Қобилнинг хотини қаердан пайдо бўлган?
Журналхонларнинг саволлари
Қобилнинг хотини қаердан пайдо бўлган?
▪ «Одам Ато билан Момо Ҳавонинг Қобил ва Ҳобил исмли икки ўғли бўлган бўлса, Қобилнинг хотини қаердан пайдо бўлган?» Кўпинча ушбу саволни Муқаддас Китобни инкор этиш учун беришса-да, бунга қониқарли жавоби бор.
Тавротдаги Ибтидо китобининг 3- ва 4- бобларида қуйидаги воқеаларни ўқиймиз: 1) Момо Ҳаво «ҳамма ҳаёт эгаларининг онаси бўлди». 2) Қобилнинг туғилиши ва у ўз укаси Ҳобилни ўлдириши орасида муайян вақт ўтган. 3) Қобил дарбадар бўлиб юрган пайтда, уни кимдир учратиб ўлдириб қўйишидан ташвишланган. 4) Қобилни бирон-бир қариндоши ёки бошқа биров ўлдириб қўйиши мумкинлигини билгани учун, Худо унга бир нишона қўйган. 5) Шундай қилиб, Қобил Нўд ерида ўрнашган ва хотинига яқинлашган (Ибтидо 3:20; 4:3, 12, 14–17).
Юқорида айтиб ўтилган фикрлардан кўриниб турибдики, Қобилнинг хотини, Момо Ҳавонинг номаълум вақтда туғилган зурриётидан бири бўлган. Одам Ато жами 930 йил яшаб, Ибтидо 5- боб 4- оятга биноан «кўп ўғиллар ва қизлар» кўрган. Тўғри, Қобил Момо Ҳавонинг қизини хотинликка олгани ҳақида Муқаддас Китобнинг ҳеч қаерида айтилмаган. Аммо Худонинг Каломида, Қобилнинг сарсон-саргардон бўлиб юрганидан анча кейин хотини эслатилганини инобатга олсак, у илк жуфтликнинг невараси ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун бир китобга кўра, Қобилнинг хотини «Одам Атонинг авлодидан бири бўлган» (The Amplified Old Testament).
Қолаверса, ўн тўққизинчи асрда яшаган бир илоҳиётшуноснинг таъкидлашича, Худо Қобилни ҳимоя қилиш мақсадида нишона қўйган пайтда, Одам Атодан бир неча насллар пайдо бўлиб, «ернинг у ёки бу жойларида одамлар ўрнашиб олган эди».
Одам Атонинг бошқа ўғил ва қизлари каби, Қобил ўзининг синглиси ёки жиянини хотинликка олиши, ҳозирги пайтда кўпчиликка ғайритабиий туюлиши мумкин. Нега деганда, бундай никоҳлардан ногирон фарзанд туғилишидан қўрқишади. Лекин Франк Лагард номли адиб бу ҳақда шундай ёзган эди: «Ўша пайтда, насл давом этиши учун қариндошлар бир-бири билан турмуш қуришарди ва эҳтимол кейингина опа ёки синглисини хотинликка олиш, нотўғри ҳисоблангандир» (The Narrated Bible in Chronological Order). Чиндан ҳам, миллоддан аввалги 1513- йилда Таврот қонуни берилгандагина, яқин қариндошлар аро никоҳлар қуриш тақиқланган (Левилар 18:9, 17, 24).
Мана минг йиллардирки, илк ота-онамиздан фарқли ўлароқ мукаммалликдан анча йироқмиз. Уларга таъсир қилмаган нарса, бизга таъсир қилиши мумкин. Аммо бунга қарамай, бир журналда айтилишича, бобоси ёки бувиси бир бўлган қариндошлар никоҳ қуришса, фарзандлари мажруҳ бўлиб туғилиш хавфи, одамлар ўйлаганидан кўра анча камроқ экан (Journal of Genetic Counseling). Қандай бўлмасин, бундай касалликлар Одам Ато даврида ва ҳатто Нуҳ пайғамбарнинг замонида содир бўлмаганида шак-шубҳамиз йўқ. Хулоса, Қобил ўз синглиси ёки бирон-бир жиянини хотинликка олган бўлиб чиқяпти.