Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

8- ҚИСМ

Бахтли ҳаёт қайтадан тикланмоқда

Бахтли ҳаёт қайтадан тикланмоқда

ХУДОНИНГ бошқарувига қарши исён кўтариб, инсонларнинг ҳаёти аянчли аҳволга тушиб қолди, бироқ Қодир Тангри уларни умидсиз қолдирмади. Бу ҳақда Инжилда шундай дейилган: «Маҳлуқот ўткинчиликка маҳкум бўлган. Бу эса махлуқотнинг ўз ихтиёри билан эмас, балки махлуқотни яратган Худонинг ихтиёри билан бўлган. Айни замонда махлуқотнинг ўзи ҳам фано қуллигидан озод этилмоқ ва Худо фарзандларининг улуғвор эркинлигига эришмоқ умидига эгадир» (Римликларга 8:20, 21). Демак, Худойи Таоло биринчи инсон жуфтининг зурриётига мерос бўлиб ўтган гуноҳ ва ўлимдан қутулиш умидини берди. Инсонлар гуноҳ ва ўлимдан озод бўлганидан сўнг, Яҳова Таоло билан яқин муносабатни тиклай олишади. Қандай қилиб дейсизми?

Худойи Таоло инсонларга гуноҳ ва ўлимдан қутулиш умидини берди.

2 Одам Ато билан Момо Ҳаво ўз авлодларини бахтли ҳаётдан абадий завқ олиш имкониятидан маҳрум этишди. Улар бўлажак фарзандларига яхши ёки ёмонни танлаш имкониятини бермай, уларни гуноҳ ва ўлим қуллигига сотишди. Бундай фарзандларни, узоқ бир оролда ҳокимлик қилаётган шафқатсиз ҳукмдор қўлидаги қулларга ўхшатиш мумкин. Гуноҳ ва ўлим ҳам инсоният учун худди шундай шафқатсиз ҳукмдор бўлиб қолди (Римликларга 5:14, 21). Уларни ким қутқара олар экан? Ахир уларни қачонлардир ота-онаси сотган эди-ку! Қарангки, бир саховатли киши ўз ўғлини юборяпти ва ўғли керакли нархни тўлаб, қулликда бўлган барча инсонларни қутқаряпти (Забур 50:7; 145:4; Римликларга 8:2).

3 Ушбу мисолда тасвирланган саховатли киши — Тангри Яҳовадир. Инсонларни озод қилган ўғли эса — Исо алайҳиссаломдир. Ер юзига келишидан олдин у Худога худди ўғил каби яқин эди (Юҳанно 3:16). Парвардигор Яҳова яратганларидан энг биринчиси Исо эди, қолган борлиқ эса у орқали яратилган (Колосаликларга 1:15, 16). Яҳова Таоло мўъжизавий равишда Исонинг ҳаётини бокира қизнинг қорнига ўтказди. Шу йўсин Одам Атонинг гуноҳи бу болага ўтгани йўқ, балки у бенуқсон бўлиб дунёга келди, ва Худонинг адолатли талабига мувофиқ тўлов берди (Луқо 1:26-31, 34, 35).

4 Исо алайҳиссалом ўттиз ёшга тўлганида, Худонинг иродасини бажариш тимсоли сифатида Иордан дарёсида сувга чўмди. Сувга чўмгач, у илоҳий руҳ билан яъни Худонинг қудрати ила мойланди. Шундай қилиб у, Масиҳ яъни «Худо тайинлаган» киши бўлди (Луқо 3:21, 22). Исонинг ер юзидаги хизмати уч ярим йил давом этган. Шу давр мобайнида у издошларига «Худонинг Шоҳлиги» ҳақида, яъни Яҳова Таоло билан қайтадан дўстона муносабатларга олиб келадиган, самовий ҳукумат ҳақида таълим берарди (Луқо 4:43; Матто 4:17). Исо Масиҳ, инсониятнинг бахтли ҳаётга қандай эришиши мумкинлигини биларди, шунга кўра у ўзининг издошларига аниқ кўрсатмалар берган. Марҳамат, Инжилдаги Матто 5-7 бобларини очиб, Исонинг баъзи таълимотлари билан танишиб чиқинг.

5 Одам Атодан фарқли равишда, Исо алайҳиссалом доим Худога бўйсунган. «У ҳеч қандай гуноҳ қилмаган» (1 Бутрус 2:22; Ибронийларга 7:26). Шунга кўра, Исо Масиҳ ер юзида абадий яшай олар эди. Бироқ, у ўз жонини фидо қилиб, Одам Атонинг йўқотганини Худойи Таолога қайтарди. Азоб устунида у ўзининг бегуноҳ жонини қурбон қилди (Юҳанно 10:17; 19:17, 18, 28-30; Римликларга 5:19, 21; Филиппиликларга 2:8). Шу йўсин инсониятни гуноҳ ва ўлимдан қутқариш учун тўлов берди (Матто 20:28). Кечаю кундуз меҳнат қилиб, ҳолдан тойган қулнинг ўрнида ўзингизни бир тасаввур қилинг. Сизни қулликдан озод этиш чорасини кўрган саҳоватли кишига, ва сиз учун ўз ҳаётини қулликка беришга рози бўлган унинг ўғлига чин юракдан миннатдор бўлмасмидингиз? Энди шу тўлов орқали сиз учун, Парвардигор умматининг орасида бўлиш, гуноҳ ва ўлим қуллигидан озод бўлиб, ҳақиқий бахтли ҳаётга эришиш имконияти очилди (2 Коринфликларга 5:14, 15).

6 Тангри Яҳованинг бундай меҳр-инояти ҳақида билганингиз сари, Муқаддас Китобдаги доно сўзларга амал қилгингиз келади. Мисол тариқасида, хафагарчиликларни кечиришдек амал қилиш қийин бўлган бир маслаҳатни олайлик. Инжилдаги Эфесликларга 4:32 оятида шундай дейилган: «Бир-бирингизга кўнгилчан ва меҳр-шафқатли бўлинглар. Худо сизларни Масиҳ ҳақи кечиргани каби, сизлар ҳам бир-бирингизни кечиринглар». Гарчи хафа бўлишга барча сабабларимиз бўлса-да, ушбу оят кечиримли бўлишга ундайди. Яҳова Таоло ва Исо Масиҳ инсоният учун нима қилганини охиригача англаб етсак, бизда кечириш истаги пайдо бўлади, айниқса бирор киши, қилган ишига пушаймон бўлиб, кечирим сўраса.

Сизни қулликдан озод этган шахсга чин юракдан миннатдор бўлмасмидингиз?