Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

24- БОБ

Жалиладаги хизмат

Жалиладаги хизмат

МАТТО 4:23–25 МАРК 1:35–39 ЛУҚО 4:42, 43

  • ИСО ТЎРТТА ШОГИРДИ БИЛАН ЖАЛИЛАДА ВАЪЗ ҚИЛАДИ

  • УНИНГ ХИЗМАТИЮ ИШЛАРИ КЎПЧИЛИККА МАЪЛУМ БЎЛАДИ

Исо ва унинг тўртта шогирди Кафарнаҳумда ўтказган кун воқеаларга бой эди. Кечки пайт эса шаҳар аҳолиси соғайтирсин, деб Исонинг ёнига барча касалларни келтиришди. Ёлғиз қолишнинг ҳеч имкони бўлмади.

Эртаси куни Исо саҳар туриб, уйдан чиқиб кетади. У Отасига бемалол ибодат қилиш учун хилват жойга боради. Аммо Исонинг ёлғиз қолиши узоққа чўзилмайди. «Симун билан унинг ёнидагилар» Исонинг ғойиб бўлганини пайқагач, уни қидиришга тушишади. Эҳтимол, Бутрус ташаббускорликни ўз зиммасига олади, чунки Исо унинг уйида қолган эди-да. (Марк 1:36; Луқо 4:38)

Исони топишгач, Бутрус унга: «Сизни ҳамма қидиряпти»,— деб айтади. (Марк 1:37) Кафарнаҳумдаги одамлар Исо улар билан қолишини исташади. Сабаби, улар унинг қилган ишларидан ғоят миннатдор бўлишади ва «уларни ташлаб кетмасликни ундан илтимос қилишади». (Луқо 4:42) Лекин биринчи навбатда Исо ер юзига касалларни соғайтириш учун келганми? Унинг фаолияти фақат бир ҳудуд билан чегараланиб қолиши керакми? Исонинг ўзи бу ҳақда нима дейди?

Исо шогирдларига қуйидагича жавоб беради: «Юринглар, яқин атрофдаги шаҳарчаларга борайлик. Мен ўша ерларда ҳам ваъз қилишим керак, ахир шунинг учун келганман-ку». Одамлар Исодан улар билан қолишини илтимос қилишса ҳам, у шундай дейди: «Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хабарни мен бошқа шаҳарларда ҳам ваъз қилишим керак. Ахир мен шунинг учун юборилганман». (Марк 1:38; Луқо 4:43)

Дарҳақиқат, Исо ер юзига авваламбор Худонинг Шоҳлигини ваъз этиш учун келган. Бу Шоҳлик Аллоҳнинг исмини улуғлайди ва одамзодни азоб-уқубатлардан халос қилади. Исонинг одамларни мўъжизавий тарзда соғайтириши эса, у Худо томонидан юборилганининг исботидир. Худди шундай асрлар илгари яшаган Мусо ҳам, Худонинг хизматчиси бўлганини тасдиқлаш учун мўъжизалар яратган. (Чиқиш 4:1–9, 30, 31)

Исо бошқа шаҳарларда ваъз қилиш учун Кафарнаҳумни тарк этганида, унинг тўртта шогирди у билан кетади. Улар — Бутрус, укаси Идрис, Юҳанно ва акаси Ёқуб. Ахир ўтган ҳафта Исо уларни илк ҳамкорлари бўлишга таклиф этганди.

Исонинг ҳамда тўртта шогирдининг Жалиладаги ваъзгўйлик хизмати кўп самара келтиради! Унинг фаолияти ҳақида ҳамма ерда маълум бўлади. «У ҳақдаги хабар бутун Сурияга», Иордан дарёсининг нарёғига етиб, Ўнкент деб номланган бутун вилоятга ёйилади. (Матто 4:24, 25) Ушбу ерлардаги ҳамда Яҳудиядан келган улкан оломон Исонинг ва шогирдларининг кетидан эргашиб боради. Кўплар Исонинг олдига касалларни олиб келишади. Ҳеч кимнинг умиди пучга чиқмайди, чунки Исо касалларни соғайтириб, одамларнинг ичига кирган жинларни қувиб чиқаради.