Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

1- ҚИСМ

Бахтли ҳаёт фақатгина орзуми?

Бахтли ҳаёт фақатгина орзуми?

РИВОЖЛАНГАН бир мамлакатда бадавлат уйга нигоҳ ташласангиз, ташқи кўринишдан шинамлик ҳамда фаровонлик ҳукм сураётгандек кўриниши мумкин. Бироқ бу уйнинг ичкарисига киринг. Хўш энди нимани ҳис этяпсиз? Қандайдир совуқликни сезиш мумкин. Ўсмирлар ота-онасига қовоқ солиб «ҳа», «йўқ» деб жавоб қайтаришмоқда. Уй бекаси эрининг эътиборига зор бўлиб ўтирибди. Уй соҳиби эса уни тинч қўйишларини хоҳлайди. Бу оиланинг, алоҳида яшаётган кекса ота-оналари эса фарзандларини ойлаб зориқиб кутмоқда. Бироқ шундай оилалар борки, шунга ўхшаш қийинчиликлар билан дуч келиб, уларни ҳал қила олишди. Ҳозир эса чиндан ҳам бахтли ҳаёт кечиришмоқда. Бунга қандай эриша олишди экан, деб ҳайрондирсиз?

2 Энди дунёнинг нариги четидаги ривожланаётган мамлакатда яшаётган бир оилани кўриб чиқайлик. Етти кишидан иборат бўлган оила зўрға турган кулбада ҳаёт кечирмоқда. Улар навбатдаги егуликни қачон тановул қилишларини билмасликлари — одамзод дунёни очарчилик ва қашшоқликдан халос эта олмаслигининг яна бир исботидир. Шунга қарамай ер юзида шундай оилалар борки, қашшоқликка қарамай бахтлидир. Нега дейсизми?

3 Ҳатто гуллаб-яшнаган давлатларда ҳам молиявий муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Японияда истиқомат қилаётган бир оила, иқтисодиётнинг ўсиш шов-шуви чоғида ўзига уй сотиб олди. Келажакда маошлари оширилишига қатъий ишониб, катта фоиз бериш шарти билан қарз олишди. Аммо шов-шув тинчланганидан сўнг қарзларини узолмай, уйларини арзимаган нархга сотишга мажбур бўлишди. Энди уйлари йўғ-у, аммо қарзлари бор. Бошлари ташвишдан чиқмай қолди; ўйламай қарз олишнинг қайтими ҳам бор. Пул ютиб олиш умидида, оила боши отчопарга қатнашни бошлади, аммо оиласи қарзга ботиб кетяпти. Лекин кўп оилалар шу каби вазиятдан чиқиб, бахтли ҳаёт кечирмоқда. Бунга қандай эришганларини билгингиз келяптими?

4 Қаерда яшашингиздан қатъий назар, инсоний муносабатлар қайғуга сабабчи бўлиб, ҳаётингизни янада ташвишли қилиши мумкин. Ишхонада ғийбатга учрашингиз мумкин. Муваффақиятга эришсангиз, ўзгалар ҳасад қилганидан, танқидлар қурбони бўлишингиз мумкин. Доимо мулоқотда бўлишга тўғри келадиган кимса кундан-кунга ўз обрўсини пеш қилиб, эҳтимол ғашингизга тегаётгандир. Балки фарзандингизни мактабда қўрқитишлари, масхара қилишлари ёки назар-писанд қилмасликлари мумкин. Агар фарзандни ёлғиз тарбиялаётган бўлсангиз, бу ҳаётингизни енгиллаштирмаётганини яхши билсангиз керак. Бу каби муаммолар кўп аёллару эркакларнинг ҳаётини янада мушкуллаштирмоқда.

5 Руҳий тушкунлик дарҳол сезилмаслиги мумкин, аммо бора-бора одам ногаҳон жаҳлини сочганда билинади. Тушкунликни кўринмас қотилга, узоқ давом этадиган тушкунликни эса аста-секин таъсир қиладиган заҳарга ўхшатишади. Миннесота университетининг олими Роберт Венинга шундай деб айтди: «Бугунги кунда ер юзининг ҳар жойида яшаётган ишчилар руҳий тушкунликка ва ундан келиб чиққан касалликларга йўлиқмоқда». Маълумотларга кўра, тушкунлик билан боғлиқ касалликлар АҚШнинг иқтисодига йилига 200 миллиард доллар зарар етказмоқда. Бордию, тушкунлик дастидан режани бажаришга улгурмаётган бўлсангиз, айбдорлик ҳисси зиммангизга яна бир юк бўлиб тушиши мумкин. Сўнгги маълумотлар бўйича, инсон ўртача ҳисобда кунига икки соат вақтини ўз-ўзини айблашга сарфламоқда. Шунга қарамай, баъзилар тушкунликни енга олиб, бахтли ҳаёт кечирмоқдалар.

6 Сиз-чи, ҳар кунги муаммоларни уддалаб, бахтли ҳаёт кечириш қўлингиздан келяптими? Баъзилар «Ўз ўзига руҳшунос» каби китобларга, бошқалари эса мутахассисларнинг илмий асарларига мурожаат этишмоқда. Шунга ўхшаш китобларга ишонса бўладими? Фарзандларни тарбиялашга доир 42 тилга таржима қилинган ва қарийб 50 миллион нусхада чоп этилган бир китобнинг муаллифи, доктор Бенжамин Спок шундай деган эди: «Қатъий қарор чиқара олмаслик... Америкадаги ота-оналарнинг энг кенг тарқалган муаммосидир». Айб эса, асосан ўзига ўхшаш мутахассисларда эканини доктор тан олди. У: «Ўзимизнинг билимдонлигимиз билан ота-оналарнинг ўз кучига бўлган ишончига путур етказганлигимизни жуда ҳам кеч тушундик»,— деб афсусланди. Хуллас, шундай савол туғиляпти: ҳаётимиз ҳозир ҳам, келажакда ҳам бахтли бўлиши учун кимнинг маслаҳатларига қўрқмасдан амал қилсак бўлади?