Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

55- БОБ

Исонинг сўзлари кўпчиликни саросимага солади

Исонинг сўзлари кўпчиликни саросимага солади

ЮҲАННО 6:48–71

  • ИСОНИНГ ТАНАСИ ВА ҚОНИ ҲАҚИДАГИ СЎЗЛАРИ

  • КЎПЧИЛИК ҚОҚИНИБ, УНГА ЭРГАШМАЙ ҚЎЯДИ

Исо Кафарнаҳумдаги ибодатхонада осмондан тушган ҳақиқий нон ҳақида таълим беради. Унинг бу сўзлари, Жалила денгизининг шарқий соҳилидан қайтган халойиққа айтганларига қўшимча эди. Ўша одамларни Исо мўъжизавий тарзда нон ва балиқ билан тўйдирганди.

Исо сўзларини қуйидагича давом эттиради: «Ота-боболарингиз саҳрода манна еганларига қарамай, ўлиб кетишган». Ўзи ҳақида эса: «Мен осмондан тушган тирик нондирман. Бундай нонни ким еса, мангу яшайди. Бу нон менинг танамдир, уни инсониятга ҳаёт бахш этиш учун фидо қиламан»,— деб тушунтиради (Юҳанно 6:48–51)

Мил. 30 йилнинг баҳорида Исо Никодимга Худо одамзодни қаттиқ севгани учун Ўз Ўғлини Нажоткор сифатида юборганини айтган эди. Энди эса унинг танасини еган, яъни тўлов қурбонлигига ишонган ҳар бир киши абадий ҳаётга эга бўлишини Исо кўрсатиб берди.

Бу сўзлардан саросимага тушган халойиқ шундай дейди: «Қандай қилиб бу одам бизга ўз танасини едиради?» (Юҳанно 6:52) Аслида Исо, одамлар унинг сўзларини том маънода эмас, мажозий маънода тушунишларини истайди. Унинг кейинги сўзлари бунинг тасдиғидир:

«Инсон Ўғлининг танасини емасангиз ва қонини ичмасангиз, ҳаётга эга бўлмайсиз,— деб айтади Исо.— Кимки танамни еб, қонимни ичса, абадий ҳаётга эга бўлади... Менинг танам — ҳақиқий озуқа, қоним — ҳақиқий ичимлик. Танамни еган ва қонимни ичган мен билан бирликда, мен эса у билан бирликдаман». (Юҳанно 6:53–56)

Мазкур сўзлар яҳудий бўлган тингловчиларга қаттиқ тегишини бир тасаввур қилинг-а?! Эҳтимол, Исо уларни одамхўрликка ва Худонинг қон борасидаги қонунини бузишга чорлаяпти, деб ўйлашаётгандир. (Ибтидо 9:4; Левилар 17:10, 11) Аммо Исо том маънода танани ейиш ва қонни ичишни назарда тутмайди. У шуни таъкидламоқчи эдики, мукаммал танасини бериши ва қони тўкилиши орқали келтириладиган қурбонликка ишонганларгина абадий ҳаётга эга бўлишади. Лекин ҳатто кўп шогирдлари Исони тушунишмайди. Айримлари эса: «Қандай бўлмағур гаплар! Уларни ким ҳам тинглай олади?» — дея норозилик билдиришади. (Юҳанно 6:60)

Баъзи шогирдлари норози эканини пайқаб, Исо шундай дейди: «Наҳотки бу сизларни қоқинтирди? Унда Инсон Ўғлининг илгариги жойга кўтарилаётганини кўрсангизлар нима бўлади?.. Сизларга айтаётган гапларим муқаддас руҳдан келиб чиққан бўлиб, ҳаёт бахш этади. Аммо орангизда ишонмайдиганлар бор». Шу йўсин, кўпгина шогирдлар Исони тарк этиб унга эргашмай қўяди. (Юҳанно 6:61–64)

Шунда Исо 12 ҳаворийга қайрилиб: «Балки сизлар ҳам кетмоқчидирсиз?» — деб сўрайди. Бутрус шундай жавоб беради: «Ҳазрат, биз кимга ҳам борайлик? Ахир сизда абадий ҳаётнинг сўзлари бор-ку. Биз ишондик ва биламизки, сиз Аллоҳ юборган муқаддас Кишисиз». (Юҳанно 6:67–69) Бундай садоқатга қойил қолса арзийди! Ахир Бутрус ва бошқа ҳаворийлар ҳам Исонинг сўзларини охиригача тушунмаган бўлишлари мумкин-ку!

Гарчи Бутруснинг жавоби Исони қувонтирган бўлса-да, у шундай дейди: «Сизларни ўн иккита қилиб танлаган ўзим эмасманми? Бироқ сизлардан бирингиз туҳматчидир». (Юҳанно 6:70) Исо Яҳудо Ишқариётни назарда тутади. Эҳтимол, Яҳудо мана шу пайтда тўғри йўлдан оға бошлаётганини Исо пайқаб қолгандир.

Бутрус ва бошқа ҳаворийлар Исога эргашишни ва одамларнинг ҳаётини қутқариш фаолиятида қатнашишни давом эттиришаётганидан Исо хурсанд экани шубҳасиз.