Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

2- ҚИСМ

Бахтли ҳаёт кечириш учун маслаҳатлар

Бахтли ҳаёт кечириш учун маслаҳатлар

БИРОР қийинчиликка дуч келсангиз маслаҳатни қаердан излайсиз? Эҳтимол, ишончли дўст ёки тажрибали кишидандир. Бунинг яна бир усули китобларга мурожаат қилишдир. Масалан «оталар сўзи» каби манбалардан кўп фойдали маслаҳатлар топишингиз мумкин. Бирорта усулни танлаган бўлсангиз ҳам, муаммоларни ҳал этишга ёрдам берадиган муҳим маслаҳатларни қисқача кўриб чиқсак яхши бўлар эди. Бу ерда келтирилган ишончли маслаҳатлар, сизга фойдали бўлишига умид қиламиз.

«Болани тўғри йўлга солиб тарбияла».

2 Оилавий ҳаёт: Кўплаб ота-оналар фарзандларини тарбиялаётганда, бу дунёнинг зарарли таъсиридан хавотирланишади. Бундай ҳолда қуйидаги маслаҳат ёрдам бериши мумкин: «Болани тўғри йўлга солиб тарбияла, шунда қариганида ҳам йўлидан адашмайди» 1. Катта бўлган сари болалар «тўғри йўл», яъни йўл-йўриқларга муҳтож бўлишади. Мутахассисларнинг аксар қисми, болалар учун фойдали қоидаларни ўрнатиш муҳим, деган хулосага келишмоқда. Фарзандлар ота-онанинг идрокли қоидалари остида ўзларини хавфсиз ҳис қилишади. Шунингдек: «Қамчи билан насиҳат ақл беради, ўз ҳолига ташлаб қўйилган бола эса онасига уят келтиради» 2. «Қамчи» сўзи ота-онанинг меҳр-муҳаббат ила берган насиҳатларини англатади. Бироқ, ота-оналар ўз мавқеидан суиистеъмол қилмасликлари керак. Зеро яна бир маслаҳат: «Руҳий тушкунликка тушмаслик учун болаларингизни ранжитаверманглар» 3.

«Ҳар бир эр ўз хотинини ўзини ўзи севгандай севсин».

3 Эру хотин ўртасидаги яхши муносабат бахтли турмушнинг пойдеворидир. Бундай муносабатларга эришиш учун нима зарур? «Ҳар бир эр ўз хотинини ўзини ўзи севгандай севсин. Хотин ҳам эрини ҳурмат қилсин» 4. Севги ҳамда ҳурмат оилада худди малҳамдек таъсир этади. Бу маслаҳат фойда келтириши учун мулоқот зарур, чунки «маслаҳат бўлмаган жойда иш юришмайди» 5. Самимий мулоқот турмуш ўртоғингизнинг туйғуларини чуқур ҳис этишга, уни нима безовта қилаётганини билишга ёрдам беради. «Инсоннинг фикрлари — чуқур сув кабидир, фаҳмли одам ташқарига чиқара олади», 6— деган сўзларни эсда тутиш оқилона бўлади.

Ижобий нуқтаи назарни сақлаб, самимий муносабатларни узманг

4 Фарзандлари ташлаб кетганидан, кўплаб кексалар ўзларини ёлғиз ҳис этишади. Бундай ҳолатни, ҳатто ота-онани ҳурмат қилиш одат бўлган ўлкаларда ҳам кўриш мумкин. Ҳар ҳолда фарзандлар қуйидаги сўзлар устидан мулоҳаза қилиб кўришса яхши бўларди: «Ота-онангни ҳурмат қил» 7. «Онанг қариганида хор қилма» 8. «Отасига зўравонлик қилиб, онасини ҳайдаган ўғил уят ва шармандалик келтиради» 9. Кекса ота-оналар эса ўз ўрнида ижобий нуқтаи назарни сақлаб самимий муносабатларни узмасликлари керак. «Бошқалардан ажралган ўз истагини қондиришни хоҳлайди, у бутун доноликка қаршидир» 10.

5 Спиртли ичимликлар: Дарҳақиқат, спиртли ичимликларни истеъмол қилиб, инсон ‘қайғуларини унутиши 11 мумкин. Бироқ: «Шароб — мазахчи, ароқ — жанжалкаш, уларга алданганлар нодондир» 12,— деган сўзлар ёдингизда бўлсин. Меъёрини билмай ичиш нималарга олиб келишини ўйлаб кўринг: «Охирида у илон каби чақади, қора илондай заҳар сочади. Кўзларинг ғалати нарсаларни кўради, юрагингда эгри фикрлар бўлади... “Қачон уйғонаман?! Яна бир ичай”,— дейсан» 13. Спиртли ичимликларни меъёрида истеъмол қилиш фойдали бўлиши мумкин, аммо суиистеъмол қилишдан четланиш керак.

6 Маблағ: Пул донолик билан сарфланса, унга зориқиб қолишнинг олдини олиш мумкин. Мана бу маслаҳатни диққат билан тингланг: «Майхўр ва очкўзлик билан гўшт ейдиганлар орасида бўлма. Чунки майхўр ва очкўз қашшоқ бўлади, уйқучилик эса жулдур кийим кийдиради» 14. Спиртли ичимликлардан, гиёҳванд моддалардан шунингдек, қимор ўйинларидан четлансангиз, тежаб-тергаб ишлатилган пуллар оилангизга анча фойда келтириши мумкин. Афсуски, кўплар дунёпараст бўлганлари сабабли, қарзларини тўлаш учун кўп меҳнат қилишга мажбурлар. Баъзилари, ҳаттоки қарзларидан қутулиш учун яна қарз олишади. Қуйидаги доно сўзларни эсда тутсангиз ёрдам беради: «Орзу-хаёлларга берилган эса қашшоқликка учрайди» 15. Эҳтимол, сиз ўзингиздан: «Мен сотиб олмоқчи бўлган нарсалар чиндан ҳам менга зарурми? Атиги бир неча бор фойдаланган нарсаларимдан нечтаси чанг босиб ётибди?» — деб сўрашингиз мумкин. Бир шарҳловчи шундай деган эди: «Инсоннинг эҳтиёжи кичик бўлса-да — хоҳиши чексиздир». Энди мана бу ҳикматли сўзларни инобатга олинг: «Биз дунёга ҳеч нарса келтирмадик, ундан ҳеч нарса олиб кетолмаслигимиз ҳам аниқ. Ейиш учун ризқ-рўз ва кийиш учун кийим бўлса, шулар билан қаноат ҳосил қилайлик. [...] Ҳар турли ёмонликнинг томири пулпарастликдир. Баъзилар бойликка ружу қўйиб... ўзларини кўпгина азобларга дучор қилдилар» 16.

7 Пул муаммоларини ҳал қилиш учун қунт билан меҳнат қилиш зарур. «Эй танбал, чумолиларга бир қара, уларнинг хатти-ҳаракатларини кўриб доно бўл. [...] “Бироз ухлай, бир мизғиб олай, ёнбошлаб бирпас дам олай”,— дейсан. Шунинг учун қашшоқлик йўлтўсардай, муҳтожлик эса қароқчидай устингга келади» 17. Рўзғор харажатларини яхши режалаштириш ёрдам беради: «Сизлардан бирортангиз иморат қурмоқчи бўлсангиз, уни битириш учун маблағ етарлими, деб олдиндан харажатини ҳисоблаб чиқмайсизми?» 18

«Ўз ишига моҳир устани кўрганмисан?»

8 Бироқ, камбағал бўлишимизда айбимиз бўлмаса-чи? Мисол учун: иқтисодиёт кескин ўзгарган пайтда ҳалол меҳнат қилишимизга қарамай, ишсиз қолишимиз мумкин. Ёки аҳолиси камбағал мамлакатда истиқомат қилаётгандирмиз. Бунга нима дейиш мумкин? «Донолик ҳам пул каби вақтинчалик ором беради, донолик ҳаётга чидашга ёрдам беради, билим фойда келтиради» 19. Бундан ташқари, мана бу маслаҳатни кўриб чиқайлик: «Ўз ишига моҳир устани кўрганмисан? У оддий одамларга эмас, подшоҳга хизмат қилади» 20. Иш топишга ёрдам берадиган бирор бир касбни ўргана оласизми?

«Бошқаларга беринг, сизларга ҳам қайтади».

9 Қуйидаги маслаҳат ноўрин бўлиб туюлса ҳам, аслида фойдали: «Бошқаларга беринг, сизларга ҳам қайтади... Чунки сизлар қандай ўлчов билан ўлчасангизлар, худди шундай ўлчов сизларга ҳам татбиқ этилади» 21. Бу, менга қайтади деган яширинча ниятда бошқаларга беришни англатмайди. Аксинча, бу маслаҳат кўпроқ сахийликка рағбатлантиради: «Сахийнинг бири икки бўлади, бошқаларга яхшилик қилганнинг ўзи ҳам яхшилик кўради» 22. Муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиб, саховатли бўлсак, эртами-кечми ўзимиз фойдасини кўрамиз.

10 Инсонлар билан муносабат: Доно бир шоҳ шундай деган эди: «Мен яна бир нарсани кўрдим: инсон ҳамма ишни моҳирлик билан қилади, лекин бу ишни ўз яқинига ғайирлик билан қилса, бу ҳам беҳуда, шамол орқасидан қувишдайдир» 23. Ҳасадгўйлик кўпчиликни бемаъни қилмишларга олиб боради. Бирор бир киши, қўшнисининг 80 сантиметр экранли телевизор сотиб олганини кўрса, ўзининг 70 сантиметр экранли телевизори жуда яхши ишлашига қарамай, дарров бориб 90 сантиметр экранли телевизор сотиб олади. Мана бундай рақобатни, чиндан ҳам шамол орқасидан қувиш, беҳудалик деса бўлади! Шундай эмасми?

Жаҳлни қандай тийиш мумкин?

11 Эҳтимол, ўзгаларнинг гапларидан ранжигандирсиз. Келинг, бир маслаҳатни кўриб чиқайлик: «Жаҳлдор бўлмагин, чунки жаҳл нодонларнинг юрагида уй қуради» 24. Тўғри, баъзи пайтлари ғазабланиш ўринли бўлиши мумкин. Қадимда яшаган бир ёзувчи: «Ғазабланиб, гуноҳ қилманглар. Қуёш ботгунча, ғазабдан қайтинглар» 25,— деб айтган эди. Аммо қандай қилиб жаҳлни тийиш мумкин? «Одамнинг ақли жаҳлини тияди, гуноҳни кечириш унга шуҳрат келтиради» 26. Демак, ақл билан иш тутиш керак. Ўзингизга шундай саволлар беринг: «Нега одам ўзини бундай тутди? Унинг хатти-ҳаракатларини оқлайдиган сабаблар борми?» Ақл билан иш тутишдан ташқари жаҳлни тийиш учун бошқа хислатларни ҳам ривожлантириш лозим. «Раҳм-шафқат, кўнгилчанлик, камтарлик, мулойимлик ва сабр-тоқатни зеб-зийнат қилиб тақинглар. Бир-бирингизга нисбатан чидамли ва кечиримли бўлинглар. [...] Яна буларнинг устига камолот чўққиси бўлган муҳаббат тожини кийинглар» 27. Ҳа, инсонларнинг муносабатларида бўлган кўп муаммоларни айнан меҳр-муҳаббат ила ҳал қилса бўлади.

12 Бироқ, дўстона муносабатларга халақит берадиган кичкина бир узв бор — бу ҳам бўлса тилдир. Мана бу сўзлар нақадар тўғри-я: «Аммо тилни ҳеч бир инсон тия олмайди. У тўхтатиб бўлмайдиган ёвуз кучдир, ўлдирадиган заҳар сочиб туради» 28. Қуйидаги маслаҳат ҳам диққатга сазовордир: «Ҳар бир одам эшитишда чаққон, гапиришда вазмин, ғазаб вақтида оғир бўлсин» 29. Тинчликни сақлаб қолай деб, чала ҳақиқатни гапирмаслик керак. «Сизларнинг сўзингиз фақат “ҳа” ёки “йўқ” бўлсин. Бундан ортиғи эса шайтонликдир» 30.

13 Ўзгалар билан яхши муносабатларни сақлашга нима ёрдам беради? Қуйидаги йўл-йўриқ ёрдам беради: «Ҳар бир киши ўз манфаатинигина эмас, балки бошқаларнинг манфаатини ҳам кўзласин» 31. Шунда “олтин қоида” деб аталган, ушбу йўл-йўриққа риоя қилган бўласиз: «Одамлар сизга қандай муомала қилишларини истасангиз, сиз ҳам уларга шундай муомалада бўлинг» 32.

14 Руҳий тушкунлик: Тушкунликка тўлиб-тошган дунёда осойишталикка қандай эришиш мумкин? «Юрак шод бўлса — чеҳра очиқ, ғамгин бўлса — руҳ тушкундир» 33. Агар биз тўғри деб ҳисоблаётган ишни бошқалар менсимаётгандек бўлиб туюлса, «шод юракни» йўқотиш жуда осон. Шу боис мана бу сўзлар ёрдам беради: «Қонунпараст бўлма, донолигингга жуда ҳам ишонаверма, нима учун ўзингни ўзинг ҳалок қилишинг керак?!» 34. Бошқа томондан, балки нотинч ҳаёт бизни доимо ранжитаётгандир. Нима қилиш мумкин? Ёдингизда бўлсин: «Юракдаги қайғу-алам одамни эзади, ширин сўз эса юракни шод этади» 35. Руҳлантирадиган «ширин сўз» ҳақида фикр юритсак ўринли бўлади. Ижобий кайфият, тушкунликка сабаб бўлувчи вазиятларга қарамай, шифоли таъсирга эга: «Шод юрак — шифобахш дори» 36. Бошқалар бизга эътибор бермаётгандек бўлиб туюлса ва бундан хафа бўлсак, қуйидаги маслаҳатга амал қилишимиз мумкин: «Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта» 37. Агар ижобий кайфиятни сақлашга ҳаракат қилсангиз, ҳар кунги тушкунликка сабабчи бўладиган вазиятларни енга олишингиз мумкин.

15 Қандай фикрдасиз, мазкур ҳикматли иборалар, XXI асрда яшаётган инсонга ёрдам бера оладими? Аслида улар қадимги китоб бўлмиш Муқаддас Китобдан олинган. Эҳтимол сиз: «Муқаддас Китобдан кўра ҳозирги ҳикматли манбаларга эътибор берсам бўлмайдими?» — деб сўрашингиз мумкин. Гап шундаки, Муқаддас Китобдаги меъёрлар вақт синовидан ўтган. Масалан, хотин-қизлар озодлиги учун курашишда иштирок этган, Ясухиро билан Каёкони олайлик. Каёко Ясухиродан ҳомиладор бўлиб қолганлиги учун турмуш қуришган эди. Лекин кўп ўтмай пул муаммоси ва феъл-атворлари бир-бирига мос келмаганидан, улар ажралишди. Кейинчалик, улар бир-биридан мустақил равишда, Яҳова Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни ўргана бошлашди. Улар бир-бирларида анча ўзгаришларни пайқашди. Ясухиро билан Каёко қайтадан турмуш қуришди. Уларнинг ҳаёти муаммолардан холи бўлмаса-да, энди улар Муқаддас Китоб меъёрларига мувофиқ яшаб, бир-бирига ён бериб, пайдо бўлган қийинчиликларни ҳал этишяпти. Яҳова Шоҳидларининг намунасидан кўриниб турибдики, Муқаддас Китоб меъёрларига мувофиқ яшаб, жуда яхши натижаларга эришиш мумкин. Яҳова Шоҳидларининг йиғилишларидан бирига бориб, ушбу меъёрларга мувофиқ яшашга интилаётган инсонлар билан танишиш ниятингиз борми?

16 Юқорида айтиб ўтилган маслаҳатлар, битмас-туганмас доно маслаҳатларнинг бир нечаси холос. Уларни сиз қимматбаҳо хазинадан — Муқаддас Китобдан — топишингиз мумкин. Яҳова Шоҳидларининг доимо Муқаддас Китоб меъёрларига мувофиқ яшашга тайёр эканликларининг ўта муҳим сабаблари бор. Бу сабаблар билан қизиқиб, Муқаддас Китобнинг баъзи бир асосий таълимотларини билгингиз келмаяптими?