Ўз тақдирингиз ўз қўлингиздами?
Ўз тақдирингиз ўз қўлингиздами?
ТАҚДИРИНГИЗ белгиланганми ва нимаики қилмасангиз ҳечам пешонада ёзилганидан қоча олмайсизми?
Ёхуд тақдирни ўз қўлингиз билан барпо этиш имконига эгамисиз? Масалан ўз ҳаракатларингиз билан бирон-бир мансабга эришиб, тақдирингизни ҳал қила оласизми? Умуман олганда, Аллоҳ инсоният ҳақида қилган ниятини рўёбга чиқариш учун, тақдирдан ёки одамнинг ирода эркинлигидан фойдаланадими? Муқаддас Китоб бу саволларга қониқарли жавоблар бермоқда.
Тақдир ва ирода эркинлиги: қай бири тўғри?
Келинг, Аллоҳ Таоло Яҳова бизни қандай яратганига диққат қаратайлик. Тавротда бундай сўзларни ўқиймиз: «Худо одамни Ўз суратида, илоҳий суратда яратди» (Ибтидо 1:27). Биз Худонинг суратидай яратилганимиз, том маънода Аллоҳ каби эканимизни англатмаса-да, У каби севги, адолат, донолик ва қудрат фазилатларни акс эттиришимиз мумкин. Аммо бундан ташқари ирода эркинлигига, яъни танлаш ҳуқуқига эгамиз. Айнан бу билан одам барча махлуқотдан устун туради. Ҳа, Аллоҳнинг ахлоқий қоидаларига риоя қилиш ёки уларни рад этиш фақат одамга насиб этилган. Шуни назарда тутиб, Мусо пайғамбар халойиқ олдида қуйидагини айтди: «Мен олдингизга ҳаёт ва ўлимни, барака ва лаънатни қўйдим. Ҳаётни танланг. Шунда ўзингизу авлодларингиз яшайсизлар. Худойингиз — Яҳовани севиб, Унинг овозига қулоқ солинг» (Амрлар 30:19, 20, ЯДТ).
Аммо буни таъкидлаш керакки, ирода эркинлиги тўлиқ равишда эркинликни назарда тутмайди. Масалан бутун коинотда мувозанатни сақлаб турувчи табиат ва ахлоқ қоидаларига тобемиз. Агар буни инобатга олмай, уларни бузсак оқибати ёмон бўлиши турган гап. Фақат ўйлаб кўринг, агар кимдир тортишиш қонунини менсимай баланд бинодан ўзини ташласа, нима бўларди? (Одамнинг танлаш имконияти борлиги жиддий масъулият юклайди. Бу борада ёзувчи жаноб Корлис Лаймонт бир мантиқий савол бермоқда: «Ё тавба, қандай қилиб одамни қилмишлари учун жазолаш ва бу билан биргаликда тақдирга ишониш мумкин?» Бу гапларда жон бордай кўриняпти. Дарҳақиқат, одам инстинкт, яъни онгсиз равишда туйғу билан ҳаракат қиладиган ҳайвондан ва муайян программаси бор бўлган машинадан фарқ қилади. Айнан ирода эркинлиги бизни ўз ишларимиз учун жавобгар қилиб қўяди.
Парвардигоримиз Яҳова туғилишимиздан олдин пешонамизга тақдирни ёзиб, кейин эса нотўғри қилмишларимиз учун бизни жазолаганда, бу ўта шафқатсиз ва ўта адолатсиз кўринмасмиди? Лекин Аллоҳ ҳеч қачон шундай йўл тутмайди, чунки «Худонинг Ўзи севгидир» ва «барча йўллари адолатлидир» (1 Юҳанно 4:8; Амрлар 32:4, ЯДТ). У бизга танлаш имконини бера туриб, сўнг ишларимиз эвазига «жаннатда роҳат кўришимизни ёки дўзахда куйишимизни» олдиндан белгиламайди. Демак, ирода эркинлигини тақдир билан ҳеч ҳам боғлаб бўлмайди.
Муқаддас Китоб аниқ кўрсатганидай, одам ўз танлови билан тақдирини ҳал қилади. Масалан, Аллоҳ одамларга мурожаат қилиб шундай деган экан: «Қабиҳ йўлларингиздан қайтинглар. Менинг амрларимга, фармонларимга итоат этинглар!» (4 Шоҳлар 17:13). Ўйлаб кўринг, агар тақдир пешонамизда ёзилган бўлса, унда Худо «қайтинглар», деб гапирармиди? Қолаверса, Аллоҳ Каломида бундай дейилгани ҳам бор: «Гуноҳларингизнинг ўчирилиши учун тавба қилинглар» (Ҳаворийлар 3:19). Ва яна бир бор, агар Худо одамларнинг қилмишларини олдиндан белгилаган бўлса, уларни тавба қилишга чақирармиди?
Инжилдан, Худо баъзи одамларни осмондаги ҳаёт учун танлаганини билиб оляпмиз (Матто 22:14; Луқо 12:32). Бироқ, агар улар Аллоҳга садоқат сақлай олишмаса, ушбу юксак мартабага эришмаслиги ҳам мумкин дея айтилади (Ваҳий 2:10). Энди ўйлаб кўринг, Худо Ўзи олдиндан танлаган кимсаларни огоҳлантирармиди? Исо алайҳиссаломнинг шогирди Павлуснинг сўзларига эътибор беринг: «Агар биз ҳақиқатни билиб олгандан кейин, қасддан гуноҳ қилишда давом этсак, энди гуноҳларнинг кечирилиши учун бошқа қурбонлик қолмайди» (Ибронийларга 10:26). Борди-ю, Худо танлаган кишиларнинг пешонасида тақдир ёзилган бўлса, Павлуснинг сўзлари беҳуда бўлмасмиди? Лекин Аллоҳ бундай одамлар бўлишини айтяпти-ку, буни қандай тушуниш мумкин?
Гуруҳ ёки шахсан кимлардир танланганми?
«Худога ҳамду санолар бўлсин! У Масиҳ орқали самовий оламда бизга ҳар хил руҳий қут-баракалар ато этди... У Масиҳ ҳақи бизга муҳаббат кўрсатиб, бизни дунё яратилишидан аввал танлади. Бизни мурувватига сазовор билиб, Исо Масиҳ орқали Ўзига ўғил қилиб олишга азалдан қарор қилди» (Эфесликларга 1:3–5). Хўш, бу сўзлар нима англатади ва Худо кимни «дунё яратилишидан аввал танлади»?
Ушбу оятдан, Одам Атонинг баъзи авлоди осмондан бошқариши учун Яҳова Таоло уларни танлаганини биламиз (Римликларга 8:14–17, 28–30; Ваҳий 5:9, 10). Бироқ, Худо бу одамларни ҳали туғилмасидан аввал танлагани, инсонларга танлаш имкониятини бергани билан қарама-қарши бўлиб чиқмаяптими? Ҳечам, чунки Аллоҳ аниқ бир шахсларни эмас, балки Масиҳ билан бирга бошқарадиган гуруҳ пайдо бўлишини белгилаб қўйган эди.
Бунга бир мисол келтирайлик. Бир давлатнинг ҳукумати муайян бир бошқарув тузумини ташкил этмоқчи бўлиб, унинг ишини, ҳуқуқларини ва қанча одам бу вазифани бажаришини олдиндан режалаштирди дейлик. Натижада бу тузум ишга тушди-да, баъзи ходимлари: «Ҳукумат ташкилотимизни олдиндан режалаштирган ва ҳар биримизнинг вазифаларимизни белгилаб берганди»,— деб айтишди. Лекин бу сўзлар, ҳукумат ушбу ташкилотнинг ҳар бир ходимини бир неча йил олдин аниқ белгилаб қўйганини англатмайди-ку! Худди шу каби Одам Ато гуноҳ қилганидан кейин, Аллоҳ Таоло Яҳова янги бир тузум барпо этмоқчи бўлди. У муайян ҳисобдаги одамлар бу тузумга киришини белгилади, аммо аниқ кимсаларни олдиндан танламади. Бу кишилар фақат кейинчалик бутун ҳаёти давомида қилган ишлари билан ушбу тузумга кириши ёки кирмаслигини кўрсатишарди.
Аммо Павлус «[Худо] бизни дунё яратилишидан аввал танлади», деган гаплари нимани англатади? Бу ердаги дунё деган сўзи, Парвардигор биринчи инсонларни, Одам Ато билан Момо Ҳавони яратганида пайдо бўлган дунёни англатмайди. Чунки у дунё гуноҳдан ҳоли бўлгани учун, «ҳаммаси жуда яхши» деб айтилганди (Ибтидо 1:31). У пайтда «гуноҳдан фориғ» бўлишнинг кераги йўқ эди (Эфесликларга 1:7).
Павлус айтган дунё, Одам Ато ва Момо Ҳаво Адан боғида исён кўтариб, илк номукаммал фарзандни дунёга келтирганида пайдо бўлди. Шундай қилиб инсоният гуноҳ ва ўлимга қул бўлиб, Худодан узоқлашган эди. Итоатсиз Одам Ато билан Момо Ҳаво асос солган ушбу дунёдан уларнинг фарзандлари энди қутулишга муҳтож бўлиб қолишди (Римликларга 5:12; 8:18–21).
Ушбу ўзгача вазиятни Аллоҳ Яҳова ҳал қилишга тушди. Исён содир бўлганидан кейин Худо инсониятни Одам Атонинг гуноҳидан озод этиш учун, янги бир тузум — Масиҳ бошчилигида бир шоҳлик ўрнатмоқчи бўлди (Матто 6:10). Ҳа, одамларни қутқариш учун, Одам Ато билан Момо Ҳавонинг болалари туғилмасидан олдин, яъни «дунё яратилишидан аввал» Аллоҳ янги бир тузум пайдо бўлишини белгилади.
Одамлар бирор нарсани қилишдан олдин одатда режалар қуради. Тақдир ҳақида таълимот ҳам Худонинг бутун оламга аниқ бир режалари бор эканини кўрсатади. Сўзлари ўтган мақолада келтирилган Рой Уэдерфорд бу ҳақда шундай деди: «Кўп файласуфларнинг фикрича, Қудратли Аллоҳ ҳар бир нарсани икир-чикиригача режалаштирмай
қўймайди». Чиндан ҳам Худога ҳар бир нарсага режа керакмикин?Тўлиқ билим ва донолик манбаи Аллоҳ Яҳова, ирода эркинлигига эга бўлган бандалари нимаики қилиб қўйишмасин, ҳар бир нарсанинг чорасини топа олади (Ишаё 40:25, 26; Римликларга 11:33). Бу учун Худо ҳатто ўйлаб ўтирмади. Имкониятлари чегараланган одамдан фарқли равишда Қодир Аллоҳга икир-чикиригача режа қуриш ва тақдирни пешонага ёзиш шарт эмас (Ҳикматлар 19:21). Мана нима сабабдан Инжилнинг бир оятида Худонинг режаси эмас, балки «азалий мақсади» ҳақида гап кетяпти (Эфесликларга 3:11).
Ўз тақдирингизни ўзингиз ҳақ қилинг
Аллоҳнинг инсоният учун азалий мақсади бўлган ва бу мақсади ўзгармас. Инжилнинг Ваҳий деган китобнинг 21- боби, 3- ва 4- оятларида бу мақсад ҳақида шундай ёзилган: «Улар Худонинг халқи бўлгай, Худонинг Ўзи улар ичра маскан қилгай. Худо уларнинг кўзидаги ҳар бир ёшни артиб олур. Энди ўлим сира бўлмас. Ҳузун ҳам, фарёд ҳам, оғриқ ҳам бўлмас. Зеро аввалгилар ўтиб кетди». Фақат тасаввур қилинг, бутун ер юзи жаннатга айланади. Буни Аллоҳ азалдан ният қилган эди (Ибтидо 1:27, 28). Худо жаннатни ваъда қиляпти экан, сиз жаннатда яшашни хоҳлайсизми? Бу танловингизга боғлиқ. Сабаби Аллоҳ Яҳова тақдирингизни пешонангизга ёзмай, сизга қўйиб берган.
Жаннатда яшашингиз учун Аллоҳ ҳатто Ўзига Ўғил * каби азиз бўлган Зот — Исо Масиҳни қурбон тариқасида берган. Бу орқали эса барчага жаннатда абадий яшаш истиқболи очиляпти (Юҳанно 3:16, 17; Ҳаворийлар 10:34, 35). Шу учун Муқаддас Китобда қуйидагиларни ўқиймиз: «Кимки Худо Ўғлига ишонса, абадий ҳаётга эришади. Ўғилга ишонмаган одам эса ҳаёт кўрмайди» (Юҳанно 3:36). Ҳаётни танламоқчи бўлсангиз, Таврот, Забур ва Инжил ёрдамида Аллоҳ, Унинг ниятлари ва бу ниятларда Исо Масиҳнинг ўрни ҳақида билиб олишга ҳаракат қилинг. Билганларингизни амалда қўллашга бел боғланг. Чунки илоҳий доноликка «қулоқ солганлар осойишта ҳаёт кечиради, ёмонликнинг ваҳимасидан халос бўлади» (Ҳикматлар 1:20, 33).
[Изоҳ]
^ Исо Худонинг ижоди бўлгани сабабли Ўғил деб айтилишга муносиб.
[5- саҳифадаги расмлар]
Ҳайвондан фарқли равишда одам ўз ишлари учун жавобгар
[Расм манбаи]
Eagle: Foto: Cortesía de GREFA