АСОСИЙ МАВЗУ | НЕГА ЯХШИ ОДАМЛАР БАХТСИЗЛИКЛАРГА ЙЎЛИҚИШАДИ?
Нега яхши одамлар бахтсизликларга йўлиқишади?
Кўпчиликнинг фикрича, Аллоҳ Яҳова * Қодир Тангри ва ҳамма нарсанинг Яратувчиси бўлгани учун У дунёдаги ҳамма нарсага, шу жумладан, бахтсизликларга ҳам жавобгардир. Аммо келинг, Муқаддас Китобда Аллоҳ ҳақида нима дейилганини кўриб чиқайлик.
-
«Эгамиз ҳамма йўлларида адолат қилар» (Забур 144:17).
-
«Ҳамма йўллари адолатлидир. Худо садоқатлидир, Унда ёлғон йўқ, У ҳақ ва одилдир» (Қонунлар 32:4).
-
«Яҳова — меҳр-шафқатли, раҳмдил Худодир» (Ёқуб 5:11).
Аллоҳ кулфатларни келтирмайди. Балким, У бошқаларни ёмон ишлар қилишга ундар, деб айтарсиз. Асло! Зеро Муқаддас Ёзувларда шундай дейилган: «Синовга дучор бўлганда, ҳеч ким: “Мени Худо синаяпти”,— деб айтмасин». Нима учун? «Чунки Аллоҳни ҳеч ким ёмонлик билан синай олмайди, Ўзи ҳам ҳеч кимни ёмонлик билан синамайди» (Ёқуб 1:13). Аллоҳ ҳеч кимни ёмонлик қилишга ундамайди ҳамда васваса қилмайди. Худо на кулфатларни келтиради, на бошқаларни ёмон ишлар қилишга ундайди. Хўш, унда бахтсизликларда ким айбдор?
КЕРАКСИЗ ПАЙТДА КЕРАКСИЗ ЖОЙДА БЎЛИБ ҚОЛИШ
Одамлар азоб чекаётганининг бир сабаби ҳақида Муқаддас Китобда: «Уларнинг ҳаммаси фурсат ва тасодифга дучор бўлади»,— деб ёзилган (Воиз 9:11, ЯДТ). Инсон кераксиз пайтда кераксиз жойда бўлиб қолгани боис, кўнгилсиз воқеага дуч келиб, зарар кўриши мумкин. Тахминан 2 000 йил муқаддам Ҳазрати Исо бир кўнгилсиз воқеа ҳақида айтиб берган. Ўшанда минора қулаб тушганининг натижасида 18 киши ҳалок бўлган (Луқо 13:1–5). Бу одамлар ўзларининг гуноҳлари учун эмас, шунчаки минора қулаб тушганда, ўша жойда бўлиб қолгани учун зарар кўришган. Ҳозирги кунга келсак, 2010 йил Гаитида кучли зилзила дастидан, ушбу мамлакатнинг ҳукумати хабар беришича, 300 000 дан зиёд одамлар ҳаётидан маҳрум бўлишган. Ушбу зилзила одамига қараб қурбонларни танлаб ўтирмади. Касаллик ҳам шунга ўхшаб, ҳам яхши, ҳам ёмон одамларнинг бошига тушади ва у ҳар қандай вақтда пайдо бўлиши мумкин.
Нега Аллоҳ яхши одамларни офатлардан асрамайди?
Аммо баъзилар шундай деб сўраши мумкин: «Наҳотки Аллоҳ бундай офатларнинг олдини ололмаса? Нега У яхши одамларни бундай кулфатлардан ҳимоя қилмайди?» Келинг, мулоҳаза юритиб кўрайлик. Аллоҳ бунга аралашиши учун, У бундай офатларнинг юз беришини олдиндан билиши керак. Гарчи Худо келажакни олдиндан билишга қодир бўлса ҳам, бир нарсани аниқлашимиз муҳим, яъни У бу қобилиятидан ҳар доим ва ҳар ерда фойдаланадими? (Ишаё 42:9).
Забурда: «Худойимиз самолардадир, У истаганини қилаверади»,— деб ёзилган (Забур 113:11). Ҳа, Тангри Яҳова қўлидан келадиган ҳамма нарсани ҳам қилавермайди. У фақат керакли деб ҳисоблаган нарсани қилади. Бу, Унинг келажакни олдиндан билиш қобилиятига ҳам тегишлидир. Масалан, қадимги Садўм ва Ғамўра шаҳарларида ёвузлик авжига чиққанида, Аллоҳ Иброҳим пайғамбарга шундай деган: «Мен пастга тушаман, Менинг қулоғимга етиб келган жиноятлар ҳақиқатми ёки йўқми, кўзим билан кўрайин. Шунда Мен ҳақиқатни билиб оламан» (Ибтидо 18:20, 21). Демак, муайян вақт ичида Аллоҳ Яҳова ўша шаҳарларда ёвузлик қанчалик тарқалиб кетгани ҳақида билишни истамаган. Бундан кўриниб турибдики, баъзида Тангри Яҳова қандайдир нарсани олдиндан билишни хоҳламайди (Ибтидо 22:12). Бу, У бундай қилишга қодир эмаслигини ёки бунга ҳаққи йўқ эканлигини англатмайди. Сабаби, «Унинг ишлари комил» ва Аллоҳ ниятини амалга ошириш учун керак бўлганда келажакни олдиндан билиш қобилиятидан фойдаланади. У ҳеч қачон одамларни у ёки бу ишларни қилишга мажбурламайди (Қонунлар 32:4) *. Бундан қандай хулоса қилсак бўлади? Аллоҳ келажакни олдиндан билиш қобилиятидан Ўзи танлаган ва ниятига тўғри келган ҳолдагина фойдаланади.
БУНДА ОДАМЛАРНИНГ АЙБИ БОРМИ?
Ёвузликнинг бор бўлишида қисман одамларнинг ўзи айбдор. Ёмон ишларни қилишга одамларни нима ундаши ҳақида Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Ҳар ким ўз эҳтиросига берилиб, алданиб синовга дучор бўлади. Сўнгра эҳтирос ҳомиладор бўлиб, гуноҳни туғади. Гуноҳ эса охир-оқибат ўлимга олиб келади» (Ёқуб 1:14, 15). Одамлар хоҳишига кўра йўл тутганда, охири ёмонлик билан тугайди (Римликларга 7:21–23). Тарих шуни кўрсатиб турибдики, одамлар даҳшатли ишларга қўл уриб, бошқаларга ақл бовар қилмайдиган зарар келтиришган. Қолаверса, ёвуз одамлар бошқаларни тўғри йўлдан уришга қодир бўлгани учун ёвузлик авж олишига сабабчи бўлиши мумкин (Ҳикматлар 1:10–16).
Одамлар даҳшатли ишларга қўл уриб, бошқаларга ақл бовар қилмайдиган зарар келтиришган
Аллоҳ одамларнинг ёмон ишларига аралашиб, уларни қилишдан тўхтатиши керакми? Келинг, инсон қандай яратилганини кўриб чиқайлик. Муқаддас Китобга кўра, Аллоҳ одамни Ўз суратига кўра, яъни Ўзига ўхшаган қилиб яратган. Бу дегани, биз Аллоҳнинг фазилатларини акс эттира оламиз (Ибтидо 1:26). Одамларга ирода эркинлиги берилган ва улар Худони севишни ҳамда Унинг назарида тўғри бўлган ишларни қилиб, Унга садоқатни сақлашни ўзлари танлашлари мумкин (Қонунлар 30:19, 20). Агар Худо бизни муайян тарзда йўл тутишга мажбурлаганида, унда ирода эркинликни беришга ҳожат қолмасди. Шунда роботлардан умуман фарқимиз қолмас эди ва фақатгина тузилган режа бўйича йўл тутган бўлардик. Аллоҳ ҳаётимизни олдиндан пешонамизга ёзиб қўйганида ҳам шу аҳволга тушардик. Лекин Аллоҳ ҳаёт йўлини танлашда бизга эркинлик бериб, бизни ҳурматга лойиқ кўрган ва биз бундан хурсандмиз! Аммо бу, одамлар қилган хатолари ва чиқарган нотўғри қарорларининг оқибатлари учун абадий қийналишади дегани эмас.
АЗОБ-УҚУБАТЛАРНИНГ САБАБИ КАРМАМИ?
Агар ушбу журналнинг муқовасидаги саволни ҳиндуийлик ёки буддавийлик динига эътиқод қилувчи кишига берсангиз, жавобан: «Карманинг қонунига кўра, яхши одамларнинг бошига кулфат тушиши табиий ҳол. Чунки бундай одамлар ўтмишдаги ҳаётида қилган хатти-ҳаракатларнинг оқибатларини ўриб олишяпти»,— деб эшитасиз *.
Келинг, карма таълимотини кўриб чиқишдан олдин, Муқаддас Китобда ўлим борасида нима ёзилганига эътибор қаратайлик. Инсоният ибтидоси бўлган Адан боғида Одаматога Аллоҳ шундай деган: «Сен боғдаги ҳамма дарахтнинг мевасидан бемалол тановул қилавер. Лекин яхшилик ва ёмонликни билиш дарахтининг мевасидан емайсан, ундан ейишинг биланоқ, шубҳасиз, ўласан» (Ибтидо 2:16, 17). Одамато Худога қулоқ солиб, гуноҳ қилмаганида эди, абадий яшаган бўларди. Лекин Аллоҳнинг амри бузилгани учун ўлим жазо каби бўлди. Шу сабабли, Одамато ва Момоҳавода фарзандлар туғилганда, «ўлим барча инсонларга ўтди» (Римликларга 5:12). Шу йўсин, «гуноҳнинг эвази — ўлим» бўлди (Римликларга 6:23). Қолаверса, Инжилда: «Ўлган одам гуноҳдан озоддир»,— деб ёзилган (Римликларга 6:7). Бу дегани, одамлар ўлгандан кейин қилган гуноҳлари учун жазо тортишмас экан.
Бугунги кунда миллионлаб одамлар азоб-уқубатларнинг сабаби карма, деб айтишади. Кармага ишонадиганлар кўпинча ўзларининг ҳам, бошқаларнинг ҳам азоб-уқубатларига оддий ҳолдек қарашади. Аммо бундай таълимот кулфатлар қачондир тугашига ҳеч қандай умид қолдирмайди. Инсон учун ягона умид бу, одобли хулқ ва ўзгача билим орқали қайта туғилиш циклларидан чиқиш ҳисобланади. Бундай тушунчалар Муқаддас Китобдаги таълимотлардан анча фарқ қилади *.
АЙБДОР ШАХС!
Кулфатларнинг асосий сабабчиси одам эмас. Бу, илгари Аллоҳнинг содиқ фаришталаридан бири бўлиб, «ҳақиқат йўлида тура олмаган» ва дунёга гуноҳни олиб келган Шайтон Иблисдир (Юҳанно 8:44). У Адан боғида исён кўтарган (Ибтидо 3:1–5). Исо алайҳиссалом уни «ёвуз» ва «бу дунёнинг ҳукмдори» деб атаган (Матто 6:13; Юҳанно 14:30). Одамзоднинг аксар қисми Тангри Яҳованинг тўғри йўлларини рад этиб, Шайтоннинг орқасидан эргашган (1 Юҳанно 2:15, 16). Инжилда: «Бутун дунё эса ёвуз Шайтоннинг ҳукмидадир»,— деб ёзилган (1 Юҳанно 5:19). Ёвузлик йўлига кириб, Шайтонга қўшилган бошқа руҳий мавжудотлар ҳам бор. Муқаддас Китобга кўра, Шайтон ва унинг жинлари «бутун ер юзини йўлдан оздириб юргани» учун «ер ва денгизнинг ҳолига вой» (Ваҳий 12:9, 12). Шундай қилиб, ёвузлик бор бўлишига авваламбор Шайтон Иблис айбдор.
Демак, Аллоҳ одамларнинг бошига тушаётган бахтсизликларда айбдор эмас ва У уларни келтирмайди. Аксинча, У ёвузликка чек қўйишни ваъда беряпти. Бу ҳақда кейинги мақолада гап кетади.
^ Муқаддас Китобнинг асл нусхасига биноан, Яҳова — Аллоҳнинг исмидир.
^ Нега Аллоҳ ёвузликка йўл қўяётганини билиш учун Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган «Муқаддас Китоб таълимотлари» номли адабиётнинг 11- бобига қаранг.
^ Карма таълимоти қаердан келиб чиққанини билиб олишни истасангиз, Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган «Ўлимдан сўнг нима содир бўлади?» (рус) номли рисоланинг 8–12- саҳифаларига қаранг.
^ Марҳумларнинг ҳолати ва улар учун қандай умид борлиги ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилганини билиш учун Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган «Муқаддас Китоб таълимотлари» номли адабиётнинг 6- ва 7- бобига қаранг.