ХУДОГА ЯҚИНЛАШИНГЛАР
У қалбларимизни тўлдиради
Тангри Яҳова чиндан ҳам бизга ғамхўрлик қиляптими ёки ер юзидаги инсонларга бефарқми? Ушбу саволга берилган Муқаддас Китобдаги жавоб бизга ором бахш этади. Шубҳасизки, Аллоҳ инсонларга ғамхўрлик қилишни ва бизни мамнуният ҳис қилиб яшашимизни истайди. Парвардигоримиз ҳатто ношукурлар ҳам Унинг мўл-кўл баракаларидан ҳар куни бахраманд бўлиб яшашларига имкон беряпти. Келинг, Павлуснинг сўзларини кўриб чиқамиз (Ҳаворийлар 14:16, 17- оятларини ўқинг).
Павлус Листра шаҳридаги Худога топинмаётган халққа қарата қуйидагиларни айтган: «Авваллари Тангри барча халқлар ўзлари истаганча яшашларига йўл қўйган эди. Шундай бўлса-да, У эзгу ишлари билан Ўзи тўғрисида шоҳидлик бериб келган. Аллоҳ сизларга осмондан ёмғир ёғдириб, серҳосил мавсумларни тақдим этган. Шунингдек, озиқ-овқатни мўл-кўл бериб, қалбларингизни қувончга тўлдирган». Хўш, тингловчилар учун Павлуснинг сўзлари нимани англатган?
Листрадаги одамларнинг кўз олдидаги манзара Павлуснинг сўзлари рост эканининг исботи эди. Масалан, улар қисман деҳқончилик билан шуғулланиб, серҳосил ва серсув ҳудудда яшашган. Лекин Павлус, ёмғир ва ҳосилнинг сероблиги Худованд Яҳовадан эканини таъкидлаган. Шу тариқа, ҳар сафар ҳосилни йиғиб олишганда ва овқатни маза қилиб ейишганда, Худо уларни баракалаб тургани намоён бўлар эди.
Павлуснинг Листрадаги халққа қарата айтган сўзларидан биз ҳам Худованд Яҳова ҳақида баъзи бир муҳим нарсаларни ўрганишимиз мумкин.
Яҳова бизга ирода эркинлигини берган. Эътибор берган бўлсангиз, Яҳова барча халқлар «ўзлари истаганча яшашларига йўл қўйган эди». Бир китобда айтилишича, бу ибора «улар хоҳлаган томонга кетишлари» ёки «улар тўғри деб билганидек яшашлари» деган маънони англатиши мумкин («A Handbook on the Acts of the Apostles»). Яҳова ҳеч кимни Унга топинишга мажбурламайди. У бизга ирода эркинлигини, яъни ҳаёт йўлимизни ўзимиз танлашимизга имконият берган (Қонунлар 30:19).
Яҳова Уни таниб-билишимизни истайди. Павлуснинг айтишича, Худо «Ўзи тўғрисида шоҳидлик бериб келган». Юқорида тилга олинган китобга кўра, ушбу ибора «Худо қанақа эканини одамларга Ўзи яққол кўрсатган», деб таржима қилиниши ҳам мумкин. Худонинг ижодларида Унинг «кўринмас фазилатлари», яъни саҳийлиги, донолиги, кучи ва севгиси акс этади (Римликларга 1:20). Яҳова Муқаддас Китоб орқали Ўзини етарлича аён қилди (2 Тимўтийга 3:16, 17). Бу дегани, У Ўзини бизга таништирмоқчи эканини англатмайдими?
Парвардигоримиз ҳатто ношукурлар ҳам Унинг мўл-кўл баракаларидан ҳар куни бахраманд бўлиб яшашларига имкон беряпти
Яҳова бахтли бўлишимизни истайди. Павлуснинг сўзларига кўра, Худо «озиқ-овқатни мўл-кўл бериб», қалбларимизни қувончга тўлдиряпти. Яҳовани ҳатто таниб-билмаган гуноҳколар ҳам кўнгли тўлгунча озиқ-овқатдан тановул қилиши ва ҳаётдан завқланиши мумкин. Аммо Худо, биз чинакам ва абадий бахтга эришишимизни истайди. Бунга эришиш учун ҳақиқатни ўрганиб, унга мувофиқ ҳаёт кечиришимиз лозим (Забур 143:15; Матто 5:3).
Яҳова ҳаммамизга Ўз баракасини ҳар куни беряпти. «Озиқ-овқатни мўл-кўл бериб, қалбларингизни қувончга тўлдирган» Худога миннатдорчиликни қандай қилиб изҳор этиш мумкинлигини ўрганиш наҳотки арзигулик бўлмаса?!
Июль–август ойларида ўқиш тавсия этилган оятлар