Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

33- БОБ

Ишаё пайғамбарнинг башорати амалга ошади

Ишаё пайғамбарнинг башорати амалга ошади

МАТТО 12:15–21 МАРК 3:7–12

  • ИСО ХАЛОЙИҚ ОРАСИДА ҚИСИЛИБ ҚОЛАДИ

  • У ИШАЁ ПАЙҒАМБАРНИНГ БАШОРАТИНИ АМАЛГА ОШИРАДИ

Исо фарзийларнинг ва Ҳирод тарафдорларининг уни ўлдириш нияти борлигини билиб қолиб, шогирдлари билан бирга Жалила денгизи томон жўнаб кетади. У ерда бутун Жалила, Тир билан Сидон атрофларидан, Иордан дарёсининг шарқий томонидан, Қуддус ва жанубда жойлашган Идумеядан келган халойиқ тўпланади. Исо кўпларга шифо беради, шунинг учун оғир дардга чалинганлар Исо уларга қўл теккизишини кутмай, ўзлари унга қўл теккизишга интилишади. (Марк 3:9, 10)

Одам жуда кўп бўлгани сабабли, Исо шогирдларига доимо қайиқни тайёр тутишни буюради. Шу йўсин, Исо халқ орасида қисилиб қолмаслик учун соҳилдан нарироққа сузиб, қайиқда ўтириб таълим бериши мумкин. Бундан ташқари, қайиқда бошқа жойларга ҳам сузиб бориб, ўша ердаги одамларга ёрдам бера олади.

Матто эътибор қаратганидай, Исонинг фаолияти туфайли «Ишаё пайғамбар орқали айтилган» башорат амалга ошади. (Матто 12:17) Қайси башорат ҳақида гап кетяпти?

«Ана, танлаб олган севимли хизматкорим. Мен ундан мамнунман! Ўз руҳимни унга ёғдираман ва у халқларга адолат нима эканини тушунтиради. У талашиб-тортишмайди, бақирмайди, катта кўчаларда овози ҳам эшитилмайди. У адолатни ўрнатмагунча, букик қамишни синдирмайди, липиллаётган пиликни ҳам ўчирмайди. Халқлар унинг исмига умид боғлайди». (Матто 12:18–21; Ишаё 42:1–4)

Шубҳасизки, Исо Худонинг севимли хизматчисидир. У сохта дин урф-одатлари дастидан ноаниқ бўлиб қолган ҳақиқий адолат нималигини одамларга аниқ қилиб тушунтиради. Фарзийлар Худонинг қонунини нотўғри талқин қилиб, Шаббат куни ҳатто касал одамга ёрдам қўлини чўзишмасди. Худонинг адолати нималигини одамларга тушунтириб, Худонинг руҳи уни бошқараётганини кўрсатиб, уларни оғир юк бўлиб қолган урф-одатлардан халос қилади. Айнан шу сабабли дин раҳбарлари уни ўлдирмоқчи бўлишади. Нақадар аянчли аҳвол-а?!

«У талашиб-тортишмайди, бақирмайди, катта кўчаларда овози ҳам эшитилмайди», деган сўзлар нимани англатади? Исо шифо топганларга ва жинларга «ўзи ҳақида гапиришни қатъий ман этади». (Марк 3:12) Одамлар у ҳақда кўча-кўйда жар солаётган ёки ҳаяжонли тарзда миш-миш тарқатаётганлардан билиб олишларини хоҳламайди.

Рамзий маънода кўп одамлар букик қамиш каби эзилиб, оёғости бўлиб кетишган. Исо бундайларга тасалли бахш этувчи хабарни етказяпти. Улар гўё ўчиб қолай деб липиллаётган, тутаётган зиғир пиликка ўхшайди. Исо букик қамишни синдирмайди ва липиллаётган пиликни ҳам ўчирмайди. У мулойимлик ва меҳр ила камтарин кишиларни қўллаб-қувватлайди. Чиндан ҳам, халқлар Исога умид боғласа арзийди!