ОИЛАВИЙ БАХТНИНГ СИРЛАРИ
Янги оилаларнинг янги муаммолари
АВСТРАЛИЯЛИК МАРГАРЕТ * ИСМЛИ ЎГАЙ ОНА ШУНДАЙ ДЕЙДИ: «Эримнинг биринчи хотини фарзандларни менга қарши қайраб қўяди, масалан оддийгина: “Тишларингни тозалашни унутма”,— деган гапларимга ҳам қулоқ солмасликни ўргатади». Шунга ўхшаш ҳаракатлар Маргаретнинг турмушига зиён етказаётган эди.
Отаси ёки онаси ўгай бўлган оилалар қариндошу дўстлар билан муносабат қилганда, кўп муаммоларга дуч келишади *. Боланинг ўз отаси ёки онаси уни йўқлаб келганида ёҳуд тартиб-интизом ва моддий ёрдам масалалари туфайли фарзанди билан кўришишганида, ўгай ота ёки онаси билан учрашишига тўғри келади. Дўстлар ва қариндошлар янги оиланинг аъзоларига мослашишлари учун ҳам кўп ҳаракат талаб қилинади. Бунақа оилаларга ушбу қийинчиликларни енгишда Муқаддас Китобдаги маслаҳатлар қандай ёрдам бериши мумкинлигини кўриб чиқайлик.
1. ФАРЗАНДНИНГ ЎГАЙ ОТАСИ ЁКИ ОНАСИ БИЛАН МУНОСАБАТ
Намибиялик Жудит исмли бир ўгай она шундай деб бўлишди: «Ўгай фарзандларимнинг ўз онаси бир сафар уларга дадасининг шунчаки янги хотини эканимни ва фарзанд кўрсак ҳам, уларга ука ёки сингил бўлмаслигини айтибди. Унинг сўзлари дилимга озор етказди, чунки улар ўгай бўлса ҳам, мен уларни ўз болаларимдек яхши кўраман».
Боланинг ўз отаси ёки онаси билан муносабат қилиш ўгай отаси ёки онаси учун муаммо бўлишига мутахассислар ҳам қўшилади. Кўпинча бу боланинг ўз онаси ва ўгай онасига қийинчилик туғдиради. Бунда нима ёрдам беради?
Муваффақият калити: оқилона чегаралар ўрнатинг. Агар фарзандингизни ўз отаси ёки онасидан умуман ажратиб қўйишга уринсангиз, болангиз ҳиссан эзилиши мумкин *. Фарзанд учун уни «дунёга келтирган» одамларнинг аҳамияти катта (Ҳикматлар 23:22, 25). Бошқа томондан олиб қараганда, агар олдинги турмуш ўртоғингиз янги оилангизга меъёридан ортиқ аралашишига йўл қўйсангиз, бундан янги турмуш ўртоғингиз хафа бўлиши ёки унинг ҳатто жаҳли чиқиши ҳам мумкин. Бу масалада оқилона чегаралар ўрнатиб, мувозанатни сақлашга интилинг. Лекин шу билан бирга боланинг ўз отаси ёки онаси билан имкон қадар ҳамкорлик қилинг.
ОТА-ОНАЛАР УЧУН МАСЛАҲАТЛАР
-
Собиқ турмуш ўртоғингиз билан гаплашганингизда, асосан фарзандлар ҳақида суҳбатлашинг. Бошқа мавзуларни эса камроқ кўтаринг. Масалан, имкон бўлса кун давомида ҳамиша бир вақтда қўнғироқ қилишини ҳурмат ила сўранг. Ҳар қалай бу, ҳар сафар дуч келган пайтда ёки кечаси бемаҳал қўнғироқ қилишдан кўра яхшироқдир.
-
Агар сизда васийлик қилиш ҳуқуқи йўқ бўлса, эҳтимол, телефон, СМС ёки электрон хат орқали мунтазам алоқада бўлиб туриш имконингиз бордир (Қонунлар 6:6, 7). Баъзилар ҳатто Интернет орқали видео мулоқотдан фойдаланишади. Фарзандингизнинг муаммолари ва эҳтиёжлари билан кўпроқ қизиқсангиз, ҳаёлингизга келмаган даражада уларга ёрдам бера олишингизни кўрасиз.
ЎГАЙ ОТА-ОНАЛАР УЧУН МАСЛАҲАТЛАР
-
Фарзанднинг туққан онасига «ҳамдард» бўлиб, унинг ўрнини босмоқчи эмаслигингизни кўрсатинг (1 Бутрус 3:8). Ҳар куни унга боласи ҳақида яхши хабарларни етказиб туринг (Ҳикматлар 16:24). Керак бўлганда, ундан маслаҳат сўранг ва маслаҳат берганида, ундан миннатдор бўлинг.
-
Туққан онаси олдида фарзандингизни эркалатишдан четланинг. Қўшма Штатлардан бўлган Беверли исмли бир ўгай она шундай деб бўлишди: «Кичкина ўгай фарзандларим мени “ойи”, деб чақиришмоқчи бўлишган. Шунда биз уйимизда мени шундай чақиришларига, лекин ўз онаси Жейн ва унинг оиласи билан бўлганимизда мени “ойи”, деб чақирмасликларига келишиб олдик. Бундан кейин Жейн билан муносабатларимиз анча яхшиланди. Биз ҳатто мактаб драмаларига ва сайр қилгани чиқишга фарзандларимизга тайёргарлик кўришга бирга ёрдам берардик».
ОТА-ОНАЛАР ВА ЎГАЙ ОТА-ОНАЛАР ТИЛ ТОПИШИШИ УЧУН МАСЛАҲАТЛАР
-
Фарзандингизнинг олдида унинг отаси ёки онаси ҳақида ҳеч қачон ёмон гапирманг. Бундай салбий суҳбатга берилиб кетиш осон, лекин бу билан болани қаттиқ ранжитиш мумкин. Қолаверса, сўзларингиз қачон ва қандай етиб боришини билмайсиз (Воиз 10:20). Агар бола сиз ҳақингизда ёмон нарсалар эшитганини айтса, боланинг ҳис-туйғуларини инобатга олишга ҳаракат қилинг. Бу пайтда сиз шундай дейишингиз мумкин: «Бунақа гапларга хафа бўлма. Онангни шунчаки менга жаҳли чиқяпти. Одамларнинг жаҳли чиққанда эса баъзида ёмон сўзларни айтиб қўйишади».
-
Иккала уйда ҳам бир хил қоидалар бўлишига ҳаракат қилинг. Агарда бунинг иложи бўлмаса, унда отани ёки онани камситмай қоидалардаги фарқни тушунтиринг. Шундай вазиятни тасаввур қилинг:
Ўгай она: Дилшод, илтимос, сочиғингни жойига илиб қўй.
Дилшод: Ойимнинг уйида биз сочиқни ерга ташлаб кетардик ва у уларни кейин ўзи илиб қўярди.
Ўгай она (ғазаб билан): У сенга ёмон тарбия берган экан, шунга шунақа дангаса боласан.
Балки қуйидагича жавоб бериш яхшироқ бўларди:
Ўгай она (юмшоқлик билан): Ҳа, тушунарли. Аммо бу ерда биз ўзимиз илиб қўямиз.
-
Фарзандингиз ўз онаси ёки отаси билан ўтказадиган вақтга ҳеч нарса режалаштирманг (Матто 7:12). Агар режангизни ўзгартира олмасангиз, фарзандингизга ваъда беришдан олдин отаси ёки онасидан рухсат сўранг.
МАСЛАҲАТ. Фарзандингизнинг ўз онаси (ўгай онаси) билан учрашганда қуйидаги маслаҳатларни қўллаб кўринг:
-
Кўз ила алоқа боғланг ва кулиб туринг. Уф тортиш, кек сақлаш ва энса қотиришдан қочинг.
-
Одамни исми ила чақиринг. Масалан: «Шахло, салом!»
-
Бир гуруҳ одамлар билан мулоқот қилаётган бўлсангиз, уни суҳбатга чорланг.
2. ВОЯГА ЕТГАН БОЛАЛАР БИЛАН МУНОСАБАТ
Бир китобда битта ўгай аёлнинг нолигани ҳақида ёзилган экан. Унга кўра, эри ҳамиша вояга етган ўз фарзандларининг тарафини олар экан-у, бу аёлга нисбатан эса ёмон муносабатда бўлганини тан олмас экан («Step Wars»). У шундай дейди: «Шунақа пайтда қоним қайнаб кетади». Вояга етган болаларнинг дастидан турмуш бузилмаслиги учун нима қилиш мумкин?
Муваффақият калити: ҳамдардлик билдиринг. Муқаддас Китобда: «Ҳар ким ўзининг эмас, ўзганинг манфаатини кўзласин»,— деб ёзилган (1 Коринфликларга 10:24). Бошқаларнинг ҳис-туйғуларини тушунишга ва ўзингизни уларнинг ўрнига қўйишга ҳаракат қилиб кўринг. Вояга етган ўгай фарзандлар ота ёки онасининг меҳридан маҳрум бўлишидан қўрқишлари мумкин. Шунингдек, ўгай отаси ёки онасига нисбатан яхши муносабатда бўлишса, улар ўзларининг отаси ёки онасига нисбатан садоқатсиз бўлиб қолгандек ҳис қилишар. Бундан ташқари, ота ёки она: «Насиҳат қиладиган бўлсам, болам мендан безиб қолади»,— деб фарзандини ўзидан узоқлаштириб қўйишдан хавотирланиши мумкин.
Ўгай фарзандларингизни сиз билан дўстлашишларига мажбурламанг. Умуман олганда, бир киши бошқасига нисбатан самимий севгини намоён этишига зўрлаш ёки босим ўтказиш нотўғри (Гўзал қўшиқ 8:4). Шунинг учун ўгай фарзандларингиз билан мулоқот қилиш масаласида имконсиз нарсани кутманг.
Сизни хафа қилишган тақдирда ҳам, ўйлаган нарсангизни ва бор ҳис-туйғуларингизни дангал айтманг (Ҳикматлар 29:11). Нутқингизни назорат қилиш оғир кечганда эса, исроил шоҳи Довудга ўхшаб ибодат қилинг: «Эй Эгам, оғзимга посбон қўйгин, лабларим эшигини қўриқлагин» (Забур 140:3).
Фарзандларингиз ўсиб-улғайган уйда яшасангиз, улар қанчалик ота-онасига боғланиб қолганини кўриб, ҳайрон қоларсиз. Имкон қадар камроқ ўзгаришлар киритинг, айниқса фарзандингизнинг эски хоналарига. Янги уйга кўчиб ўтишни ҳам кўриб чиқсангиз бўлади.
3. БОШҚА ҚАРИНДОШЛАР ВА ДЎСТЛАР БИЛАН МУНОСАБАТ
Канадалик Марион шундай фикр билдирди: «Ота-онам ўғлимга тез-тез совға олиб келишарди-ю, эримнинг болаларига эса ҳеч нарса совға қилишмасди. Биз вазиятни ўнглашга уринардик, аммо ҳар доим ҳам бир хил нарса сотиб ололмасдик».
Муваффақият калити: янги оилангизни биринчи ўринга қўйинг. Янги оилангиз сиз учун катта аҳамиятга эга экани ҳақида қариндошу дўстларингизга айтинг (1 Тимўтийга 5:8). Тўғри, барча қариндошлару дўстларингиз янги оилангиз аъзоларини дарҳол яхши кўриб қолишмас, лекин сиз улардан оила аъзоларингизга нисбатан илиқ муносабат кўрсатишларини сўрашингиз мумкин. Болаларни ажратиб қўйишганда, улар учун бу қанчалик оғир ботишини тушунтиринг.
Аввалги турмуш ўртоғингизнинг ота-онасини ҳам болалардан ажратиб қўйманг. Англиялик Сюзанна исмли бир она шундай дейди: «Иккинчи бор турмушга чиққанимда, биринчи эрим вафот этганига бир ярим йил бўлганди. Унинг ота-онаси учун янги турмуш ўртоғимни қабул қилиш қийин бўлди. Аммо улар кўрсатган ёрдам учун алоҳида миннатдорчилик билдиришни бошлаганимизда, борди-келдини яхшилаганимизда ва болаларни уларга қўнғироқ қилиб туришларига ундаганимизда, вазият анча яхшиланди».
МАСЛАҲАТ. Қариндошу дўстларингиз орасида айниқса кимлар билан муносабатингиз ёмон экани ҳақида ўйлаб кўринг. Сўнг эса вазиятни қандай қилиб яхшилаш мумкинлигини турмуш ўртоғингиз билан муҳокама қилинг.
Дарҳақиқат, оилангиз аъзоси бўлмаганлар билан муносабат қилиш осон кечмаслиги мумкин. Аммо Муқаддас Китобдаги маслаҳатларни қўлласангиз, оилангиз у ерда ёзилган мана бу баракаларни ҳис қила олади: «Уй донолик билан қурилади, идрок билан мустаҳкам бўлади» (Ҳикматлар 24:3).
^ абз. 3 Баъзи исмлар ўзгартирилган.
^ абз. 4 Бошқа қийинчиликларни енгиш борасида кўпроқ маълумотни, Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган «Уйғонинг» (рус) журналининг 2012- йил апрель сонидаги «Ўгай фарзанди бор оилалар бахтли бўлишларининг сирлари» номли мақоладан топишингиз мумкин.
^ абз. 8 Албатта, агар собиқ турмуш ўртоғингиз хоҳ сўзлар билан, хоҳ ҳаракатлар билан зиён етказадиган бўлса, унда янги оилангизнинг хавфсизлигини таъминлашингизга тўғри келади.
ЎЗИНГИЗДАН СЎРАНГ...
-
Турмуш ўртоғимнинг собиқ умр йўлдоши билан қандай тил топишсам бўлади?
-
Қариндошу дўстларимиз атайин бўлмаса-да, оиламизга низо солиб қўймасликлари учун нима десам бўларкин?