МУҚОВАДАГИ МАВЗУ | МУҚАДДАС КИТОБНИНГ САҚЛАНИБ ҚОЛИШ ТАРИХИ
Буни билиш муҳимми?
Муқаддас Китоб бошқа диний матнлардан фарқ қилади. Бунчалик узоқ вақт мобайнида бошқа ҳеч бир китоб кўпдан-кўп одамнинг эътиқодига шу қадар кучли таъсир қилмаган. Бошқа томондан, ҳеч бир китоб у каби чуқур тадқиқ ва танқид қилинмаган.
Масалан, айрим олимлар ҳозирги Муқаддас Китобнинг ишончлилигидан шубҳаланишади. Бир профессор шундай фикр билдирди: «Асл матн аниқ етказиб берилганига амин эмасмиз. Қўлимизда хатоларга тўла нусхалар бор, холос. Уларнинг аксарияти асл матн ёзилганидан кейин асрлар ўтиб пайдо бўлган ва минглаб жойларда фарқ бор».
Бошқалар диний эътиқодлари сабабли Муқаддас Китобнинг ишончлилигидан шубҳаланишади. Масалан, Файзалга Муқаддас Китобни Аллоҳ нозил этган, лекин у ўзгартирилган, деб ўргатишган. У шундай деб бўлишди: «Оқибатда мен Муқаддас Китоб ҳақида гапирадиган одамларга ишонмай қўйдим. Ахир уларда Муқаддас Китобнинг асл нусхаси йўқ, у ўзгартирилган!»
Муқаддас Китоб ўзгартирилганми ёки йўқми, буни билиш муҳимми? Мана шу ҳақда бир ўйлаб кўринг: агар Муқаддас Китоб ўзгартирилган бўлса, унда ёзилган ажойиб келажак ҳақидаги ваъдаларга ишониш мумкинми? (Римликларга 15:4) Борди-ю, Муқаддас Китобнинг ҳозирги нусхалари хатоларга тўла бўлса, унда иш, оила, Худога топиниш каби муҳим масалаларда қарор чиқараётиб ундаги принципларга амал қиласизми?
Гарчи Муқаддас Китобнинг асл нусхаси сақланиб қолмаган бўлса-да, унинг қадимги нусхалари — минглаб қўлёзмалари мавжуд. Бу қўлёзмалар емирилиш хавфи, қаршиликлару матнни ўзгартириш уринишларига қарамасдан, бугунгача қандай сақланиб қолди? Унинг сақланиб қолгани ҳозирги Муқаддас Китобга ишончимизни қандай мустаҳкамлайди? Бу саволларнинг жавобини кейинги мақоладан билиб оласиз.