Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

МУҚОВАДАГИ МАВЗУ | ТЎРТ ЧАВАНДОЗ. УЛАРНИНГ КЕЛИШИ СИЗГА ҚАНДАЙ ТААЛЛУҚЛИ?

Тўрт чавандоз. Улар ким?

Тўрт чавандоз. Улар ким?

Тўрт чавандоз сирли ва қўрқинчли кўриниши мумкин. Лекин аслида бундай эмас. Нега? Чунки Муқаддас Китоб ва замонавий тарихимиздаги воқеалар ҳар бир чавандоз ниманинг рамзи эканини бехато аниқлашга ёрдам беради. Гарчи бу чавандозлар ер юзига фалокат келишининг белгиси бўлса-да, бу сиз ва оилангиз учун хушхабар дегани. Қанақасига дейсизми? Келинг, аввалига ҳар бир чавандоз нимани англатишини билиб олайлик.

ОҚ ОТ МИНГАН ЧАВАНДОЗ

Ваҳий мана бундай сўзлар билан бошланади: «Шунда, бир оқ отни кўрдим. Чавандозининг қўлида ёй бор эди ва унга тож берилганди. У зафар қозониб, мутлақ ғалабага эришиш учун чиқди». (Ваҳий 6:2)

Оқ от минган чавандоз кимни билдиради? Жавобини шу китобдан, яъни Ваҳий китобидан топамиз. Бу самовий чавандоз «Худонинг Каломи» деб аталган. (Ваҳий 19:11–13) «Калом» унвони Исо Масиҳга тегишли, чунки у Худонинг номидан гапиради. (Юҳанно 1:1, 14) Бундан ташқари, у «Шоҳаншоҳ ва Олий Ҳазрат» ҳамда «Содиқ ва Ҳақ» деган номларга эга. (Ваҳий 19:16) Кўриниб турганидек Исо жангчи ва шоҳ сифатида фаолият юритиш ваколатига эга. У қўлидаги ҳокимиятни суиистеъмол қилмайди. Аммо баъзи саволлар туғиляпти.

Жанг олиб бориш ваколатини унга ким берган? (Ваҳий 6:2) Дониёр пайғамбар ўз ваҳийсида «инсон ўғлига» ўхшатилган Масиҳни кўради ва унга «Азалий Нуроний», яъни Тангри Яҳова * «ҳукмдорлик, шон-шараф ҳамда салтанат» беради. (Дониёр 7:13, 14) Бундан чиқди Исога қудратни, бошқариш ва ҳукм қилиш ҳуқуқини Қодир Аллоҳ берган. Муқаддас Ёзувларда оқ ранг кўпинча одиллик тимсоли сифатида ишлатилади. Шу сабабли оқ от Худонинг Ўғли олиб борадиган адолатли уруш учун мос тимсол сифатида хизмат қилади. (Ваҳий 3:4; 7:9, 13, 14)

Чавандозлар қачон югуришни бошлади? Исога тож берилганидан кейин биринчи чавандоз югуришни бошлади. (Ваҳий 6:2) Қачон Исога Шоҳ сифатида тож берилган? Тирилиб осмонга кўтарилганидан кейин дарҳолми? Йўқ. Муқаддас Китобда айтилишича, у осмонга қайтганидан кейин муайян вақт ўтиши керак эди. (Ибронийларга 10:12, 13) Исо ўз шогирдларига бу кутиш даври якунланганини ва у осмонда ҳукмронлик қилишни бошлаганини қандай аниқлаш мумкинлигини тушунтирган. У айтган эдики, ҳукмронлик қилишни бошлаганида ер юзида аҳвол ёмонлашади. Урушлар, озиқ-овқат етишмовчилиги ҳамда ўлатлар, яъни эпидемиялар бўлади. (Матто 24:3, 7; Луқо 21:10, 11) 1914 йили Биринчи жаҳон уруши бошланганидан кўп ўтмай, инсоният Муқаддас Китобда «охирзамон» деб аталган ниҳоятда оғир даврга қадам қўйгани яққол кўринди. (2 Тимўтийга 3:1–5)

Исо 1914 йили ҳукмронлик қилишни бошлаганидан буён нега ер юзида аҳвол баттарлашиб бормоқда? Чунки шу йили Исо ерда эмас, осмонда ҳукмронлик қилишни бошлади. Ўшанда осмонда жанг бўлди ва яқинда тахтга ўтирган Шоҳ Исо (Ваҳий китобида Микоил деб аталган) Шайтон билан унинг жинларини ер юзига улоқтирди. (Ваҳий 12:7–9, 12) Умри қисқа эканини тушунган Шайтон жаҳл отига минган. Худо Шайтонга чиқарилган ҳукмни амалга ошириб, уни ер юзидан йўқ қилиб юборадиган кун яқинлашмоқда. (Матто 6:10) Келинг, энди қолган уч чавандоз ҳақида сўз юритайлик. Уларнинг югуриб чиқиши «охирзамон» билан боғлиқ. Биринчи чавандоздан фарқли ўлароқ, улар аниқ бир шахсни билдирмайди. Улар инсоният жамиятининг бошига тушадиган глобал шароитларни англатади.

ҚИЗҒИШ МАЛЛА РАНГЛИ ОТ МИНГАН ЧАВАНДОЗ

«Шу пайт қизғиш малла рангли от чиқди. Чавандозига ер юзидагилар бир-бирини шафқатсизларча ўлдириши учун дунёдан тинчликни олишга рухсат этилиб, катта қилич берилди». (Ваҳий 6:4)

Бу чавандоз урушларни билдиради. Унга бир нечта халқдан эмас, бутун дунёдан тинчликни олишга рухсат берилган. 1914 йили тарихда илк бор жаҳон миқёсида уруш содир бўлди. Ундан кейин янада кўпроқ вайронагарчилик келтирган Иккинчи жаҳон уруши юз берди. Баъзи маълумотларга кўра, 1914 йилдан бошлаб юз берган урушлар ва ҳарбий можароларда 100 миллиондан ошиқ инсоннинг ёстиғи қуриган! Қанчадан–қанча одамлар ногирон бўлиб қолган.

Урушлар ҳозирги замонни бошқа даврлардан ажратиб турибдими? Шубҳасиз, ахир тарихда илк бор одамлар ўз–ўзини бутунлай йўқ қилиб юбориш қудратига эга-ку! Ҳатто Бирлашган Миллатлар каби тинчлик келтирувчи ташкилотлар ҳам қизғиш малла рангли от минган чавандозни тўхтатишга қодир эмас.

ҚОРА ОТ МИНГАН ЧАВАНДОЗ

«Кейин қора отни кўрдим. Чавандозининг қўлида тарози бор эди. Шунда гўё тўрт жонзот орасида бир овоз шундай деяётганини эшитдим: “Бир кило буғдой бир динорга, уч кило арпа бир динорга. Зайтун ёғи ва шаробга эса зарар етказма”». (Ваҳий 6:5, 6)

Бу чавандоз очарчиликни билдиради. Ваҳийдаги овоз озиқ-овқатлар жуда қиммат туришини эълон қилади: бир килоча (кварта) буғдой бир динор, яъни биринчи асрда бир кунлик иш ҳақига тенг! (Матто 20:2) Буғдойдан қадри паст бўлган арпанинг тахминан уч килоси (3 кварта) ҳам бир динор туради. Бунақа нарх-наво билан оилани боқиб бўладими?! Кейин одамлар ваҳийда ёғ ва шароб деб тасвирланган ўша давр учун кундалик озиқ–овқатларга нисбатан тежамкор бўлиб, уларни истеъмол қилмаслик ҳақида огоҳлантирилади.

Хўш, 1914 йилдан буён қора от минган чавандоз чопиб юрганининг исботи борми? Ҳа! 20- аср давомида тахминан 70 миллион одам очликдан ўлган. Бир манбанинг маълумотига кўра, «2012–2014 йилларда 805 миллион инсон — ер юзи аҳолисининг тўққиздан бир қисми — сурункали равишда кам овқатланган». Бошқа бир манбада айтилишича, «ҳар йили очликдан ОИТС, безгак ва сил касалликларидан ўлганларнинг жамига қараганда кўпроқ одам ҳалок бўлади». Очлик муаммосини бартараф этиш йўлидаги кўп саъй-ҳаракатларга қарамай, қора от минган чавандоз чопишда давом этмоқда.

РАНГИДА РАНГ ҚОЛМАГАН ОТ МИНГАН ЧАВАНДОЗ

«Шу заҳоти рангида ранг қолмаган бир отни кўрдим. Чавандозининг номи Ўлим эди. Мозор ҳам унинг орқасидан эргашиб келаётганди. Узун қилич, очарчилик, ўлат ва йиртқич ҳайвонлар билан ўлдириш учун унга ернинг тўртдан бир қисми устидан ҳокимият берилди». (Ваҳий 6:8)

Тўртинчи чавандоз эса ўлат, яъни эпидемия ва бошқа сабаблар келтириб чиқарадиган ўлимни билдиради. 1914 йилдан кўп ўтмай испан гриппи ўнлаб миллион одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Тахминан 500 миллион инсон, яъни сайёрамизнинг ҳар учинчи одами бу гриппни юқтириб олган.

Аммо испан гриппи бу бошланиши эди, холос. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, 20- асрда чечак (оспа) касаллигидан юзлаб миллион одамлар ўлган. Тиббиёт соҳасида эришилган ютуқларга қарамай, ҳалигача одамлар ОИТС, сил ва безгак қурбони бўлмоқда.

Урушлар, очлик, ўлатлар... Ҳаммаси ўлим келтиради. Инсоният қабристони янги қурбонлар билан тўлиб бормоқда. Гўёки умид йўқдай.

ЯХШИ КУНЛАР ОЛДИНДА!

Яқинда фалокату мусибатлар даври якун топади. Унутманг, Исо ғалаба қозониш учун 1914 йили оқ от миниб йўлга чиқди ва Шайтонни ер юзига улоқтирди. Аммо шу билан у ўз ишини якунламади. (Ваҳий 6:2; 12:9, 12) Яқинда Армагеддонда Исо Шайтонни одамларга таъсир ўтказиш имкониятидан маҳрум этади ва уни қўллаб-қувватлаган кишиларни йўқ қилиб ташлайди. (Ваҳий 20:1–3) Исо уч чавандозни тўхтатибгина қолмай, улар келтирган барча зарарни қоплайди. У буни қандай қилади? Муқаддас Китобдаги ваъдаларга эътибор беринг.

Уруш ўрнига тинчлик ҳукм суради. Яҳова «ер юзи бўйлаб жангларга барҳам беради. Камонларни синдириб, найзаларни парчалаб ташлайди». (Забур 46:9) Тинчликсевар инсонлар эса «тинчлик-хотиржамликда умр кечириб, беҳад шод бўлади». (Забур 37:11)

Очлик ўрнига тўкин-сочинлик келади. «Ер юзида ғалла мўл бўлади, тоғлар тепасида дон сероб бўлади». (Забур 72:16)

Яқинда Исо уч чавандоз келтирган барча зарарни қоплайди

Эпидемиялар ва ўлим ўтмишда қолади. Ҳамма мукаммал соғликка ва абадий ҳаётга эга бўлади. «Худо уларнинг кўзидаги ҳар қандай ёшни артиб олади. Ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди». (Ваҳий 21:4)

Исо ер юзида яшаганида одамларни тинчликка ўргатган, минглаб оч кишиларни тўйдирган, касалларга шифо берган ва ҳатто ўлганларни тирилтирган. Бу билан унинг бошқаруви остида ҳаёт қандай бўлишини олдиндан кўрсатган. (Матто 12:15; 14:19–21; 26:52; Юҳанно 11:43, 44)

Яҳованинг Шоҳидлари уч чавандознинг чопиши тугашига қандай тайёр бўлишингиз мумкинлигини Муқаддас Китобингиздан бажонидил кўрсатиб беришади. Кўпроқ билиб олиш учун таклифни қабул қиласизми?