Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Мен Ўзим, Эганг Худо, ўнг қўлингни кучайтираман»

«Мен Ўзим, Эганг Худо, ўнг қўлингни кучайтираман»

Худога яқинлашинглар

«Мен Ўзим, Эганг Худо, ўнг қўлингни кучайтираман»

«ҚЎЛИНГНИ БЕР»,— дейди ота ўғилчасига ва шундан кейин улар серҳаракат кўчадан кетишга тайёр бўлишади. Жажжи бармоқчалари билан отасининг бақувват қўлидан ушлаб олган болакай ўзини хотиржам ва бехатар ҳис қилади. Ушбу ўзгарувчан ҳаёт мобайнида кимдир сизнинг ҳам қўлингиздан доимо ушлаб юришини ва ҳимоя қилишини истармидингиз? Агар шундай бўлса, Ишаё пайғамбар ёзган сўзлардан тасалли топишингиз мумкин (Ишаё 41:10, 13- оятларини  ўқинг).

Ишаё пайғамбар бу сўзларни Исроил халқига қарата айтган. Худованд бу халқни душманлар орасида Ўз «хазинаси», деб билган (Чиқиш 19:5). Исроил халқининг қўрқиши ўринлимиди? Тангри Яҳова, Ишаё пайғамбар орқали халқига тасалли бахш этувчи сўзларни етказган. Келинг, бу оятларни кўриб чиқаётиб, ундаги сўзлар Аллоҳнинг бугунги хизматчиларига ҳам тааллуқли эканини ёдимизда сақлайлик (Римликларга 15:4).

Эгамиз Яҳова: «Қўрқма»,— деб айтяпти (10- оят). Бу шунчаки қуруқ гап эмас. Ҳатто Аллоҳимиз Ўзининг хизматчиларига: «Мен сен билан биргаман»,— деб нега қўрқмасликлари кераклигини тушунтиряпти. Аллоҳ фақат зарур бўлгандагина ёрдамга келаман, деб ваъда бермаяпти. У Ўз халқи билан бирга, яъни ёнларида бўлиб, уларни доимо қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билишларини хоҳлайди. Наҳотки бу фикр тасалли бахш этмаса?

Боз устига, Тангри Яҳова Ўз халқига: «Ваҳимага тушма»,— дея далда беряпти (10- оят). Ибронийчадан таржима қилинган бу гап хавфсираш, яъни «бирор кўнгилсиз ҳодиса юз бериши эҳтимоллигидан ташвишланишни» англатади. Худованд Яҳова, нега Унинг халқи хавфсираб, орқага қарамаслиги кераклигини тушунтириб: «Мен сенинг Худойингман»,— деяпти. Бундан ҳам далдали гап бўлиши мумкинми? Ахир, Яҳова — «Худойи Таоло», «Қодир Худо»дир (Забур 90:1). Ҳар нарсага қодир Тангри Яҳова улар билан бирга бўлса, қўрқишларига не ҳожат?

Шундай экан, Аллоҳ Яҳованинг хизматчилари Ундан нимани кутишлари мумкин? Унинг Ўзи: «Ғолиб ўнг қўлим билан сени қўллайман»,— дея ваъда беряпти (10- оят). Шунингдек У: «Мен Ўзим, Эганг Худо, ўнг қўлингни кучайтираман»,— деяпти (13- оят). Бу сўзларни эшитганингизда, хаёлингизга нима келади? Бир луғатга кўра, «мазкур икки оят одамнинг хаёлида ота-бола тасвирини яратади». «[Ота] шунчаки уни ҳимоя қиламан, деяётгани йўқ, у чиндан ҳам боласининг ёнидадир; у боласини қўлидан тортиб олишларига йўл қўймайди». Бир тасаввур қилинг-а, Худованд Яҳова Ўзининг хизматчиларини ҳатто энг оғир вақтларда ҳам Ундан жудо қилишларига йўл қўймас экан (Ибронийларга 13:5, 6).

Ишаё пайғамбар ёзган сўзлардан Тангри Яҳованинг ҳозирги хизматчилари катта тасалли топишади. Ушбу «ниҳоятда оғир вақтлар»да биз баъзан ҳаёт ташвишлари остида руҳан эзилишимиз мумкин (2 Тимўтийга 3:1). Аммо бундай мушкул дамларда биз якка қолмаймиз. Худованд Яҳова қўлимиздан қаттиқ ушлаб олишга тайёр. Отасига ишонган бола каби, Унинг қўлини маҳкам тутиб, У бизни тўғри йўлдан бошлашига ва керак бўлганда ёрдам беришига амин бўлишимиз мумкин (Забур 62:8, 9).