Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Япония учун кутилмаган ҳадя

Япония учун кутилмаган ҳадя

ЯПОНИЯНИНГ Нагоя шаҳрида 2013 йил 28 апрель куни ўтказилган махсус учрашувда, Етакчи кенгаш аъзоси Энтони Моррис «Муқаддас Китоб — Матто баён этган хушхабар» деб номланган япон тилидаги янги адабиёт чиққанини эълон қилди. Тингловчилар учун бу кутилмаган хабар бўлиб, ушбу учрашувга шахсан келган ёки Интернет орқали жонли эфирни тинглаб томоша қилаётган 210 000 дан кўпроқ кишининг гулдурос қарсаклари ила қарши олинди.

Япон тилидаги «Янги дунё таржимаси»дан олиниб, 128 саҳифали китоб шаклида нашр қилинган Матто баён этган хушхабар ўзгачадир. Моррис биродаримиз, бу китоб «Япония ҳудудидаги эҳтиёжларга мос келади» деган ниятида чоп этилганини тушунтирди. Муқаддас Ёзувлардаги бу китоб қандай афзалликларга эга? У нима учун чоп этилди? Одамлар уни қандай қабул қилишди?

У ҚАНДАЙ АФЗАЛЛИКЛАРГА ЭГА?

«Матто баён этган хушхабар» китобининг кўриниши учрашувга келганларни ҳайрон қолдирди. Гап шундаки, япон тилида матн ҳам вертикал, ҳам горизонтал шаклда ёзилиши мумкин. Бу тилдаги кўпгина мақолалар, жумладан ташкилотимиз бу тилда нашр этган сўнгги адабиётлар ҳам горизонтал ёзувда чиқарилган. Бироқ бу янги адабиётнинг ёзуви, Япония газеталари ва адабий асарларига хос бўлган вертикал услубда чоп этилган. Аксарият япониялик ўқувчилар бу услубни ўқиш учун қулай деб билишади. Устига-устак, Муқаддас Китобда одатда ҳар бир саҳифанинг юқори қисмида келтирилган ёзувлар сарлавҳалар сифатида матн ичига туширилган. Бу туфайли ўқувчи асосий фикрни осонгина илғаб олади.

Япониялик биродару опа-сингиллар «Матто баён этган хушхабар» китобининг афзалликларини тезда пайқашди. 80 ёшлардаги бир опажонимиз шундай деб бўлишди: «Мен авваллари ҳам Матто китобини кўп марта ўқиганман, аммо вертикал услуб ва сарлавҳалар Исонинг Тоғдаги ваъзини яхшироқ тушунишимга ёрдам берди». Бошқа синглимиз эса: «“Матто баён этган хушхабар”ни бир ўтиришда ўқиб чиқдим. Одатда горизонтал услубдаги ёзувдан фойдаланаман, лекин анчагина япон кишилар вертикал услубни афзалроқ кўришади»,— деб ёзди.

ЯПОНИЯ ҲУДУДИ УЧУН МЎЛЖАЛЛАНГАН

Нега Муқаддас Китобнинг айнан шу қисми Япония ҳудудидаги эҳтиёжларга мос келади? Сабаби, аксарият японияликлар учун Муқаддас Ёзувлар ёт бўлса-да, уни жон деб ўқишади. Матто баён этган хушхабарнинг бу шаклда чоп этилгани, Аллоҳнинг Каломини ҳеч қачон кўрмаган кишиларга уни ўз қўлида ушлаб ўқишларига имкон беради.

Нима учун Матто китоби танланган? «Муқаддас Китоб» иборасини эшитганда, аксарият япониялик кишиларнинг хаёлига Исо Масиҳ келади. Исонинг насабномаси ва туғилиши, машҳур Тоғдаги ваъзи ва охирзамон ҳақидаги башоратлари таъсирли тарзда баён этилгани учун, айнан Матто китоби танланган.

Япониялик ғайратли ваъзгўйлар тезда бу янги адабиётни уйма-уй ва такрорий ташрифларда тарқата бошлашди. «Энди, ҳудудимиздаги одамларга Худонинг Каломини олиб бориш имкони янада кўпайди. Ўша махсус учрашувдан кейиноқ, оқшомда “Матто баён этган хушхабар”ни тарқатдим»,— дея ёзди бир опамиз.

ОДАМЛАР УНИ ҚАНДАЙ ҚАБУЛ ҚИЛИШДИ?

Қизиқ, ваъзгўйлар бу китобни ўзгаларга қай йўсин тарқатишди? Аксар японияликларга «тор эшик», «марваридларингизни чўчқалар олдига сочманглар» ва «эртанги куннинг ўз ташвишлари бўлади» каби иборалар яхши таниш (Мат. 6:34; 7:6, 13). Улар, бу сўзларни Исо Масиҳ айтганини билиб ҳайрон қолишган. Ушбу сўзларни «Матто баён этган хушхабар» китобида кўрганда, кўплар: «Мен умримда бир марта бўлса ҳам, Муқаддас Китобни ўқиб кўрмоқчи эдим»,— дея айтишди.

Ваъзгўйлар, бу китобни олган кишиларникига такрорий ташриф буюрганда, кўпинча уй эгалари уни шу заҳотиёқ қисман ёки ҳатто бутунлайин ўқиб чиқишганини айтишди. 60 ёшдаги бир киши имондошимизга шундай дебди: «Бу китобни мен кўп марта ўқиб, тасалли олдим. Илтимос, Муқаддас Китобни яхшироқ билишимга ёрдамлашинг».

«Матто баён этган хушхабар» китоби кўча-кўйда шоҳидлик беришда ҳам қўл келди. Хизматда бир опамиз бу китобни олган ёш аёлга электрон почта манзилини берибди. Бир соат ўтгач, у опамизга электрон почтадан жавоб бериб, китобнинг ярмини ўқиб чиққанини ва кўпроқ билиш истаги борлигини ёзибди. Бир ҳафтадан сўнг эса, ўша аёл билан илк бор Муқаддас Китоб тадқиқи ўтказилди ва кейинчалик у жамоат учрашувларига қатнайдиган бўлди.

«Муқаддас Китоб — Матто баён этган хушхабар» китоби 1 600 000 зиёд нусхада Япониядаги жамоатларга юборилди. Ваъзгўйлар ҳар ой одамларга бу китобнинг ўн минглаб сонларини тарқатишади. Уни таклиф қилаётиб, ваъзгўйлар шундай дейишади: «Ушбу китобни ўқиш, Худонинг Каломига бўлган қизиқишингизни уйғотади деган умиддамиз».