Оилани режалаштириш. Муқаддас Китоб нуқтаи назари
АҲОЛИШУНОСЛИК бўйича 1974 йилда бўлиб ўтган биринчи халқаро конференцияда 140 та давлат қатнашган. Уларнинг таъкидлашича, ҳар бир оила «қанча фарзанд кўришни ва болаларнинг оралиғидаги фарқни белгилашга масъулиятли бўлиб, бунинг учун керакли маълумотга, билимга ва воситаларга эга бўлишга ҳақлидир».
Кўплар буни яхши қарор, деб ҳисоблашади. Бошида Аллоҳ Одамато ва Момоҳавога, кейинчалик эса Нуҳ пайғамбарнинг оиласига: «Баракали бўлиб, кўпайинглар, ер юзини тўлғазинглар»,— деб айтган эди, бироқ бундай амр бугунги кундаги художўй кишиларга берилмаган эди (Ибтидо 1:28; 9:1). Муқаддас Китобда фарзанд кўриш ёки бундан сақланиш керак, деб ёзилмаган. Шундай экан, жуфтликлар фарзандли бўлиш-бўлмасликни ҳамда қанча ва қачон фарзанд кўришни ўзлари ҳал қилишлари мумкин.
Аллоҳ юклаган масъулият
Шуниси эътиборга лойиқки, Аҳолишунослик бўйича биринчи халқаро конференцияда ҳар бир оила «қанча фарзанд кўришни ва болаларнинг оралиғидаги фарқни белгилашга масъулиятли» экани таъкидланди. Бу принцип Муқаддас Китобга ҳамоҳангдир. Художўй ота-оналар, болалар Худонинг инъоми эканини билишса ҳам, шу билан бирга уларга катта масъулият юкланганлигини тан олишади.
Авваламбор, бу масъулиятга фарзандларни моддий жиҳатдан таъминлаш киради. Бу ҳақда Аллоҳнинг Каломида шундай деб ёзилган: «Агар ким ўз яқинларига, айниқса уйдагиларига ғамхўрлик қилмаса, у имонини инкор этган бўлиб, имонсиздан ҳам баттардир» (1 Тимўтийга 5:8).
Оила ҳақида ғамхўрлик қилиш бу, дастурхонда шунчаки нон туришини ва тўловларни вақтида тўлашни англатмайди. Гарчи бу нарсалар кўп меҳнатни талаб қилса ҳам, художўй жуфтликлар оиласида нечта фарзанд бўлишини режалаштираётганда, онанинг соғлигини, унинг ҳиссий, руҳий ва маънавий ҳолатини ҳам инобатга олишади. Бола ҳақида ғамхўрлик қилиш кўп вақтни олади. Шунингдек, фарзанд кетма-кет туғилганда, оналар кўпинча нафақат дам олишни, ўзига қарашни, маънавий тадбирларда қатнашишни, балки жисмоний ва маънавий соғлигини ҳам қурбон қилишади.
Масъулиятли ота-оналар фарзандларининг эҳтиёжларини ҳам инобатга олишади. Бир манбада қуйидагича ёзилган: «Фарзандлар ўртасидаги фарқи кичик бўлган катта оилаларда, болаларга ака-укалари ва опа-сингиллари билан бир бурда нон, кийим ва ота-онанинг меҳри учун талашишга тўғри келади. Боз устига, бундай болалар касалликларга мойилроқ бўлишади. Ҳатто уларнинг болалик даври ўтиб кетганда ҳам, кўпинча улар секинроқ улғайишади ва уларнинг ақлий жиҳатдан ривожланиши паст бўлади. Катта бўлишганда эса, бошқаларга қараганда имкониятлари камроқ бўлади» (The State of the World’s Population 1991). Албатта, бундай ҳолат ҳамма катта оилаларда ҳам кузатилмаслиги мумкин, бироқ художўй жуфтликлар нечта фарзанд кўришни режалаштираётганда, бу ҳақда ўйлаб кўришлари керак.
Художўй ота-оналар фарзандларининг маънавий эҳтиёжлари ҳақида ҳам ғамхўрлик қилишга бурчлидир. Сабаби, Муқаддас Китобда шундай амр берилган: «Сиз оталар, болаларингизнинг ғашини келтирманглар, аксинча уларга Яҳованинг тарбиясини бериб, Унинг фикрлаш тарзини уларга пайванд қилинглар» (Эфесликларга 6:4).
Нигерияда ҳуқуқ фанидан дарс берувчи Емека исмли художўй киши турмуш қурганига бир йил бўлди ва у фарзанд кўришга шошаётгани йўқ. У шундай дейди: «Турмуш ўртоғим билан қанча фарзанд кўрмоқчи эканимизни муҳокама қилганимизда, аввало бешта фарзандли бўлиш ҳақида ўйлаётган эдик. Аммо кейин учтаси ҳам етади, деб ўйлаб, охири, иккита фарзандли бўлишга қарор қилдик. Ахир болаларни Муқаддас Китоб меъёрлари бўйича тарбия қилиш осон эмас. Ҳа, бу катта масъулиятдир».
Баъзи художўй жуфтликлар бор вақтини Худога хизмат қилишга бағишлаш учун фарзанд кўрмасликка қарор қилишган. Эри билан бундай қарорга келган Африкадаги бир тўла вақтли махсус ваъзгўй шундай дейди: «Фарзандим йўқ бўлса-да, ўзимни бир нарсадан маҳрумдек ҳис қилмайман. Эрим билан ота-она бўлиш бахтини ҳис этмаганимизга қарамай, ҳаётимиз қувончга тўла. Биз бошқаларга Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни билишга ёрдам беряпмиз. Бу дегани, биз кўп мамлакатларда маънавий фарзандлар орттирганмиз. Биз уларни яхши кўрамиз ва улар ҳам бизни яхши кўришади. Бизни ўзгача ришталар боғлаб туради. Ҳаворий Павлус ҳам ўзини паҳпаҳлаб боқадиган онага ўхшатган. Сабаби, у ҳам одамларга юмшоқ муомала қилиб, уларга маънавий жиҳатдан ёрдам берган» (1 Салоникаликларга 2:7, 8).
Ҳомиладорликдан сақланиш
Муқаддас Китоб ҳомиладорликдан сақланишни қоралайдими? Йўқ, албатта. Бундай қарор чиқаришга ҳар бир оила ўзи масъулиятли. Агар жуфтлик ҳомиладорликдан сақланиш қарорига келса, бу учун қандай усулларни танлаш уларнинг шахсий иши. Лекин ҳомиладорликдан сақланиш усулини танлаганда, художўй эр-хотинлар ҳаёт муқаддас эканини инобатга олишлари керак. Зеро Аллоҳнинг Каломига биноан, ҳаёт ҳомила пайдо бўлгандан бери бошланади. Шу сабабли, художўй жуфтлик ҳомиланинг ҳаётини тўхтатадиган сақланиш воситалардан воз кечиши керак (Забур 138:16; Чиқиш 21:22, 23 ни солиштиринг; Еремиё 1:5).
Демак, оилани режалаштиришга келганда, эр-хотинлар ўзлари қарор қабул қилишлари лозим. Эҳтимол, баъзилар туғиладиган фарзандларнинг сони камроқ бўлишини истар. Бошқалар эса, фарзанд кўрмасликка қарор қилишганлари учун ҳомиладорликдан сақловчи усуллардан фойдаланишади. Бундай усуллар жуда кўп ва уларнинг ҳар бирида ўз афзаллиги ва камчилиги бор. Жуфтликлар қайси усул уларга кўпроқ мос келишини танлашганда, баъзи усуллар бошқаларидан кўра самаралироқ эканини эсда тутишлари керак. Шунингдек, улар бу усулларнинг ножўя таъсирларини ҳам инобатга олишлари даркор. Шифокорлар ва оилани режалаштиришга ихтисослашган касалхоналар жуфтликларга ҳомиладорликдан сақланиш усуллари ҳақида маслаҳат бериш ва уларга мос келадиган усулни танлашда ёрдам бериш учун етарлича маълумотга эга.
Қанча фарзанд кўриш ёки умуман кўрмасликни қарор қилиш, жуфтликларнинг шахсий иши. Шу билан бирга, бу жуда муҳим қарор ва бунинг узоққа чўзиладиган оқибатлари ҳам бор. Агар художўй жуфтликлар бу масалага жиддий ва ибодат ила ёндашишса, доно йўл тутган бўлишади.
^ абз. 22 Стерилизация усули Муқаддас Китоб меъёрларига мос келиши-келмаслигининг муҳокамасини «Қўриқчи минораси» журналининг 1986 йил 1 март сонидаги (рус) 19- саҳифасида топишингиз мумкин.
^ абз. 24 Орал контрацептив воситалар ҳомиладорликдан қандай сақлаши «Қўриқчи минораси» журналининг 2001 йил 1 ноябрь сонидаги (рус) 30–31- саҳифаларида муҳокама қилинган.
^ абз. 42 Бачадон ичи воситаларидан (БИВ) фойдаланиш Муқаддас Китоб меъёрларига мос келиши-келмаслигининг муҳокамасини «Қўриқчи минораси» журналининг 1999 йил 15 февраль сонидаги (рус) 30–31- саҳифаларида топишингиз мумкин.
^ абз. 58 Орал контрацептив дорилар ҳомиладорликдан қандай сақлаши «Қўриқчи минораси» журналининг 2001 йил 1 ноябрь сонидаги (рус) 30–31- саҳифаларида муҳокама қилинган.