Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

7- ҚИСМ

Бахтли ҳаётга эришиш нега бунчалик қийин?

Бахтли ҳаётга эришиш нега бунчалик қийин?

ҲАЁТНИНГ мазмунини билишда, қанчадан-қанча инсонларнинг уринишлари беҳуда бўлмоқда. Нега? «Одамзод — бир нафасгинадир, кунлари бир соя каби ўтиб кетар» (Забур 143:4). Чамаси Одам Ато ва Момо Ҳаво билан Жаннатда бир нарса юз берганки, унинг дастидан инсониятнинг келажаги вайрон бўлди.

2 Инсон оиласи чиндан ҳам бахтли бўлиши учун, Худо билан яқин муносабатда бўлиши муҳим — бу муносабатлар мажбуран эмас, балки самимий бўлиши лозим (Амрлар 30:15-20; Ёшуа 24:15). Яҳова, чин юракдан Уни севиб бўйсунишимизни ва топинишимизни истайди (Матто 22:37). Шу боис Адан боғида Раббимиз Яҳова илк инсонга баъзи нарсаларни тақиқлаб қўйди, шу орқали Одам Ато қанчалик Худога содиқ эканини кўрсата оларди. «Худованди Карим одамга буюриб деди: “Сен бу боғнинг ҳар бир дарахтидан еявергин. Фақат яхши ва ёмонни билиш дарахтидан ема. Чунки ундан еган куниёқ ўласан”» (Ибтидо 2:16, 17). Бу синов қийин бўлмаган. Боғда ўсаётган барча дарахтлардан Яҳова фақат битта дарахтдан ейишни ман этган эди. Бу дарахт Яратувчининг чексиз донолигининг рамзи бўлиб, нима яхши, нима ёмонлигини ҳал этиш ҳуқуқига эга эканини кўрсатарди. Шу қонунни Одам Ато, Худо у учун яратиб берган «мададкори» бўлмиш хотинига етказди (Ибтидо 2:18). Худонинг иродасига миннатдорчилик билан бўйсуниб, шу билан Яратувчисига севгисини намоён этиб, Унинг бошқаруви остида ўзларини бахтли ҳис этишган.

3 Бир куни илон Момо Ҳаводан сўради: «Чиндан ҳам Худо, боғдаги ҳеч бир дарахтнинг мевасидан еманглар, деб айтдимикин?» Бунга жавобан Момо Ҳаво «фақат боғнинг ўртасидаги дарахтнинг мевасини» ейиш бизга тақиқланган, ‘бўлмаса ўламиз экан’,— деди (Ибтидо 3:1-3).

4 Бу илон ким бўлган экан? Инжилда «ўша алмисоқ илон» — ‘бутун дунёни алдаб йўлдан оздираётган иблис ва шайтондир’, дейилган (Ваҳий 12:9). Худойи Таоло Иблис Шайтонни яратганмикин? Асло, Яҳованинг ишлари комилдир (Амрлар 32:4). У комил фаришта эди, бироқ ўзини-ўзи, ҳам Иблис яъни «Туҳматчи», ҳам Шайтон яъни «Душман» қилганлиги кўриниб турибди. У «ўзининг эҳтиросига берилиб», Худонинг лавозимини эгаллаш истагида Худога қарши исён кўтарди (Ёқуб 1:14).

5 Шайтон давом этиб, Момо Ҳавога шундай деди: «Йўқ, мутлақо ўлмайсизлар! Чунки Худо биладики, ундан еган куниёқ, кўзларингиз очилиб қолади ва Худо каби яхши ва ёмонни биладиган бўласизлар» (Ибтидо 3:4, 5). Шайтон шундай қилдики, яхши ва ёмонни билиш дарахтининг меваси Момо Ҳавонинг кўзига жозибадор бўлиб кўринди. Шайтон бу гапи билан: «Худо сизлардан ниманидир сир сақлаяпти. Фақат еб кўрсаларингиз бас, сизлар ҳам Худодек яхши ва ёмонни фарқлай оласизлар»,— демоқчи эди. Ҳозирга қадар ҳам, Шайтон ушбу усулдан фойдаланиб: «Истаганингни қилавер. Худога бўйсуниш шартми энди?» — деб, кўпчиликни Худодан ўзоқлаштирмоқчи (Ваҳий 4:11).

6 Тўсатдан, Момо Ҳавода шунчалик кучли истак пайдо бўлдики, у дарахтнинг мевасини олиб еди ва эрига ҳам берди. Одам Ато, бундай йўл тутиши нималарга олиб келишини била туриб, хотинига қулоқ солди ва мевани еди. Натижаси нима бўлди? Тангри Яҳова аёлга шундай ҳукм чиқарди: «Сенинг ҳомиладорлик пайтидаги машаққатингни бағоят орттираман. Сен дард билан фарзандлар туғасан. Иштиёқинг эрингга бўлади, у эса сенга ҳоким бўлади». Эркакка эса: «Энди сен сабабли ер лаънатидир. Умринг бўйи машаққат чекиб, ер ундирган ҳосилдан ейсан. Ер сенга тикану янтоқ ўстиради, сен эса дашт ўтини еб юрасан. Сен ердан олингансан ва ерга қайтгунингга қадар пешана тери билан нон еб юрасан. Зеро тупроқдирсан ва тупроққа қайтарсан». Бундан буён Одам Ато билан Момо Ҳавонинг ҳаёти ўзларининг ихтиёрида эди. Наҳотки инсоният Худодан мустақил равишда бахтга эриша олса? Одамзод жаннат боғини завқ билан парваришлаб кенгайтириши мумкин эди, аммо энди улар учун оғир меҳнат ва азоб-уқубатли ҳаёт бошланди. Яратганга шон-шараф келтириш ҳақида эса гап бўлиши ҳам мумкин эмас эди (Ибтидо 3:6-19).

7 Яхши ва ёмонни билиш дарахтининг мевасидан илк инсон жуфти еган куниёқ, Худонинг назарида ўлган эди. Жисмоний қобилиятлари заифлаша бориб, улар охири қариб ўлишди. Ўлганларидан сўнг улар қандай ҳолатда эди? Муқаддас Китоб бу ҳолатни шундай тушунтиряпти: «Ҳаёт бўлганлар ҳеч бўлмаса ўлишларини биладилар, марҳумлар эса ҳеч нарсани билмайдилар. Марҳумлар учун ҳеч қандай мукофот йўқ, вақти келиб ҳеч ким уларни ёдга ҳам олмайди» (Воиз 9:5; Забур 145:4). Бу оятдан, инсон ўлганидан сўнг яшашни давом этадиган «жон» йўқлиги кўриниб турибди. Инсон ўлганидан сўнг оташли дўзахда азобланмайди, қилинган гуноҳлар учун жазо — ўлимдир. Шунингдек, ўлим осмондаги абадий роҳат-фароғат эшиги эмас *.

8 Қолипнинг эзилган жойидан чиққан нон сингари, гуноҳкор ота-онадан ҳам нуқсонли фарзандлар дунёга келди. Бу ҳақда Инжилда шундай дейилган: «Битта одам дастидан дунёда гуноҳ пайдо бўлди, гуноҳдан эса ўлим пайдо бўлди ва бутун инсонларга ўтди. Маълумки, ҳамма гуноҳ қилган» (Римликларга 5:12). Демак, барчамиз гуноҳ қилишга мойиллик билан туғилиб ўлимга маҳкуммиз. Одам Ато авлодларининг ҳаёти қайғули, машаққатли меҳнатга айланди. Аммо шунга қарамай қайтадан бахтли бўлишнинг имкони борми?

^ абз. 7 Ўлганларнинг ҳолати тўғрисида батафсилроқ маълумотни, Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган: «Муқаддас Китоб таълимотлари» китобининг 6-бобида топишингиз мумкин.