МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ
Муваффақиятга эришгунча, кўп маротаба йиқилдим
-
ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1953
-
МАМЛАКАТИ: АВСТРАЛИЯ
-
ЎТМИШДА: ПОРНОГРАФИЯГА ҚАРАМ БЎЛГАН
ОЛДИНЛАРИ.
1949 йили дадам Германиядан Австралияга кўчиб ўтдилар. Улар бирон-бир кон ёки электростанцияда ишламоқчи эдилар. Кейинроқ улар Виктория штатидаги қишлоқда жойлашдилар. У ерда дадам ойимга уйландилар ва 1953 йили мен туғилдим.
Бир неча йил ўтиб, ойим Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қила бошладилар. Шунга Муқаддас Китоб таълимотларини болалигимданоқ билардим. Дадам ҳеч қайси динни қабул қилмасдилар. Улар жаҳлдор бўлиб ойимга таҳдид қилардилар ва ойим дадамдан ҳамиша қўрқиб яшардилар. Ойим Муқаддас Китобни яширинча ўрганишда давом этардилар ва ундаги таълимотларни яхши кўриб қолгандилар. Дадам уйда бўлмаганларида, ойим ўрганган билимларни мен ва синглим билан бўлишардилар. Ойим келажакда ер юзида жаннат бўлишини ва Муқаддас Китоб меъёрлари бўйича яшаш ҳаётни бахтли қилишини айтардилар. (Забур 37:10, 29; Ишаё 48:17)
18 ёшимда дадамнинг зўравонлиги дастидан уйдан кетишга мажбур бўлдим. Гарчи ойим Муқаддас Китобдан ўргатган билимларга ишонсам-да, уларни қадрламасдим. Шунинг учун улар бўйича яшамасдим. Мен кўмир конига электрик бўлиб ишга кирдим. 20 ёшга тўлганимда уйландим. Уч йил ўтиб, биринчи қизимиз туғилди ва ҳаётимда нима муҳимроқ экани ҳақида қайтадан ўйлай бошладим. Муқаддас Китоб оиламга ёрдам бериши мумкинлигини билардим. Шунга уни Яҳованинг Шоҳидлари билан тадқиқ қила бошладим. Лекин турмуш ўртоғим Шоҳидларни яхши кўрмасди. Шоҳидларнинг йиғилишларига бир марта борганимдан кейин, хотиним олдимга шарт қўйиб: «Ё тадқиқни тўхтатасиз ё уйдан кетасиз»,— деб айтди. Иложсизликдан хотинимнинг шартларига кўниб, Шоҳидлар билан барча алоқаларни уздим. Кейинчалик бу қароримдан роса афсусландим.
Бир куни ишда ҳамкорларим менга порнография кўрсатишди. Бу мени ҳам ўзига жалб қиларди, ҳам айбдорлик ҳиссини уйғотарди. Муқаддас Китобдан ўрганган билимларимга асосланиб, Худо мени жазолайди деб ўйлардим. Лекин порнографияни кўп томоша қилганим сайин унга бўлган муносабатим ўзгарарди. Вақт ўтиб унга қарам бўлиб қолдим.
Ойим ёшлигимда менга пайванд қилишга уринган меъёрлардан кейинги 20 йил давомида тобора узоқлашиб борардим. Онгимни нима билан озиқлантирганим хулқ-атворимга таъсир қилганди. Беҳаё гаплар гапириб, ахлоқсиз ҳазиллар қилардим. Жинсий муносабатларга нисбатан нуқтаи назарим бузуқ эди. Гарчи хотиним билан яшашда давом этсам ҳам, бошқа аёллар билан ҳам юрардим. Бир куни кўзгуга қараб шундай ўйлаб қолдим: «Сени ёмон кўраман». Ўзимга нисбатан ҳурмат нафратга айланганди.
Никоҳим барбод бўлди ва ҳаётим ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Кейин Яҳовага ёлвориб ибодат қилдим. Йигирма йилдан кейин Муқаддас Китоб тадқиқини қайтадан тикладим. Ўша пайтга келиб дадам вафот этгандилар. Ойим эса Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмгандилар.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ.
Ҳаёт тарзим ва Муқаддас Китобдаги юқори меъёрлар ўртасида ер билан осмонча фарқ бор эди. Лекин бу сафар, Муқаддас Китобда ваъда қилинганидек, ички хотиржамликка эга бўлишга қатъий қарор қилгандим. Беадаб сўзларни ишлатмасликни ва ёмон феъл-атворимни ўзгартиришни истардим. Қолаверса, ахлоқсиз ҳаёт тарзимни, қимор ўйинларини, ичкиликбозликни ташлашни ҳамда иш берувчимни алдамасликни хоҳлардим.
Ишдаги ҳамкорларим нега ҳаётимни тубдан ўзгартирмоқчи эканимни тушунишмасди. Уч йил давомида улар мени нуқул эски ҳаёт тарзимга қайтаришга уринишарди. Борди-ю, озгина сусткашлик кўрсатсам, масалан, қизишсам ёки оғзимдан бирон-бир беадаб сўз чиқиб кетса, улар дарҳол: «Мана энди Жо ўзингга келдинг»,— деб ғолибона ҳайқиришарди. Бу сўзлардан қаттиқ ранжирдим ва ўзимни муваффақиятсиздек ҳис қилардим.
Иш жойимда порнография ҳам электрон, ҳам босма шаклда тўлиб-тошганди. Ҳамкорларим худди илгари мен қилгандек, бир-бирига беҳаё расмларни юборишарди. Бу қарамлигим билан курашиш қийин эди. Аммо ҳамкорларим мени йиқитишни мақсад қилиб олишгандек туюларди. Далда излаб мен билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилган Яҳованинг Шоҳидига мурожаат қилдим. Қалбимдагини тўкиб солганимда, у мени сабр ила тингларди. У баъзи Муқаддас Китоб оятлари ёрдамида бу одатим билан қандай курашишим мумкинлигини кўрсатди ва Яҳовага ёлвориб ибодат қилишга чорлади. (Забур 119:37)
Бир сафар ишхонамдаги барча ҳамкорларимни чақирдим. Кейин ҳамма тўпланганида, ичкилик билан курашаётган икки нафар ҳамкоримга пиво олиб келишларини сўрадим. Сўнгра барча бир овозда: «Ақлинг жойидами, ахир улар қарамлик билан курашяпти-ку!» — деди. Шунда: «Мен ҳам курашяпман»,— деб жавоб бердим. Ўша пайтдан бошлаб ҳамкорларим порнография қарамлиги билан курашаётганимни тушунишди ва эски ҳаёт тарзимга қайтишга ундамай қўйишди.
Вақт ўтиб, Яҳованинг катта ёрдами билан порнографияга бўлган қарамлигим устидан ғалаба қозондим. 1999 йили Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмдим. Ҳаётимни янги саҳифадан бошлаш учун менга иккинчи имконият берилганидан жуда хурсандман.
Энди нега Яҳова илгари мен узоқ вақт давомида яхши кўрган нарсалардан нафратланишини тушунаман. Меҳрибон Ота сифатида Яҳова мени порнография келтирадиган зарардан ҳимоя қилишни хоҳлаган. Ҳикматлар 3:5, 6 да чиндан ҳам рост айтилган! У ерда шуни ўқиймиз: «Яҳовага бутун қалбинг билан таян, ўз ақлингга ишонма. Ҳар ишингда Уни ёдда тут, У йўлларингни равон қилади». Муқаддас Китоб меъёрлари биз учун нафақат ҳимоя, балки муваффақият кафолатидир. (Забур 1:1–3)
ҲАЁТИМ ҚАНДАЙ ЯХШИЛАНДИ?
Ўтмишда феъл-атворимдан нафратланардим, лекин ҳозир ўзимга нисбатан ҳурматим ошди ва қалбим хотиржам. Ахлоқан пок ҳаёт кечиряпман ва Яҳова мени кечириб, қўллаб-қувватлаётганини ҳис қиляпман. 2000 йили Яҳовани худди мен каби қаттиқ яхши кўрадиган гўзал масиҳий опамиз Кэролинга уйландим. Уйимиз чинакам сокин гўша. Ўзининг ахлоқий поклиги билан ажралиб турувчи меҳридарё биродарлигимизнинг аъзолари эканимиз биз учун катта шараф.