1 Нега?
Ибодат
1 Нега?
ИБОДАТ. Ушбу мавзу одамларни қизиқтирадиган ва кўп саволларни туғдирадиган мавзулардан биридир. Келинг, ибодат ёки дуога оид еттита муҳим саволга Муқаддас Китоб қандай жавоб бераётганига эътибор қаратайлик. Келтирилган маълумот ибодат қилишни бошлашингизга ёхуд дуоларингиз мазмунлироқ бўлишига ҳисса қўшади деган умиддамиз.
БУТУН дунёда маданияти ва дини турли бўлган инсонлар ибодат қилишади. Масалан, масжидда, черковда, ибодатхонада ва синагогаларда якка ва кўпчилик ҳолда намоз, ибодат ва дуолар ўқишади. Бунда улар жойнамоз, тасбеҳ, хоч, ибодат китобчалари ҳамда ичига дуо қоғозчалари солинган туморлардан фойдаланишади.
Ҳа, бу билан инсон ер юзидаги барча жониворлардан фарқ қилади. Тўғри, баъзи нарсаларда ҳайвонлар билан ўхшашлигимиз бор. Масалан, биз ҳам туғиламиз, еймиз, ичамиз, нафас оламиз ва ниҳоят ҳаётдан кўз юмамиз (Воиз 3:19). Лекин фақатгина одам зоти ибодат қилишга қодир. Қизиқ, нима учун?
Содда қилиб айтганда, бу бизнинг эҳтиёжимиз. Дарҳақиқат, қадимдан одамлар илоҳий кучларга, мангу ва муқаддас ҳисобланган кимсаларга мурожаат қилишади. Шунинг учун Муқаддас Китобда инсон Худо қилган ишларни тушунишга интилгани ҳақида бежиз айтилмаган (Воиз 3:11). Қолаверса Исо пайғамбар: «Руҳан камбағал бўлганлар бахтлидир, чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир»,— дея айтганлар (Матто 5:3).
«Руҳан камбағал бўлганлар» ибораси, маънавий эҳтиёжи борлигини сезган кишиларни назарда тутади. Ахир, диний иншоотларнинг мавжудлиги ёки соатлаб қилинаётган ибодатлар маънавий эҳтиёжимиз борлигидан далолат эмасми? Айрим кишилар бу нарсаларсиз ҳам ҳар ким ўз маънавий эҳтиёжини қондиришга қодир деб ўйлашади. Аммо кўпинча одам бу масалада янглишади. Чунки осий банда заиф ва умри қисқадир. Маънавий эҳтиёжларни одамлардан донороқ, қудратлироқ, азалий ва абадий бўлган шахс қондира олади. Хўш, фақатгина маънавий эҳтиёжларни қондириш учун ибодат қилиш керакми?
Ўйлаб кўринг, наҳотки йўл-йўриқ ва доноликка муҳтож бўлмаган одам бор бўлса? Кимда ҳеч қачон саволлар туғилмайди? Қай бир одам хато қилмайди? Чиндан ҳам, яқинларимиз вафот этганда тасаллига, қийин вазиятга тушганда йўл-йўриққа, хато қилганда эса кечиримга муҳтожмиз.
Мана нега Муқаддас Китоб ибодат қилишга чорлайди. Шуни айтиб ўтиш керакки, бу китоб дуолар тўплами бўлмаса-да, унда кўп художўй эркак ва аёлларнинг ибодатлари ёзилган. Улар тасалли, йўл-йўриқ, кечирим ва мушкул саволларга жавоб топиш учун дуо қилишган (Забур 22:3; 70:21; Дониёр 9:4, 5, 19; Хабаққуқ 1:3).
Бу художўй инсонларнинг ибодатлари бир-бирига ўхшамаса-да, уларнинг дуоларида бир умумийлик бор. Уларнинг ибодатлари ижобат бўлган. Зеро улар, ҳозирги кунда кўпчиликка нотаниш бўлган сирни, яъни кимга ибодат қилиш кераклигини билишган.