Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

9- ҚИСМ

Ҳозир ва абадулабад бахтли ҳаётдан завқланинг!

Ҳозир ва абадулабад бахтли ҳаётдан завқланинг!

Биз ҳам Худованд билан дўстона муносабатларни ривожлантирсаккина, ҳаётимиз бахтли ва мазмунли ўтади.

МУҚАДДАС КИТОБДА эслаб ўтилган имон қаҳрамони Иброҳим пайғамбар осойишта ва обод Ур шаҳрини тарк этди. У бир қанча вақт Ҳорон шаҳрида яшади, умрининг қолган қисмини эса, уйсиз кўчманчилардек, чодирларда ўтказди (Ибтидо 12:1-3; Ҳаворийлар 7:2-7; Ибронийларга 11:8-10). Аммо шунга қарамай: «У кўнгли тўқ ва қари, нуроний мўйсафид бўлиб оламдан ўтди» (Ибтидо 25:8). Иброҳим пайғамбарнинг ҳаётини нима мазмунли қила олди? У ўлим тўшагида ётиб, ҳаёти давомида улгурган ишларини кўнгли тўқлик билан сарҳисоб қилаётган оддий инсон бўлмаган. Имони кучли бўлганлиги учун, кейинчалик у Халилуллоҳ, яъни Худонинг дўсти деб аталди (Ёқуб 2:23; Ишаё 41:8). Ҳа, айнан Яратувчимиз билан ривожланган самимий муносабатлари, Иброҳим пайғамбарнинг ҳаётини мазмунли қилди.

Сизнинг ҳаётингиз, Иброҳим пайғамбарнинг ҳаётидан кўра, янада мазмунли бўла оладими?

2 Биз ҳам Худованд билан дўстона муносабатларни ривожлантирсаккина, Иброҳим алайҳиссаломга ўхшаб ҳаётимиз бахтли ва мазмунли ўтади. Фақат ўйлаб кўринг, Сарвари оламнинг дўсти бўлишингиз мумкин! Эҳтимол, бу фикр сизни ҳайратга солаётгандир? Лекин бунинг имкони бор. Қандай қилиб дейсизми? Авваламбор, Уни таниб-билиб, севишингиз даркор (1 Коринфликларга 8:3; Галатияликларга 4:9). Яратувчимиз билан бундай муносабатлар ҳаётингизга бахт ҳамда мазмун бахш этади.

3 Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлигини тан олишни истаганларгагина, Тангри Яҳова бахтли ҳаёт кечириш учун йўл-йўриқ беради (Ишаё 48:17). Эсингиздами, Одам Ато Худога қарши бош кўтариб, нима яхши ва нима ёмон эканини ўзи ҳал этишга қарор қилди. Яҳова Таоло Масиҳни қурбон қилиб, шу орқали инсониятга гуноҳ ва ўлим қуллигидан қутулиш имконини берди. Аммо шунга қарамай, ҳар бир киши шахсан ўзи тўловни тан олиб, яхши ва ёмонни танлаш меъёрларини ўрнатмаслиги лозим. Масиҳнинг қурбонлигини тан олганлар, Худо ўрнатган қонун-қоидаларга бўйсуниши зарур.

«Эй Худованд, менга Ўз йўлингни кўрсатгин».

4 Муқаддас Китобни ўргана бориб ва ундаги йўл-йўриқларни амалда қўллаб, шубҳасиз, Худованднинг яхши ва ёмонни билиш меъёрларининг муҳимлигига амин бўласиз (Забур 18:8-10). Эҳтимол сиз, Эгамиз Яҳовага мурожаат қилиб: «Эй Худованд, менга Ўз йўлингни кўрсатгин, Ўз йўриқларингни ўргатгин менга»,— деб ибодат қилишингиз мумкин (Забур 24:4; Чиқиш 33:13). Инжилда, биз учун бу «оғир вақтларда» керакли бўлган йўл-йўриқлар баён этилган (2 Тимўтийга 3:1). Бундан, Яҳова Таолога миннатдорчилигингиз ўсиб бориб, Уни яхшироқ биласиз ва дўстона муносабатларингиз янада кучайиб боради.

5 Иброҳим пайғамбар «кўнгли тўқ ва қари» бўлиб оламдан ўтди, бироқ, ўлим ҳозирча ҳукмронлик қилар экан, умримиз қисқалигича қолаверади. Ёшимиз нечада бўлишидан қатъиназар, ҳаммамизда яшаш истагимиз бор. Чунки: «Худо юрагига солгани учун инсон вақт ўтишини сезади, лекин Худо бошидан охиригача қилган ишларни инсон тушуна олмайди» (Воиз 3:11). Келажакда абадий яшаганимизда ҳам, Аллоҳ Таолонинг барча қилган улуғвор ишларининг таг-тугигача ета олмаймиз. Қодир Яҳованинг сон-саноқсиз ҳайратомуз ишларини кузатиб, ўрганиб, завқ олишимиз мумкин (Забур 18:2-5; 103:24; 138:14).

6 Тўғри, келажакдаги ҳаёт ҳам, ҳозирги биз кўраётган муаммолар билан тўлиб-тошадиган бўлса, унда абадий яшагимиз келмасди. Лекин бу бизни ташвишга солмаслиги керак. Чунки Инжилда шундай ваъдалар берилган: «Худонинг аҳд қилгани бўйича, биз адолат ҳукм сурадиган янги ер ва янги осмонни кутаяпмиз» (2 Бутрус 3:13). «Янги осмон» ибораси — янги самовий ҳукуматни, яъни бутун ер юзи устидан ҳукмронлик қиладиган Худонинг Шоҳлигини англатади. «Янги ер» эса, мазкур самовий ҳукуматга бўйсунадиган, янги инсон жамиятини билдиради. Ушбу ваъдалар амалга ошиши учун, Қодир Тангри Яҳова тез орада «ер юзини хароб қилувчиларни» хароб қилади (Ваҳий 11:18; 2 Бутрус 3:10).

7 Аммо буларнинг ҳаммаси қачон содир бўлади? «Охирзамон яқинлашганини кўрсатадиган белги»нинг бир қисми: миллатлар орасидаги урушлар, «айрим жойларда қаҳатчиликлар, ўлатлар, зилзилалар», ҳамда «ёвузлик авжга чиқиши» ҳақида Исо Масиҳ башорат қилганди (Матто 24:3-13; Луқо 21:10, 11; 2 Тимўтийга 3:1-5). Сўнгра у давом этиб: «Бояги ишларнинг содир бўлаётганини кўрганингизда билингки, Худонинг Шоҳлиги жуда яқиндир»,— деб айтган эди (Луқо 21:31). Шубҳасизки, ёвузларни яксон қилиш вақти тезлик билан яқинлашиб келяпти *.

8 Қодир Яҳова Ўзининг «улуғ кунида» ер юзини ёвузликдан тозалаганидан сўнг, бизнинг сайёрамиз жаннатга айланади (Ваҳий 16:14, 16; Ишаё 51:3). Ўшанда «солиҳлар ер юзига эга бўлиб, унда мангу яшайдилар» (Забур 36:29). Аммо оламдан ўтиб кетганлар билан нима бўлади? «Бунга таажжубланмангиз — деб айтганди ҳазрати Исо — қабрда ётган марҳумларнинг ҳаммаси Худо Ўғлининг овозини эшитадиган вақт келади. Шунда ўликлар қабрдан чиқадилар; яхшилик қилганлар яшаш учун, ёмонлик қилганлар эса ҳукм қилиниш учун тириладилар» (Юҳанно 5:28, 29). Эгамиз Яҳова учун ҳар бир инсон қадрли, шундай экан У ўлим ўйқусида бўлганларга қайтадан ҳаёт ато этади. Олимлар одам ҳужайраларини клонлаштириш, яъни кўпайтириш ҳаракатида, аммо Қодир Тангрига ушбу усулдан фойдаланишнинг ҳеч ҳам ҳожати йўқ. Зеро нажотга лойиқ бўлган ҳар бир ўлган инсоннинг хусусиятларини Яҳова Таоло хотирасида тутиб, уларни ҳаётга қайтаради. Ҳа, қадрдону яқинларингизни ер юзидаги жаннатда кутиб олиш умидингиз бор!

9 Жаннатдаги ҳаёт қандай бўлади? Яҳова Таоло ер юзини бахтли инсонлар билан тўлғазади, ва улар Яратганга ҳамжиҳатлик билан шарафлар келтиришади. «У ерда яшовчилардан ҳеч бири: „Мен касалман”,— демайди» (Ишаё 33:24, ЯДТ; 54:13). Ҳеч ким соғлиққа зарар етказадиган тушкунликка ёки ҳиссий ва руҳий касалликларга дучор бўлмайди. Ҳар кимнинг ризқи мўл бўлиб, Худонинг ниятига мувофиқ, қизиқарли ишни завқ билан бажаради (Забур 71:16; Ишаё 65:23). Одамлар ўзаро ҳамда ҳайвонлар билан тинч-тотувликда яшашади, ва энг муҳими Худо улар билан «сулҳ» тузади (Римликларга 5:1; Забур 36:11; 71:7; Ишаё 11:6-9).

10 Бўлажак Жаннатда ҳаётдан завқ олиб яшашингиз учун нима қилишингиз керак? Ҳазрати Исо айтганидай: «Абадий ҳаёт эса Сени — танҳо Ҳақ Худони ҳамда Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билишдан иборатдир» (Юҳанно 17:3). Шунга кўра, Яҳова Таоло ҳамда Исо Масиҳ ҳақида билим олиб, Худо сиздан нима истаётганини билишда давом этинг. Ўшандагина сиз, Эгамиз Яҳовани рози қилиб, бахтли ҳаётга эриша оласиз.

^ абз. 7 Ушбу башорат ҳақида батафсилроқ маълумотни, Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган: «Муқаддас Китоб таълимотлари» китобининг 9-бобида топишингиз мумкин.