МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ
Ҳаётим тобора изидан чиқиб кетаётган эди
-
ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1952
-
МАМЛАКАТИ: ҚЎШМА ШТАТЛАР
-
ЎТМИШДА: ЗЎРАВОН ВА ШАФҚАТСИЗ БЎЛГАН
ОЛДИНЛАРИ
Ёшлигим Лос-Анжелесда (АҚШнинг Калифорния штати) ўтган. Мен ўсган ҳудуд кўча безорилари ва гиёҳванд савдоси билан машҳур бўлган. Мен олти фарзанднинг иккинчисиман.
Ойим евангелист бўлганлар ва биз ҳам шу динда катта бўлдик. Лекин ўсмирлигимда икки хил ҳаёт тарзини кечира бошладим. Якшанба кунлари черков хорида қўшиқ куйлардим. Бошқа кунлари эса ўтиришларга борардим, гиёҳванд моддаларни қабул қилиб, ахлоқсиз ҳаёт кечирардим.
Ўзимни тута олмасдим, жаҳлим бурним учида турарди. Ғалаба қозониш учун ҳеч нарсадан тап тортмасдим. Черковда ўрганганларим менга ёрдам бермасди. Мен шундай дердим: «Қасос Худонинг қўлида, мен эса Унинг қуролиман».1960 йиллар охирида катта синфда ўқиганимда, қора танли инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун курашадиган «Қора пантералар» номли сиёсий партияга илакишиб қолдим. Мен инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи талабалар уюшмасига қўшилдим. Мактабларни вақтинчалик ёпиб бир неча бор норозилик ҳаракатларини уюштирганмиз.
Лекин бу мени қониқтирмасди. Нафратга тўлганимдан қон тўкилишини истардим. Масалан, бир куни дўстларим билан Қўшма Штатларда қул бўлиб азоб чеккан африкаликлар ҳақида фильм томоша қилдик. Бу бизни шунчалик ғазаблантирганидан кинотеатрдаги оқ танли йигитларга ташландик. Кейин яна кимнидир дўппослаш учун оқ танли одамлар яшайдиган қўшни туманга бордик.
Ҳали 20 ёшга тўлмасимдан, акаларим билан ҳақиқий каллакесарларга айландик. Бунинг дастидан ҳукумат билан орамизда тез-тез можаролар бўлиб турарди. Укаларимдан бири таниқли бир тўданинг аъзоси эди ва мен унинг дўстлари билан кўп вақт ўтказардим. Хуллас ҳаётим тобора изидан чиқиб кетаётган эди.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ.
Бир дўстимнинг ота-онаси Яҳованинг Шоҳидлари эди. Бир сафар улар мени жамоат учрашувига таклиф қилишди ва мен боришга рози бўлдим. Биринчи эътибор берган нарсам: Яҳованинг Шоҳидлари бошқа динлардан кескин фарқ қиларди. Ҳамманинг Муқаддас Китоби бор эди ва учрашув мобайнида ундан фойдаланишарди. Ҳатто болалар ва ўсмирлар ҳам нутқлар билан чиқишарди. Худонинг Яҳова деган исми борлигини ва уни бемалол қўллашаётганини эшитганимда ҳайрон қолдим. (Забур 83:18) Жамоатда турли миллат вакиллари бор эди, лекин улар орасида ҳеч қандай ирқий бўлинишлар йўқлиги яққол кўриниб турарди.
Шоҳидларнинг жамоат учрашувларига боришни ёқтирсам-да, тадқиқ ўтишни хоҳламасдим. Бир сафар жамоат учрашувида бўлганимда, дўстларим концертга боришган эди. Концертда бир ўсмир йигит чарм курткасини дўстларимга бермагани учун, улар уни дўппослаб ўлдиришди. Эртаси куни эса бу қилмишлари ҳақида мақтаниб юришди. Улар бу ҳақида ҳатто судда ҳам ҳазил қилишди. Дўстларимнинг аксарияти умрбод қамоқ жазосини олди. Ўша тунда улар билан бирга бўлмаганимдан ниҳоятда хурсандман. Ўшанда ҳаётимни ўзгартиришга қарор қилдим ва Муқаддас Китоб тадқиқини бошладим.
Мен миллатчилик қилардим, лекин Шоҳидларнинг бир-бирига бўлган муносабати менда катта таассурот қолдирди. Масалан, оқ танли Шоҳид чет элга кетиши керак бўлганида, болаларини қора танли оилада қолдирган эди. Шунингдек, бир қора танли йигитга оқ танли оила ўз уйидан бошпана берди. Яҳованинг Шоҳидлари Исонинг Юҳанно 13:35 даги сўзларига амал қилишларига амин бўлдим. «Агар орангизда меҳр-муҳаббат бўлса, сизлар менинг шогирдларим эканингизни барча билиб олади». Ҳақиқий биродарликни топганимдан шубҳам йўқ эди.
Тадқиқ ўтишни бошлагач, нуқтаи назаримни ўзгартиришим кераклигини тушундим. Мен ўзимни нафақат тинчликпарвардек тутишим, балки бу хислат шахсиятимга айланиши учун онгимни янгилашим керак эди. (Римликларга 12:2) Секин-аста маънан ўсдим. 1974 йили январь ойида Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмдим.
Мен ўзимни нафақат тинчликпарвардек тутишим, балки бу хислат шахсиятимга айланиши учун онгимни янгилашим керак эди
Ҳатто сувга чўмганимдан кейин ҳам, феъл-атворимни ўзгартиришда давом этишим лозим эди. Бир сафар уйма-уй хизмат қилганимда, машинамдан радиоприёмникни ўғирлаб кетишди ва мен ўғрининг орқасидан қувиб кетдим. Унга энди етай деганимда, у радиони ташлаб, қочиб кетди. Бу ҳақида бошқаларга айтиб бердим ва оқсоқол мендан: «Стивен, агар унга етиб олганингизда, нима қилардингиз?»— деб сўради. Бу савол мени ўйлантириб қўйди ва тинчликпарварлик устида кўпроқ ишлашга ундади.
1974 йили октябрь ойидан тўла вақтли хизматни бошладим. Бошқаларга Муқаддас Китоб ҳақиқатларини айтиш учун хизматга ҳар ой 100 соат вақт ажратардим. Кейинчалик Яҳова Шоҳидларининг Бруклиндаги (Нью-Йорк штати) халқаро бош идорасида ихтиёрий хизматчи сифатида хизмат қилиш шарафига эга бўлдим. 1978 йили бетоб онамга ғамхўрлик қилиш учун Лос-Анжелесга қайтдим. Икки йил ўтиб, гўзал рафиқам Аарондага уйландим. Рафиқам онамнинг ўлимига қадар унга ғамхўрлик қилишимга ёрдам берди. Вақт ўтиб, Ааронда билан биргаликда Гилад номли Муқаддас Китоб мактабида ўқидик. Бизни тўла вақтли махсус ваъзгўй сифатида Панамага тайинлашди. Ҳозиргача у ерда хизмат қиляпмиз.
Сувга чўмганимдан кейин, кўп маротаба иғволи вазиятларга дуч келдим. Кимдир жаҳлимни чиқармоқчи бўлганида, вазиятни юмшатишга ва ўзимни тута олишга ўргандим. Бу каби вазиятларни тўғри ҳал қилганим учун кўплар, шу жумладан, рафиқам мени мақтайди. Ҳатто ўзимга-ўзим ҳайрон қоламан. Лекин бу ўзгаришларга ўз кучим билан эришмадим. Буларнинг бари Муқаддас Китобнинг кучли таъсири туфайли содир бўлди. (Ибронийларга 4:12)
ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?
Муқаддас Китоб ҳаёт мазмунини топишимга ва тинчликпарвар инсон бўлишимга кўмаклашди. Ҳозир ҳеч ким билан муштлашмайман. Аксинча, одамларга маънан ёрдам беряпман. Ҳатто мактабдаги душманим билан ҳам Муқаддас Китоб тадқиқини ўтганман. У сувга чўмганидан кейин, бироз вақт мобайнида бирга битта уйда яшаганмиз. Ҳалигача у билан яқин дўстмиз. Шу кунгача рафиқам билан биргаликда 80 дан ошиқ киши билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтиб, уларга Яҳованинг Шоҳиди бўлишга ёрдам бердик.
Яҳова ҳаётимни мазмунга тўлдириб, ҳақиқий дўстларни совға қилгани учун Ундан миннатдорман.