У бизга ирода эркинлигини берган
Худога яқинлашинглар
У бизга ирода эркинлигини берган
ОТА-ОНАЛАР ўз фарзандларига яхши ўрнак кўрсатишлари лозим. Шундагина, болакайлар яхши-яхши фазилатларни ривожлантиришлари ва доно қарорлар чиқаришни ўрганишлари мумкин. Минг афсуски, ота-оналарнинг ҳаммаси ҳам фарзандларига яхши ўрнак кўрсатишмайди. Хўш, бундай оилаларда тарбия кўрган болалар, худди шундай ҳаёт йўлини танлаши тайинми? Бу саволнинг жавоби, ажойиб ҳақиқатда, яъни Тангри Яҳова ҳар биримизга ато этган ирода эркинлигида намоён бўлади. Ҳозир эса, келинг, 4 Шоҳлар 18- боб 1–7- оятларида баён этилган Ҳизқиёнинг мисолини кўриб чиқайлик.
Ҳизқиё «Исроил шоҳи... Охознинг ўғли эди» (1- оят). Ушбу нопок шоҳнинг дастидан, халқ Худованд Яҳовага топинмай қўйган. Ёвуз шоҳ Охоз, сохта худо Баалга сиғинар ва ҳатто одамларни қурбон қилиш каби маросимларда иштирок этарди. У, Ҳизқиёнинг ака-укаларидан камида биттасини қурбонликка келтирган. Бундан ташқари, Охоз Яҳованинг маъбадидаги эшикларни ёпиб қўйиб, Қуддуснинг барча бурчакларида ўзи учун қурбонгоҳлар қурдиради. Унинг бундай иши, Яҳовани қаттиқ ранжитган (2 Солномалар 28:3, 24, 25). Дарҳақиқат, Охозга ўхшаган бўлмағур отани тасаввур қилиш қийин. Сизнингча, Ҳизқиё отасига ўхшаган бўлиши керакмиди?
Ҳизқиё тахтга ўтирганидан сўнг, отасини изидан юрмоқчи эмаслигини намоён этди. У «Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди» (3- оят). Ҳизқиё «Эгамизга ишонарди... Яҳудо шоҳлари орасида унга ўхшагани бўлмади» (5- оят). Шоҳлигининг биринчи йилларида, ёш Ҳизқиё бутларга бағишланган қурбонгоҳларни, яъни устунларни вайрон қилди. Маъбаднинг эшикларини очиб, ҳақ топинишни қайта тиклади (4- оят; 2 Солномалар 29:1–3, 27–31). Ҳизқиё Аллоҳга ниҳоятда содиқ бўлгани учун, «Эгамиз уни баракали қилди» (6-, 7- оятлар).
Нима деб ўйлайсиз, Ҳизқиё отасининг ёмон ўрнагига нима учун тақлид қилмаган? Эҳтимол, бизга кўп нарса маълум бўлмаган онаси Абиёнинг яхшигина ҳиссаси бордир. Балки, ёшгина ворисга Ишаё пайғамбарнинг ўрнаги таъсир қилгандир. Бу пайғамбар хизматини бошлаганида, Ҳизқиё ҳали туғилмаган эди *. Кимнинг ўрнаги таъсир қилгани ҳақида, Муқаддас Китобда ҳеч нарса дейилмаган. Нима бўлганда ҳам, у отаси каби эмас, умуман аксинча йўл тутган.
Бугунги кунда ҳам ота-онаси ёмон ўрнак кўрсатаётганлар учун, Ҳизқиёнинг намунаси яхшигина далда бўла олади. Тўғри, биз ўтмишимизни ўзгартира олмаймиз ва кўрган азоб-уқубатларимизни эсдан чиқара олмаймиз. Бироқ, келажакда бахтли бўлишимиз ўтмишга боғлиқ эмас. Сабаби, қандай қарор чиқариш, ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Агар Ҳизқиё сингари Худованд Яҳовага бўлган севгимизни янада ривожлантирсак ва Унга хизмат қилишни танласак, ҳозирнинг ўзида ҳаётимиз мазмунли бўлади. Келажакда эса янги дунёдаги абадий ҳаётга эга бўламиз (2 Бутрус 3:13; Ваҳий 21:3, 4). Дарҳақиқат, Худойимиз Яҳова бизга бебаҳо ҳадя бўлмиш ирода эркинлигини ато этгани учун, Ундан миннатдор бўлсак арзийди!
[Изоҳ]
^ Ишаё пайғамбар тахминан мил. авв. 778- йилдан мил. авв. 732- йилгача хизмат қилган. Ҳизқиё эса мил. авв. 745- йилда, 25 ёшга тўлганида тахтга ўтирган.