Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Содда ва тушунарли тилда чиққан Муқаддас Китоб

Содда ва тушунарли тилда чиққан Муқаддас Китоб

Содда ва тушунарли тилда чиққан Муқаддас Китоб

«АГАР сиз Муқаддас Китобни Аллоҳнинг одамзодга хитоб қилган каломи деб билсангиз, демак Худо инсонлар билан мулоқот қилаётганини тан оласиз... Агар дин ҳаётингизга таъсир қилаётган бўлса, унда у [Муқаддас Китоб] ҳам кундалик сўзлашув тилида бўлиши керак». Бу сўзлар Алан Дати исмли олимнинг «Муқаддас Китоб таржималари: қайси бирини танлаш оқилона», номли китобидан жой олган.

Аллоҳнинг Каломини қадрлайдиган инсонлар бу олимнинг сўзларига бутунлай қўшиладилар. «Ҳар бир Муқаддас Ёзув Худо томонидан илҳомлантирилган бўлиб, ўргатиш, танбеҳ бериш, тузатиш, одиллик йўлида тарбиялаш учун фойдали» эканлигига улар аминлар (2 Тимўтийга 3:16). Муқаддас Китобни эскириб сийқаси чиққан китоб дейиш нотўғри бўларди. «Худонинг каломи жонли бўлиб, кучли таъсирга эга», чунки у кундалик муаммоларнинг амалий ечимини ҳавола қилади (Ибронийларга 4:12). Одамлар бу илоҳий китобни тушунишлари ва ҳаётида қўллашлари учун, бу китоб чиндан ҳам содда ва тушунарли тилда бўлиши лозим. Боз устига, бугунги кунда Муқаддас Китобнинг Инжил деб танилган қисми қадимги файласуфлар, масалан Платон фойдаланган юнон адабий тилида эмас, балки оддий халқ ишлатган юнонча «койне» тилида ёзилган. Ҳа, Муқаддас Китоб ҳар қандай инсон ўқиб тушуна олиши учун ёзилган.

Айнан шу мақсадда, охирги бир неча йил мобайнида, турли тилларда бир қатор замонавий Муқаддас Китоб таржималари чоп этилди. Умуман олганда бу анчагина яхши самаралар келтирди. Бу туфайли, Аллоҳнинг Каломи кенг кўламдаги ўқувчиларга тақдим этилиб, уни ўқий олишларига имкон яратилди. Аммо, бу таржималарга холислик, аниқлик ҳамда мантиқий боғлиқлик етмаётгани аниқ кўриниб турибди. Мисол учун, баъзи таржималарда ўлганларнинг ҳолати, жон ва Худонинг муқаддас исми ҳақидаги таълимотлар мавҳумлигича қолиб кетган.

Шунинг учун, Аллоҳнинг Каломини қадрлайдиган барча, «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»нинг Инжил қисми ўзбек тилида нашр этилганидан бағоят хурсанд. Диққатга сазовор томони шундаки, бу китоб дин таъсирига берилмай, холисона тарзда таржима қилинган. Илгари қадимги тилларни билмаган инсонлар учун Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни тушуниб етиш имконсиз бўлган. Қўлингиздаги Инжил таржимаси эса бунга имкон яратиб, фикрларни аниқ етказиб, Худонинг чуқур донолигини ойдинлаштириб беради. Айнан шу жиҳатдан у бебаҳодир. Эҳтимол, уни ким таржима қилган экан, деб қизиқаётгандирсиз?

Худони шарафлайдиган таржимонлар

«Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»нинг Инжил қисми 1950- йилдан бери мавжуд бўлса-да, аммо ўзбек китобхони учун у эндигина тақдим этилмоқда. Дастлаб бу таржима «Қўриқчи Минораси» халқаро Муқаддас Китоб Жамияти томонидан инглиз тилида нашр этилган. Бу жамият Муқаддас Китобни анча йиллардан бери чоп этиб келмоқда. Ушбу янги таржима, Муқаддас Китобни анъанавий равишда Эски ва Янги Аҳдга бўлмаганлиги, унинг ноёб томонларининг бир аксигина холос. «Қўриқчи минораси» журналининг (ингл.) 1950- йил 15 сентябрь сонида шундай ёзилган: «Таржима қўмитасини ташкил этган бу кишилар, исмлари номаълум қолишини, хусусан на ҳаётлигида, на ўлимидан кейин нашр этилишини хоҳлашмади. Таржиманинг асосий мақсади — барҳаёт ва ҳақ Тангрининг исмини улуғлашдир».

Тўлиқ «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси» 1961- йилда чоп этилганди. Ҳанузгача таржимонларнинг номлари яширинлигича қолган бўлса-да, уларнинг нияти самимийлиги ва Худога бўлган садоқатларидан шубҳаланмасак ҳам бўлади. Муқаддас Китобнинг 1984- йилдаги нашрида қуйидагича ёзилган: «Муқаддас Китоб таржимасининг мақсади, бошқа тилга Аллоҳ Яҳованинг нуқтаи назари ҳамда сўзларини етказиб беришдир... Мазкур ишда қатнашган таржимонлар Муқаддас Ёзувларнинг Муаллифидан қўрқиб, Уни чин қалбдан севадилар. Улар Тангри олдида ўзгача масъулиятни ҳис этишади. Шунинг учун, улар Худонинг сўзларини имкон қадар аниқроқ қилиб етказишга жон куйдиришган».

Кўриниб турибдики, «Янги дунё таржимаси»ни яратишда масъулиятли бўлган қўмита аъзоларининг ниятлари яхши эди, аммо билимлари чуқур бўлганми? Баъзи танқидчиларнинг фикрича, агар таржимонларнинг исмлари ҳамда илм-фан соҳасидаги мавқелари яширилган бўлса, демак бу таржима шунчаки ҳаваскорларнинг ижод маҳсули бўлиб, унчалик диққатга сазовор эмас экан. Бироқ ҳамма олимлар ҳам бу фикрга қўшилмайдилар. Бу ҳақда Алан Дати шундай сўзларни қаламга олган: «У ёки бу таржима устидан ким ишлагани маълум бўлганда ҳам, бу таржиманинг яхши ёки ёмонлигини аниқлашни осонлаштирармиди? Қайдам! Авваламбор таржиманинг хусусиятларини аниқлаш зарур. Бундан эса қочиб-қутулиб бўлмайди» *.

Минглаб китобхонлар айнан шундай йўл тутишяпти. Ҳозирги пайтда бутун дунёда «Янги дунё таржимаси» бутунлайин ёки қисман 165 000 000 дан зиёд нусхада 94 тилда чоп этилган. Хўш, китобхонлар нимани аниқлашди?

Худонинг исмини улуғлайдиган таржима

Инжилнинг Матто китобининг 6- боб, 9- оятда баён этилганидек, Ҳазрати Исо шогирдларига қуйидагича ибодат қилишни ўргатган: «Осмондаги Отамиз, исминг муқаддас бўлсин». Аммо Муқаддас Китобнинг бошқа таржималарида Аллоҳ кўз ўнгимизда гўё исми номаълум бўлган бир шахс сифатида гавдаланиб, «Худо» ёки «Эгамиз» деган унвонлар билан аталган. Ваҳоланки, Таврот билан Забурнинг асл нусхасида Аллоҳнинг «Яҳова» деган шахсий исми тахминан 7 000 маротаба учрайди (Чиқиш 3:15 изоҳга қ.). Кейинчалик, турли ирим-сиримлар таъсирида яҳудийлар Худонинг исмини тилга олмай қўйишди. Ҳаворийларнинг, яъни Исо шогирдларининг ўлимидан кейин бундай хурофотлар масиҳийлар жамоатида илдиз ота бошлади (Ҳаворийлар 20:29, 30 солиштиринг; 1 Тимўтийга 4:1). Шунингдек, Муқаддас Китобнинг юнонча матнини кўчирган кишилар Аллоҳнинг Яҳова деган шахсий исмини юнонча «Кириос» («Эгамиз») ва «Теос» («Худо») сўзлари билан алмаштириб қўйишган.

«Янги дунё таржимаси»ни тайёрлашда иштирок этганлар Яҳова деган исмни Инжилда қайта тиклашган. Эндиликда бу исм Инжилнинг 237 жойида учрайди. Худонинг исмини тиклаш таржимонларнинг шахсий истаги эмас, балки чуқур изланишлар натижасидир. Мисол учун Луқо 4:18- оятда Ишаё 61:1- оятдан олинган сўзлар келтирилган. Асл нусхада эса ушбу оятда Яҳова деган исм турибди *. Шунинг учун ҳам «Янги дунё таржимаси» устидан ишлаганлар Луқо 4:18- оятни қуйидагича таржима қилишларига барча асослар бор эди: «Яҳова менга Ўз руҳини бериб, камбағалларга хушхабарни эълон қилиш учун мени танлади».

Таржима ишига бундай ёндашиш туфайли матннинг қаерида Худованд Яҳова ҳақида, қаерида эса Исо Масиҳ ҳақида гап бораётганини китобхон яққол англай олади. Мана бир мисол: Муқаддас Китобнинг бошқа кўпгина таржималарида Матто 22:44- оятда шундай ёзилган: «Худованд менинг Раббимга айтди». Ким кимга мурожаат этганини фақат тахмин қилиш мумкин. Аслида мазкур оятда Забур 109:1- оятдаги сўзлар келтирилган бўлиб, асл нусхасида Аллоҳнинг исми турибди. Шунинг учун ҳам «Янги дунё таржимаси»да бу оят қуйидагичадир: «Яҳова Ҳазратимга: “Душманларингни оёғинг остига қўймагунимча Менинг ўнг томонимда ўтир”,— деди». Муқаддас Китобдаги Яҳова Таоло билан Ҳазрати Исо Масиҳ ўртасидаги фарқни тушуниш, бор-йўғи қуруқ маълумот эмас (Марк 13:32; Юҳанно 8:17, 18; 14:28). Буни англаш ҳаёт-мамот масаласидир, зеро Инжилда: «Яҳованинг исмини айтиб чақирадиган ҳар бир одам қутқарилади»,— деб ёзилган (Ҳаворийлар 2:21).

Аниқлик ва уйғунлик

«Янги дунё таржимаси» шунингдек бошқа муҳим хусусиятларга эга. Асос сифатида Весткотт ва Хорт томонидан синчковлик билан ишланган юнонча матн олинган. Уни имкон қадар аниқ ҳамда том маъносини сақлаб, бироқ содда ва замонавий тилга таржима қилиш учун кўп тер тўкиш керак бўлди. Бу туфайли тилга хос хусусиятлар ва асл нусханинг руҳи берилган бўлиб, ўқувчининг Муқаддас Китобни чуқур тушунишига йўл очилди.

Масалан Инжилнинг Римликларга йўлланган мактубнинг 13- боб, 1- оятга бир назар ташлайлик. У ерда Павлус Худонинг хизматчиларини: «Ҳукмрон ҳокимиятга бўйсунсин»,— деб ундаяпти. Кўп таржимонлар давом этиб, бундай ҳукмрон ҳокимиятни «Худо тайин этган», деб ўгиришган. Баъзи бир ҳокимлар зулмкорлигини оқлаш ниятида, айнан шу фикрдан фойдаланишади. Аммо «Янги дунё таржимаси» том маънода ва аниқлиги билан ажралиб турганлиги боис, мазкур оятда: «Ҳокимиятларнинг барчаси Аллоҳ ажратиб берган ўринларни эгаллайди»,— деб ёзилган. Бундан кўриниб турибдики, ҳокимларни Худонинг Ўзи танламаган. Аксинча, уларнинг ҳукмронлик қилишларига йўл қўйган холос.

«Янги дунё таржимасида» очқич ибораларнинг изчил ва бирхилликда ишлатилишига катта эътибор қаратилган. Масалан, юнонча психе сўзи изчиллик билан «жон» деган сўз билан таржима қилинган. Шу тариқа, ўқувчи ўлмас жон тўғрисидаги кенг тарқалган таълимот Муқаддас Китобга асосланмаганлигини англайди. Дарҳақиқат, жон ўлиши ёки ҳалок бўлиши мумкин (Матто 2:20; Марк 3:4; Луқо 6:9; 17:33).

Дунё динларининг таълимотларига кўра, Исо бутпарастликнинг рамзи бўлмиш бир-бирига қадалган икки ходанинг устида, яъни хочда ўлдирилган эмиш. Лекин «Янги дунё таржимасида» юнонча ставрос сўзи ҳар бир жойда «азоб устуни», деб таржима қилинган. Натижада, ўқувчи кенг тарқалган ушбу таълимотнинг нотўғри эканини, яъни Исонинг устунда ўлганини яққол кўра олади. Дарвоқе, юнонча ставрос сўзи айнан шуни англатади (Матто 27:40; Юҳанно 19:17; Филиппиликларга 2:8; Ибронийларга 12:2).

Ҳаммабоп Китоб

Ўзбек тилида «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»нинг Инжил қисми нашр этилиши хамир учидан патир холос. Келажакда бутунлай Муқаддас Китобни таржима қилиш режалаштириляпти. Китобхон бу асарнинг аниқлиги инглиз тилидаги таржимасига уйғун эканида амин бўлиши мумкинми?

Албатта. Ахир таржима ишини Яҳова Шоҳидларининг Етакчи Кенгаши диққат ила назорат қиляпти-ку. Бу соҳада доно қарор чиқарилди: Муқаддас Китобни бошқа тилларга таржима қилиш учун барча гуруҳлар бир ёқадан бош чиқариб, ўзаро ҳамкорлик қилиб ёндашишлари лозим. Бунга эришиш мақсадида бир қатор мамлакатларда Муқаддас Китобни ўгириш учун таржимон гуруҳлари ташкил этилди. Яҳова Шоҳидларининг Бруклиндаги (Нью-Йорк, АҚШ) идора марказида эса, Таржимон гуруҳларга ёрдам бериш бўлими ташкил этилди. Ушбу бўлимнинг асосий вазифалари, таржимонларга ёрдам бериш ҳамда Муқаддас Китобни турли тилларга таржима қилишда ўзаро уйғунлик сақланиб борилишини назорат қилишдан иборатдир. Бундан ташқари, таржимонларга ёрдам бериш мақсадида махсус компьютер дастури тақдим этилгани жуда қўл келди. Бироқ бу дастур таржимонларнинг машаққатли меҳнати ўрнини боса олмайди. Бу дастур таржима ишида кўзланган асосий мақсадга эришишга ёрдам беради холос. Мақсад эса, аниқлик ва уйғунлик жиҳатидан инглиз тилидаги таржимадан қолишмайдиган «Янги дунё таржимаси»ни яратишдир. Бундан ташқари, таржима қилиш дастури ибронийча ва юнонча ҳар бир сўзнинг инглиз нашрида қандай таржима қилингани ҳақида маълумот олиш имконини яратади. Бу эса ўз навбатда, мос келган сўзларни излаб топишга ёрдам беради.

Бундай янги услублар қанақа натижалар бераётганини кўриш, улар қанчалик самарали эканидан далолат бермоқда. «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»нинг Инжил қисмини ўрганиб чиқишингизни тавсия этамиз. Ушбу китобга эга бўлишингиз учун бу журналнинг нашриётчиларига мурожаат қилсангиз бас. Юқорида айтилганлардан бўлак, мазкур китобининг яна бошқа эътиборга лойиқ томонларига шахсан ўзингиз баҳо беришингиз мумкин. Жумладан, ўқилиши осон бўлган ёзув, керакли оятни тезда топишга ёрдамлашадиган колонтитуллар, яъни устки ҳошияда ёзилган сарлавҳалар, хариталар ва сермазмун илова. Бу майлику-я, энг асосийси, мазкур китобда Аллоҳимизнинг сўзлари содда ва тушунарли тарзда ёритилганига нима дейсиз?

[Изоҳлар]

^ абз. 9 Қизиғи шундаки, 1971- йилда чоп этилган бир Муқаддас Китобнинг муқовасида шундай ёзилган: «Биз ҳеч қандай олимларнинг исмларига ишора қилмаймиз, чунки Аллоҳнинг Каломи ўзини ҳимоя қилишга қодир эканига ишончимиз комил» («New American Standard Bible»).

^ абз. 13 Инжилда Таврот, Забур ва пайғамбарлар китобларидан жуда кўп оятлар келтирилган. Бу оятлар юнон тилига ўгирилган ва Септуагинта номи билан танилган китобдан олинган. Ушбу таржиманинг замонавий нусхаларида Тангрининг исми учрамагани сабаб, кўп олимлар бу исмни Инжилда ишлатмаслик лозим деб айтишади. Аммо бизгача етиб келган Септуагинтанинг қадимги нусхаларида Аллоҳнинг Яҳова деган исми ибронийча тўртта ҳарф шаклида учратилади. Шундай экан, Инжилда Худонинг исми туриши кераклигини кўрсатадиган жиддий асос бор.

[16- ва 17- саҳифадаги расмлар]

«Янги дунё таржимаси»нинг ўзгача томонлари:

Имкон қадар аниқ ҳамда том маъносини сақлаб, бироқ содда ва замонавий тилга таржима қилиш учун кўп тер тўкилган

[Расм манбаи]

Милодий IV асрга тааллуқли Синай кодексидан Тимўтийга йўлланган биринчи мактуб 3- боб, 16- оят қисми

Қўлланилган ёзув услуби ўқишни мароқли қилади

Устки ҳошияда ёзилган сарлавҳалар керакли оятни тезда топишга ёрдамлашади

Хариталар китобхонга қадимги жойлар ва воқеаларни яққол тасаввур қилишга кўмаклашади

[15- саҳифадаги расм]

Муқаддас Китоб ёзувчилари, жумладан ҳаворий Павлус ҳам содда ва тушунарли тилда ёзган

[18- саҳифадаги расм]

«Янги дунё таржимаси»да фикрлар равшан ифодалангани учун бу қўлланма ваъзгўйлик хизматида асқатади