Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Қулоқ солиб, мағзини чақинглар»

«Қулоқ солиб, мағзини чақинглар»

Барчангиз сўзларимга қулоқ солиб, мағзини чақинглар. МАРК 7:14

1, 2. Нега кўпчилик Исо айтган сўзларнинг маъносини тушунмаган?

ИНСОН унга гапираётган кишининг овозини ва ҳатто оҳангини эшитиши мумкин. Бироқ у айтилган сўзларнинг маъносини тушунмаса, эшитганларини қандай қўллай олади? (1 Кор. 14:9). Шу каби, минглаб кишилар Исонинг сўзларини тинглаган. Қолаверса, Исо улар тушунадиган тилда гапирган. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам у айтган сўзларнинг мазмунини тушунмаган. Шунинг учун Исо тингловчиларига: «Барчангиз сўзларимга қулоқ солиб, мағзини чақинглар»,— деган (Марк 7:14).

2 Нега кўпчилик Исо айтган сўзларнинг маъносини тушунмаган? Боиси, айримларнинг фикри ва ниятлари холис бўлмаган. Бундайларга Исо қуйидагиларни айтган: «Сизлар ўз урф-одатларингизни сақлаб қолиш учун, Тангрининг амрларини эпчиллик билан бекор қиляпсизлар» (Марк 7:9). Бу кишилар на айтилганларнинг мағзини чақишга ҳаракат қилишган, на ҳаёт тарзи ва нуқтаи назарини ўзгартиришни исташган. Уларнинг қулоқлари эшитса ҳам қалблари тош бўлиб қолганди (Матто 13:13–15 ни ўқинг). Исонинг таълимотларидан фойда олиш учун қалбимизни таъсирчан сақлаётганимизга қай йўсин амин бўлишимиз мумкин?

ИСОНИНГ ТАЪЛИМОТЛАРИДАН ҚАЙ ЙЎСИН ФОЙДА ОЛАМИЗ?

3. Нима учун шогирдлар Исонинг сўзларини тушуна олишган?

3 Исонинг камтарин шогирдларига тақлид қилишимиз керак. Исо уларга шундай деган: «Сизлар эса, буни ўз кўзларингиз билан кўриб, қулоқларингиз билан эшитаётганингиз учун бахтлисизлар» (Матто 13:16). Нима учун шогирдлар тушунган, бошқалар эса йўқ? Биринчидан, улар доимо савол беришга ва Исонинг сўзлари ортидаги асл маънони излашга тайёр бўлишган (Мат. 13:36; Марк 7:17). Иккинчидан, шогирдлар билганларига янги билимларни қўшишга тайёр бўлишган (Матто 13:11, 12 ни ўқинг). Учинчидан, улар эшитган ва тушунганларини нафақат ўз ҳаётларида, балки бошқаларга ҳам ёрдам бериш учун иштиёқ ила қўллашган (Мат. 13:51, 52).

4. Исонинг масалларини тушуниш қайси учта қадамни ўз ичига олади?

4 Исонинг масалларини тушунишни истасак, унинг садоқатли шогирдларидан ўрнак олишимиз керак. Бу, учта қадамни ўз ичига олади. Аввало, Исонинг айтганларини тадқиқ қилишга вақт ажратиб, устида мулоҳаза юритишимиз ва муайян саволлар борасида изланиш олиб боришимиз даркор. Бу туфайли билимга эга бўламиз (Ҳик. 2:4, 5). Кейин, олган билимларимиз бундан олдинги билганларимиз билан қандай боғлиқлигини ва шахсан бизга қандай фойда келтиришини аниқлашимиз керак. Шу йўсин фаросатга эга бўламиз (Ҳик. 2:2, 3). Сўнг эса, ўрганганларимизни ҳаётга татбиқ қилишимиз лозим. Шунда доноликни намоён этган бўламиз (Ҳик. 2:6, 7).

5. Билим, фаросат ва донолик орасидаги фарқни тасвирлаб беринг.

5 Билим, фаросат ва донолик ўртасида қандай фарқ бор? Буни қуйидаги мисол ёрдамида тушунтирса бўлади: айтайлик, сиз йўлнинг ўртасида турибсиз ва автобус яқинлашиб келяпти. Биринчи бўлиб, бу автобус эканини кўрасиз,— бу билим. Кейин, агар шу ерда туришда давом этсангиз автобус сизни уриб юборишини англайсиз,— бу фаросатдир. Шунда, автобуснинг йўлидан қочиб кетасиз,— бу донолик. Муқаддас Китоб бизни доноликни маҳкам ушлашга ундаётгани бежиз эмас. Ахир бу, ҳаёт мамот масаласи! (Ҳик. 3:21, 22; 1 Тим. 4:16).

6. Исонинг еттита масалини кўриб чиқаётиб, қайси саволларга жавоб топамиз? ( Рамкага қ.)

6 Бу ва кейинги мақолада, Исонинг еттита масалини кўриб чиқамиз. Муҳокама давомида ўзимизга шундай саволларни берсак яхши бўларди: «Масалнинг маъноси қандай? (Бу билим олишимизга ёрдам беради.) Исо нега бу масални келтирган? (Шу йўсин фаросатга эга бўламиз.) Ушбу маълумотни ўзимиз ва бошқаларга ёрдам бериш учун қандай қўлласак бўлади? (Бу доноликка етаклайди.) Ва ниҳоят, бу бизга Яҳова ва Исо ҳақида нимани очиб беряпти?»

ХАНТАЛ УРУҒИ

7. Хантал уруғи ҳақидаги масалнинг маъноси қандай?

7 Матто 13:31, 32 ни ўқинг. Исонинг хантал уруғи ҳақидаги масалининг маъноси қандай? Ханталнинг ўзи Шоҳлик хабарини ва уни ваъз қилиш натижасида юзага келаётган имонлилар жамоатини тасвирлайди. «Барча уруғлар орасида энг кичиги» бўлган хантал уруғи каби мил. 33 йили имонлилар жамоати ҳам катта эмас эди. Аммо бир неча ўн йиллар ичида жамоат тезда ўсди ва кутилгандан ҳам ортиқ қулоч ёзди (Колос. 1:23). Ушбу ўсиш Исонинг қуйидаги сўзларига мувофиқ содир бўлди: «Унинг шохларида қушлар қўним топибди». Бу рамзий қушлар, Худонинг халқи орасида маънавий озуқа, ором ва паноҳ топган самимий кишиларни тасвирлайди (Ҳизқиё 17:23 ни солиштиринг).

8. Исо нега хантал уруғи ҳақидаги масални келтирган?

8 Исо нега бу масални келтирган? У, хантал уруғининг ўсиш жараёни мисолида Худонинг Шоҳлиги ўстириш, ҳимоя қилиш ва турли қийинчиликларни бартараф этиш қудратига эга эканини тасвирлаган. 1914 йилдан буён, Худо ташкилотининг ер юзидаги қисми мисли кўрилмаган даражада ўсди! (Ишаё 60:22). Бу ташкилот билан бирга бўлганлар ажойиб маънавий ҳимояни ҳис қилиб келишган (Ҳик. 2:7; Ишаё 32:1, 2). Бундан ташқари, Шоҳлик манфаатлари олға сурилаётгани, барча қаршиликларга қарамай, бу жараён тўхтовсиз давом этишининг исботидир (Ишаё 54:17).

9. а) Хантал уруғи ҳақидаги масалдан қандай сабоқ олсак бўлади? б) Бу бизга Яҳова ва Исо ҳақида нимани очиб беряпти?

9 Хантал уруғи ҳақидаги масалдан нимани ўрганишимиз мумкин? Эҳтимол, бир нечта Яҳованинг Шоҳиди бор ёки воизлик ишимизнинг самараси дарҳол кўринмайдиган ҳудудда яшаётгандирмиз. Бироқ Шоҳлик барча тўсиқларни бартараф қилиши мумкинлигини ёдда тутиш, охиригача чидашимизга куч бағишлайди. Мисол учун, Эдвин Скиннер биродаримиз 1926 йили Ҳиндистонга келганида мамлакат бўйлаб Яҳованинг Шоҳидлари унча кўп бўлмаган. Бошида, ваъзгўйлик ишининг самараси кўзга ташланмаган ва «кўп меҳнат талаб қилган». Ҳозир Ҳиндистонда 37 000 дан ошиқ ғайратли ваъзгўй бор ва ўтган йили 108 000 дан зиёд киши Қутлуғ Кечликка ташриф буюрган. Шунингдек, Шоҳлик иши қанчалик кенг тарқалганининг мисолини кўриб чиқайлик. Эдвин Скиннер Ҳиндистонга келган йили, Замбияда воизлик иши энди бошланаётган эди. Бугунги кунга келиб эса, у ерда 170 000 дан кўпроқ ваъзгўйлар бор ва 2013 йили Қутлуғ Кечликка 763 915 та одам келган. Бу дегани, Замбияда яшовчи ҳар 18 кишидан 1 таси маросимга ташриф буюрган. Нақадар ҳайратланарли ўсиш-а?!

ХАМИРТУРУШ

10. Хамиртуруш тўғрисидаги масалнинг маъноси қандай?

10 Матто 13:33 ни ўқинг. Хамиртуруш тўғрисидаги масалнинг маъноси қандай? Бу масал ҳам Шоҳлик хабари ва унинг самарасига тегишли. «Бутун хамир» барча халқларни, ошиш жараёни эса воизлик иши натижасида Шоҳлик хабарининг тарқалишини тасвирлайди. Хантал уруғининг ўсиши яққол кўринса-да, хамиртурушнинг кўпайиши бошида унча сезилмайди. Фақат муайян муддат ўтибгина самараси очиқ-ойдин бўлади.

11. Исо нега хамиртуруш тўғрисидаги масални келтирган?

11 Исо нега бу масални келтирган? У, Шоҳлик хабари кенг тарқалиш ва ўзгартириш қудратига эга эканини кўрсатган. Бу хабар «ҳатто ернинг четларига қадар» тарқалган (Ҳавор. 1:8). Шунга қарамай, хабар туфайли содир бўлаётган ўзгаришлар доим ҳам кўзга кўринмаслиги ва айрим самаралар бошида эътибордан четда қолиши мумкин. Бу ўзгаришлар нафақат рақамлар, балки ушбу кенг қамровли хабарни қабул қилганларнинг шахсияти ўзгараётгани билан ҳам боғлиқ (Рим. 12:2; Эфес. 4:22, 23).

12, 13. Хамиртуруш ҳақидаги масал асосида, Шоҳлик фаолияти қай йўсин тарқалаётгани борасида мисоллар келтиринг.

12 Ваъзгўйлик фаолиятининг самараси, кўпинча йиллар ўтиб кўринади. Мана масалан, ҳозир бошқа филиалда хизмат қилаётган Френц ва Маргит жуфтлиги 1982 йили Бразилиядаги филиалда хизмат қилишган. Ўшанда улар кичик шаҳарчада шоҳидлик беришган. Улар Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаганлар орасида бир аёл ва унинг тўртта фарзанди бўлган. Ўшанда 12 ёшда бўлган катта ўғли, уятчанлиги туфайли тадқиқ бошланишидан олдин кўпинча беркинишга ҳаракат қилган экан. Жуфтлик бошқа жойга тайинлангани туфайли тадқиқни давом эттира олмаган. Бироқ 25 йил ўтиб, улар ўша шаҳарчага яна ташриф буюришган. Хўш, улар ниманинг гувоҳи бўлган? Жамоатда 69 та ваъзгўй борлигини, улардан 13 таси доимий кашшоф эканини ва барча учрашувлар янги Йиғилиш Залида ўтаётганини кўришган. Ўша уятчан бола билан эса нима бўлди? Ҳозир у оқсоқоллар кенгашининг раиси бўлиб хизмат қиляпти. Исонинг масалидаги хамиртуруш каби Шоҳлик хабари ўсиб, кўпларнинг ҳаётини ўзгартирганини кўриш, бу жуфтликка катта қувонч бағишлади.

13 Шоҳлик хабари инсонларни ўзгартириш кучига эга экани, айниқса воизлик фаолияти тақиқ остида бўлган мамлакатларда яққол кўзга ташланади. Бундай ҳудудларда хушхабарнинг тарқалиши қийинлигини билганимиз учун, кўпинча қандай натижаларга эришилганини эшитиб ҳайратда қоламиз. Масалан Кубани олайлик. У ерга Шоҳлик хабари 1910 йили етиб борган ва 1913 йили Расселл биродаримиз ташриф буюрган. Шундай бўлса-да, бошида ўсиш жараёни секин бўлган. Ҳозир-чи? Бугунги кунда Кубада 96 000 дан ошиқ ваъзгўйлар хушхабарни тарқатмоқда ва 2013 йили 229 726 киши, яъни оролда яшовчи ҳар 48 кишидан 1 таси Қутлуғ Кечликка келган. Ҳатто тақиқ остида бўлмаган мамлакатларда, маҳаллий ваъзгўйлар шоҳидлик беришнинг ҳожати қолмади, деб ҳисоблашган жойларда ҳам Шоҳлик хабари тарқалган * (Воиз 8:7; 11:5).

14, 15. а) Хамиртуруш ҳақидаги масалдан шахсан ўзимиз учун қандай сабоқ олишимиз мумкин? б) Бу бизга Яҳова ва Исо ҳақида нимани очиб беряпти?

14 Исонинг хамиртуруш ҳақидаги масалидан қандай фойда олишимиз мумкин? Бу масалнинг маъноси устида мулоҳаза қилганимизда, Шоҳлик хабарини ҳали эшитмаган миллионлаб кишиларга у қандай етказилиши ҳақида ташвишланишнинг ҳожати йўқлигини тушунамиз. Ахир барчаси Яҳованинг назорати остида-ку! Унда, бизнинг вазифамиз нимадан иборат? Бу борада Аллоҳнинг Каломида шундай дейилган: «Уруғларингни эрталаб эккин, кечқурун ҳам қўлларинг бўш ўтирмасин, чунки сен қайси бири — унисими ёки бунисими яхши ўсишини билмайсан, балки иккаласи ҳам яхши ўсар» (Воиз 11:6). Шу билан бирга, айниқса тақиқ остида бўлган жойларда воизлик иши олға сурилиши учун ибодат қилишни эсдан чиқармаслигимиз даркор (Эфес. 6:18–20).

15 Шунингдек, агар қилган меҳнатимизнинг самараси дарҳол кўринмаса тушкунликка тушмаслигимиз лозим. Аввалига «бошланиши арзимасдай» туюлса ҳам кўнглимиз чўкмаслиги даркор (Закр. 4:10). Охир-оқибат самараси биз кутгандан ҳам кўпроқ ва ажойиброқ бўлиши мумкин (Заб. 39:6; Закр. 4:7).

САЁҲАТЧИ САВДОГАР ВА ЯШИРИЛГАН ХАЗИНА

16. Саёҳатчи савдогар ва яширилган хазина ҳақидаги масалнинг маъноси қандай?

16 Матто 13:44–46 ни ўқинг. Саёҳатчи савдогар ва яширилган хазина ҳақидаги масалнинг маъноси қандай? Исо яшаган пайтларда, савдогарлар ноёб марваридларни топиш мақсадида Ҳинд океанигача саёҳат қилишган. Ушбу масалдаги саёҳатчи, ҳақиқатни топишга ҳаракат қилаётган самимий кишиларни, «қимматбаҳо марварид» эса Шоҳлик тўғрисидаги ҳақиқатни тасвирлайди. Қимматбаҳо марваридни топгач, уни харид қила олиш учун савдогар «дарҳол» бор нарсасини сотишга тайёр бўлган. Қолаверса Исо, далада ишлаётиб «яширилган» хазинани топиб олган киши ҳақида ҳам айтган. Савдогардан фарқли равишда бу киши хазина қидирмаган. Бироқ савдогар сингари у ҳам хазинага эга бўлиш учун «барча мол-мулкини» сотишга тайёр бўлган.

17. Исо нега саёҳатчи савдогар ва яширилган хазина ҳақидаги масалларни келтирган?

17 Исо нега бу иккита масални келтирган? У, ҳақиқатни турли йўллар билан топиш мумкинлигини кўрсатмоқчи бўлган. Айрим кишилар ҳақиқатни излаб топиш учун ҳамма нарсага тайёр бўлишади. Бошқалар эса уни изламаса ҳам, барибир кимдир уларга ваъз қилгани орқали топишади. Қандай бўлмасин, ўша кишиларнинг иккиси ҳам топган нарсаси қимматбаҳо эканини тушуниб, унга эга бўлиш учун фидойиликка боришга тайёр эдилар.

18. а) Бу иккита масалдан қандай фойда олишимиз мумкин? б) Бу бизга Яҳова ва Исо ҳақида нимани очиб бермоқда?

18 Бу иккита масалдан қандай фойда олишимиз мумкин? (Мат. 6:19–21). Ўзингизга шундай саволларни бериб кўринг: «Масалдаги кишилар каби нуқтаи назарга эгаманми? Мен ҳам ҳақиқатни хазина деб биламанми? Унга эга бўлиш учун фидойиликка боришга тайёрманми ё кундалик ташвишлар каби нарсалар эътиборимни чалғитишига йўл қўйяпманми?» (Мат. 6:22–24, 33; Луқо 5:27, 28; Филип. 3:8). Агар ҳақиқатни топганимиздан чиндан ҳам қувонсак, уни ҳаётда биринчи ўринга қўйиш қароримиз мустаҳкам бўлади.

19. Кейинги мақолада нимани кўриб чиқамиз?

19 Келинг, бу масалларни тинглаганимизни ва чиндан ҳам маъносини тушунганимизни намоён этайлик. Унутмангки, бунинг учун шунчаки уларнинг маъносини билиш эмас, балки олган сабоқларни амалда қўллаш керак. Кейинги мақолада яна учта масални ва улардан нимани ўрганишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.

^ 13- х.б. Шунга ўхшаш воқеалар қуйидаги мамлакатларда содир бўлган: Аргентина (2001 йилги «Йилнома»нинг (рус) 186- саҳ., рамка); Шарқий Германия (1999 йилги «Йилнома»нинг (рус) 83- саҳ.); Папуа-Янги Гвинея (2005 йилги «Йилнома»нинг (рус) 63- саҳ.) ва Робинзон-Крузо ороли («Қўриқчи минораси»нинг (рус) 2000 йил 15 июнь сонининг 9- саҳ.).