсга мансуб кишилар турмуш қуришининг ҳеч ёмон жойи йўқ, деб айтишлари мумкин. Бунинг дастидан кўпчилик, Муқаддас Китобда гомосексуализм борасида ёзилганларни ҳаддан ташқари қаттиққўллик деб ҳисоблашади (1 Кор. 6:9, 10).

5. Шайтоннинг тарғиботига тўлиб-тошган дунёда чўкиб кетмаслик учун нима қилса бўлади?

5 Худонинг адолатли меъёрларини севувчи инсонлар, Шайтоннинг заҳарли тарғиботига тўлиб-тошган дунёда чўкиб кетмаслиги учун нима қилишса бўлади? Қандай қилиб улар ёмонни яхшидан ажрата олишлари мумкин? Худонинг Каломи бўйича яшаган инсон бунга эриша олади (Заб. 118:9). Муқаддас Китобдаги йўл-йўриқлар бизга ҳақиқатни ёлғондан ажратишга ёрдам беради (Ҳик. 23:23). Исо Муқаддас Ёзувлардан оятлар келтирганида: «Одам... Яҳованинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз билан яшайди»,— деб айтган эди (Мат. 4:4). Шундай экан, илоҳий меъёрларни ҳаётда қандай қўллашни ўрганишимиз керак. Масалан, Яҳованинг зино тўғрисидаги қонуни ҳали чиқмасидан олдин, ёш Юсуф бундай хулқ-атвор Аллоҳнинг назарида гуноҳ эканини яхши тушунган. Пўтифарнинг хотини қанча васвасага солмасин, Юсуф Худога қарши гуноҳ қилишни ҳатто ҳаёлига ҳам келтирмаган (Ибтидо 39:7–9 ни ўқинг). Бу аёл узоқ вақт давомида таъқиб қилган бўлса-да, Юсуф унинг овозига эмас, Худонинг овозига қулоқ солишни афзал деб билган. Яхшини ёмондан ажратиш учун Яҳованинг овозига қулоқ солиб, тўхтовсиз янграётган Шайтоннинг тарғиботига қулоғимизни беркитиш муҳимдир.

6, 7. Ёвуз Шайтоннинг маслаҳатларидан эҳтиёт бўлиш учун нима қилсак бўлади?

6 Дунёда бир-бирига зид диний таълимотлар шунчалик кўпайиб кетганки, инсонлар ҳақ динни топиш имконсиз деган хулосага келишади. Лекин Яҳова Унга талпинаётган инсонлар учун ҳақиқатни очиб беришга тайёр. Биз эса, кимга қулоқ солишни танлашимиз лозим. Бир вақтнинг ўзида иккита овозни эшитишнинг имкони йўқ экан, биз Исонинг овозини таниб, унга қулоқ  солишимиз даркор. Зеро Яҳова Исони Ўзининг қўйлари устидан тайинлаб қўйган (Юҳанно 10:3–5 ни ўқинг).

7 Исо Масиҳ: «Эшитаётган нарсаларингизга диққат қилинглар»,— деб айтган (Марк 4:24). Яҳованинг маслаҳатлари аниқ ва тўғри. Аммо уларга диққатли бўлиб, қулоқ солиш учун, авваламбор юрагимизни тайёрлашимиз даркор. Агар эҳтиёт бўлмасак, меҳрибон Худойимизнинг маслаҳатларига амал қилишнинг ўрнига, ёвуз Шайтоннинг гапига кириб қолишимиз мумкин. Дунёвий мусиқа, видео, теледастур, китоб, ҳамкасб, устоз ёки қўштирноқ ичидаги мутахассислар ҳаётингизни бошқаришига ҳеч қачон йўл қўйманг (Колос. 2:8).

8. а) Қандай қилиб юрагимиз Шайтоннинг тузоқларига тушишимизга сабабчи бўлиши мумкин? б) Юрагимиздаги ўзгаришларга бепарво бўлсак, оқибати қандай бўлади?

8 Шайтон гуноҳли истакларимизни яхши билиб, васвасага солиш билан тузоққа туширмоқчи бўлади. Иблис, бу каби заиф томонларимизни нишонга олганида, Худога бўлган садоқатимизни сақлаб қолиш қийин кечиши мумкин (Юҳан. 8:44–47). Хўш, бу қийинчиликни қандай қилиб муваффақият билан енгсак бўлади? Дейлик, киши бир лаҳзалик тана истакларига берилиб, бунинг охири ёмонлик билан тугашини ҳатто хаёлига ҳам келтирмаяпти (Рим. 7:15). Бундай вазият юзага келишига нима сабабчи бўлади? Эҳтимол, у секин-аста Яҳованинг овозига эътиборсиз бўлиб, юрагида содир бўлаётган ўзгаришларни ёки пайқамаган ёки парво қилишни истамагандир. Масалан, у ибодат қилмай қўйган, хизматда сусайиб қолган ёки учрашувларни қолдирган бўлиши мумкин. Балки у, тана хоҳишига шунчалик берилиб кетганки, била туриб ёмонликка қўл уради. Агар биз юракдаги ўзгаришларга диққатли бўлиб, имилламай чора кўришга ҳаракат қилсак, бундай аянчли вазиятга тушмаймиз. Шунингдек, Яҳованинг овозига қулоқ солсак, муртадлик ғоясининг қурбонига айланмаймиз (Ҳик. 11:9).

9. Нима учун гуноҳли мойилликни эрта босқичда аниқлаш жуда муҳим?

9 Агар касаллик эрта босқичда аниқланса, инсон ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. Шу сингари, биз ҳам васвасага етакловчи мойилликни олдиндан аниқласак, ҳалокатдан омон қоламиз. Мойилликни аниқлашимиз биланоқ, Шайтоннинг «иродасини бажариш учун тириклайин тутилиш»дан олдин имилламай чора кўриш жуда оқилонадир (2 Тим. 2:26). Мабодо фикрлаш тарзимиз ва истакларимиз Яҳованинг меъёрларидан фарқ қилаётганини пайқасак-чи? Унда, кечиктирмасдан Худога қайтиб, Ундан йўл-йўриқ излашимиз ва шунга мувофиқ йўл тутишимиз лозим (Ишаё 44:22).  Афсуски хатоларимиз дастидан ҳатто Яҳовага қайтгандан кейин ҳам азоб чекиб юришимиз мумкин. Ундан кўра, бу каби жиддий хатоларнинг олдини олишга зудлик билан ҳаракат қилиш яхшироқ эмасми?!

Ўзингизни Шайтоннинг тузоқларидан қандай ҳимоя қила оласиз? (4–9- хатбошиларига қ.)

МАҒРУРЛИК ВА ОЧКЎЗЛИКНИ ЕНГИШ

10, 11. а) Мағрур киши қанақа бўлади? б) Кўрах, Датан ва Абурамнинг мисолидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

10 Юрагимиз бизни йўлдан адаштириши ҳеч гап эмас. Гуноҳли мойиллик таъсири жуда кучлидир! Мағрурлик ва очкўзликни олайлик. Хўш, қандай қилиб бу иккала нуқсон Яҳованинг овозини тинглашга халақит бериб, бизни ҳалокатли йўлга етаклаши мумкин? Мағрур инсон ўзи ҳақида жуда юқори фикрда бўлади. У ўзини кўнгли тусаган ишни қилишга ҳақли ва ҳеч ким унга гап уқтира олмайди, деб ҳисоблайди. У ҳеч кимнинг, на имондошларининг, на оқсоқолларнинг маслаҳатларига ва на Худонинг ташкилоти бераётган йўл-йўриқларга муҳтожликни ҳис қилмайди. Бундай киши Яҳованинг овозини эшитади-ю, лекин тингламайди.

11 Исроил халқи саҳрода юрган пайтда, Кўрах, Датан ва Абурам Мусо билан Ҳоруннинг бошчилигига қарши чиқди. Улар мағрурланиб, Яҳовага мустақил равишда топинмоқчи бўлишди. Яҳова бунга қандай жавоб қайтарди? У барча исёнчиларни йўқ қилди (Саҳ. 26:8–10). Ушбу тарихий воқеа ҳаммамиз учун сабоқдир! Яҳовага қарши исён кўтариш, ўлимга олиб келади. Шундай экан, «мағрурликнинг ортидан ҳалокат келишини» унутмайлик (Ҳик. 16:18; Ишаё 13:11).

12, 13. а) Қайси мисол очкўзлик кулфатга олиб келишини кўрсатяпти? б) Очкўзликни жиловламаса, қандай қилиб у тезда ўсиши мумкинлигини тушунтириб беринг.

12 Энди, очкўзликни кўриб чиқайлик. Бундай киши ўзига кўп эрк беради ва Худога маъқул хулқ-атворни писанд қилмайди. Сурия лашкарбошиси Нўмон, мохов касаллигидан фориғ бўлгач, пайғамбар Элишайга совғалар туҳфа қилмоқчи бўлди. Пайғамбар эса уларни қабул қилишни истамади. Лекин Элишайнинг хизматкори Гахази совғаларни ўзига олмоқчи бўлди. Унинг кўнглидан: «Худо ҳақи! Ортидан югуриб бориб, ундан [Нўмондан] бирор нарса ундирай»,— деган фикр ўтди. Элишайга билдирмасдан, Гахази Нўмоннинг орқасидан чопди-да, ёлғон гапириб ундан «икки пуд кумуш ва икки сидра кийим-бош» ундириб олди. Бундай қилғиликни қилиб, Яҳованинг пайғамбарига ёлғон гапиргани учун Гахази билан нима содир бўлди? Очкўз Гахази мохов касаллигига йўлиқди! (4 Шоҳ. 5:20–27).

13 Очкўзлик аста-секин ривожланади, лекин уни жиловламаса, у тез суратда ўсиб, оқибатда инсонни енгади. Муқаддас Китобдаги Охун мисолидан очкўзликнинг таъсирини кўрса бўлади. Охунда очкўзлик қанчалик тез илдиз отганига эътибор беринг. У шундай деган: «Ўша куни ўлжа орасида Шинардан келтирилган чиройли тўнни, 500 мисқол кумуш ва оғирлиги 125 мисқол келадиган бир бўлак тиллани кўриб қолдим. Кўнглим тусаб, уларни олдим». Ёмон ниятидан қайтишнинг ўрнига, Охун очкўзлик қилиб уларни ўғирлади ва чодирида яшириб қўйди. Бу иши ҳаммага аён бўлгач, Ёшуа унинг бошига Яҳова кулфат келтиришини айтди. Ўша куниёқ Охун ва унинг оиласи тошбўрон қилиб ўлдирилди (Ёшуа 7:11, 21, 24, 25). Очкўзликка мубтало бўлиш хавфи ҳали-ҳануз бор. Шундай экан, келинг, ўзимизни «ҳар турли тамагирликдан сақлайлик» (Луқо 12:15). Мабодо баъзида хаёлимиздан зарарли фикр ёки ахлоқсиз тасвирлар ўтаётган бўлса, уларни жиловлаб, назорат қилайлик ва бундай истакларимиз бизни гуноҳга етаклашига йўл қўймайлик (Ёқуб 1:14, 15 ни ўқинг).

14. Юрагимизда мағрурлик ва очкўзлик пайдо бўлаётганини сезсак, нима қилишимиз даркор?

14 Мағрурлик ҳам, очкўзлик ҳам ҳалокатга  олиб келади. Ёмон йўлга қадам қўйишнинг оқибатлари ҳақида мулоҳаза юритиш, Яҳованинг овозига қулоқ солмаслик хавфидан асрайди (Қонун. 32:29). Муқаддас Китобда ҳақ Худо, нафақат тўғри йўлдан юриш қандай баракалар келтиришини, балки ёмон йўлга қадам қўйишнинг оқибатларини ҳам айтиб ўтган. Мабодо юрагимиз мағрурлик ва очкўзликдан бирон ишга ундаётган бўлса, бунинг оқибатлари тўғрисида ўйлаш оқилона бўлмасмиди?! Шу сабабли, нотўғри хатти-ҳаракатимиз бизга, яқинларимизга ва айниқса Яҳова билан муносабатларимизга қандай таъсир қилишини унутмаслигимиз керак.

ЯҲОВА БИЛАН ДЎСТ БЎЛИБ ҚОЛАВЕРИНГ

15. Исонинг мисолидан нимани ўргансак бўлади?

15 Яҳова бизга доимо яхшилик тилайди (Заб. 1:1–3). У бизга керакли йўл-йўриқни вақтида бериб туради (Ибронийларга 4:16 ни ўқинг). Гарчи Исо мукаммал бўлса-да, Яҳова билан мулоқот қилишга доим эҳтиёж сезган ва тинмай ибодат қилган. Яҳова мўъжизавий тарзда Исони қўллаб-қувватлаб, йўналтириб турган. Масалан, фаришталарни унга хизмат қилиши учун юборган, илоҳий руҳи орқали мадад берган ҳамда 12 та ҳаворийни танлаганда йўналтириб турган. Яҳова Исони қўллаб-қувватлаб, ундан мамнун эканини кўрсатиб осмондан гапирган (Мат. 3:17; 17:5; Марк 1:12, 13; Луқо 6:12, 13; Юҳан. 12:28). Исо сингари биз ҳам кўнглимизни Худога тўкиб солишга муҳтожмиз (Заб. 61:8, 9; Иброн. 5:7). Ибодатлар, Яҳова билан яқин муносабатларни сақлашга ва Унга шараф келтирадиган ҳаёт йўлида мустаҳкам туришимизга ёрдам беради.

16. Қандай қилиб Яҳова Унинг овозига қулоқ солишимизга ёрдам беряпти?

16 Гарчи Яҳова барчага бажонидил маслаҳат берса ҳам, лекин ҳеч кимни унга амал қилишга мажбурламайди. Агар муқаддас руҳ сўрасак, У сахийлик ила беришга тайёр (Луқо 11:10–13 ни ўқинг). Лекин шу ўринда, «қандай тинглаётганингизга диққат қилишни» унутмаслигимиз муҳимдир (Луқо 8:18). Масалан, Яҳовадан ахлоқсизликка қарши курашишга куч сўраб туриб, порнографияни ёки беҳаё фильмларни томоша қилиш, иккиюзламачилик бўларди. Бунинг учун Яҳованинг муқаддас руҳи ҳукм сурадиган жойда, яъни жамоат учрашувларида бўлишимиз даркор. Яҳованинг аксарият хизматчилари учрашувларда Унинг овозини тинглаб, ушбу ҳалокатни четлаб ўтмоқда. Натижада, улар юракларида пайдо бўлаётган зарарли истакларни аниқлаб, ёмон фикрларни тузатишга муваффақ бўлишади (Заб. 72:12–17; 142:10).

ЯҲОВАНИНГ ОВОЗИГА ҚУЛОҚ СОЛАЁТГАНИНГИЗГА ДИҚҚАТЛИ БЎЛИНГ

17. Нега ўзимизга таяниш хавфли?

17 Келинг, Исроил шоҳи Довуднинг мисолини кўриб чиқайлик. Ёш йигит бўла туриб, у баҳайбат Гўлиёт устидан ғалаба қозонган. Довуд кейинчалик аскар, шоҳ, ҳимоячи бўлиб, халқ учун тўғри қарорлар чиқарган. Бироқ у ўзига таянганида, қалби уни алдаган ва Ботшева билан жиддий гуноҳ қилган. Қолаверса, унинг эри Уриёни ўлдиришни ҳам буюрган. Танбеҳ олгач, Довуд камтаринлик ила гуноҳини тан олган ва Яҳова билан бўлган муносабатини тиклаган (Заб. 50:6, 8, 12, 13).

18. Яҳованинг овозини диққат ила тинглашга нима ёрдам беради?

18 Келинг, 1 Коринфликларга 10:12 даги маслаҳатга қулоқ солиб, ўзимизга ортиқ даражада ишонмайлик. Ўз қадамимизни бошқара олмаймиз экан, охир-оқибат Яҳованинг ёки Душманнинг овозига қулоқ солган бўламиз (Ерм. 10:23). Мунтазам ибодат қилиб, муқаддас руҳ бошқарувига бўйсунайлик ва доим Яҳованинг овозини диққат билан тинглайлик.