Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

 ТАШКИЛОТИМИЗ АРХИВИДАН

«Эврика драмаси» туфайли кўплар ҳақиқатни топган

«Эврика драмаси» туфайли кўплар ҳақиқатни топган

«ЭВРИКА!» Бу сўз: «Мен уни топдим!» — деган маънони англатади. 19- асрда Калифорнияда (АҚШ) «олтин талвасаси» ҳукм сурган. Ўшанда кончи олтин топса шу сўзни ҳайқирган. Лекин Чарлз Тейз Расселл ва Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари бундан-да қимматбаҳо нарсани, яъни Муқаддас Китоб ҳақиқатини топишган. Улар қувонч ила бу билимларни бошқалар билан бўлишишган.

1914 йили ёзда, Шимолий Америка ва Европанинг катта шаҳарларида миллионлаб кишилар, Халқаро Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари Ташкилоти томонидан тайёрланган саккиз соатли «Яратилиш фотодрамаси»ни томоша қилишди. Қойилмақом кино лавҳалар, ёрқин рангли слайдлар, ажойиб ҳикоя ва ёқимли мумтоз мусиқа ёрдамида Муқаддас Китобда баён этилган инсоният яратилишидан то Масиҳнинг Минг йиллик бошқарувигача бўлган давр намойиш этилган (Ваҳ. 20:4) *.

Аммо кичик шаҳар ва олис ҳудудларда яшайдиганлар-чи? Ҳақиқатга чанқоқ бўлганларнинг ҳеч бири четлаб ўтилмади. Чунки 1914 йили августда Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари «Яратилиш фотодрамаси»нинг қўлда кўтариб юриш мумкин бўлган, кино лавҳаларсиз вариантини, яъни «Эврика драмаси»ни ишлаб чиқаришди. Унинг учта тури бўлиб, улар бир нечта тилда мавжуд эди. «Эврика драмаси, X тури» нутқ ва мусиқани ўз ичига олган. «Эврика драмаси, Y тури»да эса юқорида санаб ўтилганларга чиройли шиша слайдлар ҳам қўшилган. «Эврика драмаси, оила учун» уйда кўришга мўлжалланган бўлиб, сараланган нутқ ва мусиқадан иборат эди. Арзон фонограф ва проекторларни ҳам сотиб олиш мумкин эди.

Рангли слайдларни намойиш этишда қўлланилган проектор

Кино проектор ва катта экранларсиз ҳам, Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари қишлоқларда бепул томошалар уюштириб, олис ҳудудларга Шоҳлик хабарини етказишлари мумкин эди. «Эврика драмаси, X тури»ни кечаю кундуз эшиттирса бўларди. «Эврика драмаси, Y тури»ни шиша слайдлар орқали намойиш этадиган проектор ёрдамида, ҳатто электр қуввати бўлмаганда ҳам, қаттиқ ёқилғини қўллаб кўрсатса бўларди. Фин тилидаги «Қўриқчи минораси»да: «Биз ушбу расмларни турли жойларда намойиш этишимиз мумкин»,— деб ёзилган эди. Бу чиндан ҳам шундай бўлган.

Катта театрларни ижарага олишнинг ўрнига, зеҳни ўткир Тадқиқотчилар одатда бепул бинолардан, масалан дарсхона, суд биноси, темир йўл станцияси ва ҳатто катта уйларнинг  меҳмонхоналаридан фойдаланишган. Кўпинча, драмаларни очиқ ҳавода омборхонанинг деворига илинган оқ матони экран сифатида қўллаб кўрсатишган. Энтони Хамбуг шундай ёзган: «Фермерлар, ўзларининг боғидаги майдончада бир қаторга терилган тўнкаларда одамлар ўтириб дастурдан завқланиши учун шароит яратиб беришарди». «Эврика драмаси»ни намойиш этадиган бир гуруҳ асбоб-ускуналари, турли буюм ва нарсаларини олиб юриш учун от аравадан фойдаланишарди.

«Эврика драмаси» томошабинлари бир неча кишидан юзлабгача кўпайган. Қўшма Штатларда, аҳолиси 150 кишидан иборат шаҳардаги мактаб биносида бўлиб ўтган драма намойишига 400 та одам келган. Бошқа жойларда эса, айримлар драмани томоша қилиш учун бир томонга 8 километр йўл босиб келган. Швецияда Шарлотта Альбергнинг кичкина уйида йиғилган қўшнилари аудио драмани эшитиб, «жуда таъсирланиб кетишган». Австралиянинг олис ҳудудида жойлашган кон саноати шаҳарчасида драма намойишига тахминан 1 500 киши келган. «Қўриқчи минораси»да айтилишича, мактаб ва коллежларнинг «профессор ва талабалари расмлар ҳамда ажойиб аудио ёзувлардан ҳайратда қолишган». «Эврика драмаси» ҳатто кинотеатр бўлган жойларда ҳам жуда машҳур эди.

ҲАҚИҚАТ УРУҒЛАРИНИ ЕТИШТИРИШ

Муқаддас Китобни тадқиқ қиладиган гуруҳ янги тўгаракларни ташкил этиш учун маърузачиларни юборганида, «Эврика драмаси»ни қўллаш жуда қулай бўлган. Аммо драмани қанча одам кўрганини аниқлаш қийин. «Эврика драмаси» тўпламидан кўп маротаба фойдаланилган. 1915 йили драмани намойиш этган 86 та гуруҳдан фақат 14 таси мунтазам равишда ҳисобот топширган. Гарчи юқоридаги сон тўлиқ бўлмаса-да, йиллик ҳисоботга кўра драмани бир миллиондан зиёд инсон томоша қилган. Тахминан 30 000 киши Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни сўраб олган.

«Эврика драмаси» тарихда ёрқин из қолдирмаган бўлса-да, Австралиядан Аргентинагача, Жанубий Африкадан Британия оролларигача, Ҳиндистон ва Кариб денгизи оролларида миллионлаб кишилар бу ноёб томошани кўришган. Уларнинг аксарияти, олтиндан ҳам қимматбаҳо бўлган — Муқаддас Китоб ҳақиқатини топган ва «Эврика!» деб айта олган.

^ 4- х.б. «Қўриқчи минораси»нинг 2014 йил 15 февраль сонидаги 30–32- саҳ. «Ташкилотимиз архивидан. Эпик асарнинг 100 йиллиги» номли мақолага қ.