Асосий материалларга ўтиш

«Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашуви учун йўл-йўриқлар

«Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашуви учун йўл-йўриқлар

Мундарижа

1. Ушбу ҳужжатдаги йўл-йўриқлар «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувида иштирок этадиган барчага ёрдам беради. Иштирокчилар уларга берилган топшириқларга тайёргарлик кўришдан олдин «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз. Таълим дастури»да ҳамда ушбу ҳужжатда уларнинг топшириқлари учун келтирилган йўл-йўриқларни кўриб чиқишлари лозим. Ҳамма ваъзгўйларни топшириқ олишга ундаш керак. Ҳали ваъзгўй бўлмаганлар ҳам, агар йиғилишларга мунтазам қатнаётган, Муқаддас Китоб таълимотлари билан рози ва масиҳийларга хос ҳаёт кечираётган бўлишса, топшириқлар билан чиқишлари мумкин. «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувининг нозири топшириқлар билан чиқиш истагини билдирган, лекин ваъзгўй бўлмаганлар билан талабларни муҳокама қилиши ва киши талабларга мос келса, бу ҳақда уни хабардор қилиши керак. Бу муҳокама у билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказадиган ваъзгўй иштирокида (ёки имонда бўлган ота ёки онасининг иштирокида) ўтказилиши лозим. Топшириқлар билан чиқиш учун ва сувга чўммаган ваъзгўй бўлиш учун талаблар бир хил. (od 8-боб, 8-хб.)

 КИРИШ СЎЗЛАРИ

2. Бир дақиқа. Ҳар ҳафта қўшиқ ва ибодатдан сўнг, «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувининг раиси дастурни кириш сўзлари билан бошлайди. У жамоатга кўпроқ фойда келтирадиган фикрларга урғу беради.

  АЛЛОҲ КАЛОМИДАГИ ХАЗИНАЛАР

 3. Нутқ. Ўн дақиқа. «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз. Таълим дастури»да мавзу ва икки-учта асосий фикр келтирилади. Бу нутқ оқсоқолга ёки талабларга мос келадиган жамоат хизматкорига топширилади. Ҳафталик жадвал бўйича Муқаддас Ёзувлардаги янги китоб ўқиладиган бўлса, унда шу китобни таърифловчи видео қўйиб берилади. Маърузачи нутқ мавзуси билан видеони боғловчи фикрларга эътибор қаратиши мумкин. Шундай бўлса-да, у таълим дастурида келтирилган барча фикрларни албатта очиб бериши даркор. Бундан ташқари, вақт етарли бўлса, у кўриб чиқиладиган маълумотни ёрқинроқ очиб бериш мақсадида келтирилган расмлардан унумли фойдаланиши керак. Агар бу нутқдаги фикрларни яхшироқ очиб беришга кўмаклашса, маърузачи қўшимча маълумот келтириши мумкин.

 4. Маънавий марваридлар. Ўн дақиқа. Бу қисмни оқсоқол ёки талабларга мос келадиган жамоат хизматкори савол-жавоб тариқасида ҳамда кириш ва хотима сўзларисиз ўтказади. Биродар тингловчиларга барча саволларни бериши керак. Шунингдек, саволга келтирилган оятларни ўқиш ёки ўқимасликни унинг ўзи ҳал қилиши мумкин. Ҳар бир шарҳ 30 сония ёки ундан озроқ бўлиши лозим.

 5. Муқаддас Китоб қироати. Тўрт дақиқа. Ушбу топшириқни эркак ўқувчи (ёшининг аҳамияти йўқ) бажаради. Ўқувчи фақатгина унга топширилган маълумотни ўқиб беради. У кириш сўзларини ҳам айтмайди, хотима ҳам ясамайди. Учрашув раиси ўқувчиларга тўғри, тушунарли, равон, мантиқий урғуни тўғри қўйиб, овоз оҳангини ўзгартириб, паузалар қилиб ва табиий қироат қилишга ёрдам беради. Қироат қилинадиган баъзи парчалар қисқароқ, бошқалари эса узунроқ бўлгани учун, «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувининг нозири бу топшириқни бераётиб ўқувчиларнинг қобилиятларини инобатга олиши даркор.

 ХИЗМАТДА ФАОЛ БЎЛИНГ

6. Ўн беш дақиқа. Учрашувнинг ушбу қисми ҳар биримизга ваъзгўйлик хизматида тажрибага эга бўлишга ҳамда суҳбатлашиш, ваъз қилиш ва таълим бериш маҳоратимизни оширишга ёрдам беради. Зарурат бўлса, ўқувчиларга бериладиган топшириқлар билан оқсоқоллар ҳам чиқиши мумкин. Ҳар бир ўқувчи «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз. Таълим дастури»даги топшириқлар ёнида қавс ичида келтирилган «Таълим бериш» ёки «Одамларни севинг» рисоласи дарслари устида ишлаши керак. Айрим ҳолларда дастурга муҳокама тарзида ўтадиган қисм киритилади. Дастурнинг бу қисмини оқсоқол ёки талабларга мос келадиган жамоат хизматкори ўтказиши мумкин. (Муҳокамани қандай ўтказиш борасида  15-хатбошига қаранг.)

 7. Суҳбат бошлаш. Бу топшириқни эркак ёки аёл ўқувчига бериш мумкин. Унга ёрдам берадиган киши унинг жинсдоши ёки қариндоши бўлиши керак. Ўқувчи ва унга ёрдам берадиган киши топшириқни ўтирган ёки тик турган ҳолда бажариши мумкин. (Топшириқнинг мақсади ва вазиятлар борасида кўпроқ маълумот олиш учун  12- ва  13-хатбошиларга қаранг.)

 8. Қизиқишни ривожлантириш. Бу топшириқни эркак ёки аёл ўқувчига бериш мумкин. Унга ёрдам берадиган киши унинг жинсдоши бўлиши керак. (km-U 5/97 2-саҳ.) Ўқувчи ва унга ёрдам берадиган киши топшириқни ўтирган ёки тик турган ҳолда бажариши мумкин. Ўқувчи олдинги суҳбатнинг давоми сифатида, қизиқишни ривожлантириш учун нима дейиш кераклигини кўрсатиши лозим. (Топшириқнинг мақсади ҳамда вазиятлар борасида кўпроқ маълумот олиш учун  12- ва  13-хатбошиларга қаранг.)

 9. Шогирд тайёрлаш. Бу топшириқни эркак ёки аёл ўқувчига бериш мумкин. Унга ёрдам берадиган киши унинг жинсдоши бўлиши керак. (km-U 5/97 2-саҳ.) Ўқувчи ва унга ёрдам берадиган киши топшириқни ўтирган ёки тик турган ҳолда бажариши мумкин. Ушбу топшириқда анчадан буён ўтказилаётган тадқиқ кўрсатилиши керак. Агар ўқувчига кириш сўзлари ва хотимага тегишли дарслар устида ишлаш топширилмаган бўлса, кириш сўзларини айтиш ва хотима ясаш керак эмас. Кўриб чиқилаётган маълумотни овоз чиқариб тўлиқ ўқиш кутилмайди, аммо бундай қилинса ҳам хато бўлмайди.

 10. Эътиқодингизни тушунтириш. Агар бу топшириқ нутқ бўлса, ушбу топшириқ эркак ўқувчига берилиши керак. Топшириқ намойиш бўлса, эркак ёки аёл ўқувчига берилиши мумкин. Унга ёрдам берадиган киши унинг жинсдоши ёки қариндоши бўлиши керак. Ўқувчи келтирилган маълумотдан фойдаланиб, топшириқнинг мавзусидаги саволга аниқ ва хушмуомалалик билан жавоб бериши лозим. Ўқувчи топшириқ давомида келтирилган адабиётга ишора қилиш-қилмасликни ўзи ҳал қилади.

 11. Нутқ. Бу топшириқ эркак ўқувчига берилади ва жамоатга нутқ тарзида сўзланади. Агар нутқ «Одамларни севинг» рисоласининг А иловасидаги фикрга асосланган бўлса, ўқувчи келтирилган оят(лар)ни хизматда қандай қўллаш мумкинлигини тушунтириши лозим. Мисол учун, у оятни қачон қўллаш мумкинлигини, оятнинг маъносини ва инсон билан ўша оят устида қандай музокара қилишни тушунтириши мумкин. Нутқ «Одамларни севинг» рисоласининг дарсларидан биридаги параграфга асосланган бўлса, ўқувчи келтирилган маълумотни қандай қилиб хизматда қўллаш мумкинлигига эътибор қаратиши керак. Ўринли бўлса, у 1-параграфда келтирилган мисолни ёки дарсда келтирилган бирор қўшимча оятни ёритиб бериши мумкин.

   12. Топшириқнинг мақсади. Бу ва кейинги хатбошидаги маълумот «Суҳбат бошлаш» ва «Қизиқишни ривожлантириш» топшириқларига тегишли. Агар алоҳида қайд этилмаган бўлса, ўқувчининг мақсади суҳбатдошини қизиқтирадиган ва тушунишига осон бўлган бирор Муқаддас Китоб ҳақиқати билан бўлишиш ҳамда кейинги суҳбатга замин яратишдир. Ўқувчи долзарб ва маҳаллий ҳудудда самарали бўлган мавзуни танлаши керак. У «Таълим бериш қутимиз»даги бирор адабиёт ёки видеони кўрсатиш ё кўрсатмасликка қарор қилиши мумкин. Ёдлаб олинган муқаддимани кўрсатиб беришдан кўра, ўқувчи табиийлик ва шахсий қизиқиш кўрсатиш каби фазилатлар устида ишлаб суҳбатлашиш маҳоратини ошириши керак.

   13. Вазиятлар. Ўқувчи топшириқда кўрсатилган умумий вазиятни маҳаллий шароитларга мослаштириши керак. Масалан:

  1.  1) Уйма-уй ваъзгўйлик. Бу вазият юзма-юз, телефонда ёки хат орқали хонадондан хонадонга юриб ваъз қилишни ва уйма-уй хизматда учраган киши билан суҳбат қилгандан кейин билдирилган қизиқишни ривожлантиришни ҳам ўз ичига олади.

  2.  2) Норасмий шоҳидлик. Бу вазиятда оддий суҳбатдан фойдаланиб, қандай қилиб шоҳидлик бериш мумкинлиги кўрсатилади. Бу ишда, мактабда, яшаётган ҳудудингизда, жамоат транспортида ёки бошқа жойда кундалик ишларингизни бажараётиб, учраган инсонлар билан Муқаддас Китобга асосланган бирор фикрни бўлишишни ўз ичига олади.

  3.  3) Жамоат жойларида ваъз қилиш. Бу вазият адабиёт аравачаси билан ваъз қилишни, одамларнинг иш жойида, кўчама-кўча, хиёбонларда, автотураргоҳларда ёки одамларни учратиш мумкин бўлган бошқа ҳар қандай жойда шоҳидлик беришни ўз ичига олади.

 14. Видеолар ва адабиётлардан фойдаланиш. Вазиятга қараб ўқувчи видео ёки адабиётдан фойдаланишга қарор қилиши мумкин. Агар ўқувчининг топшириғига видео ҳам кирса ёки у бирор видеога диққат қаратишга қарор қилса, у видеони қўйиб бермасдан уни шунчаки айтиб ўтиши ва муҳокама қилиши керак.

  ҲАЁТ ТАРЗИМИЗ

15. Бу қисм қўшиқ билан бошланади. Кейин 15 дақиқа давомида тингловчиларга Худонинг Каломини қўллашга кўмаклашувчи бир ёки иккита қисм бўлади. Агар аниқ кўрсатма берилмаган бўлса, унда бу қисмни оқсоқолга ёки талабларга мос келадиган жамоат хизматкорига топшириш мумкин. Топшириқ муҳокама тарзида ўтказилганда, бу қисм давомида маърузачи келтирилган саволлардан ташқари қўшимча саволлар бериши мумкин. Асосий фикрларни ёритиб беришга ва тингловчилар иштирокига етарлича вақт қолиши учун кириш сўзлари қисқа бўлиши керак. Агар интервью бўлса, иштирокчи имкон қадар ўтирган жойидан эмас, саҳнадан интервью бергани маъқул.

  16. Жамоат билан Муқаддас Китоб тадқиқи. Ўттиз дақиқа. Бу қисм тажрибали оқсоқолга топширилиши даркор. (Оқсоқоллар кам бўлган жамоатларда керак бўлганда бу вазифани талабларга мос келадиган жамоат хизматкорига топшириш мумкин.) Оқсоқоллар кенгаши қайси оқсоқоллар Жамоат билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказиш талабларига мос келишини ҳал қилиши керак. Ушбу тайинланган биродарлар тадқиқни мазмунли ўтказишлари керак. Тадқиқ вақтида тугаши керак. Биродар келтирилган очқич оятларга урғу бериши, ҳар бир тингловчига муҳокама қилинаётган маълумотнинг амалий қадр-қимматини кўришга ёрдам бериши керак. Тайинланган биродар муҳокама қандай ўтказилиши борасида берилган йўл-йўриқларни кўриб чиқиши фойдали бўлади. (w23.04 24-саҳ., рамка) Келтирилган маълумот тўлиқ кўриб чиқилгач, тадқиқни чўзиб ўтиришнинг кераги йўқ. Ҳар ҳафта тадқиқни ўтказишга ва хатбошиларини ўқишга имкон қадар ҳар хил биродарларни тайинлаш керак. Агар «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувининг раиси Жамоат билан Муқаддас Китоб тадқиқини қисқартириш керак деб айтса, буни қандай қилишни тадқиқни ўтказадиган биродар ҳал қилади. Масалан, у баъзи хатбошиларни қироатсиз муҳокама қилиши мумкин.

  ХОТИМА

17. Уч дақиқа. «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувининг раиси ўша кунги учрашувда айтилган фойдали фикрларни қисқача айтиб ўтади. Шунингдек, кейинги ҳафтага оид маълумот билан таништирса бўлади. Бундан ташқари, у вақтни инобатга олиб, кейинги ҳафтадаги топшириқлар кимларга берилганини айтиши мумкин. Агар бошқача йўл-йўриқ берилмаган бўлса, учрашув раиси хотима ясаётганида жамоатга муҳим эълонларни ёки хатларни ўқиб бериши мумкин. Ҳар ҳафталик жадвалга тегишли эълонларни, масалан, ҳар ҳафта ўтадиган ваъзгўйлик хизмати учрашувлари ва Зални йиғиштириш жадвалини саҳнадан айтиш керак эмас. Уларни эълонлар тахтасига жойлаштириш керак. Агар хотима учун ажратилган вақт эълонларни айтишга ёки хатларни ўқишга камлик қилса, унда учрашув раиси дастурнинг «Ҳаёт тарзимиз» қисмида чиқадиган биродарлардан топшириқларини қисқартиришни сўраши мумкин. ( 16- ва  19-хатбошиларга қаранг.) Учрашув якунида қўшиқ куйланади ва ибодат қилинади.

  МАҚТОВ ВА МАСЛАҲАТ

18. «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувининг раиси ҳар бир топшириқдан сўнг тахминан бир дақиқа ичида берилган дарсга асосланиб ўқувчиларни мақтайди ва маслаҳат беради. Учрашув раиси топшириқни эълон қилаётганида ўқувчи қайси дарс устида ишлаётганини айтмайди. Бироқ ўқувчи топшириғини бажарганидан кейин ва уни мақтагандан кейин, учрашув раиси ўқувчи қайси дарс устида ишлаганини, нега бу топшириқни яхши бажарганини ёки нима учун ва қандай қилиб ўша дарс устида ишлашда давом этиши кераклигини мулойимлик билан айтиши мумкин. Агар учрашув раиси намойишнинг бошқа жиҳатлари ўқувчига ёки тингловчиларга фойдали бўлади деб ҳисобласа, уларни ҳам шарҳлаши мумкин. Қўшимча амалий маслаҳатларни «Одамларни севинг» ва «Таълим бериш» рисолалари ёки «Воизлик мактаби» китоби ёрдамида учрашувдан кейин ё бошқа сафар яккама-якка гаплашганда бериш мумкин. Маслаҳат ўқувчи ишлаган дарс ёки бошқа дарсларга тегишли бўлиши мумкин. («Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувининг раиси ҳамда махсус маслаҳатчининг вазифаси нимадан иборатлигини билиш учун  19-,  24-, ва  25-хатбошиларга қаранг.)

     ВАҚТ ТАРТИБИ

19. Дастурнинг ҳеч бир қисми ҳамда «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашуви раисининг шарҳлари вақтидан ошиб кетмаслиги керак. Гарчи «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз. Таълим дастури»да ҳар бир қисмга муайян вақт ажратилган бўлса-да, агар келтирилган маълумот етарлича ёритиб берилган бўлса, шунчаки вақт қолгани учун яна маълумот қўшишнинг кераги йўқ. Учрашувнинг бошқа қисмлари билан чиққанлар вақтни ошириб юборишса, «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашуви раиси ёки махсус маслаҳатчи уларга яккама-якка гаплашганда маслаҳат беради. ( 24- ва  25-хатбошиларга қаранг.) Қўшиқлар ва ибодатлар билан бирга учрашув жами бўлиб 1 соату 45 дақиқа давом этиши лозим.

 ТУМАН НОЗИРИНИНГ ТАШРИФИ

20. Туман нозирининг ташрифи пайтида учрашув «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз. Таълим дастури»да кўрсатилганидек ўтказилиши керак. Фақатгина «Ҳаёт тарзимиз» сарлавҳаси остидаги Жамоат билан Муқаддас Китоб тадқиқи қисмининг ўрнига туман нозири 30 дақиқали хизмат нутқини сўзлайди. Хизмат нутқидан олдин «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувининг раиси дастурга хотима ясаб, кейинги ҳафтанинг дастури борасида айтиб ўтади, керакли эълонларни ва хатларни ўқиб беради. Ундан сўнг эса туман нозири чиқишини эълон қилади. Хизмат нутқидан кейин туман нозири ўзи танлаган қўшиқ билан учрашувни якунлайди. Учрашувни ибодат билан тугатиш учун у бошқа биродарни таклиф қилиши мумкин. Туман нозири ташриф буюрган ҳафтада жамоат тилида ўтказиладиган қўшимча синфдаги топшириқлар бекор қилинади. Бошқа тилда йиғилиш ўтказадиган ушбу жамоатга тегишли бўлган гуруҳ туман нозири жамоатга ташриф буюрган ҳафтада ҳам учрашувларини ўз тилида ўтказиши мумкин. Аммо гуруҳ туман нозирининг хизмат нутқини жамоатга қўшилиб тинглаши керак.

 ТУМАН ВА ҲУДУДИЙ АНЖУМАНЛАР ҲАФТАСИ

21. Анжуман бўладиган ҳафтада жамоат йиғилишлари ўтказилмайди. Ўша ҳафта йиғилишларда муҳокама қилинадиган маълумотни ҳар бир киши ўзи ёки оила аъзолари билан кўриб чиқиши кераклиги тўғрисида жамоатга эслатиш лозим.

 ҚУТЛУҒ КЕЧЛИК ҲАФТАСИ

22. Қутлуғ Кечлик ўтадиган куни ҳафта ўртасига тушса, «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашуви ўтказилмайди.

 «ҲАЁТ ТАРЗИМИЗ ВА ХИЗМАТИМИЗ» УЧРАШУВИНИНГ НОЗИРИ

23. Оқсоқоллар кенгаши томонидан танланган оқсоқол «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувининг нозири бўлиб хизмат қилади. Бу биродар учрашув яхши ташкил этилишига ва ушбу йўл-йўриққа биноан ўтишига масъул бўлади. У махсус маслаҳатчи билан яқиндан ҳамкорлик қилиши керак. «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз. Таълим дастури» пайдо бўлиши биланоқ, «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувининг нозири ўша икки ой учун ҳафта ўртасидаги учрашувда ўтадиган барча қисмлардаги топшириқларни тайинлайди. Бу ўқувчиларга бериладиган топшириқлар билан бир қаторда ўқувчиларга берилмайдиган топшириқларни, оқсоқоллар кенгаши томонидан маъқулланган ҳафта ўртасидаги учрашув раисини тайинлашни ўз ичига олади. ( 3–16- ва  24-хатбошиларга қаранг.) Ўқувчилар учун топшириқларни тақсимлаётиб, у ўқувчининг ёши, тажрибаси ва муҳокама қилинадиган мавзу борасида сўз эркинлиги бор-йўқлигини инобатга олиши керак. Учрашув нозири учрашувдаги бошқа қисмларни тақсимлаётиб ҳам шу омилларни инобатга олиши лозим. Ҳар бир топшириқ камида уч ҳафта олдин берилиши керак. Ўқувчиларга топшириқларни берганда «“Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз” учрашувидаги топшириқ» (S-89) бланкидан фойдаланиш керак. «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувининг нозири бутун учрашув топшириқларининг жадвалини эълонлар тахтасига жойлаштиришга ғамхўрлик қилиши керак. Оқсоқоллар кенгаши бошқа оқсоқол ёки жамоат хизматкорини унга ёрдамчи сифатида тайинлаши мумкин. Бироқ ўқувчиларга берилмайдиган қисмларни тақсимлашда фақат оқсоқоллардан фойдаланиш лозим.

    «ҲАЁТ ТАРЗИМИЗ ВА ХИЗМАТИМИЗ» УЧРАШУВИНИНГ РАИСИ

24. Ҳар ҳафта битта оқсоқол «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувида раис сифатида хизмат қилади. (Оқсоқоллар кам бўлган жамоатларда учрашув раиси сифатида талабларга мос келадиган жамоат хизматкорини тайинлаш мумкин.) У кириш сўзлари ва хотимани тайёрлашга масъул бўлади. У дастурнинг барча қисмларини эълон қилади. Оқсоқоллар кенгашининг катта ёки кичиклигига қараб у учрашувнинг бошқа қисмларини, айниқса қўшимча муҳокама қилмасдан фақат видео кўрсатиладиган қисмларни ҳам ўтказиши мумкин. Дастур қисмлари орасидаги шарҳлар жуда қисқа бўлиши керак. Бу масъулият қайси оқсоқолларга топширилишини оқсоқоллар кенгаши ҳал қилади. Талабларга мос келадиган оқсоқоллар вақти-вақти билан учрашув раиси сифатида хизмат қилишади. Маҳаллий шароитларни инобатга олган ҳолда, «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувининг нозири бошқа оқсоқолларга қараганда тез-тез учрашув раиси сифатида хизмат қилиши мумкин. Жамоат билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказувчи оқсоқол учрашув раиси сифатида хизмат қилишга мос келади. Илтимос, шуни ёдда тутингки, учрашув раиси сифатида хизмат қиладиган оқсоқол топшириқ билан чиққан ўқувчиларни меҳр ила ва фойда келтирадиган тарзда мақтаб, зарурат бўлса, маслаҳат беришга масъул бўлади. Учрашув раиси дастур ўз вақтида тугашига ҳам ғамхўрлик қилиши керак. ( 17- ва  19-хатбошиларига қаранг.) Агар учрашув раиси истаса ва саҳнада етарлича жой бўлса, у учун алоҳида микрофон қўйиб бериш мумкин. Шунда дастур қисми билан чиқаётган биродарлар алмашганида, раис уларни ўша алоҳида ўрнатилган микрофондан фойдаланиб эълон қилади. Ёки учрашув раиси учун саҳнада стол билан стул қўйиб берилса, у Муқаддас Китоб қироати ва учрашувнинг «Хизматда фаол бўлинг» қисмида ўша ерда ўтириши мумкин. Бу вақтни тежайди.

   МАХСУС МАСЛАҲАТЧИ

25. Агар иложи бўлса бу вазифа тажрибали маърузачига топширилса яхши бўларди. Махсус маслаҳатчининг вазифасига, агар эҳтиёж бўлса оқсоқолларга, жамоат хизматкорларига, «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувининг қисмларию оммавий нутқлар билан чиқадиганларга ва «Қўриқчи минораси» тадқиқида ҳамда Жамоат билан Муқаддас Китоб тадқиқида қироат қиладиганларга ва учрашувларни олиб борадиганларга яккама-якка гаплашганда маслаҳат бериш киради. ( 19-хатбошига қаранг.) Агар жамоатда тажрибали маърузачи ва таълим беришга қобилиятли оқсоқоллар бир нечта бўлса, унда улар ҳар йили галма-гал махсус маслаҳатчи сифатида хизмат қилишлари мумкин. Махсус маслаҳатчи ҳар бир топшириқдан кейин маслаҳат бериши шарт эмас.

 ҚЎШИМЧА СИНФЛАР

26. Агар ўқувчилар сони етарлича бўлса, жамоатда қўшимча синфлар ташкил этиш мумкин. Ҳар бир синфда маслаҳат бериш учун талабларга мос келадиган биродар, иложи бўлса оқсоқол бўлиши керак. Агар иложи бўлмаса, маслаҳатчи вазифасига талабларга мос келадиган жамоат хизматкорини тайинлаш мумкин. Оқсоқоллар кенгаши бу вазифани кимга топширишни ва бир нечта биродар галма-гал алмашиб туриш-турмаслигини ҳал қилиши лозим. Маслаҳатчи  18-хатбошидаги йўл-йўриққа амал қилиши даркор. Агар жамоатда қўшимча синф бор бўлса, учрашув дастурининг «Аллоҳ Каломидаги хазиналар» сарлавҳаси остидаги «Маънавий марваридлар» номли қисмининг муҳокамасидан кейин ўқувчилардан қўшимча синфга чиқишни сўраш мумкин. Ўқувчилар учрашувдаги сўнгги топшириқдан кейин асосий залга қайтиб келишлари керак.

 ВИДЕОЛАР

27. Ушбу учрашувда олдиндан тайёрланган видеолар кўрсатилади. Ҳафта ўртасида ўтадиган учрашувга тегишли видеоларни JW Library® иловасидан топиш ва турли электрон қурилмаларда қўйиб бериш мумкин.

© 2023 Watch Tower Bible and Tract Society of Pennsylvania

S-38-UZ 11/23