Асосий материалларга ўтиш

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ

Энди бошқаларга ёрдам бера оламан

Энди бошқаларга ёрдам бера оламан
  • ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1981

  • МАМЛАКАТИ: ГВАТЕМАЛА

  • ЎТМИШДА: ФОЖИАЛИ БОЛАЛИК

ТАРЖИМАИ ҲОЛИМ

Мен Гватемаланинг тоғли ҳудудида жойлашган Акул номли шаҳарчада туғилганман. Оиламиз майялар авлоди бўлмиш ишил миллатига мансуб. Испанчадан ташқари миллий тилимизда ҳам гаплаша оламан. Болалигимнинг илк чоғлари Гватемалада 36 йил давом этган шиддатли фуқаролар уруши йилларига тўғри келди. Ўша вақтларда кўпгина миллатдошларим ҳалок бўлди.

Тўрт ёшимда етти яшар акам қўл гранатасини ўйнаётганида у тўсатдан портлаб кетди. Оқибатда мен кўр бўлиб қолдим, акам эса, афсуски вафот этди. Шундан кейин болалик даврим Гватемала шаҳридаги кўзи ожиз болалар интернатида ўтди ва у ерда Брайль шрифтини ўқишни ўргандим. Негадир ўқитувчилар менга бошқа болалар билан мулоқот қилишга рухсат беришмасди, шу сабабли ҳамма мендан ўзини олиб қочарди. Ўзимни шунчалик ёлғиз ҳис қилар эдимки, ҳар йили икки ой давомида уйимда онам билан бирга ўтказадиган вақтни орзиқиб кутардим. Онам меҳрибон эди, у доим мени тушунарди. Минг афсуски, ўн яшарлигимда онам вафот этди. Бу мен учун қаттиқ зарба бўлди, чунки бу дунёда у мени яхши кўрадиган ягона инсон эди.

11 ёшимда она шаҳримга қайтдим ва ўгай акамнинг оиласи билан бирга яшай бошладим. У ерда қорним тўқ, устим бут эди, лекин меҳр етишмасди. Баъзи вақтлари: «Нега онам вафот этди? Нега кўр бўлиб қолдим?» — деб Худога нола қилардим. Одамлар, бу Худонинг иродаси, дейишарди. Шунда мен, Худо шафқатсиз ва адолатсиз экан, деб хулоса қилдим. Фақат имкониятим бўлмагани учунгина ўз жонимга қасд қилмадим.

Кўр бўлганим учун жисмонан ва ҳиссан заиф эдим. Болалигимда бир неча марта номусимга тегишди. Бу ҳақда ҳеч кимга айтмадим — барибир мени тушунишмайди, деб ўйлардим. Одамлар мен билан камдан-кам гаплашгани учун мен ҳам биров билан гаплашгим келмасди. Мен одамови, ғамгин бўлиб қолгандим ва ҳеч кимга ишонмасдим.

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ

13 ёшимда мактабда танаффус пайтида ёнимга Яҳованинг Шоҳидлари бўлган бир жуфтлик (эр-хотин) келди. Ўқитувчиларимдан бирининг менга раҳми келарди, шу сабабли у ўша жуфтликдан мени йўқлаб келишни илтимос қилган экан. Улар менга Муқаддас Китобдан ўлганларнинг тирилиши ва кўрларнинг кўзлари очилиши ҳақидаги ваъдаларни ўқиб беришди. (Ишаё 35:5; Юҳанно 5:28, 29) Улардан эшитганларим менга жуда ёқарди, лекин одамлар билан мулоқот қилмасликка одатланиб қолганим учун, улар билан гаплашишга қийналардим. Одамови бўлганимга қарамай улар Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни ўргатиш учун ёнимга келаверишарди. Бу жуфтлик тоғлар оша қарийб 10 километр йўл босиб келарди.

Ўгай акамнинг айтишича, улар яхши кийинган, лекин унча бой эмасди. Аммо улар доим менга самимий қизиқиш кўрсатиб, ҳатто кичик совғалар бериб туришарди. Шунда мен фақат ҳақиқий масиҳийлар бундай беғараз бўлиши мумкин, деган фикрга келдим.

Мен Брайль шрифтида чоп этилган адабиётлар ёрдамида Муқаддас Китобни тадқиқ қилардим. Онгим билан ўрганганларимни тушунсам-да, қалбим билан айрим нарсаларни қабул қилиш қийин эди. Масалан, Худо менга бефарқ эмаслигига ва бошқалар ҳам мени У каби яхши кўриши мумкинлигига ишонгим келмасди. Нега Худо вақтинча ёвузликка йўл қўяётганини тушунардим, лекин Уни севувчи Ота сифатида қабул қилиш мушкул эди *.

Аста-секин Муқаддас Китобдан билиб олганларим ҳаётга бўлган нуқтаи назаримни ўзгартирди. Масалан, азоб чекаётган инсонларга Худонинг раҳми келишини билиб олдим. Қўпол муомалага дуч келган хизматчилари ҳақида Худо шундай деган: «Халқимнинг чекаётган азоб-уқубатини кўриб,.. қанчалик азоб тортаётганини яхши биламан». (Чиқиш 3:7) Яҳованинг нозик туйғуларини англаб етгач ҳаётимни Унга бағишлагим келди. 1998 йили сувга чўмиб Яҳованинг Шоҳиди бўлдим.

With the brother whose family took me in

Сувга чўмганимдан кейин бир йил ўтар-ўтмас Эскуинтла шаҳри яқинида кўзи ожизларга аталган махсус курсларда таҳсил олдим. Маҳаллий оқсоқоллардан бири йиғилишларга она шаҳримдан туриб қатнаш мен учун қанчалик қийин эканидан хабар топди. Гап шундаки, энг яқин жамоат, мен билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказган Шоҳидлар яшаган тоғлар ортида жойлашган ва кўзи ожиз кишига бундай масофани босиб ўтиш ниҳоятда қийин эди. Маҳаллий оқсоқол менга ёрдам бериш мақсадида Эскуинтла шаҳрида мени ўз оиласига қабул қилишга ва йиғилишларга қатнашимга ёрдам беришга тайёр бўлган Шоҳидларни топди. Шу кунгача улар менга ўз оила аъзосидек ғамхўрлик қилиб келишяпти.

Имондошлар менга самимий севгини қандай намоён этишгани ҳақида яна кўп мисоллар келтиришим мумкин. Бу мисолларни жамлаб, мен ҳақиқий масиҳийлар орасидаман деб ишонч билан айта оламан. (Юҳанно 13:34, 35)

ҲАЁТИМ ҚАНДАЙ ЯХШИЛАНДИ?

Энди ўзимни кераксиз ва умидсиз ҳис қилмаяпман. Ҳозир ҳаётим мазмунга тўла. Яҳова Шоҳидларининг тўла вақтли хизматчиси сифатида мен Муқаддас Китобга асосланган маърифат ишида қатнашяпман ва ўз заифликларимга эмас, балки Муқаддас Китобдаги бебаҳо ҳақиқатларни бошқаларга ўргатишга кўпроқ эътибор беряпман. Бундан ташқари, маҳаллий жамоатда оқсоқол бўлиб хизмат қилиш ва омма олдида Муқаддас Китобга асосланган нутқлар билан чиқиш шарафига эгаман. Мен ҳатто ҳудудий анжуманларда, минглаб кишилар олдида нутқлар сўзлаганман.

Giving a talk using my Braille Bible

2010 йили мен Сальвадор шаҳрида ўтказилган Хизмат малакасини ошириш мактабида (ҳозир Шоҳлик хабарчилари мактаби деб номланади) таҳсил олдим. Бу мактаб мени жамоатдаги масъулиятларимни яхшироқ бажаришга тайёрлади. Бундай таълим олганим туфайли Яҳова мени ниҳоятда қадрлашини ва яхши кўришини ҳис қилдим. Шунингдек, Ўз ишини бажариш учун У ҳар қандай инсонни яроқли қила олишини тушундим.

Исо: «Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта»,— деган эди. (Ҳаворийлар 20:35) Бугунги кунда мен чинакамига бахтлиман деб айта оламан ва илгари бу имконсиз бўлиб кўринган бўлса ҳам, энди бошқаларга ёрдам бера оламан.

^ абз. 13 Нега Худо ёвузликка йўл қўяётганини билиш учун Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган «Муқаддас Китоб ҳақиқатлари» номли китобнинг 11- бобига қаранг.

Мени ўз оиласига қабул қилган биродар билан бирга турибман

Брайль шрифтида чоп этилган Муқаддас Китоб ёрдамида нутқ сўзлаяпман