Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Биласизми?

Биласизми?

Биласизми?

Муқаддас Ёзувларнинг Эстер китобидаги Форс шоҳи Ахашвераш ким бўлган?

Муқаддас Ёзувларнинг Эстер китобига биноан Ахашвераш Эстер исмли яҳудий бир қизни маликаси бўлишга танлаган. Ўша қиз халқини қирилиб кетиш хавфидан қутқариб қолган. Кўп йиллар давомида Форс шоҳи Ахашвераш ким эканлиги ҳақида турли фикрлар бўлган. Бироқ Форс ҳайкалларидаги учта тилда битилган ёзувларни тушуниш натижасида бу муаммо ҳал қилинди. Бу маълумот эса Ахашвераш буюк Доронинг ўғли Ксеркс I эканлигига шубҳа қолдирмаяпти. Ксеркс исмининг форсча ёзилишини ибронийчага транслитерация қилганда, яъни ҳарфма-ҳарф акс эттирганда, Эстер китобининг ибронийча матнида учрайдиган исм келиб чиқади.

Эстер китобида Ахашвераш ҳақида нимаики ёзилган бўлса, ҳаммаси Ксеркс I га тўғри келяпти. Эламдаги Шушан пойтахтида ўтириб, ушбу Форс ҳукмдори шунингдек, Ҳиндистондан то Ўрта денгиз оролларигача ёйилган Мидияга қарашли ерлар устидан бошқарган (Эстер 1:2, 3; 8:9; 10:1). Буларнинг барчаси Ксерксдан бошқа ҳеч бир Форс ҳукмдорига тўғри келмайди»,— дейди олим Льюис Бэлс Пэтон. «Эстер китобида тасвирланган Ахашверашнинг феъл-атвори Геродот ва бошқа юнон тарихчиларининг баёнотида тасвирланганига мувофиқ келади».

Қадимги Мисрда одамлар ғишт қуйишганини нима исботлайди?

Муқаддас Ёзувларнинг Чиқиш китобида баён этилишича, мисрликлар иброний қулларни ғишт қуйишга мажбурлашган. Қуллар ҳар куни сомон ва лойдан фойдаланиб, белгиланган миқдорда ғишт қуйишлари керак эди (Чиқиш 1:14; 5:10–14).

Муқаддас Китоб ёзилаётган вақтларда, ғишт қуйиб, офтобда қуритиш Нил дарёсининг водийсида муҳим бир иш ҳисобланган. Бундай ғиштдан қурилган қадимги ҳайкаллар Мисрда ҳозиргача мавжуд. Фива шаҳридаги Рекмир мақбараси деворида, Муқаддас Ёзувлардаги Чиқиш китобида баён этилган воқеалар тасвирланган. Милоддан аввалги 15- асрда чизилган бу тасвирда айнан ғишт қуйиш жараёни кўрсатилган.

Мазкур деворда чизилган тасвир борасида бир энциклопедияда шундай дейилган: «Сувни ҳовуздан олишарди; лойни кетмон билан аралаштириб, ғишт қуювчига етказиб беришарди. У эса лойни ёғоч қолипга зичлаб, ерга ағдариб қўярди. Сўнг, қолипдан чиққан янги ғиштлар офтобда қуритиларди. Шу йўсинда қуритилган ғиштлар, вақти келганда фойдаланиш учун қатор-қатор тахлаб қўйиларди. Ушбу жараён Яқин Шарқ мамлакатларида ҳанузгача давом этмоқда».

Милоддан аввалги иккинчи асрда папирусга ёзилган турли қўлёзмаларда ҳам қулларнинг лой ва сомон қоришмасидан ғишт қуйиши ҳамда ишчиларнинг ҳар куни муайян миқдорда ғишт қуйишлари кераклиги ҳақида маълумот бор.

[22- саҳифадаги расм]

Бўртма тасвирда Ксеркс (тикка турибди) ва Буюк Доро (ўтирибди)

[Расм манбаи]

Werner Forman/Art Resource, NY

[22- саҳифадаги расм]

Рекмир мақбараси деворидаги тасвир

[Расм манбаи]

Erich Lessing/Art Resource, NY