Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

4 Нима ҳақда?

4 Нима ҳақда?

Ибодат

4 Нима ҳақда?

ИСО АЛАЙҲИССАЛОМ шогирдларига ибодат қилишни ўргатаётиб, бир намунали ибодатни айтган эдилар. Ҳозирги пайтда ҳам ушбу ибодатни жуда кўп одамлар айтиб туришади. Аммо улардан аксарияти нима ҳақда ибодат қилишаётганини тушунишмайди. Улар намунали ибодатни шунчаки такрорлайверишади. Одамларнинг бундай қилишини Исо хоҳлаганми? Албатта йўқ.

Сабаби, Исо пайғамбар намунали ибодатни келтиришдан аввал: «Ибодат қилаётганингизда ортиқча сўзларни такрорлаб турманглар»,— деб айтгандилар (Матто 6:7). Шундай экан, намунали ибодатни ёдлаб такрорлашимизни у истармиди? Асло. Бунинг ўрнига ибодатларнинг мазмунига диққатли бўлишимизга ҳамда ибодатда нима муҳимроқ эканини унутмаслигимизга ёрдам бермоқчи эди, холос. Келинг, Инжилдаги Матто китобининг 6- боб, 9–13- оятларида баён этилган ушбу намунали ибодатни батафсил кўриб чиқамиз.

Муқаддас Китоб кўрсатганидек Худо келажакда бундай адолатсизликка чек қўяди (Ҳизқиё 39:7). Шу тариқа Аллоҳ бизнинг ҳам муаммоларимизни ҳал қилади. Қандай қилиб дейсизми? Исонинг кейинги сўзларидан бунинг жавобини билиб оламиз.

«Бизнинг осмондаги Отамиз! Сенинг муқаддас исминг улуғлансин»

Авваламбор, бу сўзлар билан Исо алайҳиссалом ибодатларимизни фақат осмондаги Отамиз Яҳовага йўллашимиз кераклигини эслатиб ўтганлар. Бироқ нега Худонинг муқаддас исми улуғланиши ҳақида ибодат қилишимиз керак?

Гап шундаки, инсоният тарихи ибтидосида Худонинг муқаддас исмига доғ туширилган эди. Шайтон Парвардигорни, яратган мавжудотларига ғамхўрлик қилмайдиган, худбин ҳукмдор деб айблаган эди (Ибтидо 3:1–6). Кўплар, Аллоҳ одамларни оташли дўзахда қийнайди деб, Уни бераҳм, шафқатсиз, қасоскор билишади. Яна кимлардир эволюция назариясига ишониб, беихтиёр Шайтоннинг тарафига ўтиб олишган (Воиз 9:5, 10; Ибтидо 1:1). Бошқалари эса, Худонинг Яҳова деган исмига ҳурматсизлик кўрсатиб, уни Муқаддас Китобдан умуман олиб қўйиб, ҳатто тилга олишни тақиқлаб қўйишяпти.

«Сенинг Шоҳлигинг келсин»

Ҳозирги пайтда кўпгина инсонлар «Худонинг Шоҳлиги» иборасини тушунмаса-да, Исонинг тингловчилари бу нимани англатишини яхши билишар эди. Чунки бир неча аср олдин Ҳақ Таолонинг пайғамбарлари Аллоҳ Ўз Шоҳлигига Масиҳни Шоҳ қилиб тайинлашини ва у ер юзида катта ўзгаришлар содир этишини башорат қилишган (Ишаё 9:6, 7; Дониёр 2:44). Ушбу Шоҳлик, Шайтоннинг барча сафсаталари-ю ишларини, шу жумладан урушлар, касаллик очарчилик ва ҳатто ўлимни йўққа чиқариб, Худонинг муқаддас исмини улуғлайди (Забур 45:10; 71:12–16; Ишаё 25:8; 33:24). Дарҳақиқат, Худонинг Шоҳлиги келишини ибодатда сўрасангиз, боя айтилганлар ижобат бўлишини тилагандай бўласиз.

«Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо келсин»

Бу сўзлар билан Ҳазрати Исо, Худонинг иродаси нафақат Унинг макони бўлган осмонда, балки ерда ҳам бажо бўлишини сўрашимиз кераклигини таъкидлаб ўтганлар. Тўғри, Худонинг иродаси осмонда бажо бўлишига ҳеч нарса тўсқинлик қила олмасди. Масалан, Худо Шоҳлигининг Шоҳи осмонни тозалаб, Шайтон ва унинг тўдасини ер юзига улоқтирди (Ваҳий 12:9–12). Шундай қилиб бояги иккита тилак каби, Тангрининг иродаси ерда бажо бўлиши тўғрисидаги тилак ҳам ўзимизнинг эмас, аввало Худонинг манфаатини кўзлашга қаратилган. Зеро Унинг иродаси амалга ошиши орқали бутун мавжудот барака топади. Бундай йўл тутишда Исо алайҳиссаломнинг ўзлари зўр ўрнак кўрсатиб, ибодатларида: «Мен айтгандек эмас, Сен айтгандек бўлсин»,— деб айтганлар (Луқо 22:42).

«Бугунги ризқ-рўзимизни бергин»

Бу сўзлар билан Ҳазрати Исо ибодатларимизда шахсий эҳтиёжларимиз ҳақида сўрашнинг нотўғри жойи йўқлигини билдирмоқчи бўлганлар. Ахир, Яҳованинг «Ўзи ҳаммага ҳаёт, нафас ва борлиқни берган» (Ҳаворийлар 17:25). Самовий Ота деб Худога мурожаат қилишимиз ҳам бежиз эмас. Сабаби, Аллоҳ ҳар бир меҳрибон ота каби фарзандларининг манфаатини кўзлаб, уларнинг ғамини ейди.

«Бизнинг гуноҳларимизни кечиргин»

Сиз ўзингизни гуноҳкор ва кечиримга муҳтож деб биласизми? Ҳозирги замонда, гуноҳ иборасига кўпчилик жиддий қарамайди. Аммо Муқаддас Китоб ўргатганидек, айнан гуноҳ асосий муаммоларнинг, жумладан қарилик ва ўлимнинг сабабчисидир. Баъзилар, туғилган чақалоқнинг гуноҳи бўлмайди деб ўйлашади. Аммо аслида бундай эмас (Забур 50:7). Ҳа, биз гуноҳ билан туғиламиз ва бу иллатдан озод бўлиб абадий яшаш учун Худонинг кечиримига муҳтожмиз (Римликларга 3:23; 5:12; 6:23). Худовандимиз Яҳова «мурувватли ва кечиримли» эканини билиш ниҳоятда тасаллидир (Забур 85:5).

«Ёвуз шайтондан халос қилгин»

Худонинг ҳимоясига қанчалик муҳтож эканингизни сезяпсизми? Тўғри, баъзилар Шайтон борлигини рад этишади. Лекин Исо алайҳиссалом Шайтонни «бу дунёнинг ҳокими» деб атаб, у чиндан ҳам мавжуд шахс эканини тасдиқлаганлар (Юҳанно 12:31; 16:11). Шайтон чиндан ҳам нафақат бутун дунёга, балки сизга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқчи. Унинг мақсади, Аллоҳ Яҳова билан бўлган муносабатингизни барбод этишдир (1 Бутрус 5:8). Аммо Худованд Яҳова Шайтондан анча кучли бўлиб, Ўзига хизмат қилганларни ҳимоя қилишга қодир.

Хулоса қиладиган бўлсак, Исонинг намунали ибодати барча мавзуларни ўз ичига олмаган. Муҳими қуйидаги оятни унутмайлик: «Худонинг иродасига кўра бир нима тиласак, У бизга қулоқ солади» (1 Юҳанно 5:14). Шундай экан, ҳар бир ташвишингизни самовий Отамизга бемалол очишингиз мумкин (1 Бутрус 5:7).

Ибодат қайси пайтда ва қаерда айтилиши ҳақида нима деса бўлади? Бу саволга кейинги мақолада жавоб берилади.