МУҚОВАДАГИ МАВЗУ | МУҚАДДАС КИТОБНИНГ САҚЛАНИБ ҚОЛИШ ТАРИХИ
Муқаддас Китоб қаршиликларга қарамай сақланиб қолди
ХАВФ. Сиёсий ва диний раҳбарларнинг аксарияти Муқаддас Китобдаги хабар тарқалишига жон-жаҳд билан қаршилик кўрсатишган. Кўпинча улар одамларга Муқаддас Китобга эга бўлишни, уни таржима қилишни ёки ундан нусха кўчиришни, кейинчалик эса уни нашр этишни тақиқлашарди. Келинг, иккита мисолни кўриб чиқайлик.
-
Тахминан мил. авв. 167 йил. Яҳудийларни юнонларнинг динига оғдиришга бор кучи билан ҳаракат қилган Салавкийлар шоҳи Антиох Эпифан Ибронийча ёзувларнинг ҳамма нусхаларини йўқ қилишни амр этган эди. Шоҳ амалдорлари нималар қилишгани ҳақида тарихчи Ҳенри Грец шундай деб ёзганди: «Улар Тавротнинг ўрама битикларини қаерда топишса, йиртиб, ёндириб юборишарди ва Муқаддас Ёзувларни ўқишдан тасалли топганларни ўлдиришарди».
-
Ўрта асрлар. Айрим католик раҳнамолари, оддий одамлар католик черкови таълимотларини эмас, Муқаддас Китоб таълимотларини ваъз қилишаётганини кўриб ғазабланишарди ва лотин тилидаги Забур китобидан ташқари, Муқаддас Ёзувларнинг бошқа китобларига эга бўлганларни бидъатчи (еретик) деб эълон қилишарди. Бир черков кенгаши «бидъатчиларни қунт билан, астойдил ва тинмай тинтув қилишни... барча гумон қилинган уй ва ертўлаларни яхшилаб кўздан кечиришни... Ҳеч бўлмаса битта бидъатчи топилса, уйини вайрон қилишни» амр этган эди.
Агар душманлар Муқаддас Китобни йўқ қилишга муваффақ бўлишганида эди, биз ундаги хабарни ҳеч қачон эшита олмасдик.
МУҚАДДАС КИТОБ ҚАНДАЙ ҚИЛИБ САҚЛАНИБ ҚОЛГАН? Антиох Эпифан уюштирган шиддатли қувғунлар Исроил юртидаги яҳудийларга қарши қаратилган эди. Аммо кўпгина бошқа мамлакатларда ҳам яҳудий жамоалари бор эди. Олимларнинг ҳисобига кўра милодий I асрга келиб яҳудийларнинг 60 фоиздан ошиғи Исроил юртидан ташқарида яшарди. Улар ўз ибодатхоналарида Муқаддас Ёзувларнинг нусхаларини сақлашарди ва улардан кейинги авлод, жумладан масиҳийлар ҳам, худди шу қўлёзмалардан фойдаланишган. (Ҳаворийлар 15:21)
Ўрта асрларда Муқаддас Китобни яхши кўрадиган инсонлар қувғунларга қарамасдан уни таржима қилиб тарқатишда давом этишган. XV асрнинг ўрталарига келиб, ҳали матн териш босма пресси ихтиро қилинмасидан олдин Муқаддас Китобнинг айрим қисмлари 33 тилда мавжуд эди. Кўп ўтмай Муқаддас Китобни таржима қилиш ва чоп этиш иши кенг қулоч ёзди.
НАТИЖАСИ ҚАНАҚА? Қудратли ҳукмдорлар ва руҳонийларнинг қаршиликларига қарамай, Муқаддас Китоб тарихдаги энг кўп чоп этиладиган ва таржима қилинадиган китобга айланди. У айрим мамлакатларнинг қонунида, тилида ва миллионлаб инсонларнинг ҳаётида чуқур из қолдирди.