ТАШКИЛОТИМИЗ АРХИВИДАН
У, қаҳвахонада севги ҳукм сураётганини кўрган
ТАНГРИ ЯҲОВАНИНГ дастурхонидан биргаликда баҳраманд бўлиш доим қувонч келтирган. Худонинг халқи маънавий зиёфатга йиғилганда, жисмоний озуқани баҳам кўриш хурсандчилик учун яна бир сабаб бўлади.
1919 йили сентябрь ойида Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари Сидар-Пойнтда (АҚШ, Огайо штати) саккиз кунлик анжуман ўтказишган. Анжуман иштирокчилари учун меҳмонхоналарда хона ва овқат берилишига ғамхўрлик қилинган, аммо кутилгандан ҳам кўпроқ минглаб одамлар келишган. Шу қадар кўп одамларни кўриб, барча официантлар ишдан бўшашган. Ноилож қолган қаҳвахона бошқарувчиси анжуманга келган ёшларни ёрдамга чақирганда, кўпчилик тайёрлик ила рози бўлган. Сейди Грин опамиз улардан бири эди. У шундай деб бўлишди: «Ўшанда илк бор официантлик қилганман, аммо вақтимиз чоғ ўтган».
Кейинги йилларда, қаҳвахона ташкил этилгани, кўп бахтли ихтиёрий хизматчиларга биродару опа-сингилларига хизмат қилиш имконини берган. Имондошлар билан меҳнат қилиш анчагина ёшлар маънавий мақсадлар қўйишларига кўмаклашган. 1937 йили анжуманда Глэдис Боултон опамиз қаҳвахонада хизмат қилган. «Турли жойлардан келган одамлар билан танишиб, улар ўз муаммоларини қандай енгишаётганини эшитганман. Ўша пайтда биринчи бор, менда кашшоф бўлиш истаги уйғонган»,— деб айтди у.
Анжуман иштирокчиси Бьюла Кови опамиз шундай деди: «Ишчиларнинг фидокорлиги туфайли ҳамма нарса соат механизмидай аниқ бўлган». Лекин бу ишда ўзига яраша қийинчиликлар ҳам юзага келган. 1969 йили Анжело Манера исмли биродаримиз Дожер ўйингоҳига (Лос-Анжелес, Калифорния) етиб келгандагина, қаҳвахонада хизмат қилишга тайинланганини билиб олган. У: «Бундан роса ҳайратда қолганман!» — деган. Бу анжуманга тайёргарлик кўраётиб, ошхонага газ ўтказиш учун узунлиги 400 метр келадиган зовур қазиш керак бўлган.
1982 йили Сьерра-Леонеда меҳнатсевар ихтиёрий хизматчилар аввало ҳудудни тозалаб, кейин эса қўлидаги бор қурилиш материалларидан фойдаланиб қаҳвахонани қуришган. 1951 йили Франкфуртда (Германия) топқир биродарлар, овқат тайёрланадиган 40 та қозонни буғ билан таъминлаш учун паровозни ижарага олишган. Хизматчилар бир соат ичида 30 000 кишига овқат тарқатишган. Идиш
ювиш бўлимидаги 576 та хизматчининг ишини енгиллаштириш мақсадида, анжуман иштирокчилари ўзлари билан пичоқ ва санчқиларини олиб келишган. Янгонда (Мьянма) фаросатли ошпазлар халқаро анжуман иштирокчилари учун тайёрланган таомларга одатдагидан камроқ аччиқ зиравор солишган.«УЛАР ОВҚАТНИ ТИК ТУРИБ ЕЙИШАРКАН»
1950 йили Қўшма Штатлардаги анжуманга келган Энни Погинси опамиз кўп барака кўрган. У қаҳвахонага кириш учун жазирамада навбатда турганини эслаб, шундай деди: «Бутун диққатим, Европадан кемада келган иккита опанинг илиқ суҳбатига қаратилганди». Уларнинг ҳар бири анжуманга келиши учун Яҳова қандай кўмаклашганини айтиб беришаётган экан. «Ўша ерда бу опалардан бахтлироқ одам йўқ эди. Улар учун навбатда кутишнинг ҳам, жазирама иссиқнинг ҳам аҳамияти бўлмаган»,— деб қўшиб қўйди Энни.
Катта анжуманларда улкан қаҳвахона палаткаларида тик туриб овқатланиш учун столлар узун бир қаторда қўйиларди. Бу эса келганларни тезда овқатланиб, жойини бошқаларга бўшатишга ундарди. Ахир, яна қандай қилиб тушлик давомида минглаб одамларни озиқлантириб бўларди?! Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган бир киши шундай деб айтган: «Бу ўзгача дин экан. Улар овқатни тик туриб ейишаркан».
Ҳарбийлар ва ҳукумат, эпчиллик ва тартибни кўриб қойил қолишган. Америка қуролли кучларининг ходимлари Янки ўйингоҳидаги (Нью-Йорк) қаҳвахонамизни кўздан кечиргач, Британия қуролли кучларининг майори бўлган жаноб Фолкнерни ҳам Яҳова Шоҳидларининг анжуманига бориб кўришга ундашган. Шунинг учун, у ва хотини 1955 йили Туинкенемда (Англия) ўтказилган «Ғолибона Шоҳлик» номли анжуманга ташриф буюришган. У, қаҳвахонада севги ҳукм сураётганини кўрганини бўлишган.
Ўнлаб йиллар мобайнида, ихтиёрий хизматчилар анжуманга келганлар учун меҳр ила тўйимли ва унча қиммат бўлмаган таомларни тайёрлашган. Аммо одатда бу улкан вазифани бажаришда кўпгина ихтиёрий хизматчиларга эҳтиёж бўлган. Улар соатлаб ишлашгани сабабли, дастурни қисман ёки бутунлай эшитмай қолишарди. 1970 йилларнинг охирига келиб, анча жойларда анжуманда озиқ-овқат тайёрлаш соҳаси соддалаштирилди. Кейинчалик, 1995 йилдан бошлаб анжуман иштирокчиларидан ўзлари билан овқат олиб келишни сўрашган. Бу, овқат тайёрлайдиган ишчиларга ҳам маънавий дастур ва имондошлари билан суҳбатлашишдан баҳраманд бўлиш имконини берди *.
Имондошларига жон куйдириб, хизмат қилганларни Яҳова ниҳоятда қадрлаши шубҳасиз! Айримлар, қаҳвахонада ишлаб ўтказган ўша шодон кунларини соғинишар. Аммо шуниси аниқки, севги ҳамон анжуманларимизнинг ажралмас қисмидир (Юҳан. 13:34, 35).
^ 12- х.б. Ихтиёрий хизматчилар учун анжуманнинг кўпгина бошқа бўлимларида ёрдам бериш имкони ҳали ҳам мавжуд.