Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Никоҳнинг биринчи йилидаги қийинчиликлар

Никоҳнинг биринчи йилидаги қийинчиликлар

Оилавий бахтнинг сирлари

Никоҳнинг биринчи йилидаги қийинчиликлар

Эр: «Мен ва хотиним умуман бошқа-бошқа инсон эканмиз. Масалан, мен каллаи саҳарлаб уйғонишни хуш кўрсам, у эса уйқудан кеч туришни яхши кўради. Кайфияти об-ҳаводай ўзгариб туришини айтмайсизми! Ҳа, яна битта нарса — мен овқат пиширсам ва айниқса идиш артадиган сочиқ билан қўлимни артсам, тамом, танқид бошланади».

Хотин: «Бизнинг оиладагилар, айниқса дастурхон атрофида йиғилганда суҳбат қуришни яхши кўришади. Эрим бўлса, камгап инсон. У овқат пиширган вақтлари, идишни ҳам, қўлини ҳам, битта сочиқ билан артади! Бундан эса, роса ғашим келади! Наҳотки буни тушуниш шунчалик қийин бўлса? Ҳайронман, одамлар қандай қилиб никоҳда бахтли бўла олишар экан?»

АГАР яқинда турмуш қурган бўлсангиз, бундай қийинчиликка сиз ҳам дуч келаётгандирсиз? Никоҳдан аввал умр йўлдошингиз бекаму кўст бўлиб кўрингандир. Тўйдан сўнг эса, камчилик ва заифликлари пайдо бўлиб қолгандек туюлмаяптими? Хўш, ҳаётдаги янги қийинчиликларни қандай қилиб енгса бўлади? (1 Коринфликларга 7:28).

Нима деб ўйлайсиз, турмуш қургандан сўнг оилавий ҳаётда дарҳол тажрибали бўлиб қоламизми? Тўғри, учрашиб юрган пайтингизда унча-мунча соҳада, масалан мулоқот қилишда маҳоратингизни оширган бўлишингиз мумкин. Бироқ, ушбу маҳоратларингиз оилавий ҳаётда яхшигина синалади. Эҳтимол, янги нарсаларни ҳам ўрганишга тўғри келар. Хатоларни четлаб ўтишнинг имкони борми? Йўқ, албатта. Муҳим бўлган маҳоратни-чи, ошира оласизми? Шак-шубҳасиз!

Маҳоратни ривожлантиришнинг энг яхши усули, мутахассис билан маслаҳатлашиб, унинг айтганларига риоя қилишдир. Никоҳ борасида энг яхши мутахассис эса, Худованд Яҳовадир. Нега деганда, Унинг Ўзи оила қуриш истагини қалбимизга жо қилган (Ибтидо 2:22–24). Агар Унинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобга эътибор қаратадиган бўлсак, никоҳда кўп йиллар давомида асқатадиган маслаҳатларни топишимиз мумкин.

1- МАҲОРАТ. МАСЛАҲАТЛАШИШНИ ЎРГАНИНГ

Қийинчиликлар. Япониялик Кейзи * исмли бир киши, қабул қилган қарорлари, хотинига ҳам тегишли эканини эсидан чиқариб тураркан. Бу ҳақда у шундай фикр билдирди: «Мен бирор-бир қарор чиқаришдан олдин хотиним билан маслаҳатлашмас эдим. Кейин билсам, бу ишим унга унча ёқмас экан». Австралиялик Аллен эса мана буларни айтиб берди: «Ҳақиқий эркак хотини билан маслаҳатлашмайди, деб ўйлардим». У шундай тарбия кўргани учун бундай муаммога дуч келган. Бунга ўхшаш муаммо, Буюк британиялик Дайаннада ҳам бўлган экан. Бу аёл қуйидагиларни сўзлаб берди: «Мен ҳамиша ота-онам билан маслаҳатлашишга кўникиб қолгандим. Шунинг учун, бирорта масалани ҳал қилмоқчи бўлсам, эрим билан эмас, балки улар билан маслаҳатлашардим».

Муаммонинг ечими. Шуни ҳам ёдингизда тутингки, турмуш қурганлар Яҳова Таолонинг назарида «бир тан бўладилар» (Матто 19:3–6). Худо учун, эр-хотин орасидаги муносабат, қариндош ёки дўстларнинг ўртасидаги муносабатдан ҳам устун туради. Никоҳ ришталарини мустаҳкам сақлаш учун, очиқ мулоқот қилиш керак.

Худованд Яҳова Иброҳим Халилуллоҳ билан қандай мулоқот қилганидан эр ҳам, хотин ҳам, сабоқ олишлари мумкин. Мисол учун, Тавротда Аллоҳ Иброҳимга қуйидаги учта соҳада илтифот кўрсатгани тўғрисида баён этилган: 1) Яҳова нима қилмоқчи эканини гапириб берган; 2) Иброҳим ўз фикрини айтганда, Яҳова уни диққат ила тинглаган; 3) Яҳова Таоло Иброҳимнинг илтимосини инобатга олиб, имкон қадар Ўз қарорини ўзгартиришга тайёр бўлган (Ибтидо 18:17–33). Хўш, турмуш ўртоғингиз билан маслаҳатлашаётиб, қандай қилиб Яҳованинг намунасига тақлид қила оласиз?

МАСЛАҲАТ. Умр йўлдошингизга тааллуқли бўлган бирор масала ҳақида маслаҳатлашаётиб: 1) ушбу вазиятда қандай йўл тутиш маъқул эканини айтинг, аммо буни сўзсиз қабул қилинадиган қарор сифатида эмас, балки таклиф тариқасида гапиринг; 2) турмуш ўртоғингизнинг фикрини ҳурмат қилиб, у ҳам фикр билдиришга ҳақли эканини эсдан чиқарманг; 3) жуфти ҳалолингизнинг нуқтаи назарини ҳам инобатга олсангиз мулоҳазакор эканингиз намоён бўлади (Филиппиликларга 4:5).

2- МАҲОРАТ. ХУШМУОМАЛАЛИКНИ ЎРГАНИНГ

Қийинчиликлар. Қуш уясида кўрганини қилади деганларидек, баъзилар кўрган тарбияси ёки маданияти туфайли қўпол муомала қилишга ўрганиб қолади. Масалан, европалик Лайамни оладиган бўлсак, у шундай сўзларни айтди: «Мен туғилган ерларда қўрс муомала қилиш оддий ҳол бўлиб қолган. Мен ҳам шундай муомала қилиб хотинимнинг кўнглини оғритардим. Хуллас, мулойимроқ бўлиш учун феълимни ўзгартиришга тўғри келди».

Муаммонинг ечими. Ёдингизда бўлсин, сизнинг гапириш оҳангингиз, турмуш ўртоғингизга маъқул келмаслиги мумкин (Филиппиликларга 2:3, 4). Муқаддас Китобда: «Худонинг қули жанжалкаш бўлмаслиги керак. Аксинча у ҳамма билан мулойим... бўлсин»,— дейилган. Бу маслаҳат, яқинда турмуш қурганларга ҳам жуда асқатади (2 Тимўтийга 2:24). Мулойимлик — гап-сўз ва хатти-ҳаракатлари ниҳоятда ёқимли ва юмшоқ бўлишни англатади.

МАСЛАҲАТ. Умр йўлдошингиз сизни асабийлаштирганда, унга қўпол муомала қилиб қўйишингиз мумкин. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, яқин дўстингиз ёки ишхонадаги хўжайинингиз билан ҳам шундай оҳангда гаплашган бўлармидингиз? Ахир турмуш ўртоғингиз яқин дўстингиздан ҳам, хўжайинингиздан ҳам яхшироқ муомалага муносиб эмасми?! (Колосаликларга 4:6).

3- МАҲОРАТ. ЯНГИ ВАЗИФАЛАРИНГИЗНИ БАЖАРИШНИ ЎРГАНИНГ

Қийинчиликлар. Дастлаб, эр бошчилик вазифасини эҳтимол яхши даражада бажара олмас, хотин ҳам ўз истакларини балки мулойимлик билан айта олмас. Италиялик Антонионинг фикрига эътибор қаратинг: «Дадам ҳеч қачон ойим билан маслаҳатлашмасди. Шунинг учун, мен ҳам ўз оиламда ўзимга хон, ўзимга бек эдим». Канадалик Дебби эса, мана нима деди: «Мен эримдан ўта озодаликни талаб қилардим. Аммо буйруқ бериш оҳангида айтган гапларим, умуман самара бермасди».

Эрлар учун. Айрим эрлар, Аллоҳнинг Каломида хотиндан талаб қилинган бўйсуниш билан фарзандларнинг итоаткорлиги орасидаги фарқни кўра олишмайди (Колосаликларга 3:20; 1 Бутрус 3:1, 2). Масалан Муқаддас Китобда, эр «хотинига ёпишиб қолади ва иккови бир тан бўлади», деб ёзилган. Лекин ота-она билан фарзандлар ҳақида бундай дейилмаган (Матто 19:5). Яҳованинг назарида хотин ўз эри учун мададкор, яъни муносиб шерик ҳисобланади (Ибтидо 2:18). Аммо фарзанд ота-она учун муносиб шерик деб айтилмаган. Сизнингча, эр ўз хотини билан болалар каби муомала қилса, бундай эрни никоҳга ҳурмат кўрсатяпти деса бўладими?

Аллоҳнинг Каломида айтилишича, Масиҳ жамоатга қандай муносабатда бўлган бўлса, эр ҳам хотинига шундай муносабатда бўлиши лозим. Хотин ўз эрини бош сифатида кўриши учун эр қуйидаги иккита нарсага эътибор қаратиши лозим: 1) у хотинининг сўзсиз ва зудлик билан бўйсунишини кутмаслиги керак ҳамда 2) қийин дамларда ҳам хотинини ўз танасини севгандай севиши даркор (Эфесликларга 5:25–29).

Хотинлар учун. Эри Худо томонидан тайинланган бош эканини, хотин тан олиши лозим (1 Коринфликларга 11:3). Шундай экан, эрига илтифот кўрсатиш орқали, Худога ҳурмат кўрсатган бўлади. Ва аксинча, эрининг ҳурматини жойига қўймаган хотин, Худони ва Унинг қонун-қоидаларини ҳам писанд қилмаган бўлади (Колосаликларга 3:18).

Муҳим масалаларни муҳокама қилаётганингизда, эрингизнинг хулқ-атворини тузатишга эмас, балки муаммони ҳал қилишга интилинг. Мисол учун, қадим замонларда яшаган Эстер исмли малика, эри бўлмиш шоҳ Ахашвераш адолат ўрнатишини хоҳлаганди. Ўшанда малика эрини танқид қилмай, унга ҳурмат ила ўз ташвишларини айтган эди. Шоҳ ҳам хотинининг ҳиссиётларини тушунган ҳолда, оқилона қарор чиқарган (Эстер 7:1–4; 8:3–8). Хуллас, эр хотинини кўпроқ яхши кўриши учун аёллар ҳам иккита нарсага диққатли бўлишлари лозим: 1) эр оилада бошчилик қилишни яхшилаб ўрганиб олишига вақт бериши керак ҳамда 2) эр хатога йўл қўйганда ҳам унинг ҳурматини жойига қўйиши даркор (Эфесликларга 5:33).

МАСЛАҲАТ. Жуфти ҳалолингиз ўзгартириши керак бўлган хатоларини ўйлаб юргандан кўра, ўз камчиликларингизни қандай тўғрилаш борасида фикр юритсангиз мақсадга мувофиқ бўларди. Эрлар, қандай бошчилик қилаётганингиз мабодо хотинингизга унча маъқул келмаса, қайси соҳада ўзгаришингиз мумкинлиги борасида рафиқангиздан сўранг ва таклифини ёзиб қўйинг. Хотинлар, агар эрингиз унга муносиб равишда ҳурмат кўрсатмаётганингизни айтса, қайси соҳада ўзгаришингиз мумкинлиги борасида хўжайинингиздан сўранг ва таклифини ёзиб қўйинг.

Ўта талабчан бўлманг

Бахтли никоҳ ришталарини сақлашни ўрганишни, велосипед ҳайдаш билан таққослаш мумкин. Киши велосипед ҳайдашни энди ўрганаётганида, аввалига йиқилиб тушиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Лекин кейинчалик яхши минишни ўрганиб оласиз. Шунга ўхшаб, турмушингизнинг илк дамларида хатоларга йўл қўйишингиз мумкин, аммо вақт ўтгани сайин тажрибангиз ошиб бораверади.

Ҳа айтгандек, ҳазил-мутойиба қилишни ҳам унутманг. Рафиқангизнинг эҳтиёжларига жиддий қарашга ҳаракат қилинг ва шу билан биргаликда ўз хатоларингиз устидан ҳам кулишни ўрганинг. Боз устига, умр йўлдошингизни айниқса, никоҳнинг биринчи йилида хурсанд қилиб туришни ҳам унутманг (Амрлар 24:5). Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Каломидан йўл-йўриқ излаб турсангиз, никоҳингиз йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораверади.

[Изоҳ]

^ Баъзи исмлар ўзгартирилган.

ЎЗИНГИЗДАН СЎРАНГ...

▪ Кўнглим тубидаги ҳиссиётларимни турмуш ўртоғим билан бўлишаманми ёки бошқа биров биланми?

▪ Жуфти ҳалолимни севишимни ва уни ҳурмат қилишимни бугун кўрсата олдимми?

[27- ва 28- саҳифадаги рамка ва расмлар]

Муқаддас Китоб оиламизни сақлаб қолди

Япониялик Тору билан Акико бир-бирларини севиб турмуш қуришганди. Аммо саккиз ой ўтар-ўтмас улар ажралишга қарор қилишди. Бу ҳақда уларнинг ўзи қуйидагиларни айтиб беришди.

Тору: «Илгари бир биримизга мос келамиз деб ўйлардим, аммо бундай бўлиб чиқмади. Масалан, мен спорт кўрсатувларини кўришни ёқтирардим, у эса сериалларни томоша қилишни хуш кўрарди. Мен уйда ўтиришни яхши кўрмасам, у эса кўчага чиқишни ёқтирмасди».

Акико: «Тору мен билан маслаҳатлашишнинг ўрнига ота-онасининг гапидан чиқмасди. Бир куни: “Сиз учун онангиз муҳимми ёки менми?” — деб сўрадим. Бунинг устига, эрим бор гапни менга очиқ-ойдин гапирмас экан. Ёлғон кетидан ёлғон келиб чиқишини ва агар буни бас қилмаса оиламиз бузилиб кетишини айтдим».

Тору: «Ўзимни қўярга жой тополмай охири мендан ёши улуғроқ бир ҳамкоримдан маслаҳат сўрадим. У менга: “Хотинингга айт чакагини ёпсин, агар ғинг-пинг қиладиган бўлса башарасига сол”,— деб айтди. Бир куни шундай ҳам қилдим, Акикони юзига тарсаки тушириб, столни тўнтариб юбордим. Қаттиқ жанжалдан сўнг хотиним уйдан чиқиб кетди. Кейин унинг орқасидан Токиодаги меҳмонхонага бордим. Иккаламиз ажрашадиган бўлдик. Эрталаб ишга чиқиб кетганимда, у нарсаларини йиғиштира бошлади».

Акико: «Нарсаларимни йиғиштириб, энди чиқиб кетаман десам, эшик тақиллаб қолди. Очиб қарасам, Яҳованинг Шоҳиди бўлган бир аёл турган экан. Уни ичкари ўтишга таклиф қилдим».

Тору: «Ишга етиб борганимда ажралиш ҳақидаги фикрдан қайтган эдим. Шунинг учун шоша-пиша уйга равона бўлдим. Уйга кириб қарасам, Акико бир аёл билан гаплашиб ўтирган экан. Ўша аёл менга қараб: “Иккалангиз ҳамжиҳатлик билан иш тутсангиз яхши бўларди. Муқаддас Китоб тадқиқини бошлашга қандай қарайсизлар?” — деди. Мен эса: “Оиламиз сақланиши учун ҳамма нарсага тайёрман!” — деб жавоб бердим».

Акико: «Бу аёл биз билан тадқиқни олиб боришларига ғамхўрлик қилди. Муқаддас Китобнинг: “Киши ота-онасини қолдириб, ўз хотинига ёпишиб қолади ва иккови бир тан бўладилар”,— деган сўзларига эътибор қаратганимизда оиламиздаги муҳит яхшилана борди» (Ибтидо 2:24).

Тору: «Мен ота-онамга дангалига шундай дедим: “Бундан буён бирор қарор чиқаришдан аввал хотиним билан маслаҳатлашаман”. Шунингдек спиртли ичимликларни суиистеъмол қилишни тўхтатдим. Боз устига, Аллоҳ ёлғондан нафратланишини билганимда, фақат рост гапирадиган бўлдим».

Акико: «Мен ҳам ўзгардим. Масалан илгари Тору билан тез-тез баҳслашардим. Аммо у Муқаддас Китобдаги маслаҳатларни қандай қўллаётганини кўриб, уни қўллаб-қувватлашга тушдим (Эфесликларга 5:22–24). Мана 28 йилдирки бахтли оилалардан биримиз. Бир-биримизни яхшироқ таниб билишга ва Муқаддас Китобдаги доно маслаҳатларга риоя қилишга интилиб, барча қийинчиликларни енгишга муваффақ бўлдик».