Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

45- БОБ

Унга ҳатто жинлар ҳам бўйсунишади

Унга ҳатто жинлар ҳам бўйсунишади

МАТТО 8:28–34 МАРК 5:1–20 ЛУҚО 8:26–39

  • ЖИНЛАРНИНГ ЧЎЧҚА ПОДАСИГА КИРИБ ОЛИШИ

Кучли бўрондан сўнг қирғоққа қадам босган шогирдлар ҳали ўзларига келиб улгурмаган. Яқин атрофда жойлашган қабристондан кўриниши қўрқинчли бўлган икки киши чиқиб, Исонинг олдига югуриб келади. Бу одамлар жинга чалинган. Улардан бири кўп вақт мобайнида ёвуз руҳнинг таъсири остида юргани учун тажовузкорроқ бўлгандир. Шу боис бутун эътибор унга қаратилади.

Бу бечора одам анча вақтдан бери кийимсиз юради. У «кечаю кундуз қабристону тоғларда бақириб юрарди ва ўзини тошлар билан жароҳатларди». (Марк 5:5) У шу қадар ваҳшийки, одамлар ўша йўлдан ўтишдан қўрқишади. Бу кишини боғлаб қўйишга қанча уринишмасин, у занжирларни узиб, кишанларни синдириб ташларди. Ҳеч ким уни енга олмасди.

Ўша киши Исога яқинлашиб унинг оёқларига йиқилади ва жинлар уни шундай деб бақиришга мажбурлашади: «Эй, Худойи Таолонинг Ўғли Исо, менда нима ишинг бор? Худо ҳаққи ёлвораман, мени қийнама!» Исо жинлар устидан ҳокимиятга эга эканини кўрсатиш учун шундай деб буюради: «Эй ёвуз руҳ, бу одамдан чиқиб кет!» (Марк 5:7, 8)

Аслида бу кишининг ичига кўплаб жинлар кириб олган. Исо: «Исминг нима? — деб сўрайди. — Исмим Тумонат [Легион], чунки биз кўпчиликмиз»,— дейишади жинлар. (Марк 5:9, изоҳ) Қадимги Римда легион минглаб аскарлардан иборат ҳарбий қисм бўлган. Демак, бу одамнинг ичига кўплаб жинлар кириб олган ва уни қийнашдан улар завқ олишади. Жинлар Исога ёлвориб, уларни «тубсизликка юбормасликни» сўрашади. Улар ўзларини ҳам, раҳбарлари Шайтонни ҳам нима кутаётганини билишса керак. (Луқо 8:31)

Ўша ерда, тоғ ёнбағрида 2 000 га яқин чўчқа ўтлаб юради. Тавротга биноан бу ҳайвонлар ҳаром ҳисоблангани учун яҳудийлар уларни боқмаслиги керак эди. Жинлар Исога ёлвориб: «Бизга рухсат бер, чўчқаларга кириб олайлик»,— дейишади. (Марк 5:12) Исо рухсат берганида, улар чўчқа подасига кириб олишади. Шунда бутун чўчқа подаси жарликдан денгизга сакраб чўкиб кетади.

Чўчқабоқарлар эса бу ҳақда айтиб бериш учун шаҳару қишлоқларга қочиб кетишади ва одамлар нима бўлганини кўриш учун келишади. Шунда улар ичидан жинлар чиққан кишининг кийиниб, эс-ҳушли ҳолатда Исо билан бирга ўтирганини кўришади!

Бу воқеани эшитган ёки ўша кишини ўз кўзлари билан кўрган одамларни ваҳима босади ва Исо яна нималар қиларкин, дея ташвишланишади. Улар Исога ёлвориб, юртларини тарк этишини сўрашади. Исо қайиққа тушаётганда, ўша киши Исодан унга эргашиб юриш учун ижозат сўрайди. Лекин Исо унга шундай дейди: «Уйингизга боринг-да, Яҳова сиз учун нималар қилганини ва қандай раҳм-шафқат кўрсатганини қариндошларингизга гапириб беринг». (Марк 5:19)

Одатда Исо шифо топган одамларга бу ҳақда ҳеч кимга айтмасликни буюради. Сабаби, Исо инсонлар шов-шувли хабарлар асосида у ҳақда хулоса чиқаришларини истамайди. Ҳозир эса вазият ўзгача, чунки бу киши Исонинг ўзи ваъз қила олмаган одамларга шоҳидлик бериб, Исонинг куч-қудратга эга эканининг ёрқин мисоли бўлади. Бу эса чўчқалар билан юз берган воқеа сабабли ҳар қандай ножўя гаплар тарқалишининг олдини олади. Бу киши Ўнкентга бориб, Исо унга нималар қилгани ҳақида жар сола бошлайди.