Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

23- БОБ

Кафарнаҳумда кўрсатилган бошқа мўъжизалар

Кафарнаҳумда кўрсатилган бошқа мўъжизалар

МАТТО 8:14–17 МАРК 1:21–34 ЛУҚО 4:31–41

  • ИСО ЖИННИ ҚУВИБ ЧИҚАРАДИ

  • БУТРУСНИНГ ҚАЙНАНАСИ СОҒАЯДИ

Исо илк шогирдларидан тўрттасини — Бутрус, Идрис, Ёқуб ва Юҳаннони одамларни овлашга таклиф қилганидан сўнг, Шаббат куни улар биргалашиб Кафарнаҳумдаги ибодатхонага боришади. У ерда Исо таълим бера бошлайди ва одамлар унинг уламолар каби эмас, балки ҳокимият эгасидай таълим бераётганидан ҳайрон қолишади.

Ўша Шаббат куни ибодатхонада жинга чалинган бир одам бўлади. У баланд овозда: «Эй носиралик Исо, бизда нима ишинг бор? Сен бизни йўқ қилгани келдингми? Сен, Аллоҳ юборган муқаддас зот эканингни биламан»,— деб бақиради. Ўша одамни аслида жин бошқарган бўлади, шунинг учун Исо унга гапиришни ман этиб: «Жим бўл ва ундан чиқиб кет!» — дейди. (Марк 1:24, 25)

Шунда жин ўша одамни тутқаноққа солиб, қаттиқ силкитади. Жин баланд овозда қичқириб, лекин «унга ҳеч қандай зарар келтирмай, чиқиб кетди». (Луқо 4:35) Ҳамма лол қолади! «Бу нимаси? — деб сўрайди улар,— У ҳатто ёвуз руҳларга қудрат билан буюряпти, улар эса унга бўйсунишяпти». (Марк 1:27) Бу янгилик бутун Жалила бўйлаб ёйилиши ажабланарли эмас.

Ибодатхонадан чиққач, Исо билан шогирдлари Симуннинг, яъни Бутруснинг уйига боришади. Ўша пайтда Бутруснинг қайнанаси иситмаси баланд ҳолда қийналиб ётган бўлади. Шу сабабли, Исодан унга ёрдам беришини сўрашади. Исо аёлнинг ёнига боради ва қўлидан ушлаб, ўрнидан турғизади. Шу ондаёқ аёл соғайиб, Исо ва унинг шогирдларига хизмат қилишни бошлайди, эҳтимол уларга овқат тайёрлашга тушади.

Кейинроқ, қуёш ботганда, Бутрус яшайдиган уйнинг ёнига ҳар ердан одамларни олиб келишади. Тез орада эшик олдига гўё бутун шаҳар йиғилади! Бу одамлар даволаниш учун келишган. Ҳа, «турли касалликларга йўлиққан кишиларни Исонинг олдига олиб келишди ва у ҳар бирининг устига қўлини қўйиб, уларни даволади» (Луқо 4:40). Башорат қилинганидек, одамларда қандай касаллик бўлишидан қатъи назар, Исо уларга ёрдам беради (Ишаё 53:4). У ҳатто жинларни ҳам қувиб чиқаради. Жинлар чиқиб кетишаётганда: «Сен Худонинг Ўғлисан»,— деб бақиришади. (Луқо 4:41) Лекин Исо уларга гапиришни ман этади. Чунки улар унинг Масиҳ экани ҳақида гувоҳлик беришларини истамайди, токи бошқаларда жинлар ҳам ҳақ Тангрига хизмат қилишар экан деган фикр пайдо бўлмасин.