Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Муқаддас Ёзувларни тушуняпсизларми?

Муқаддас Ёзувларни тушуняпсизларми?

Исо Муқаддас Ёзувларни тушунишлари учун шогирдларнинг зеҳнини очди. ЛУҚО 24:45

1, 2. Тирилган кунида Исо шогирдларига қандай қилиб тасалли берди?

ЎШАНДА Исонинг тирилган куни эди. Исонинг иккита шогирди Қуддусдан тахминан 11 километр нарида жойлашган қишлоққа кетаётган эди. Исонинг тирилганини билишмагани учун, улар яқинда юз берган воқеалардан ғамга ботишган эди. Тўсатдан Исо ёнларида пайдо бўлиб, уларга ҳамроҳ бўлди. У шогирдларига тасалли бера олди. Қандай қилиб? «Мусонинг ва Пайғамбарларнинг китобларида ўзи ҳақида нима ёзилганини уларга талқин қилиб берди» (Луқо 24:13–15, 27). Ўша пайт уларнинг юраклари ўртаниб кетди, сабаби, Исо уларга Муқаддас Ёзувларни тушунтирди (Луқо 24:32).

2 Ўша куни кечқурун бу иккита шогирд Қуддусга қайтди. Ҳаворийларни топишгач, уларга нима юз бергани ҳақида айтиб беришди. Улар ҳали гапираётганда, Исо уларнинг ёнида пайдо бўлди. Аммо унинг ҳаворийлари қўрқиб кетишди ва бу чиндан ҳам Исомикин деб шубҳалана бошлашди. Хўш, Исо уларга қандай қилиб тасалли берди? Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Исо Муқаддас Ёзувларни тушунишлари учун шогирдларнинг зеҳнини очди» (Луқо 24:45).

3. Қандай қийинчиликларга дуч келишимиз мумкин ва хизматимизга нисбатан тўғри нуқтаи назарда бўлишга нима ёрдам беради?

3 Ўша шогирдлар каби, биз ҳам гоҳида ғамга ботишимиз мумкин. Масалан, биз Раббимизнинг иши билан бандмиз, аммо ишимизнинг самараси унча кўринмаётгани боис тушкунликка тушишимиз ҳеч гап эмас (1 Кор. 15:58). Ёки биз тадқиқ ўтаётган кишилар унча маънан ўсмаётгандай туюлаётгандир. Улардан баъзилари ҳатто Яҳовадан юз ўгириши мумкин. Хўш, хизматимизга нисбатан тўғри нуқтаи назарни сақлаш учун нима қилсак бўлади? Бизга ёрдам бериши мумкин бўлган бир нарса — Исо айтган масалларнинг маъносини тушунишдир. Келинг, уларнинг учтасини кўриб чиқайлик ва қандай сабоқлар олишимиз мумкинлигини билиб олайлик.

УХЛАЁТГАН УРУҒ СЕПУВЧИ

4. Исонинг ухлаётган уруғ сепувчи ҳақидаги масалининг маъноси қандай?

4 Марк 4:26–29 ни ўқинг. Исонинг ухлаётган уруғ сепувчи ҳақидаги масалининг маъноси қандай? Ушбу масалдаги одам Шоҳлик хабарчиларини тасвирлайди. Уруғ эса, самимий инсонларга ваъз қилинаётган Шоҳлик хабаридир. Кундалик ҳаётда бўлгани каби, уруғ сепувчи «кечаси билан ухлаб, кундузи туради». Ўсиш жараёни уруғ экилганидан то ўрим-йиғимгача давом этади. Ўша пайт ичида «уруғ... униб-ўсаверади». Ушбу жараён «ўз-ўзидан», аста-секин ва қадамма-қадам юз беради. Шунга ўхшаб, маънавий ўсиш жараёни ҳам аста-секин ва қадамма-қадам юз беради. Қачонки инсон Яҳовага хизмат қилиш қарорига келса, у ҳосил беради, яъни ўзини Унга бағишлаб, сувга чўмади.

5. Нега Исо ухлаётган уруғ сепувчи ҳақидаги масални келтирган?

5 Исо нега бу масални келтирган? У бизга шуни айтмоқчи бўлганки, фақатгина Яҳова «ҳақиқатни қабул қилишга мойил» инсонларнинг қалбида ҳақиқат уруғини ўстиради (Ҳавор. 13:48; 1 Кор. 3:7). Биз экиб, суғорамиз, ўсишни эса назорат қила олмаймиз. Биз уни тезлаштира олмаймиз ҳам, мажбурлай олмаймиз ҳам. Масалдаги одамга ўхшаб, биз ҳам ўсиш жараёни қандай кечишини билмаймиз. Кундалик ҳаёт ташвишлари билан банд бўлиб, бошқаларда Шоҳлик уруғи қандай ўсаётганини пайқамай қолишимиз мумкин. Вақт ўтиб, бу ўз самарасини беради ва янги шогирд ҳам биз қатори ўрим-йиғим ишида қатнашади (Юҳан. 4:36–38).

6. Маънавий ўсиш масаласига келганда нимани тан олишимиз даркор?

6 Ушбу масалдан нимани ўрганишимиз мумкин? Биринчидан, шуни тан олишимиз керакки, Муқаддас Китобни ўрганаётган кишида ўсиш жараёни қандай кечаётганини назорат қила олмаймиз. Гарчи бундай кишига ёрдам бериб, уни қўллаб-қувватлаш учун қўлимиздан келганини қилсак-да, сувга чўмиш масаласида унга ҳеч қачон босим ўтказмаймиз. Инсон ҳаётини Аллоҳга бағишлаш-бағишламасликни ўзи қарор қилиши кераклигини камтарлик ила тан оламиз. Яҳовани чин юракдан севганимиздагина, У бизнинг бағишловимизни қабул қилади (Заб. 50:14; 53:8; 109:3).

7, 8. а) Ухлаётган уруғ сепувчи ҳақидаги масалдан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Мисол келтиринг. б) Бу бизга Яҳова ва Исо ҳақида нимани очиб беряпти?

7 Иккинчидан, ушбу масалдаги сабоқни тушуниш, ишимизнинг натижаларини бошиданоқ кўрмасак ҳам, тушкунликка тушмасликка ёрдам беради. Биз сабрли бўлишимиз керак (Ёқб. 5:7, 8). Агар ўрганувчи кишига ёрдам бериш учун қўлимиздан келганини қилганимизда ҳам ҳақиқат уруғи унинг қалбида ўсмаётган бўлса, бу, биз ёмон ўқитувчи эканимизни англатмайди. Яҳова ҳақиқат уруғи фақат камтарин ва ўзгаришга тайёр бўлган инсоннинг юрагида ўсишига йўл қўяди (Мат. 13:23). Шунинг учун хизматимиз қанчалик самарали эканини сувга чўмган одамларнинг сони билан ўлчамаслигимиз керак. Яҳова, хизматимизнинг самараси биз бераётган таълимга одамлар қандай муносабатда бўлганига боғлиқ, деб ҳисобламайди. Аксинча, Худо саъй-ҳаракатларимизни қардлайди (Луқо 10:17–20; 1 Коринфликларга 3:8 ни ўқинг).

8 Учинчидан, одамнинг қалбида қандай ўзгаришлар бўлаётганини ҳар доим ҳам кўра олмаймиз. Масалан, тўла вақтли махсус ваъзгўй билан Муқаддас Китобни ўрганган бир жуфтлик сувга чўммаган ваъзгўй бўлмоқчи эканини айтган. Шунда ваъзгўй жуфтликка аввал чекишни ташлаш кераклигини эслатган. Улар эса, бир неча ой олдин ташлаганини айтишганида, ваъзгўй ҳайрон қолган. Қандай қилиб улар бунинг уддасидан чиқишган? Сабаби, ҳатто яширинча чекишса ҳам, Яҳова уларни кўришини ва У иккиюзламачиликдан нафратланишини англаб етишган. Шу боис, улар ёки ўша ваъзгўй олдида чекишга ёки умуман чекмасликка қарор қилишган. Уларнинг Яҳовага тобора ошаётган севгиси тўғри қарор чиқаришларига ёрдам берган. Ваъзгўй юз берган ўзгариш ҳақида билмаган бўлса ҳам, жуфтлик маънан ўсган.

ТЎР

9. Тўр ҳақидаги масалнинг маъноси қандай?

9 Матто 13:47–50 ни ўқинг. Исонинг тўр ҳақидаги масалининг маъноси қандай? Исо хушхабар бутун одамзодга ваъз қилинишини катта тўрнинг денгизга ташланиши билан солиштирган. Тўрга кўплаб «турли балиқлар» тушгани каби, ваъзгўйлик фаолиятимиз ҳам миллионлаб инсонларни жалб қиляпти (Ишаё 60:5). Ҳар йили анжуманларимизга ва Қутлуғ Кечликка келган одамларнинг юқори сони, бунинг яққол исботидир. Ушбу мажозий балиқларнинг баъзилари «яхши» бўлиб, имонлилар жамоатига йиғилган. Бошқалари эса «яроқсиз» балиқдек бўлишган ва Яҳова уларни маъқул кўрмаган.

Матто 13:47–50 ни ўқигач,..

10. Нега Исо тўр ҳақидаги масални келтирган?

10 Исо нега бу масални келтирган? Ушбу масалдаги балиқларни ажратиш жараёни буюк қайғу пайтида бўладиган охирги ҳукмни эмас, балки охирзамоннинг сўнгги кунларида нима бўлишини билдиради. Исо, ҳақиқатни билганларнинг ҳаммаси ҳам Яҳованинг томонини эгалламаслигини кўрсатган. Йиғилишларга келаётган ёки биз тадқиқ ўтказаётганларнинг аксарияти ҳаётини Яҳовага бағишлашга тайёр эмас (3 Шоҳ. 18:21). Бошқалар эса йиғилишларга умуман келмай қўйишган. Баъзи ёшлар масиҳийлар оиласида ўсган бўлса-да, ҳали Яҳовани ўзлари қаттиқ севишни ўрганишмаган. Вазият қандай бўлишидан қатъи назар, Исо таъкидлаганидек, ҳар бир киши шахсий қарор чиқариши керак. Агар тўғри қарор чиқарсак, Яҳованинг «хазинасидек» бўламиз (Хаг. 2:7).

...бугунги кунда қўлланилишини кўриб чиқинг

11, 12. а) Тўр ҳақидаги масалдан қандай сабоқ олишимиз мумкин? б) Бу бизга Яҳова ва Исо ҳақида нимани очиб беряпти?

11 Ушбу масалдан нимани ўрганишимиз мумкин? Ушбу масалдаги сабоқни тушунсак, бу бизга Муқаддас Китобни ўрганувчи киши ёки фарзандимиз Яҳовага хизмат қилишни истамаганида ҳаддан ортиқ хафа бўлмасликка ёки ғамга ботмасликка ёрдам беради. Қанчалик уринмайлик, бу барибир юз бериши мумкин. Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга рози бўлиш ёки ҳақиқатни билган оилада катта бўлиш, инсон ўз-ўзидан Яҳованинг дўсти бўлиб қолишини англатмайди. Агар инсон Яҳованинг ҳукмдорлигини тан олмаса, Унинг хизматчиси бўла олмайди.

Ҳақиқатга жалб қилинганларнинг баъзилари Яҳованинг томонини эгаллашади (9–12- хатбошиларига қ.)

12 Бу, ҳақиқатдан кетганлар ҳеч қачон жамоатга қайтолмаслигини англатадими? Ёки ҳали ҳаётини Яҳовага бағишламаган киши учун ҳеч қандай умид йўқлигини билдирадими? Йўқ. Чунки буюк қайғу бошланмасидан олдин бундай кишиларда Яҳованинг дўсти бўлиш имкони бор. Яҳованинг Ўзи уларни: «Менинг олдимга қайтиб келинглар. Шунда Мен ҳам олдингизга қайтиб бораман»,— деб чорламоқда (Мал. 3:6, 7). Бунга Исонинг дарбадар ўғил ҳақидаги масалида ҳам урғу берилган (Луқо 15:11–32 ни ўқинг).

ДАРБАДАР ЎҒИЛ

13. Дарбадар ўғил ҳақидаги масалнинг маъноси қандай?

13 Исонинг дарбадар ўғил ҳақидаги масалининг маъноси қандай? Ушбу масалдаги ҳамдард ота, меҳрибон самовий Отамиз Яҳовани тасвирлайди. Меросини сўраб олиб, кейин уни совуриб юборган ўғил эса жамоатни тарк этганларни ифодалайди. Тарк этиб улар худди «узоқ юртга», яъни Шайтоннинг Аллоҳдан узоқлашган дунёсига сафарга кетишди (Эфес. 4:18; Колос. 1:21). Аммо баъзилари эс-ҳушини йиғиб, Яҳованинг ташкилотига қайтишга қарор қилишяпти. Ушбу камтарин одамлар тавба қилиб, қайтиб келишгани учун кечиримли Отамиз уларни илиқ қарши оляпти (Ишаё 44:22; 1 Бутр. 2:25).

14. Нега Исо дарбадар ўғил ҳақидаги масални келтирган?

14 Исо нега бу масални келтирган? Исо ушбу таъсирли масал орқали Яҳова, жамоатни тарк этганлар қайтиб келишларини исташини кўрсатмоқчи бўлган. Ушбу масалдаги ота, ўғли бир кунмас бир кун қайтиб келишидан ҳечам умидини узмаган эди. Ўғли «ҳали узоқда келаётганида», қайтиб келаётганини кўрган отаси уни илиқ қарши олиш учун дарров ҳаракатга тушган. Бу, ҳақиқатдан кетганлар кечикмасдан Яҳовага қайтишлари учун нақадар кучли туртки-я?! Албатта, бундай кишилар маънан чарчаган бўлиб, хижолат тортиши ва қайтиб келиш қийин, деб ўйлашлари мумкин, бироқ буни қилиш арзийди. Сабаби, улар қайтиб келишса, Яҳова, Исо ва фаришталар хурсанд бўлишади (Луқо 15:7).

15, 16. а) Дарбадар ўғил ҳақидаги масалдан қандай сабоқ олишимиз мумкин? б) Бу бизга Яҳова ва Исо ҳақида нимани очиб беряпти?

15 Ушбу масалдан нимани ўрганишимиз мумкин? Биз Яҳованинг ўрнагига тақлид қилишимиз керак. Агар кимдир жамоатга қайтиб келса, «қонунпараст» бўлмай, бу кишининг қайтиб келишига қарши бўлмаслигимиз лозим. Чунки бу, Яҳова билан бўлган дўстлигимизга путур етказиши мумкин (Воиз 7:16). Қолаверса, бундан яна бир сабоқ олишимиз мумкин. Жамоатни тарк этган инсонни қайтиб келиши мумкин бўлган «адашган қўйдай» кўришимиз керак (Заб. 118:176). Агар жамоатни тарк этган, аммо четлатилмаган инсонни учратсак, қайтиб келиши учун унга севги ва амалий ёрдам кўрсатамизми? Вазият қандай бўлмасин, бундай одамларга керакли ёрдамни тақдим этишлари учун оқсоқолларни дарҳол огоҳлантирамизми? Хуллас, ушбу масалнинг мағзини чақиб, ундан сабоқ олсак, бундай қилишга тайёр бўламиз.

16 Қайтиб келганлар Яҳованинг раҳм-шафқати, севгиси ҳамда жамоатнинг кўмаги учун миннатдорлар. Битта биродар 25 йил давомида жамоатдан четлатилган эди. У шундай деб бўлишди: «Қайта тиклангандан бери хурсандчилигим ошиб бораверди, сабаби, Яҳова мен учун “тетиклик бахш этадиган вақтни келтирди” (Ҳавор. 3:19). Ҳамма меҳрибон бўлиб, бир-бирини қўллаб-қувватлайди! Энди ажойиб маънавий оилам бор». Яҳовадан узоқлашиб, 5 йилдан кейин жамоатга қайтган бир синглимиз шундай дейди: «Исо айтган севги шахсан менга кўрсатилганидан ўзимни қандай ҳис қилганимни аниқ тасвирлаб беролмайман. Яҳованинг ташкилотида бўлиш бебаҳодир!»

17, 18. а) Кўриб чиққан учта масалдан нималарни ўргандик? б) Нима қилишга қатъий қарор қилганмиз?

17 Хўш, ушбу масаллардан нималарни ўргандик? Биринчидан, Муқаддас Китобни ўрганаётган кишининг қанчалик тез маънан ўсишини назорат қила олмаслигимизни тан олишимиз керак. Биз буни Яҳовага топширамиз. Иккинчидан, биз билан мулоқот қилаётган ва Муқаддас Китобни ўрганаётган кишиларнинг ҳаммаси ҳам Яҳовага хизмат қилишини кутмаслигимиз лозим. Ва ниҳоят, гарчи кимдир Яҳовани тарк этса ҳам, келинг, унинг қайтиб келишидан ҳеч қачон умидимизни узмайлик. Қайтганида эса, Яҳованинг севгисига тақлид қилиб, уни илиқ қарши олайлик.

18 Келинг, ҳар биримиз билим, фаросат ва доноликни излашда давом этайлик. Исонинг масалларини ўқиётиб, улар қандай маънога эга эканини, нима учун Муқаддас Китобда ёзилганини, олган сабоқларни қандай қўллашни ва Яҳова ҳамда Исо ҳақида нимани ўрганишимиз мумкинлигини ўзингиздан сўранг. Бундай қилсак, Исо айтган сўзларнинг мағзини чаққан бўламиз.