Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Матто 5–7 боблар

Матто 5–7 боблар

5 Исо халойиқни кўриб, тоққа кўтарилди. У ўтирганидан сўнг, ёнига шогирдлари келишди. 2 Шунда у қуйидаги сўзлар билан таълим бера бошлади:

3 «Маънавий нарсаларга чанқоқ бўлганлар a бахтлидир, чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир.

4 Қайғу-алам чекаётганлар бахтлидир, зеро уларга тасалли берилади.

5 Мулойим b кишилар бахтлидир, чунки улар ер юзига эга бўлишади.

6 Адолатга очу чанқоқлар бахтлидир, боиси уларнинг бу эҳтиёжи қондирилади.

7 Раҳмдил бўлганлар бахтлидир, сабаби уларга раҳм-шафқат кўрсатилади.

8 Покдил бўлганлар бахтлидир, негаки улар Худони кўришади.

9 Тинчлик ўрнатувчилар c бахтлидир, чунки улар “Тангрининг ўғиллари” дейилади.

10 Одиллик учун таъқиб қилинаётганлар бахтлидир, зеро Осмон Шоҳлиги уларникидир.

11 Мен учун одамлар сизларни ҳақоратлаб, қувғун қилишса, сизлар ҳақда ёлғон ва ҳар қандай ярамас сўзларни айтишса, бахтлисизлар. 12 Шод-хуррам бўлинглар, зеро осмондаги мукофотингиз буюкдир. Ахир сизлардан аввал ўтган пайғамбарлар ҳам шундай қувғун қилинишган-ку.

13 Сизлар ернинг тузисизлар. Агар туз ўз кучини йўқотса, уни яна қандай шўр қилиш мумкин? Энди у ташлаб юборилиб, оёқ остида поймол бўлишдан бошқа ҳеч нарсага ярамайди.

14 Сизлар дунёнинг нурисизлар. Тоғнинг устида жойлашган шаҳар кўринмай қолмайди. 15 Одамлар чироқни ёқишганда, уни саватнинг тагига эмас, чироқпояга қўйишади. Шунда уйдагиларнинг ҳаммасига ёруғлик тушади. 16 Худди шундай сизларнинг нурингиз ҳам инсонлар олдида порлаб турсин, токи улар яхши ишларингизни кўриб, осмондаги Отангизни шарафлашсин.

17 Мени Тавротни ёки пайғамбарларнинг сўзларини бекор қилгани келган, деб ўйламанглар. Бекор қилгани эмас, амалга оширгани келганман. 18 Ишонаверинг, ҳатто осмон билан ер йўқ бўлиб кетса-да, Тавротнинг бирорта кичик ҳарфи ёки ҳарфининг нуқтаси ҳам ўчиб кетмайди. Унда ёзилганларнинг ҳаммаси амалга ошади. 19 Шундай экан, ким бу амрларнинг энг кичигини бузиб, бошқаларга ҳам буни ўргатса, у Осмон Шоҳлигига киришга нолойиқ бўлади. Лекин ким бу амрларни бажариб, бошқаларга ҳам шуни ўргатса, Осмон Шоҳлигига киришга лойиқ деб топилади. 20 Сизларга айтиб қўяй, агар одиллигингиз уламою фарзийларникидан устун бўлмаса, Осмон Шоҳлигига кирмайсизлар.

21 Қадимда яшаганларга: “Қотиллик қилманг. Ким қотиллик қилса, маҳкама олдида жавоб беради”,— дейилганини эшитгансизлар. 22 Мен эса сизларга шундай дейман: кимки биродарига ғазабланиб юрса, маҳкама олдида жавоб беради. Кимки биродарини ёмон сўзлар билан камситса, Олий маҳкама олдида жавоб беради. Кимки биродарига: “Ўтакетган аҳмоқсан”,— деса, оловли жаҳаннамга d ташланади.

23 Агар назрингизни қурбонгоҳга олиб келганингизда, биродарингиз сиздан хафа экани ёдингизга тушиб қолса, 24 назрингизни қурбонгоҳ олдида қолдиринг-да, аввалига бориб биродарингиз билан ярашинг. Шундан сўнг келиб, назрингизни бахшида этинг.

25 Даъвогар одам билан маҳкамага бораркансиз, йўл-йўлакай у билан масалани ҳал қилишга шошилинг. Тағин даъвогар сизни ҳакамга, ҳакам эса сизни ҳукмни ижро этувчига топшириб, қамоққа тушиб қолманг. 26 Сизга айтиб қўяй, қарзингизни охирги тийинигача тўламагунча, у ердан чиқмайсиз.

27 Сизлар: “Зино қилманг”,— дейилганини эшитгансизлар. 28 Мен эса сизларга шуни айтаманки, аёл кишига эҳтирос билан қараган e ҳар ким, аллақачон кўнглида у билан зино қилган бўлади. 29 Агар ўнг кўзингиз гуноҳ қилишингизга сабаб бўлса, уни ўйиб ташланг. Чунки бутун танангиз жаҳаннамга ташланганидан кўра, аъзоларингизнинг биридан ажралганингиз яхшироқдир. 30 Шунингдек, ўнг қўлингиз гуноҳ қилишингизга сабаб бўлса, уни чопиб ташланг. Боиси, бутун танангиз жаҳаннамга ташланганидан кўра, аъзоларингизнинг биридан ажралганингиз яхшироқдир.

31 Бундан ташқари: “Кимки хотини билан ажрашса, унга талоқ хатини ёзиб берсин”,— деб айтилган. 32 Мен эса сизларга шундай дейман: хотини билан зинодан f бошқа сабабга кўра ажрашган ҳар ким унинг бевафолик қилишига сабабчи бўлади. Шунингдек, ким ажралган хотинга уйланса, бевафолик қилган бўлади.

33 Худди шундай қадимда яшаганларга: “Қасамни бузманг. Яҳова олдида ичган қасамингизни бажо келтиринг”,— деб айтилганини эшитгансизлар. 34 Мен эса шундай дейман: умуман қасам ичманг, на осмон ҳаққи, чунки у Аллоҳнинг тахтидир; 35 на ер ҳаққи, негаки у Худонинг оёқ қўядиган курсисидир; на Қуддус ҳаққи, боиси у улуғ Шоҳнинг шаҳридир. 36 Бошингиз ҳаққи ҳам қасам ичманг, зеро ҳатто сочингизнинг бир толасини оқ ёки қора қила олмайсиз. 37 “Ҳа” деганингиз “ҳа” бўлсин, “йўқ” деганингиз “йўқ” бўлсин. Бундан ортиғи эса Шайтондандир.

38 Сизлар: “Кўз эвазига кўз, тиш эвазига тиш”,— деб айтилганини эшитгансизлар. 39 Лекин мен шундай дейман: ёмон одамга қаршилик кўрсатманг. Аксинча, ўнг ёноғингизга тарсаки туширган кишига чап ёноғингизни ҳам ўгиринг. 40 Борди-ю, кимдир сиз билан даъволашиб, ич кийимингизни олмоқчи бўлса, унга устки кийимингизни ҳам беринг. 41 Агар ваколатли инсон сизни бир чақирим йўл юришга мажбурласа, у билан икки чақирим йўл юринг. 42 Сиздан сўраганга беринг ва сиздан қарз g олмоқчи бўлгандан юз ўгирманг.

43 Сизлар: “Яқинингизни севинг, душманингиздан нафратланинг”,— деб айтилганини эшитгансизлар. 44 Бироқ мен сизларга шундай дейман: душманларингизни севинглар ҳамда сизларни таъқиб қилаётганлар учун ибодат қилинглар. 45 Шунда осмондаги Отангизнинг ўғиллари бўласизлар. Чунки У Ўз қуёшини ёвузлар устидан ҳам, яхшилар устидан ҳам балқитади, ёмғирини одиллар устига ҳам, адолатсизлар устига ҳам ёғдиради. 46 Агар сизларни севганларнигина севсангизлар, қандай мукофотга эришасизлар? Ахир солиқчилар ҳам шундай қилишмайдими? 47 Худди шундай, фақат ўз биродарларингиз билан саломлашсангиз, қандай фазилатли иш қилган бўласизлар? Бошқа халқлар ҳам шундай йўл тутишмайдими? 48 Шундай экан, осмондаги Отангиз баркамол бўлганидай, сизлар ҳам баркамол бўлинглар.

6 Одамларга кўриниш учун одиллигингизни кўз-кўз қилишдан эҳтиёт бўлинглар. Акс ҳолда, самовий Отангиздан мукофот ололмайсизлар. 2 Шунинг учун, хайр-садақа бераётганингизда жар солманг. Иккиюзламачилар ҳам одамлардан мақтов олиш учун ибодатхоналарда ва кўчаларда бундай қилишади. Ишонаверинг, улар ўз мукофотини тўлиғича олиб бўлишди. 3 Аммо хайр-садақа бераётганингизда, чап қўлингиз ўнг қўлингиз нима қилаётганини билмасин, 4 яъни хайр-садақангиз яширин бўлсин. Шунда яширин бўлганларни кўрувчи самовий Отангиз сизни мукофотлайди.

5 Ибодат қилаётганингизда ҳам иккиюзламачилардек бўлманглар, чунки улар одамларга кўриниш учун ибодатхоналарда ва катта кўчаларнинг бурчакларида туриб ибодат қилишни яхши кўришади. Ишонаверинг, улар ўз мукофотини тўлиғича олиб бўлишди. 6 Сиз эса ибодат қилаётганингизда ўз хонангизга киринг ва эшикни ёпиб, яширин бўлган самовий Отангизга ибодат қилинг. Шунда яширин бўлганларни кўрувчи самовий Отангиз сизни мукофотлайди. 7 Ибодат қилаётганингизда ўзга халқлар сингари ўша-ўша сўзларни такрорлайверманг. Чунки улар, кўп сўзласам Тангрим мени эшитади, деб ўйлашади. 8 Сизлар эса уларга ўхшаманглар, ахир самовий Отангиз нималарга муҳтож эканингизни, Ундан сўрашингиздан аввал билади-ку.

9 Сизлар эса шундай ибодат қилинглар:

“Осмондаги Отамиз, исминг муқаддас бўлсин h. 10 Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо бўлсин. 11 Бугунги ризқ-рўзимизни бер. 12 Бизга қарши гуноҳ қилганларни i биз кечиргандек, Сен ҳам бизнинг гуноҳларимизни кечир. 13 Васвасага берилиб кетишимизга йўл қўйма j, Шайтондан халос эт”.

14 Бошқаларнинг хатоларини кечирсангиз, самовий Отангиз ҳам сизларни кечиради. 15 Агар кечирмасангиз, унда Отангиз ҳам хатоларингизни кечирмайди.

16 Рўза тутаётганингизда иккиюзламачилар каби маъюс бўлиб юрманглар. Чунки улар рўза тутишганини одамларга билдириш учун, ўзларини бечораҳол қилиб кўрсатишади. Ишонаверинг, улар ўз мукофотини тўлиғича олиб бўлишди. 17 Сиз эса рўза тутаётганингизда бошингизга мой суртилган, юзингиз ювилган бўлсин. 18 Токи рўза тутганингиз одамларга эмас, аксинча, яширин бўлган самовий Отангизга аён бўлсин. Шунда яширин бўлганларни кўрувчи самовий Отангиз сизни мукофотлайди.

19 Ўзингиз учун ер юзида хазина тўпламанглар. Чунки бу ерда уларни куя ва занг еб битиради ҳамда ўғрилар кириб талайди. 20 Бунинг ўрнига, хазинани осмонда тўпланглар. У ерда уларни на куя, на занг еб битиради ва на ўғрилар кириб талайди. 21 Зеро хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлади.

22 Кўз — тананинг чироғи. Агар кўзингиз фақат бир нарсага қаратилган k бўлса, бутун танангиз ёруғ бўлади. 23 Борди-ю, кўзингиз нарсаларга ҳасад билан қарайдиган l бўлса, унда бутун танангиз зим-зиё бўлади. Агар сиздаги нур аслида қоронғилик бўлса, унда танангиз қоронғиликка тўла бўлади!

24 Ҳеч ким икки хўжайинга қуллик қилолмайди. У ё биридан нафратланиб, иккинчисини севади ёки бирига содиқ қолиб, иккинчисини менсимайди. Сизлар ҳам Худонинг, ҳам бойликнинг қули бўла олмайсизлар.

25 Сизларга айтадиган гапим шу: нима еймиз ва нима ичамиз, деб жонингиз учун ёки нима киямиз деб танангиз учун ташвишланманглар. Жон егуликдан, тана эса кийимдан афзал эмасми? 26 Қушларни диққат билан кузатинглар: улар на уруғ экади, на ҳосил ўради ва на омборга дон йиғади. Шундай бўлса-да, самовий Отангиз уларнинг ризқини беради. Сизлар эса улардан анча афзалроқ эмасмисиз? 27 Сизлардан ким ташвишланиб, ўз умрини бир лаҳзага бўлса-да, узайтира олади? 28 Шунингдек, кийим ҳақида нега ташвишланяпсизлар? Даштдаги лолаларнинг қандай ўсишига қараб, ибрат олинглар: улар на меҳнат қилади, на чарх йигиради. 29 Лекин сизларга шуни айтиб қўяй: ҳатто шоҳ Сулаймон ҳам ўзининг шуҳрат чўққисида уларнинг ҳеч биридай кийинмаган. 30 Агар Аллоҳ бугун бор бўлиб, эртага оловга ташланадиган дашт ўтини шундай кийинтириб қўйган бўлса, унда сизларни ҳам кийинтириб қўймасмикин, эҳ имони сустлар?! 31 Хуллас: “Нима еймиз, нима ичамиз ёки нима киямиз?” — деб асло ташвишланманглар. 32 Ўзга халқлар ҳадеб бу нарсалар ҳақида қайғуришади. Ахир самовий Отангиз буларнинг барига муҳтож эканингизни билади-ку.

33 Шундай экан, Худонинг Шоҳлиги ва Унинг адолати ҳаётингизда ҳамиша биринчи ўринда бўлсин, ўшандагина буларнинг бари сизларга қўшимча қилиб берилади. 34 Зинҳор эртанги кун учун ташвишланманглар, чунки эртанги куннинг ўз ташвишлари бўлади. Ҳар бир куннинг ўзига яраша муаммолари бор.

7 Бошқаларни ҳукм қилишни бас қилинглар, шунда ҳукмга дучор бўлмайсизлар. 2 Чунки сизлар қай тарзда ҳукм қилсангиз, Худо ҳам сизларни шу тарзда ҳукм қилади. Сизлар бошқаларга қандай муомала қилсангиз, улар ҳам сизларга шундай муомала қилишади. 3 Нега биродарингизнинг кўзидаги чўпга қарайсиз-у, ўз кўзингиздаги ходани кўрмайсиз? 4 Ўз кўзингизда хода бўла туриб, қандай қилиб биродарингизга: “Келинг, кўзингиздаги чўпни чиқариб олай”,— дейсиз? 5 Эй иккиюзламачи! Аввал ўз кўзингиздаги ходани чиқариб ташланг, ўшандагина биродарингизнинг кўзидаги чўпни қандай чиқариш кераклигини кўра оласиз.

6 Муқаддас нарсани итларга берманглар ва марваридларингизни чўчқалар олдига сочманглар, токи уларни оёғости қилиб, сўнг ўгирилиб, ўзларингизни ҳам тилка-пора қилиб ташламасин.

7 Сўраб туринглар ва сизларга берилади, излаб туринглар ва топасизлар, тақиллатиб туринглар ва сизларга эшик очилади. 8 Чунки сўраганга берилади, излаган топади, тақиллатганга эшик очилади. 9 Чиндан ҳам, қай бирингиз болангиз нон сўраб келса, унга тош берасиз? 10 Ёки балиқ сўраса, унга илон берасиз? 11 Шундай экан, агар сизлар гуноҳкор бўла туриб болаларингизга яхши ҳадяларни бера билсангиз, самовий Отангиз ҳам Ундан сўраганларга яхши нарсаларни бериши муқаррар!

12 Хуллас, одамлар сизларга қандай муносабатда бўлишини хоҳласангиз, сизлар ҳам уларга шундай муносабатда бўлинглар. Зеро, Таврот ва пайғамбарлар китобларининг моҳияти шундадир.

13 Тор дарвозадан киринглар, сабаби ҳалокатга олиб борадиган дарвоза кенг, йўл эса энлидир. Кўплар шу йўлдан юради. 14 Ҳаётга олиб борадиган дарвоза эса танг ва йўли тордир. Бу йўлни топадиганлар оз.

15 Сохта пайғамбарлардан эҳтиёт бўлинглар. Улар ёнингизга қўй қиёфасида келадилар, аслида эса улар ваҳший бўрилардир. 16 Уларни ишларидан a билиб оласизлар. Ахир, қайси инсон тиканакдан узум ёки янтоқдан анжир теради? 17 Худди шундай ҳар бир яхши дарахт яхши мева беради, ёмон дарахт эса ёмон мева беради. 18 Яхши дарахт ёмон мева беролмаганидек, ёмон дарахт ҳам яхши мева беролмайди. 19 Яхши мева бермайдиган ҳар бир дарахт эса чопилиб, оловга ташланади. 20 Шундай қилиб, ўша одамларни ишларидан билиб оласизлар.

21 Менга: “Ҳазратим, Ҳазратим”,— деб мурожаат қилгани билан, ҳар ким ҳам Самовий Шоҳликка киролмайди, фақат осмондаги Отамнинг хоҳишини бажарган кишигина бунга эришади. 22 Ўша куни кўпчилик менга: “Ҳазратим, Ҳазратим, ахир биз сизнинг номингиз билан башорат қилмаганмидик, сизнинг номингиз билан жинларни қувиб чиқармаганмидик ва сизнинг номингиз билан қудратли ишларни бажармаганмидик?” — дейди. 23 Шунда мен уларга: “Сизларни ҳеч ҳам танимайман! Кетинглар ёнимдан, эй қонунбузарлар!” — деб айтаман.

24 Бинобарин, менинг сўзларимни тинглаб, уларга амал қилаётган ҳар ким, уйини қоятош устида қурган ақлли кишига ўхшайди. 25 Ёмғирлар ёғиб, селлар тошиб, шиддатли шамоллар эсганда ҳам уй бузилмабди, чунки у қоятош устида қурилган эди. 26 Бироқ менинг сўзларимни эшитиб, амал қилмаган ҳар бир киши, уйини қум устида қурган ақлсиз одамга ўхшаб қолади. 27 Ёмғирлар ёғиб, селлар тошиб, шиддатли шамоллар эсган экан, ўша уй бузилиб харобага айланибди».

28 Исо сўзларини тугатганида, халойиқ унинг таълим бериш тарзига қойил қолган эди. 29 Сабаби Исо уламолар сингари эмас, балки Аллоҳдан ваколат олган кишидай ўргатарди.

a Ёки «Худога муҳтож эканлигини тушунганлар».

b Ёки «Камтар; беозор».

c Ёки «Тинчликсеварлар».

d Қуддус деворлари ташқарисидаги ахлат ёндириладиган жой. (Ибр. ге ҳинном, яъни «Ҳинном водийси». «Жаҳаннам» сўзи ушбу иборадан келиб чиққан.) Бу водий қадимги Қуддуснинг жануби ва жануби-ғарбида жойлашган эди. Ҳайвонлар ёки одамлар тириклайин ёндирилиш ёки қийноққа солиниш учун жаҳаннамга улоқтирилгани тўғрисида ҳеч қандай далил йўқ. Шундай экан, бу ер инсоннинг жони оловда мангу азобланадиган рамзий маънодаги кўринмас жойни англатмайди. Аксинча, Исо ва унинг шогирдлари жаҳаннам сўзини абадий жазо ёки «иккинчи ўлим», яъни батамом йўқ қилиш рамзи сифатида қўллашган.

e Ёки «қарашни давом эттирган».

f Юнонча порниа. Бу Худо томонидан тақиқланган жинсий алоқанинг баъзи турларига нисбатан ишлатиладиган сўз. Бу бевафолик, фоҳишалик, никоҳда бўлмаган кишилар билан жинсий алоқа, гомосексуализм, ҳайвонлар билан жинсий алоқа қилишни ўз ичига олади.

g Яъни фоизсиз қарз.

h Ёки «муқаддас тутилсин».

i Сўзма-сўз «бизга қарздор бўлганларни».

j Сўзма-сўз «Бизни васвасага дучор қилма».

k Ёки «тиниқ». Сўзма-сўз «кўзингиз оддий».

l Сўзма-сўз «ёвуз».

a Сўзма-сўз «меваларидан».