Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳовага доим ишонинг!

Яҳовага доим ишонинг!

Эй халқим, умид қил Худодан. ЗАБ. 61:9

1–3. Павлуснинг Яҳовага бўлган ишончи қай йўсин мустаҳкамланган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

БУ ПАЙТЛАР, Римда яшовчи масиҳийлар учун хавф-хатарга тўла эди. Одамлар уларни мил. 64 йилда содир бўлган ёнғинда айблашар ва нафрат билан қарашарди. Исонинг издошлари мудҳиш зулмлар нишонига айланишган эди. Агар ўшанда яшаган масиҳийлардан бири бўлганингизда, кунда ҳибсга олиниш ва қийноқларга солиниш хавфига дуч келардингиз. Айрим имондошларингизни ҳайвонларга талатишлари ёки устунга михлашларию кечаси ёруғ бўлиши учун тириклайин ёндириб юборишлари мумкин эди.

2 Бу қийин дамларда, ҳаворий Павлус Рим шаҳрида иккинчи бор қамоққа олинган эди. Ўшанда имондошлари унга ёрдамга келишганми? Эҳтимол, Павлус бу борада оз-моз хавотирлангани учун Тимўтийга қуйидаги сўзларни ёзгандир: «Илк бор ўзимни ҳимоя қилганимда ҳеч ким менинг тарафимни олмади, аксинча, ҳамма мени тарк этди. Илоё улар бу учун жавобгарликка тортилмасин». Шундай бўлса-да, Павлус бутунлайин ёрдамсиз қолмаганини билган. У: «Ҳазратим менинг ёнимда туриб, менга куч бахш этарди»,— деган. Ҳа, Ҳазрати Исо унга керакли кўмакни тақдим этган. Ушбу илоҳий ёрдам қанчалик амалий бўлган? Натижасига эътибор берсак, Павлус: «Мен шер оғзидан қутқарилдим»,— деб айтган (2 Тим. 4:16, 17) *.

3 Бошдан кечирганларини эсга олгани Павлусни мустаҳкамлаб, ҳозирги ва келажакдаги қийинчиликлар пайтида ҳам Яҳова уни қўллаб-қувватлашига ишонтирган. Шунинг учун у: «Ҳазратим мени ҳар қандай ёмонликдан халос этади»,— дея олган (2 Тим. 4:18). Павлус, одамларнинг ёрдам беришга қурби етмаганида ҳам, Яҳова ва Исо уни ташлаб қўймасликларида амин бўлган.

ЯҲОВАГА ИШОНИШНИНГ ИМКОНИ

4, 5. а) Доим керакли ёрдамни кимдан олишингиз мумкин? б) Яҳова билан муносабатларингизни қандай мустаҳкамлай оласиз?

4 Қийин вазиятда ўзингизни ёлғиз ҳис қилган пайтларингиз бўлганми? Бу, ишдан айрилиш, мактабдаги қаршиликлар, соғлиқ муаммоси туфайли ёки бошингизга бошқа кулфатлар тушганида содир бўлгандир. Балки ёрдам сўраганингизда, бошқалар сизга керакли кўмакни беришмагани учун кўнглингиз чўккандир. Айрим муаммоларни эса, фақатгина одамларнинг ёрдами билан ҳал қилишнинг иложи йўқ. Шу каби вазиятларда, «Эгамизга ишониш» ҳақидаги Муқаддас Китоб маслаҳати аҳамиятсиз дейиш мумкинми? (Ҳик. 3:5, 6). Наҳотки бу қуруқ гап бўлса? Асло! Муқаддас Китобдаги кўпгина воқеалардан кўриниб турганидай, Яҳова Ўз хизматчиларига ёрдам бериши бор ҳақиқат.

5 Шундай экан, одамлардан ёрдам келмагани учун хафа бўлиб ўтиришнинг ўрнига, ҳаворий Павлус каби буни Яҳовага тўла таяниш ва Унинг севги ила қилган ғамхўрлигини шахсан ўзингизда ҳис қилишнинг яхши имкони деб билинг. Ўшанда, Аллоҳга бўлган ишончингиз мустаҳкамланиб, У билан бўлган муносабатларингиз янада яқинлашади.

ЯҲОВАГА ИШОНИШИМИЗ ЛОЗИМ

6. Нега айниқса қийинчиликка дуч келганимизда, Яҳовага ишониш қийин бўлиши мумкин?

6 Сизни қийнаётган муаммони ибодатда Яҳовага тўкиб-солганингиздан сўнг, бу вазиятда қўлингиздан келганини қилганингизни ҳамда энди Унинг Ўзи ҳаммасини ҳал қилишини билиб хотиржам юра оласизми? Албатта, бу қўлингиздан келади! (Забур 61:9; 1 Бутрус 5:7 ни ўқинг) Бундай қилишга ўрганиш, Яҳова билан муносабатларни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Бироқ Яҳова керакли ёрдамни тақдим этишига ишониш бироз қийин бўлиши мумкин. Нега энди? Сабабларидан бири, У доим ҳам ибодатларимизга дарров жавоб беравермайди (Заб. 12:2, 3; 73:10; 88:47; 89:13; Хаб. 1:2).

7. Нима сабабли Яҳова доим ҳам ибодатларимизга дарров жавоб беравермайди?

7 Нега Яҳова ҳар бир илтимосимизни ўша заҳотиёқ бажаравермайди? Аллоҳ, У билан бўлган муносабатларимизни фарзанд ва ота орасидаги муносабатларга ўхшатганини эслайлик (Заб. 102:13). Бола, ота-онаси у сўраган ҳар қандай илтимосини бажаришини ёки буни дарҳол қилишини кутиши нотўғри. Боланинг айрим истаклари шунчаки инжиқлик бўлади, холос. Баъзан эса, уларни бажариш учун вақт керак бўлади. Бошқа пайт, илтимоси унга ёки атрофдагиларга фойда келтирмаслиги мумкин. Устига-устак, боланинг ҳар бир истагини муҳайё қилиш, муносабатларни худди хўжайин ва хизматкорникидай қилиб қўяди. Бу вазиятда бола хўжайинга айланади. Шу сингари, Яҳова ҳам бизнинг фойдамизни ўйлаб, ибодатимизга жавоб беришдан олдин муайян вақт ўтишига йўл қўйиши мумкин. Бу, доно Яратувчимиз, севгига тўла Эгамиз ва самовий Отамиз сифатида фақат Унга тегишли имтиёздир. Барча истакларимизнинг дарҳол бажарилиши, Яҳова билан дўстона ришталаримизни барбод қилиши ҳеч гап эмас (Ишаё 29:16; 45:9 ни солиштиринг).

8. Чегараланган имкониятларимиз борасида Яҳова нималарни ваъда бермоқда?

8 Яна бир сабаб, Яҳова ҳар биримиз нимага чидай олишимиз ва нимани кўтара олмаслигимизни билади (Заб. 102:14). Шунинг учун, Худо барчасини ўз кучимиз билан енгишимизни кутмай, оталарча кўмагини тақдим этади. Албатта, баъзан ўзимизни бошқа чидай олмайдигандай ҳис қилармиз. Лекин Яҳова, хизматчилари кучидан ортиқ азоб чекишларига сира йўл қўймаслигида бизни ишонтирмоқда. Шубҳасизки, У чидашимиз учун «иложини ҳам беради» (1 Коринфликларга 10:13 ни ўқинг). Шу боис, Яҳова имкониятларимизни тўғри баҳолашига ишониш учун, барча сабабларимиз бор.

9. Ибодатларимизга дарҳол жавоб олмасак нима қилишимиз лозим?

9 Ёрдам сўраб қилган ибодатларимизга дарҳол жавоб олмасак, келинг, қачон ҳаракат қилиш бизга кўпроқ фойда келтиришини биладиган Шахсни кутайлик. У ҳам бизни қутқаришни жуда исташини ва сабр қилаётганини унутмайлик. «Эгам кутмоқда, сизларга шафқат кўрсатай, деб. Мана У қўзғалмоқда, Ўз меҳрини кўрсатай, деб. Ахир, Эгам адолатли Худодир. Унга умид боғлаганлар бахтиёрдир» (Ишаё 30:18).

«ШЕР ОҒЗИ»

10–12. а) Оиламизнинг хаста аъзосига ғамхўрлик қилишни нима қийинлаштириши мумкин? б) Оғир дамларда Яҳовага таяниш, У билан бўлган муносабатингизга қандай таъсир қилади? Мисол келтиринг.

10 Жиддий қийинчиликка дуч келганда, сиз ҳам ўзингизни Павлус каби, яъни «шер оғзига» тушгандай ҳис қилишингиз мумкин. Бундай дамларда Яҳовага таяниш жуда қийин, лекин шу билан бирга бу, энг муҳим нарсадир. Масалан, сурункали касалликка чалинган қадрли оила аъзоингизга ғамхўрлик қиляпсиз дейлик. Эҳтимол, донолик ва куч сўраб ибодат қилаётгандирсиз *. Бу вазиятда қўлингиздан келганини қилиб, Яҳова сизни кузатиб турганини ва садоқатни сақлашингиз учун керакли нарсалар билан таъминлашини билишдан беқиёс хотиржамликни ҳис этасиз, шундай эмасми?! (Заб. 31:8)

11 Шароитингиз туфайли барчасини енгиш иложсиздай туюлар. Эҳтимол, шифокорлар билан фикрингиз бир жойдан чиқмаётгандир. Ё бўлмаса, тасалли беришади деб умид қилган қариндошларингиз, аксинча вазиятни янада чигаллаштираётгандай кўринар. Яҳова куч беришини кутинг ва Унга янада яқинлашинг (1 Шоҳлар 30:3, 6 ни ўқинг). Аҳвол енгиллашганида эса, Яҳова билан муносабатларингиз аввалгидан ҳам мустаҳкамланади.

12 Бир неча йил касалманд ота-онасига ҳаётларининг сўнгги дамларида ғамхўрлик қилган Линда * исмли имондошимиз юқорида айтилганлар ҳақиқат эканида амин бўлди. «Ўша пайтларда турмуш ўртоғим, укам ва мен кўпинча нима қилишни ҳам билмай қолардик. Ўзимизни жуда ожиз ҳис қилардик. Аммо ҳозир ортга қараб, қандай қилиб Яҳова доим биз билан бўлганини яққол кўряпмиз. Ҳатто вазият чорасиздай туюлганда ҳам, У бизни мустаҳкамлаб, керакли барча нарса билан таъминлаган»,— деб бўлишди Линда.

13. Фожиаларга дуч келганида, Яҳовага таяниш бир опамизга қандай ёрдам берди?

13 Яҳовага тўла ишониш, фожиага дуч келганимизда ҳам бизга ёрдам беради. Ронданинг имондошимиз бўлмаган эри ажрашишга ариза берган, укасига эса жиддий касаллик, тери сили (волчанка) деб ташхис қўйишган. Бир неча ой ўтгач, укасининг хотини вафот этган. Ронда опамиз бўлиб ўтганлардан бироз ўзига келганда, доимий кашшофликни бошлаган. Бундан оз вақт ўтгач эса, унинг онаси ҳам ҳаётдан кўз юмган. Буларнинг барини енгишда Рондага нима ёрдам берган? У шундай деб тушунтирди: «Яҳова билан ҳар куни, ҳатто кичик қарорлар чиқаришдан олдин ҳам суҳбатлашардим. Бундай йўл тутиб, Яҳова мен учун янада қалин дўстга айланди. Мен ўзимга ёки бошқа одамларга эмас, Унга таянишни ўргандим. Аллоҳ берган кўмак чинакам эканини кўрдим, чунки У барча эҳтиёжларимга ғамхўрлик қилди. Натижада, Яҳова билан елкама-елка ҳамкорлик қилиш нималигини ўзимда ҳис қилдим».

Ҳатто оиладаги қийинчиликлар ҳам Яҳова билан бўлган муносабатларимизни синаши мумкин (14–16- хатбошиларига қ.)

14. Қариндоши жамоатдан четлатилган масиҳийлар нимада амин бўлишлари мумкин?

14 Бошқа бир вазиятни кўриб чиқайлик. Айтайлик, севимли қариндошингиз жамоатдан четлатилди. Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб, жамоатдан четлатилган кишига қандай муносабатда бўлиш кераклигини билиб олгансиз (1 Кор. 5:11; 2 Юҳан. 10). Лекин четлатилган кишига нисбатан чиқарилган қарорни қўллаб-қувватлаш гоҳида мушкулдай, ҳатто имконсиздай туюлар *. Жамоатдан четлатилиш ҳақидаги Муқаддас Китоб йўл-йўриғига қатъий амал қилишингиз учун самовий Отангиз мустаҳкам ирода беришига ишонасизми? Бунга, Яҳова билан яқин ришталарни ривожлантириб, муносабатларингизни мустаҳкамлаш учун имкониятдек қараяпсизми?

15. Нега Одамато Яҳованинг амрига итоатсизлик қилган?

15 Келинг, илк инсон Одамато ҳақида ўйлаб кўрайлик. У, Яҳовага итоатсизлик қилиб ҳам яшашда давом этавераман, деб ўйлаганми? Йўқ, Худонинг Каломидан Одамато алданмаганини билиб оляпмиз (1 Тим. 2:14). Унда нега у итоатсизлик қилган? Одамато Момоҳаво берган мевани еганининг сабаби, у Яҳовадан кўра хотинини кўпроқ яхши кўрган. Одамато Тангри Таолога қулоқ солишнинг ўрнига, хотинининг айтганини қилган (Ибт. 3:6, 17).

16. Кимни кўпроқ севишимиз керак ва нега?

16 Бу, қариндошларимизни қаттиқ яхши кўрмаслигимиз керак деганими? Йўқ, албатта! Бироқ Яҳовага бўлган севгимиз кучлироқ бўлиши даркор (Матто 22:37, 38 ни ўқинг). Қариндошларимиз Яҳовага хизмат қиляптими ёки йўқми, бу уларнинг манфаати учун хизмат қилиши турган гап. Шундай экан, Яҳовага бўлган севги ва ишончингизни оширинг. Қариндошингиз жамоатдан четлатилгани дастидан қайғураётган бўлсангиз, қалбингиздагиларни Яҳовага ибодатда тўкиб-солинг * (Рим. 12:12; Филип. 4:6, 7). Ушбу қайғули вазиятни Яҳова билан муносабатларингизни янада мустаҳкамлаш учун қўлланг. Бу, Яҳова энг яхши ечимни кўрсатишига аминлигингизни кучайтиради.

КУТАЁТГАНИМИЗДА

Ваъзгўйликда фаол бўлиб, Яҳовага ишонаётганингизни кўрсатинг (17- хатбошига қ.)

17. Ваъзгўйликда фаол бўлсак, қандай қилиб Яҳовага ишонаётганимизни кўрсатамиз?

17 Павлус қай мақсадда «шер оғзидан» қутқарилган эди? Унинг ўзи: «Мен орқали воизлик тўла равишда бажарилиб, уни барча халқлар эшитиши учун»,— деб сабабини тушунтирган (2 Тим. 4:17). Биз ҳам Павлус сингари ваъзгўйлик билан банд бўлсак, Яҳова бошқа керакли барча нарсаларни «қўшимча қилиб» беришига ишонамиз (Мат. 6:33). Шоҳлик воизлари эканмиз, Яҳова бизни «хушхабарни ваъз қилишга яроқли» деб топган ва бизга Ўзининг «хизматдошларидай» қарайди (1 Салон. 2:4; 1 Кор. 3:9). Аллоҳ топширган ишда имкон қадар фаол бўлсак, вазиятнинг ечимини кутиш осонроқ кечади.

18. Қай йўсин Яҳовага бўлган ишончимизни ривожлантириб, У билан муносабатларимизни мустаҳкамлай оламиз?

18 Келинг, ҳозирнинг ўзида Худо билан муносабатларимизни мустаҳкамлайлик. Агар бизни нимадир ташвишга солса, буни Яҳовага янада яқинлашиш учун имкон деб билайлик. Аллоҳнинг Каломини ўқиш, тадқиқ қилиш, мулоҳаза юритиш, мунтазам ибодатлар ва маънавий тадбирларда фаол бўлиш орқали, Яҳова ҳозирги ва келажакдаги ҳар қандай ҳодисаларда бизни ташлаб қўймаслигига ишонаётганимизни кўрсатайлик.

^ 2- х.б. Павлус қутқарилган «шер оғзи» ибораси ҳам том маънони, ҳам рамзий маънони англатиши мумкин.

^ 10- х.б. Хасталик билан курашаётган масиҳийлар учун чоп этилган мақолалар уларга ғамхўрлик қилаётганларга ҳам ёрдам бера олади. «Уйғонинг!» журналининг 1997 йил 8 февраль (рус), 2000 йил 22 май (рус), 2001 йил 22 январь (рус) ва 1994 йил 8 февраль (ингл.) сонларига қ.

^ 12- х.б. Исмлар ўзгартирилган.

^ 16- х.б. Қадрли қариндоши Яҳовадан юз ўгирганда, садоқатли масиҳийлар буни енгиб ўтишларига ёрдам бериш ниятида мақолалар чоп этилган. «Қўриқчи минораси»нинг (рус) 2006 йил 1 сентябрь сонидаги 17–21- саҳ. ва 2007 йил 15 январь 17–20- саҳ. қ.