Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Йўаннадан қандай ўрнак олсак бўлади?

Йўаннадан қандай ўрнак олсак бўлади?

КЎПЧИЛИК, Исонинг 12 та ҳаворийси бўлганини билади. Бироқ улар, Исонинг шогирдлари қаторига у билан яқиндан ҳамкорлик қилган аёллар ҳам кирганидан бехабар бўлишлари мумкин. Шогирдлар орасида Йўанна исмли аёл бўлган (Мат. 27:55; Луқо 8:3).

Хўш, Йўанна Исонинг хизматига қай йўсин ҳисса қўшган ва биз учун бу қандай ўрнак?

ЙЎАННА КИМ ЭДИ?

Йўанна «Ҳироднинг уй бошқарувчиси Хузанинг хотини» эди. Эҳтимол, Хуза Ҳирод Антипанинг уйидаги юмушларга масъул бўлгандир. Йўанна, Исо касалликлардан халос этган бир нечта аёллардан бири эди. У бошқа аёллар қатори, Исо ҳамда унинг ҳаворийлари билан бирга ваъзгўйлик сафарларига борган (Луқо 8:1–3).

Яҳудий дин пешволари, агар эркак киши қариндоши бўлмаса аёл у билан гаплашмаслиги кераклигига ўргатишарди. Уларнинг бирга саёҳат қилишларини-ку айтмаса ҳам бўлади. Дарҳақиқат, яҳудий эркаклар аёлларга деярли гапиришмасди. Бу каби урф-одатларга қарамай, Исо Йўаннага ва бошқа художўй аёлларга у билан сафарга боришга ижозат берган.

Атрофдагиларнинг гап-сўзига қолиб кетишдан қўрқмай, у Исо ва ҳаворийлар билан ҳамкорлик қилган. Умуман олганда, Исо билан Худога хизмат қилмоқчи бўлган кишилар кундалик ҳаётини тубдан ўзгартиришга тайёр туришлари керак эди. Дарвоқе Исо, шу сингари издошлари тўғрисида қуйидагича деган: «Менинг онам ва укаларим — Тангрининг каломини тинглаб, уни бажо келтирувчилардир» (Луқо 8:19–21; 18:28–30). Исо, унинг изидан юриш мақсадида фидойиликка бораётган кишиларни ўзига шу қадар яқин тутаётганини билиш, сизга далда бахш этаётгандир, шундай эмасми?!

ЙЎАННА «ЎЗ МОЛ-МУЛКИНИ» САРФЛАРДИ

Йўанна ҳамда бошқа анчагина аёллар Исо ва унинг ҳаворийларига хизмат қилиш учун «ўз мол-мулкларини» сарфлашарди (Луқо 8:3). Бир ёзувчи қуйидагича фикр билдирган: «Луқо ўқувчиларига, ушбу аёллар овқат тайёрлагани, идиш-товоқ ювишгани ва йиртилган кийим-кечакларни ямаб беришгани ҳақида ҳеч нима ёзмаган. Эҳтимол, улар... қилишгандир, лекин Луқо буни аниқлаштирмаган». Ҳа, аёллар маблағи, нарсаси ёки мол-мулкини ҳамкорларини қўллаб-қувватлаш ниятида сарфлашган.

Гап шундаки, ваъзгўйлик сафарлари давомида на Исо, на унинг ҳаворийлари пул топиш мақсадида бирон иш қилишмаган. Шу боис, эҳтимол 20 кишидан иборат бу гуруҳни барча нарса билан таъминлаш учун, уларнинг қурби етмаган бўлиши мумкин. Гарчи, уларга меҳмондўстлик кўрсатилган бўлса-да, Исо ва ҳаворийлари «пул қутисига» эга бўлишган. Бу, бошқалар уларни доим меҳмон қилишларини кутишмаганини кўрсатиб турибди (Юҳан. 12:6; 13:28, 29). Йўанна ва бошқа аёллар харажатларни қоплаш мақсадида, хайр-эҳсон қилишгани эҳтимолдан йироқ эмас.

Айримлар, яҳудий аёллар бирон маблағ ёки мол-мулкка эга бўлишмаган, дея эътироз билдиришади. Аммо баъзи қадимий манбаларга кўра, яҳудийлар орасидаги аёлларда қуйидаги сабаблардан келиб чиққан ҳолда маблағи бўлгандир: 1) отаси оламдан ўтса ва ака-укалари бўлмаса, мерос унга ўтарди, 2) унга ҳадя этилган мол-мулк, 3) ажрашадиган бўлса, никоҳ шартномасида белгиланган пул, 4) ҳаётдан кўз юмган эрининг бор-буди, 5) ўзи меҳнат қилиб топган пул.

Шубҳасизки, Исонинг издошлари имкон борича хайр-эҳсон қилишган. Уларнинг қаторида бой-бадавлат аёллар ҳам бўлгани эҳтимолдан йироқ эмас. Йўанна ўзига тўқ ёки Ҳирод уйи бошқарувчисининг хотини бўлгани сабаб, айримлар у бадавлат бўлганини таъкидлашади. Унга ўхшаш бирон инсон, Исони қимматбаҳо чоксиз кийим билан таъминлагандир (Юҳан. 19:23, 24). Бир ёзувчи фикр билдиришича, «балиқчиларнинг хотинларида бундай кийим-кечак бўлмагани аниқ».

Муқаддас Ёзувларда, Йўанна хайр-эҳсон қилгани тўғрисида ҳеч қаерда айтилмаган. Аммо у имкони борича барча нарсани қилган ва бу биз учун яхши сабоқ. Шоҳлик манфаатларини қўллаб-қувватлаш ниятида, бирон нима берамизми ёки йўқми, барчаси ўзимизга боғлиқ. Энг асосийси, Худонинг хизматида қўлимиздан келганини хурсандчилик ила бажариш муҳим (Мат. 6:33; Марк 14:8; 2 Кор. 9:7).

ИСОНИНГ ЎЛИМИ ВА КЕЙИНГИ ҲОДИСАЛАР

Исо қатл этилганда, Йўанна бошқа аёллар қатори у ерда бўлгандир. Улар «Исо Жалилада бўлганида, унга хизмат қилиб, ҳамроҳ бўлишган эди. Шунингдек, Исо билан бирга Қуддусга келган бошқа аёллар ҳам бор эди» (Марк 15:41). Исонинг жасадини кўмиш учун устундан олишганда, «Исо билан Жалиладан келган аёллар ҳам, қабрни ва жасад қандай қўйилганини кўриш учун ўша ерга боришди. Сўнг улар хушбўй ўтлар ва мойни тайёрлаб келиш учун қайтиб кетишди». Луқо ўша аёллар тўғрисида ёзган. Улар, яъни «магдалалик Марям, Йўанна, Ёқубнинг онаси Марям» Шаббат кунидан кейин қайтиб келишгач, Исонинг тирилгани ҳақида айтган фаришталарни кўришди (Луқо 23:55–24:10).

Йўанна ва бошқа художўй аёллар Ҳазрати учун қўлидан келганини қилишган

Йўанна, Қуддусда мил. 33 йили Ҳосил байрамида бирга йиғилган шогирдлар, жумладан Исонинг онаси ҳамда укалари орасида бўлгандир (Ҳавор. 1:12–14). Балки эри туфайли, у Ҳирод Антипанинг ҳаёти борасида батафсил маълумотга эга бўлгандир. Шу боис, Луқо Йўаннадан айрим тафсилотларни сўраб билгани эҳтимолга яқин. Шуни айтиш жоизки, Инжил ёзувчиларнинг ичидан фақат Луқо Йўаннани исми бўйича тилга олган (Луқо 8:3; 9:7–9; 23:8–12; 24:10).

Йўанна тўғрисидаги ҳикоя, бизни чуқур маъноли баъзи сабоқларга ўргатмоқда. Исога хизмат қилиш мақсадида, у имкон қадар энг яхшисини қилган. Унинг хайр-эҳсонлари Исо, ҳаворийлар ва бошқа шогирдлар саёҳат қилиб, бирга ваъз қилишларига қўл келганидан ўзини бахтиёр ҳис этгани турган гап. Йўанна Исога хизмат қилган ва қийинчиликларга қарамай, унга содиқ бўлган. Ҳа, масиҳий аёллар унинг нуқтаи назарига тақлид қилишса арзийди!