Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Нима учун Аллоҳ Иброҳим пайғамбардан ўғлини қурбонлик қилишни сўраган?

Нима учун Аллоҳ Иброҳим пайғамбардан ўғлини қурбонлик қилишни сўраган?

Журналхонларнинг саволлари

Нима учун Аллоҳ Иброҳим пайғамбардан ўғлини қурбонлик қилишни сўраган?

▪ Муқаддас Китобнинг Таврот қисмига биноан, Аллоҳ Яҳова Иброҳим пайғамбардан ўғли Исҳоқни қурбонлик қилишни сўраган (Ибтидо 22:2). Айрим Муқаддас Китоб ўқувчилари учун бу баёнотни тушуниш қийин. «Бу ҳикояни биринчи марта эшитганимда роса аччиқланганман»,— дейди Кэрол исмли бир профессор. «Қанақа Худо бундай нарсани сўраши мумкин?» Бундай кишиларнинг ҳис-туйғуларини тушунса бўлади, лекин биз қуйидаги иккита омилни ёдда тутишимиз лозим.

Биринчидан, Тангри Яҳова нима қилмаганига эътибор берайлик. У Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғлини қурбонлик қилишига йўл қўймаган. Тўғри, Иброҳим пайғамбар буни қилишга тайёр эди, аммо бу воқеадан кейин ҳам Худо ҳеч кимдан бундай қилишни бошқа сўрамаган. Худованд Яҳова барча хизматчиларининг, жумладан болаларнинг ҳам, узоқ ва мазмунли ҳаёт кечиришларини хоҳлайди.

Иккинчидан эса, Муқаддас Китобга биноан, Тангри Яҳова Иброҳим пайғамбардан ўғли Исҳоқни қурбонлик қилишни муайян мақсадда сўраган. Худо билар эдики, орадан кўп асрлар ўтиб, У Ўзининг ягона Ўғли * Исонинг биз учун жон беришига йўл қўяди (Матто 20:28). Демак, Аллоҳ Яҳова бундай қурбонлик нақадар қимматбаҳо эканлигини тушунишимизни хоҳлайди. Ҳа, Иброҳим алайҳиссаломдан ўғлини қурбонлик қилишини сўраши билан, Эгамиз келажакда нима қилишини ажойиб тарзда намоён этган. Қандай қилиб?

Энди Аллоҳнинг Иброҳимга айтган сўзларига диққат қаратинг: «Ёлғиз суюкли ўғлинг Исҳоқни олиб... ўғлингни қурбонлик қилиб куйдирасан» (Ибтидо 22:2). Аҳамият берган бўлсангиз, Худо Исҳоқни «суюкли ўғлинг», деб атаяпти. Худованд Яҳова Исҳоқнинг Иброҳим учун қанчалик азиз эканини биларди. Эгамиз ҳам Ўзининг Ўғли Исога худди шундай меҳр боғлаганди. Аллоҳ Яҳова Исони шунчалик яхши кўрар эдики, осмондан икки марта Исога қарата: «Менинг Севикли Ўғлим»,— деб айтган эди (Марк 1:11; 9:7).

Яна шуни ҳам эътиборга олишимиз керакки, Худо Иброҳим пайғамбарни мажбурламаган. Бир илоҳиётшуноснинг фикрича, «Эгамиз Ўзи сўраган нарсаларнинг қадр-қимматини билар экан». Аллоҳ Иброҳимдан бундай қилишни сўраганида, бу унга қанчалар оғир ботганини тасаввур қилишимиз мумкин. Айни пайтда, Тангри Яҳова ҳам севикли Ўғлининг азоб чекиб, жон бераётганини кўрганда, нималарни ҳис этганини кўз олдимизга келтирсак бўлади. Шубҳасизки, ўшанда Худованд Яҳова ғоят даражада изтироб чеккан.

Чиндан ҳам, Аллоҳ Яҳова Иброҳим алайҳиссаломдан бундай қилишни сўрагани ҳақида ўйлаганимизда, юрагимиз орқага тортиб кетиши мумкин. Бироқ, Тангри Яҳова ушбу тақводор кишининг бунчалик фидокорликка боришига йўл қўймаганини ёдда сақласак, яхши бўлади. У Иброҳимга жонажон фарзандидан айрилиб қолишни раво кўрмай, Исҳоқни ўлимдан сақлаб қолган. Аммо-лекин, Эгамиз Яҳова «Ўз Ўғлини аямай, уни ҳаммамиз учун берган» (Римликларга 8:32). Нима учун Аллоҳ Яҳова Ўзини шунчалик қаттиқ изтиробга мубтало қилган? «Токи биз у орқали ҳаётга эга бўлайлик» (1 Юҳанно 4:9). Қаранг, Худо нақадар меҳр-иноятли экан-а! Ахир буни билиш, бизни Унинг севгисига жавобан йўл тутишга ундамайдими? *

[Изоҳлар]

^ абз. 5 Муқаддас Китобда, Худо том маънода аёл билан алоқа қилиб, Исонинг отаси бўлди, дейилмаган. Аксинча, Тангри Яҳова руҳий мавжудотни яратиб, сўнг эса уни ер юзига юбориб, Марям исмли бокира қиздан дунёга келтирган. Хуллас, Эгамиз Исони шахсан Ўзи яратгани учун унинг Отаси, деб аталишга ҳақлидир.

^ абз. 8 Нега Исонинг ўлими шунчалик муҳим ва биз бу учун ўз миннатдорчилигимизни қандай намоён этишимиз мумкинлиги ҳақида кўпроқ билишни истасангиз, «Муқаддас Китоб таълимотлари» китобининг 5- бобига қаранг.