Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

37- БОБ

Бева аёлнинг ўғли тирилади

Бева аёлнинг ўғли тирилади

ЛУҚО 7:11–17

  • НАИН ШАҲРИДАГИ ТИРИЛИШ

Исо юзбошининг хизматкорига шифо бергач, Кафарнаҳумнинг жануби-ғарбидан 32 километрдан ошиқроқ масофада жойлашган Наин шаҳрига йўл олади. Унинг шогирдлари ва халойиқ у билан бирга кетишади. Шаҳарга яқинлашиб қолишганида кеч кираётган бўлади. Шу пайт улар, ўлган йигитни кўмишга олиб кетаётган оломонга дуч келишади.

Марҳум йигитнинг онаси ниҳоятда аянчли аҳволда. Сабаби, у бева бўлиб, бу йигит унинг яккаю ягона фарзанди эди. Эри ўлгандан сўнг ҳеч бўлмаса севикли ўғли ёнида эди. Ўғли унинг суянчиғи бўлиб қолганди ва ундан умидлари катта эди. Энди у ҳам йўқ. Ғам-қайғуга ботган бу аёлга энди ким тасалли беради, ким қўллаб-қувватлайди?

Йигитнинг онасига қараб, Исо унинг дардига бефарқ қола олмайди. Исо меҳр ила, шу билан бирга ишонч бахш этувчи оҳангда: «Йиғламанг»,— деб айтади. Лекин Исо бу аёл учун кўпроқ нарса қилади. У жасад ётган тобутга яқинлашиб, қўлини теккизади. (Луқо 7:13, 14) Унинг бу хатти-ҳаракатидан тобутни олиб кетаётган одамлар тўхтаб қолади. Кўпчилик: «Бевага айтган сўзлари нимани англатади? У нима қилмоқчи ўзи?» — дея ҳайрон бўлади.

Исо билан бирга келаётганлар ҳақида нима деса бўлади? Ахир улар Исо одамларга шифо берганининг гувоҳи бўлишган-ку. Бироқ улар Исо ўлган одамни тирилтирганини кўришмаган бўлса керак. Марҳумларни ҳаётга қайтариш фақат ўтмишда бўлган. Қизиқ, Исо бундай қила оладими? (3 Шоҳлар 17:17–23; 4 Шоҳлар 4:32–37) Шунда Исо ўликка: «Ҳой йигит, сенга айтяпман: ўрнингдан тур!» — дейди. (Луқо 7:14) Йигит ўрнидан туриб гапира бошлайди. Исо уни онасига топширади. Онаси бундан ҳайратда қолиб, қувончи ичига сиғмайди. Энди у ёлғиз эмас!

Одамлар йигит ростдан ҳам тирилганини кўриб, ҳаёт Манбаи бўлмиш Аллоҳ Яҳовага ҳамдлар айтишни бошлашади. Улар: «Орамизда улуғ пайғамбар пайдо бўлди»,— деб айтишади. Бошқалар эса Исо яратган мўъжизанинг маъносини тушуниб: «Худо Ўз халқини ёдга олди»,— дейишади. (Луқо 7:16) Бу мўъжиза ҳақидаги хабар ўлка бўйлаб тезда тарқалиб кетади ва Наиндан тахминан 10 километр нарида бўлган Исонинг она шаҳри, Носирага ҳам етиб боради. Ушбу хабар ҳатто жанубда жойлашган Яҳудиягача етади.

Одамларни сувга чўмдириб юрган Яҳё ҳануз қамоқда ва у Исонинг ишлари ҳақида кўпроқ билишни истайди. Яҳёнинг шогирдлари бу мўъжизалар ҳақида устозига ҳамма нарсани айтиб беришади. Яҳё бунга қандай муносабат билдиради?